Дўстимнинг қўшалоқ байрами

Мурод Сурхон — қадрдон дўстим, сурхондарёлик журналист ва шоир тенгқурим Тўрамурод Раҳмоновга бундан 40 йилча бурун камина берган тахаллус. Тўғриси, дўстим ўз ижодий фаолиятида ушбу жарангдор ва ўзига хос тахаллусдан бирон марта ҳам фойдаланмади, деб андак ранжиб ҳам юргандим.

Ҳар тугул, 2019 йилда Тошкентда чоп этилган “Юрт соғинчи” номли шеърий китоби муқовасида Мурод Сурхон имзосини ўқиб, яна қувондим. Кейинги йилларда дўстимнинг “Ишонч дарахти”, “Умидли кунлар”, “Кечиккан севги” каби китоблари ҳам нашрдан чиқди.

Шу китобларни варақлаб, дилга яқин шеърларни ўқир эканман, ХХ асрнинг 80-йилларида ижодкор даврадошлар орасида Тўрамурод дўстимиз айни ном билан танила бошлаган кезлари хаёлимдан бот-бот ўтади. Мана, яна ўша суронли даврларни, қадрли дўстимни эслагим келди.

* * *

Биз қачон танишгандик? Хотирам дафтарини қанчалик варақламайин, бу саволга аниқ жавоб тополмадим. Қизиғи, биринчи марта қачон ва қаерда кўришиб-танишганимизни ҳамиша ҳамма нарсадан бохабар дўстимнинг ўзи ҳам эслолмади.

Биз, ҳойнаҳой, туғилганимизданоқ ғойибона дўст бўлганмиз. Бир-биримизни ниҳоятда қадрлашимиз ва аяшимиз, жуда осон тушунишимиз ва ҳис қилишимиз, астойдил ва холис қўллаб-қувватлашимиз, ўзаро рағбатдош ва мададкорлигимиз — жамики дўстона фазилатларимизнинг илдизи мустаҳкамлиги, назаримда, шундай муболағали таъриф учун етарли асос бўла олади.

Иккимиз ҳам ўз даврининг энг нуфузли олий ўқув юрти ҳисобланган Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)да, камина — ўзбек филологияси факультетида, Мурод Сурхон — журналистика факультетида таҳсил олганмиз. Шунинг учун уйғун ўқитиладиган дарслар юзасидан фикрлашар, бир-биримизга зарур дарслик ва адабиётларни фойдаланиш учун бериб турардик.

Қайси домламиз қаерда ва қачон имтиҳон олиши ва ўқув жараёнидаги шу каби бошқа муҳим маълумотлар юзасидан мунтазам хабарлашардик. Зеро, қўл телефонисиз замонларда бундай хабардорликнинг аҳамияти катта бўлган.

Икков ҳам пойтахтнинг Навоий-30 манзилида жойлашган Давлат матбуот қўмитаси (ҳозир — Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) тизимида ишлардик. Янада аниқ қилиб айтганда, дўстим нашриётнинг масъул ходими бўлса, мен ўша ердаги етакчи типографияда ҳарф терувчи эдим.

Тўрамурод гоҳ матбаа-ноширлик ишлари юзасидан, гоҳ шунчаки мен билан кўришиб-сўрашиш учун цехимизга тез-тез келиб турарди. Бинобарин, хизмат гувоҳномаси унинг босмахонага эркин кириб-чиқишига имкон берарди. Мен эса дўстим ишлайдиган нашриётга кам борардим.

Шунга қарамай, Тўрамурод боғчадан олиб қайтаётган болаларим билан бирга кўчада кўриб қолса кифоя, албатта, бизни нашриёт биносига олиб кирарди. У ерда камина — ёш шоирнинг ноширлар, ижодий ходимлар, муҳаррир ва мусаҳҳиҳлар, муаллифлар, шоиру ёзувчилар билан саломлашиши, ноширлик жараёнлари билан яқинроқ танишиши учун қулай имконият туғилар эди.

