Ҳар гиёҳ кўксида нафас олар ишқ
Инобат РИЗАЕВА
Муаллиф ҳақида:
Инобат РИЗАЕВА — 1962 йили Марғилон шаҳрида тугилган. 1979 йилда 16-ўрта мактабни олтин медаль билан тугатган. 1984 йилда Фарғона давлат педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган.
Шеърлари “Гулхан”, “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Саодат” журналларида, “Гўзал бир дунё”, “Ёшлар овози” каби адабий тўпламларда чоп этилган.
Ҳозирда Қўштепа туманидаги 2-сон ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида она тили ва адабиёт фанидан дарс беради. Олий тоифали ўқитувчи. Халқ таълими аълочиси.
ВАТАН МАДҲИ
Ватан — табаррук сўз, қадрдон туйғу,
Миллион йил айтсам-да, кетмас оҳори.
Айтсам, чекинади минг йиллик қайғу,
Қаҳратон тугамай келар баҳори.
Ватан — энг тотли сўз, айтсам, яйрар тил,
Ҳар гиёҳ кўксида нафас олар ишқ.
Ёниб яшамоққа ундар муттасил –
Тонгларни уйғотган муқаддас қўшиқ.
Ватан, номинг айтсам, Сомон йўлидан
Нур сочмоққа шошиб чопар юлдузлар.
Митти япроқларнинг тутиб қўлидан
Тупроқни маҳкамроқ қучар илдизлар.
Ватан, номинг айтдим, енгил тортди тан,
Қуёш нурқаламда чизиб берди йўл.
Яқиндир саодат манзили, зотан,
Келажакнинг ўзи чўзаётир қўл.
Ҳар тонг осмонингни офтобли кўрай,
Оқшомингни ёруғ — моҳтобли кўрай.
Кўксимга улуғлик, ғурур бахш этган
Номингдан ўргилай, Ватан, ўргилай!
* * *
Баҳор кунларида бир жуфт қалдирғоч
Айвоним шифтига келиб уй қурди.
Улуғ ният билан ёйиб кенг қулоч,
Бири сув келтирса, бири лой урди.
Ҳадемай уй битди — гўё кошона,
Икки қуш вижирлаб чарх урди шодон.
Қўш юрак меҳридан бериб нишона,
Уяда кўз очди икки полапон.
Ота сув ташиди, она — дон, ушоқ,
Чуғурлаш дарсин ҳам бердилар бот-бот.
Икки мурғак аста қанот ёзган чоғ
Парвозга чорлади уларни ҳаёт.
Бир туйғу илитди жон-у жисмимни,
Бир ҳикмат шуурим ёритди шу дам:
Бунда ўзбекона меҳр расмини
Ардоқлаб яшайди ҳатто қушлар ҳам.
28 ДЕКАБРЬ
Биламан, қутлашга ҳеч ким келмайди,
Дўстлар ёдида ҳам йўқман, эҳтимол.
Она, сиздан бошқа биров билмайди:
Кўнглим осмонида кечмоқда не ҳол.
Умр деган карвон қўнғироқларин
Зил зарби урилди кўксимда яна.
Бир дунё ўй, ҳайрат, титроқлар ичра
Бугун яна бир ёш улғайдим, она.
Кўзларимда олис кунлар сурати,
Бошимда айланар минг битта савол:
Мен шунча яшабман, бироқ ким бўлдим —
Кимга қувонч бўлдим, кимларга — малол?
Изларимда қанча хатолар қолди,
Нелар зоҳир бўлди ич-у тошимда?
Исмим чорлаб не-не садолар қолди…
Бир умр кимнидир кутдим.
Бошимга
Қанча баҳорларнинг ёмғирлари-ю,
Қанча қаҳратоннинг қорлари ёғди.
Узилган ҳар битта заъфарон япроқ
Бир қисмат шаклида кўнглимга оғди.
Кечагина тамом ўзгача эди
Яшаш ҳақидаги тасаввурларим.
