Бугун газета чиқади…

— Юсуфжонни чақирайлик, анча бўлди кўрмаганимизга.

— Нима? Нега келмайди ахир?! Бугун газета чиқади, дейсизми? Хўп, унда эртага чақирайлик, бир дийдорлашардик. Эртагаям, индингаям… нима, газета ҳар куни чиқадими?

— Ҳа, ҳар куни чиқади. “Халқ сўзи” газетаси ҳафтасига 5 марта чоп этилади. Котибият — газетанинг юраги. Юсуфжон штаб бошлиғи. У мақолаларни саралайди, қайси мақолани қайси саҳифага жойлаштиришни ҳал этади. Рукнлар, сарлавҳалар, суратлар, эҳҳе, унинг қўли-қўлига тегмайди. 

— Хўп, унда телефон орқали бўлса ҳам  у билан бир гаплашайлик.

Телефон устма-уст жиринглади. Юсуфжон гўшакни кўтариб: “Эй, дўстим, биласиз, бугун газета чиқади, бир зум ҳам вақтим йўқ, кейинги йиғинларда иштирок этарман”, деди.

— Нима, бу газета деганлари Юсуфжонсиз чиқмайдими? — даврада самимий кулги кўтарилади. —Унда унинг умуман вақти бўлмас экан-да, — деди бирови.

— Ҳа, шундай, у бутун ҳаётини газетага бағишлаган. Ўзи ҳам газетасиз яшай олмайди. Ўқувчилар қўлига етиб борадиган  газета зуволаси унинг қўлида “пишийди”.  У саралайди, жой-жойига қўяди. Энг  аҳамиятлиси, жараёнда тўлиқ иштирок этади.

— Назаримда, биз университетда ўқиб юрган пайтлар ҳам Юсуфжон шу газетада ишларди, тўғрими?

— Тўғри, 1993 йилдан буён “Халқ сўзи” газетасида ишлайди. 32 йил бўлди. Дарахт бир жойда кўкаради, деганларидек, Юсуфжоннинг шу таҳририятда сочи оқарди. Биласизларми, газетанинг шу йиллар давомида 9 мингинчи сони чиқди.  Деярли ҳаммасига Юсуфжоннинг меҳнати сингган. Бир жойда шунча йил ишлаш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Яна денг, газета, кошки, эртароқ чиқса, баъзан тунги 2-3 гача давом этади. Гоҳида тонг пайти ҳам улар қадрдон таҳририятда меҳнат билан банд бўлишади.

Юсуфжоннинг дўсту жўралари айтганидек, тунги уйқудан кечиб, мижжа қоқмай компьютерга термилиб, ҳар бир гап, сўз, ҳарфни ўрнига қўйиш, дизайн, суратлар, сарлавҳа, эҳҳе, бундай мураккаб жараён ичида бўлишнинг ўзи бўлмайди.

— Гоҳида ташлаб кетгим ҳам келади, — дейди “Халқ сўзи” газетаси масъул котиби Юсуфжон Ҳамидов. — Аммо жамоани кўзим қиймайди. Бўлмаса, менга маоши баланд, иши қулай бўлган бир нечта жойдан таклифлар тушган. Бормаганман. Қандай кетай ахир, 30 йиллик умрим шу жамоада ўтган. Иссиқ-совуқ кунларимда шу жамоа менга ҳамнафас бўлган. Ташлаб кетсам, худди газетага, журналистикага хиёнат қилгандай туюлаверади. Шунинг учун ҳам бутун борлиғим билан меҳнатга ўзимни ураман.

Ўз ҳаловатидан кечиб, юрт тақдирига дахлдор бўлган ОАВни чиқаришда куюнчаклик қилиш аслида фидойилик. Фидойи, бағрикенг, сабрли, эътиқоди мустаҳкам одам шунча йил, оғир меҳнатдан қочмай бир жойда ишлай олади. Аммо… барибир йиллар ўз сўзини айтади. Юсуфжон ҳам анча улғайди, ёши 50 дан ошди. Лекин бундан у ҳеч ҳам афсусланмайди. Умрини, ҳаётини элу юрт хизматига бахшида этди. Балки унга қайта умр берилганда ҳам шу йўлдан кетарди. Шу аниқки, ҳаётини эзгу ва хайрли ишларга сарфлаши муқаррар. Чунки Юсуфжон жуда самимий йигит. Бировнинг кўнглини оғритишдан доим ўзини асраб юради. Ҳар бир айтадиган гапини ўйлаб, мулоҳаза қилиб, кейин айтади. Бу тарбия унга ёшлигида ота-онасидан, оиладаги муҳитдан ўтган.

Журналистнинг аёли бўлиш қийин, дейишади. Агар аёли ҳам журналист бўлса-чи? Ҳа, шунақа, Юсуфжоннинг рафиқаси Сайёрахон ҳам таниқли журналист. Йирик нашрларда қалам тебратиб, кўплаб шогирдлар тайёрлаган. Оилада улғаяётган ўғил-қизлар ҳам ўзлари севган касбни танлаб, баракали меҳнат қилишмоқда. “Уйда тинчи бўлсин йигитнинг аввал” деганларидек, Юсуфжоннинг оиласидан кўнгли тўқ. Бу унинг ишдаги муваффақиятларига асос бўлмоқда.

Устозлар ҳақида гап кетганда, у Анвар Жўрабоев, Аббосхон Усмонов, Икром Ўтбосаров, Ўткир Раҳмат, Шуҳрат Жабборовларни доимо ҳурмат билан тилга олади. “Улар менга ҳаётдан дур теришни ўргатган”, дейди. “Устозлар ўгитларига амал қилиб, ҳаётда кам бўлмадим, самимият, меҳр-оқибат тушунчалари моҳиятини англаб етдим”, дейди. Шу жойда Юсуфжон билан суҳбатимиз узилиб қолади. У таҳририятга шошаётганини айтиб узр сўрайди: бугун газета чиқади…

Фахриддин БОЗОРОВ,

“Олтин қалам” Миллий мукофоти учун

XIX халқаро танлови совриндори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + 10 =