Дўстим қайси нашриётда ёш ижодкорларнинг қандай шеърий тўплами нашрга тайёрланаётгани, қай бир газета ва журнал таҳририятида айнан кимга учрашиб, янги шеърларимни эълон қилиш учун топширишим мумкинлиги ҳақида тинимсиз йўл-йўриқлар айтиб турарди. Тўрамуроднинг ўзи ҳам шеърлар машқ қилишига қарамай, ижодий давраларда нуқул менга шеър ўқиш навбатини олиб берар ва ўзи бир чеккада қувонч билан қарсак чалиб ўтирарди.

Оилавий борди-келдимиз бор эди. Туғилган кунлар ва аксарият байрамларни бола-чақалар билан бирга нишонлардик. Меҳмонларни бир-биримизнинг уйимизда ҳам кутиб олиш бизга сурур бағишларди.

Ҳар қандай ибтидонинг интиҳоси бор, дейдилар. Айтмоқчиманки, Мурод Сурхон ота-онасининг якка-ёлғиз ўғли бўлгани учун вақти-соати келганда ота юрту она макони — Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги қадрдон қишлоғига қайтиб кетди. Камина пойтахтда яшаб қолди.

Шундан буён икки дўст икки ёндамиз. Ора-сира кўришиб қолсак-да, барибир, кўзлар — нигорон, соғинчлар — сарсон, дийдор — армон…

Ижодкор қиёфаси

Сиз ҳам ўзингизда шундай ҳолатни кузатганмисиз? Бирор шоир ё ёзувчининг асарини мутолаа қилар экансиз, ўша муаллифнинг қиёфаси беихтиёр кўз ўнгингизда гавдаланади. Китоб ё газета-журналда ижодкорнинг расми босилган бўлса ёки ойнаи жаҳонда тасвирини кўрсангиз, шу қиёфа билан боғлиқ тасаввурингиз янада ёрқинлашади.

Аммо ўша ижодкор билан илк бор юзма-юз келганда, кўпинча уни танимайсиз. Чунки хаёлий тасаввурингиз билан ҳаётий воқелик ўртасидаги тафовут сизга панд беради. Шундай ҳолатлар туфайли ўзим азалдан мухлиси бўлган айрим адибларнинг олдида кўп бор изза бўлганим бор гап.

Шукрки, қанчадан-қанча шоиру адиблар, драматург ва адабиётшуносларнинг ўзим билган исми билан илк бор дуч келиб турган жисми айнанлигини билиб олишимда Тўрамуроднинг каминага кўп ёрдами теккан. Янглишмасам, 80-йилнинг ўрталарида Давлат матбуот қўмитаси тизимидаги ишчи-ходимлар сафида Тошкент вилоятининг Пискент туманига пахта йиғим-теримига чиққанимизда, Мурод Сурхон ташаббуси билан бундай танишувларимиз кўп бўлган.

Дархон воқеаси

Қиш фаслининг дам олиш кунларидан бирида Мурод Сурхон касал кўргани боришга таклиф қилиб келди. Муҳаммад Юсуф уйида бетоб ётган экан. Бу вақтларда Муҳаммад Юсуфнинг обрў-эътибори жадал ортиб бораётганди. Мен бироз тайсалладим: беморнинг ҳолидан хабар олган яхши, аммо йўқлаб борадиган шоир киму биз ким?!

Тўрамурод Муҳаммад аканинг ниҳоятда камтар ва одамохун эканини айтиб, мени бирга боришга кўндирди. Муҳаммад Юсуфнинг “Дархон” маҳалласида жойлашган тўққиз қаватли уйдаги хонадонини топиб бордик. Қўнғироқни чалдик ва бироз фурсатдан сўнг эшик очилиб, остонада шоир кўринди. Ҳақиқатан ҳам у шамоллаган экан, бетоблиги боис қорамағиз юзларидан ранг қочиб, ажинлари ҳам кўпайгандек эди, назаримда.