Бугун кўзларимга оғир ботмоқда
Манзил излаётган тазарруларим.
Биламан, бу кеча ҳамон сиз бедор,
Ўйлайсиз не қилсам экан деб тортиқ.
Ахир бу дунёда ўзи нима бор
Иссиқ дийдордан-да, меҳрдан ортиқ?
Сизнинг борлигингиз бахтдир ягона,
Шунинг ўзи менга тортиқ бус-бутун.
Бу лаҳза мен сизни қутлайман, она,
Муқаддас дунёга ташрифим учун!
Кўнглим кечмишларин гўё билгандай,
Энг яхши кунлардан бергандай хабар,
Бир гўзал умрни ваъда қилгандай
Остонамда кулиб турибди Январь!
ЯНГИ ЙИЛ ТИЛАКЛАРИ
Она замин вужудида сирли титроқ,
Сирли ёққа шошар юрак, югурар вақт.
Не чоғлиқ бахт бу оқшомда орзу қилмоқ,
Шодликлардан гоҳ кулмоқ, гоҳ йиғламоқ — бахт.
Йил-ку ўтди, кунлардан-да кўнгиллар тўқ,
Фаслларнинг файзи билан ёнди дилим.
Йўқ, мен ҳали орзулардан тўйганим йўқ,
Роз айтайин, келаётган хушбахт йилим:
Кел, ортингдан минг хил турфа ранглар билан
Серфайз баҳор, саховатли ёзлар келсин.
Ҳур меҳнатга чорлагувчи тонглар билан
Хирмонларни орқалаган кузлар келсин.
Бошоқларнинг баракасин берсин тўкис,
Ҳар хонага ҳалол ризқ-рўзлар келсин.
Қай юракда бўлсаки ишқ-муқаддас ҳис,
Меҳр, бахтни олқишлаб тўй-созлар келсин.
Гўзал тақдир ёзилгандир пешонамга,
Қўшиғим бор: ҳар бир юрак куйга тўлсин.
Улуғ ният билан келдинг остонамга,
Ташрифингдан жумла олам нурга тўлсин.
Бу оқшомнинг кўнгли ёруғ, ғубори йўқ
Туйғуларим сочилмишдир осмонига,
Янги йилнинг шавқи дилга ташлайди чўғ,
Шукронам бор ўтган умрим ҳар онига.
Қадамларинг қутли бўлсин, Янги йилим,
Қадамларинг қутлуғ бўлсин, Янги йилим,
Мени азиз қилган юртнинг бағри доим
Бахт-иқболга тўлиқ бўлсин, Янги йилим.
* * *
Шовуллаб тўкилди япроқлар,
Оғочлар бошини эгди жим.
Кўк бағрин титратди чақмоқлар,
Мен унга қўшилиб йиғладим.
Тун бўйи деразам ойнасин
Томчилар чертдилар басма-бас —
(Юракка ўй ботди бир ҳазин)
О, нега сен эмас, сен эмас?
Кузаки ёмғирлар остида
Кўнглингдан не кечди — билмадим.
(Соғинчли дунёнинг дастидан)
Мен бўлсам ўкиниб йиғладим…
* * *
Кунлар юрагингга таскин бердими?
Фурсатлар ярангга қўйдими малҳам?
Бир марта бўлса ҳам кўргинг келдими?
Соғинч қандайлигин тотдингми сен ҳам?
Алдама, ҳеч қачон даво бўлмас вақт —
Бўлиши мумкиндир энг оғир жазо.
Яна қай нақлдан овуняпсан, айт,
Яна қай сабабни қиляпсан даъво?
Балки, мағрурлигим, журъатсизлигим
Сенга озор берди такрор ва такрор.
Мен ҳам энди сендан кўрарим кўрдим:
Сукутлар — озордир, сенсизлик — озор…
ЮРАК ЙЎЛЛАРИ
Мактуб келди олис воҳадан:
“Исмингизни қизимга қўйдим…”
Ёш эдим-да у пайт, дафъатан
Меҳрними, бахтними туйдим.
