“Журналистика – менинг ҳаётим”

– дейди “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” Холида Пардабоева
Умр ўткинчи. Умр қисқа. Умр – карвон. Умр – оқар дарё. Лекин ҳар кишики, касбига садоқат намоён этиб, эл хизмати йўлида, сидқидилдан вазифасини бажариши виждоний иш.
“Журналистлик тоши жуда оғир, нони ғоят қаттиқ. Шунга чидаганлар журналист бўлади. Модомики шу касбни танладими, қийинчиликларига, калтакларига ҳам, роҳатига ҳам чидаши керак”, дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ЎзА Бош директори, сенатор Абдусаид Кўчимов, “Hurriyat” газетасининг 11-декабрдаги 49-сонида эълон қилинган Наргиза Азизова билан суҳбатда.
Дарҳақиқат, ана шундай тоши оғир, нони қаттиқ соҳада салкам 50 йилдан буён журналистика соҳасида меҳнат қилиб келаётган устоз журналистлар Сирдарёда ҳам кам эмас.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоевани бугун нафақат Сирдарё вилоятида, республика миқёсида ҳам билишади, эътироф этишади. Бунга қуйидаги омиллар асос бўла олади.
Биринчидан, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева умри давомида “Янги Сирдарё” (аввалги “Сирдарё ҳақиқати”) газетасига содиқ бўлди. Унинг яхши ва ёмон кунларида ҳамнафас, ҳамқадам.
Иккинчидан, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, Сирдарё воҳаси хотин-қизлари томонидан жамиятимизнинг турли жабҳаларида амалга оширилаётган ишлар республикамизнинг номдор нашри “Hurriyat” газетаси ва “Саодат” журналида ҳамкасбимизнинг мақолалари орқали бўй кўрсатди.
Учинчидан, унинг ҳар бир мақоласида нафосат, ахлоқийлик, маънавият, маърифат уфуриб туриши билан бошқа муаллифлар ижодидан ажралиб туради.
Тўртинчидан, у ижодкорлик фаолиятини 1977 йилдан бошлаган бўлса, 1997 йилда “Йилнинг фаол аёли”, 2006 йилда “Атиргул” танлови ғолибаси, 1982 йилда “Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси”, 2002 йилда “Шуҳрат” медали соҳибаси, 2019 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони, 2023 йилда “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонига муносиб кўрилган фидойи журналистлардандир. Шунга қарамай камтарликни, оддийликни ўзига ҳамроҳ қилиб олган. Бу ҳар кимнинг ҳам қўлидан келадиган ҳислат эмас.
Бешинчидан, қахрамонимиз журналистикани касб деб эмас, ҳаётининг мазмуни деб билади.
Олтинчидан, Холида Пардабоева ҳар юмушни шиддат, шижоат, меҳр-муҳаббат, масъулият билан бажаришда, ўз навбатида ижодий сермаҳсулликда кўпларга ўрнак ва намунадир. Бунга вилоят ва республиканинг номдор газета ва журналларида муттасил мақолалар чиқариш асно 2015 йилда “Сирдарё наволари”, 2021 йилда “Оналик бахти”, 2023 йилда “Дунё кезиб…” номли китобларни нашр эттирганлигидан ҳам билиш мумкин. Чоп этилган китоблар эса ҳаётий воқеликларга дунё кезиб орттирган тажрибалари, чиқарган хулосалари асосидалиги таҳсинга лойиқ.
Холида опа жонкуяр она сифатида бир қиз ва бир ўғилни муносиб тарбиялади. Ҳар икки фарзанди ҳам олий маълумотли етук мутахассис бўлди.
Бугун айрим ижодкорларда камнамо бўлган касб этикаси ва касбга масъулият ҳисси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоевага хос хусусият десак янглишмаймиз. У шу кунларда қутлуғ 70 ёшини қарши олмоқда. Маҳоратли, қалами ўткир устозимизни муборак ёши билан самимий табриклаймиз.
Баҳром БОЙМУРОДОВ,
“Янги Сирдарё”, “Новая Сырдарья”
газеталари бош муҳаррири,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.