Шоир ичкарига киришга таклиф қилди. Эшик ортидан мўралаётган митти қизчалар ва меҳмон кутишга тадорик кўра бошлаган шоирнинг рафиқаси Назира опани кўриб, хонадон аҳлини бемаҳалда безовта қилмаган мақбул, деган фикримни айтдим. Муҳаммад Юсуф бунга кўнди.

— Қизларим билан сайрга чиқишни маслаҳат қилаётгандик, — деди у синиқ ва хирқироқ овозда. — Ҳовлида кутсанглар, қорли кўчаларда бирга айланамиз.

Ҳовлига тушсак, аллақачон гавжум экан. Кун йилт этиб чиққанига маҳалланинг ҳамма болалари тоза ҳавога чиқибди. Қорда футбол ўйинини бошлаб юборган 9-10 ёшлардаги болалардан бири зарб билан тепган копток Муҳаммад Юсуф хонадони жойлашган подъезд айвончаси томидаги қорга ботиб қолди.

Болалардан бири шартта эшикка осилиб, унинг тутқичига оёқларини қўйди ва бир амаллаб томчага чиқди. Пастдагилар қанчалик сўрамасин, коптокни уларга бермасдан, ўзи билан олиб тушмоқчи бўлди.

Бироқ қайтиб тушаётганида оёғи электр симига тегиб, бехосдан додлаб юборди. Сим учлари подъездга кириш чироғи ўрнатиш учун чиқарилган бўлиб, унга чироқ тугул патрон ҳам ўрнатилмаган, шу боис ҳимоя тасмаси билан омонат ўраб қўйилган экан. Эриган қор суви намиқтиргани учун бўлса керак, ҳимояланган симдаги электр токининг кутилмаганда қаттиқ “қитиқлаши” боланинг ўтакасини ёрай деди.

Энди унинг ҳали томчага чиқаётган вақтидаги шиддат-шижоати, том устида турганча шерикларига коптокни бермаган қайсар ва ғолибона кайфиятидан асар ҳам қолмаганди. Болакайни, бир томондан, қўрқув ва чорасизлик, бошқа томондан, офтоб нуридан панада қолган томча устидаги қор совуғи енгди. У аввалига ҳиқиллаб, кейин бор овозда ўкириб йиғлашга тушди.

Шу пайт эшикдан икки қизалоғини етаклаганча шоир чиқиб келди. Муҳаммад Юсуф томчадаги бола томонга кўз қири билан қаради-ю, вазиятни дарҳол илғади. Қизчаларини бизнинг ёнимизда қолдириб, уввос тортаётган мишиқи болага ёрдам бериш учун шошилди.

Томча тагига келиб, эшик тутқичидан тутди. Малласоч болага дастлаб эшикка, сўнг шоирнинг бошига, кейин елкасига навбатма-навбат қадам қўйишни у сўзлашадиган забонда, яъни рус тилида қайта-қайта тушунтирди. Унга тинимсиз далда бериб турди. Ниҳоят, бола лой аралаш қорга бўккан оғир пойабзаллари билан шоирнинг сочи, елкаси ва эгнини бирма-бир расво қилганича томдан тушиб олди.

Биз, нафақат биз, балки бутун ҳовли аҳли бу жараённи беҳаракат кузатиб турдик. Муҳаммад Юсуф кийган қора ва озода плашнинг елкасидан этагигача лойли излар қолганди. Мурод Сурхон билан иккимиз яқинимиздаги ўриндиқ устидаги оппоқ қор билан доғларни тозалашга ёрдам бердик.

Бизга ижодий муҳит яратган мунис хонадон

Эсимда, 1985 йили “Дўрмон” ижодкорлар уйида бўлиб ўтган ёш қаламкашларнинг ижодий семинарида қатнашганмиз. Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Омон Матжон каби улуғ устоз шоирларимизнинг ижодий йўлланма ва дуоларини олганмиз. Усмон Азим, Икром Отамурод каби бағрикенг шоир оғаларимиз ёнимизда далда бўлиб туришган.