Йиллар ўтди. Гоҳ бўлди унут,
Гоҳ юракда яшади узоқ
Ўша мактуб, нотаниш йигит
Ва Инобат отли қизалоқ.
Ёшлик деган дуркун дарахтни
Ямлаб ўтган вақт шамоллари
Қачондир мен ҳис этган бахтни
Суролмабди кўнгилдан нари.
Дилим жўшар завқдан зиёда
Ҳорғин ёдим ёришган дамлар:
Узоқларда — Қашқадарёда
Яшар мени билган одамлар.
Омонмисиз, олисдаги дўст,
Кетмадими фурсатлар беиз?
Кўксингизда юммадими кўз
Менга таниш ҳавасларингиз?
Саломатми исмим олган қиз,
Йиллар ўтиб ойдай тўлгандир?
Латофатда, ҳуснда тенгсиз
Энг бахтиёр аёл бўлгандир?
Болалари бордир бир этак —
Юмушлари ётгандир тошиб?
Узун тунлар айтарми эртак,
Ўз исмининг тарихин қўшиб?
Гоҳ қўлида қалам ва қоғоз,
Тузиб чиқар назм ё наср.
Балки, сўзга ошнолиги рост,
Шу эди-ку орзунгиз ахир!
Умр ўтиб кетмоқда…
Баъзан
Унга томон боргим келади —
Ҳали ўзим ҳам танимаган
Инобатни кўргим келади…
Олисдамиз, олислардамиз,
Учраштирмас, эҳтимол, йиллар.
Боғлаб турар бизни, шубҳасиз,
Юракларга очилган йўллар.
КЕЧИКИШ
Қизил чироқ ёнди.
Чорраҳа тирбанд,
Бир, икки… Санайман ҳовучлаб жонни.
Бу гал ҳам йўлчироқ, афсус, берди панд,
Бу гал ҳам бой бердим битта имконни.
“Ахир кечикяпман, боришим керак!”
Ҳамроҳим бепарво қараб қўяди.
Ҳайдовчи ойнадан кўз ташлаб андак,
“Менгами?” дегандай қовоқ уяди.
Ўтиб бораётир, ана, қаршимда
Бири яёв, яна улов минганлар.
Бахтлидай туюлар менинг наздимда
Йўлларида яшил чироқ ёнганлар.
Узоқ йўлга ўхшар, аслида, ҳаёт,
Унинг ҳикматини билсак агарда.
Баландлаб учсак-да остимизда от,
Тўхташга мажбурмиз чорраҳаларда.
…Қизил чироқ ёнди.
Айни лаҳзада
Кимдир мендан олдин манзилга етди.
Кимдир тоқати тоқ, юраги зада
Мени кута-кута қўл силтаб кетди.
ДЎСТЛАРИНГ БОРМИ, БОЛАМ?
Отланасан саҳарда
Йўлга — олис сафарга.
Қишлоқдами, шаҳарда
Дўстларинг борми, болам?
Олдинда катта довон,
Сабринг синар беомон.
Йўлда ёлғизлик ёмон,
Дўстларинг борми, болам?
Ҳаёт бу — жанг, беаёв,
Қисмат бунда қилар ов.
Қалқон бўлгудай бирров
Дўстларинг борми, болам?
Дўст улдурки, очсанг қалб,
Нурдай кирса ярақлаб.
Мен ўтдим уни излаб…
Дўстларинг борми, болам?
Умр — липиллаган шам,
Пуфлаб турар уни ғам.
Шамга ўхшайман мен ҳам…
Дўстларинг борми, болам?
Камолинг қилдим ҳавас,
Ўзи қўллаб турса бас.
Кўксимда бир ўтли сас:
Хотиржам олай нафас —
Дўстларинг бўлсин, болам,
Дўстларинг бўлсин, болам!