Ўша адабий анжуман, таъбир жоиз бўлса, советлар мамлакатининг Мурод Сурхон ва мен каби навқирон ижодкорлар учун раво кўрган биринчи ва охирги илтифоту марҳамати бўлган. Айтмоқчиманки, қайси бир тенгқурларимизнинг илк китоби қўлёзмалари нашр учун тавсия этилган, кимларнингдир туркум шеърларини ёшлар баёзлари, газета ва журналларда эълон қилиш юзасидан жўяли маслаҳатлар берилган бўлса ҳам, ана шу ғамхўрона таклиф-тавсияларнинг аксарияти бажарилмай қолган ёки амалга ошиши учун анча-мунча вақт керак бўлган.

Масалан, каминанинг илк шеърий китоби “Дўрмон” ёш ижодкорлар семинари ҳайъатининг тавсиясидан кейин ўн йилча вақт ўтиб, 1994 йилдагина нашр этилди. Гўзал шоирлар, бағрикенг инсонлар ва хайрихоҳ оғаларим — Нормурод Нарзуллаев ва Равшан Файзнинг шахсий ташаббуси бунда ҳал қилувчи ўрин тутганини эътироф этмаслик мумкин эмас.

Гап шундаки, биз тенги ижодкорлар авлоди ўтиш даврига рўбарў келдик. ХХ асрнинг охирги йилларида собиқ СССР муттасил емирилиб борди ва ниҳоят 1991 йилда бутунлай барҳам топди. Ватанимиз ўз мустақиллигини қўлга киритди ва дунё харитасида Ўзбекистон деган янги, ёш давлат пайдо бўлди. Бизнинг авлод ана шу тарихий оламшумул воқеаларнинг нафақат гувоҳи, балки бевосита иштирокчиси ҳамдир.

Ўз навбатида, эски тузум асоратлари бирданига, осонлик билан йўқликка юз тутмайди ва янги давлатчилик ўз-ўзидан қарор топиб, шаклланиб кетмайди. Содда қилиб айтганда, буни ўтиш даври дейдилар. Мурод Сурхон билан мен каби ижодкор тенгқурларимизнинг пешонасига айнан ўтиш даври машаққатларини чекиш тақдири битилган экан.

Истиқлол аввалида ёш миллий давлатимиз “оёққа туриб олиш”дек серқирра ва оғир жараён билан машғул бўлса, жамиятимиз сабру чидам ва матонат билан ўтиш давридан ўтаётганди, халқимиз одатдагидек ҳалол меҳнату бунёдкорлик оғушида эди. Шундай масъулиятли паллаларда ёш ижодкорлар учун ижодий муҳит жуда ҳам муҳим.

Бинобарин, ўша йиллари бир гуруҳ тенгқурларимиз учун танти ва жонкуяр шоир оғамиз Икром Отамурод хонадони бағрини кенг очди. Очиқ айтганда, устоз раҳнамолигида ушбу мунис хонадон аҳли бизга муайян бир муддат жўшқин ижодий муҳит яратиб берганини ҳаргиз унутиб бўлмайди.

Эътибор беринг: ун, гуруч, шакар каби саккиз хил энг рўзғорбоп маҳсулот пойтахтдаги “прописка” ва оила аъзолари сонига қараб, худди уруш давридагидек, карточка асосида ҳар ойда ўлчаб берилган иқтисодий тақчиллик замонида деярли кун ора Икром аканинг хонадонида зиёфатда бўлганмиз. Боз устига, Мурод Сурхон билан мен эрта уйланганимиз учун оила аъзоларимиз билан бирга меҳмонга борардик.

Бу қутлуғ хонадонда устоз шоирнинг кўп сонли оила аъзолари қатори бизга ҳам бемалол ризқ ҳамиша топилган. Дўстимнинг рафиқаси Ҳанифахон ва турмуш ўртоғим Раҳимахон Хуррам янгамнинг ёнига кириб, пишир-куйдир ва чой-пойдан доим хабардор бўлиб туришган.

Албатта, устознинг хонадонига қорин тўқлаш учун бормаганмиз, балки аввало ижодий муҳитга ошно бўлиш, яъни мушоиралар уюштириш, ижод ҳақида фикрлашиш бош мақсадимиз бўлган. Ўша давраларда Салим Ашур, Қўчқор Норқобил, Рустам Мусурмон, Сирожиддин Рауф сингари иқтидорли шоир дўстларимизнинг сиёҳи қуримаган шеърларини тинглаш даврага бемисл мароқ бағишлаган.

Шунингдек, Икром Отамурод хонадонида улуғ зиёли инсонларнинг маънавий-маърифий суҳбатларидан кўп бор баҳра олганмиз. Айниқса, профессор Бегали Қосимов, таниқли олиму адиблар Ғулом Ғафуров ва Маҳмуд Саттор, машҳур шоир, драматург ва таржимон Машраб Бобоев, телевидение соҳаси жонкуяри Ўрол Ўтаев, театр санъати устаси Рустам Маъдиев даврасидаги жонли мулоқотлар ҳамиша ижодий изланишларимизга янги туртки берган.

Ноёб китоблар учун раҳмат, дўст!

Бир куни Мурод Сурхон ишхонамга келиб, китоб харид қилишга қанчалик моддий имконим борлиги билан қизиқди. Гап шундаки, дўстим ишлайдиган бинодаги нуфузли бир нашриёт кўчаётгани ё қайта ташкил этилаётгани муносабати билан кутубхонасидаги китобларни арзон-гаров сотувга қўйган экан.

Кундузи ишлаб маош олишимизга қарамай, иккимиз ҳам кечки олий таълим талабаси, оилали одамлармиз. Қолаверса, ўша пайтдаги оғир ва мураккаб иқтисодий вазият ҳам ойлик пулимизни тежаб ишлатишни тақозо қиларди. Барибир, Тўрамурод билан бирга китоблар харид қилгани бордик.

Сув бўйидаги экинзорлар нақадар серҳосил бўлиши тўғрисида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Шу маънода, нашриётлар жойлашган бино ичидаги ва катта бир нашриётга тегишли кутубхона қанчалик бой бўлиши ҳам тушунарли ҳол. Мурод Сурхоннинг таниши бўлган кутубхоначи опа бизга китобларни танлаб олишимиз учун кенг имкониятларни яратиб берди. Бир зумда анча-мунча китоб сараладик. Яна ва яна танладик…

Бироқ пулимиз озлик қилди. Чўнтакдаги маблағимиз етганини кўтариб, қолган китобларни бир четга яшириб қайтдик. Эртаси куни қолган китобларни ҳам сотиб олдик. Кўп ва арзон нархдаги харидларимиз ичида умрим бино бўлиб эндигина дуч келиб турганим номаълуму нодир асарлар ҳам, мутолаа қилиш кўпдан орзуйим бўлган ноёб китоблар ҳам мўл эди.

Бу воқеа матбуот ва матбаа-ноширлик тизимида шўроча ёндашувлар барҳам топа бориб, Истиқлол арафаси ўзгаришлари кечаётган долғали даврлардан бир ажиб лавҳа. Дўстим умрининг асосий қисмини шу соҳага садоқат билан бағишлаб келаётганидан фахрланаман.

Кейинги даврда, 1990 йили Тўрамурод Раҳмонов Ўзбекистон Журналистлар уюшмасига аъзо бўлди. Узоқ йиллар давомида пойтахтимиздаги нашриёт ва таҳририятларда, шунингдек, Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри ва Олтинсой туманидаги турли оммавий ахборот воситаларида ҳалол хизмат қилмоқда.

Дарвоқе, 27 июнь — Матбуот ва ­оммавий ахборот воситалари ходимлари куни!

Шунингдек, 27 июнь — дўстим Тўрамурод Раҳмонов таваллуд топган кун!

Бу йил Тўрамурод дўстим 60 ёшни қарши олди. Умрингга барака берсин, дўст!

Ғулом МИРЗО,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × 5 =