“Журналист бўлиб қоламан”
Айтишларича, кўп қиррали адиб Константин Симоновнинг Москвадаги квартираси ижодхонасида тўртта стол бўлган экан. Бирида шеърлар, иккинчисида роман ва қиссалар, учинчисида пьесалар ва ниҳоят, тўртинчисида публицистик мақолалар битилар экан. Ёзилаётган асарларининг қайси бири калласида пишиб етилса, адиб ўша столга ўтириб давом эттириб кетавераркан. Шу боис Константин Симоновдан ўқирманларга жуда катта адабий мерос қолган.
Адиб ҳамиша қайноқ ҳаёт ичида бўлган. Чунки узоқ йиллар шўро давлатининг бош нашри — “Правда” газетасида мухбир бўлиб ишлаган. Ҳаёт ва одамлар ҳақидаги илк таассуротлари, аввало, унинг ёндафтарида акс этган. Сўнгра катта адабий полотноларга кўчган.
Шу ўринда Константин Симонов миллий адабиётимизнинг қалин дўсти бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқни жоиз. У киши Ўзбекистон халқ ёзувчилари Абдулла Қаҳҳор, айниқса, Ҳамид Ғулом билан яқин дўст тутинган. Ҳассос адибимизнинг “Синчалак” қиссасини маҳорат билан рус тилига таржима қилган. Ҳамид Ғулом билан ҳаммуаллифликда Мирзачўл ҳақидаги ҳужжатли фильмнинг сценарийсини ёзган. Адиб машҳур “Тириклар ва ўликлар” трилогиясини Ўзбекистонда ёзиб тугатган. Бу ҳақда Ҳамид Ғулом “Константин Симонов в воспоминаниях современников” китобидан ўрин олган “В Ташкенте” хотираномасида батафсил ёзган эди. (“Советский писатель” нашриёти, 1984 йил, 411-422-бетлар).
Константин Симоновнинг “Журналист бўлиб қоламан” деб номланган очерклар тўплами Мирзачўлни ўзлаштириш қаҳрамонлари, Бухоро газчиларининг жасоратли меҳнати ҳақида ҳикоя қилади. Ушбу битиклар етук публицистнинг “Правда” газетаси мухбири сифатида 1958-1967 йиллар давомида Ўзбекистонда фаолият олиб борган кезларда қоғозга тушган. Асар 1968 йил Москвада, “Правда” нашриётида “Остаюсь журналистом” номи остида алоҳида китоб тарзида чоп этилган. Орадан ярим асрдан кўпроқ вақт, аниқроғи, 56 йил ўтиб, мазкур китоб сирдарёлик журналистлар Мунаввар Пардаев ва Собиржон Усмоновлар томонидан “Журналист бўлиб қоламан” номи остида Тошкентдаги “Kafolat print company” нашриётида дунё юзини кўрди.
Шу ўринда ҳақли савол туғилиши табиий: орадан қанча сувлар оқиб ўтди, тўпламдаги очеркларнинг бугунги кунга қандай аҳамияти бор экан, деган. Ёдимга немис файласуфи ва давлат арбоби Вильгельм Гумбольдтнинг қуйидаги айтими келади: “Фалсафа нарсалар асосини, санъат ҳақиқий гўзалликни излаганидай, тарих инсон тақдирининг суратини ҳаққоний, тўлиқ ва аниқ ёритишга ҳаракат қилади”.
Дарҳақиқат, шундай. Китобни мутолаа қиларканмиз, ёвқур бобо-момоларимизнинг сиймолари кино лентасидай кўз олдимизда жонланади. Қалбимизда уларга нисбатан фахрланиш ҳисси уйғонади. Гарчанд китобдаги воқеалар макон ва замонда анча илгари содир бўлган эса-да, ибрат оладиган жиҳатларимиз талайгина. Бу ҳақда Константин Симоновнинг ўзи ҳам китобига ёзган сўзбошисида шундай фикрларни битади: “Ҳозирги замонни ўтмишга алоқадор масалалар нуқтаи назаридан кўриб чиқиш, балки, хатодир. Лекин ўтмиш ҳақида ҳозирги замон позициясидан туриб ёзаётган одам учун юқоридаги каби саволлар жавоби ниҳоятда муҳим. Ва ёзувчи сифатида мен бу жавобларни айнан журналистлик фаолиятимдан топдим. Шунинг учун ҳам ушбу китобни “Журналист бўлиб қоламан” деб номладим” (ўша китоб, 8-саҳифа).
Албатта, етук публицистни бу жабҳага ундаган, туртки берган сиёсий воқеани айтиб ўтмасак бўлмас. 1956 йилнинг 6 августида КПСС Марказқўми ва СССР Министрлар Совети “Пахта етиштиришни кўпайтириш мақсадида Ўзбекистон ССР ва Қозоғистон ССРда Мирзачўлнинг қўриқ ерларини суғориш ва ўзлаштириш тўғрисида”ги қарорига биноан яқин давр орасида 300 минг гектар қақроқ ерларни ўзлаштириш вазифаси қўйилади. Тан олиб айтишимиз керак: Симонов ҳам шўролар мафкурасининг бир аскари ўлароқ ўз очеркларида мана шу ақиданинг тарғиботчиси сифатида кўзга ташланади. Яъни мамлакатни бебаҳо хомашё — пахта билан таъминлаш биринчи ўринга қўйилади. Бироқ публицист қаҳрамон чўлқуварлар ҳақида қалам тебратганда, уларнинг одамийлик хислатларини моҳир мусаввирдек ёрқин чизади. Бунда, албатта, унинг ёзувчилик тажрибаси жуда-жуда асқотади. Шу боис китобдаги барча очерклар бадиий асардек севиб ўқилади.
“Характерли одамлар” туркумининг биринчи очерки “Нима ўзи Мирзачўл?” деб номланган. Ушбу битикда Симонов чўлнинг умумий манзарасини бамисоли тирик инсонни тасвирлагандек чизиб беради. Муаллиф Мирзачўлни ўзлаштиришда икки жиҳат: ерларга тоза оқин сувни етказиб бериш, айни вақтда ерости шўр сувларининг кўтарилишига имкон бермаслик масалаларига эътибор қаратади. Мирзачўлда бажарилган ишларнинг кўламини биргина жумлада шундай ифодалайди: “Мард қурувчилар бу чўлда бажаражак тупроқ ишлари ҳажми ҳатто Москва-Волга, Волга-Дон ва Куйбишев гидротармоқларида бажарилган жами тупроқ ишларидан ҳам кўп” (ўша асар, 20-саҳифа). Кўраяпсизми, ота-боболаримиз чўлни ўзлаштиришда қанчалар жонбозлик кўрсатган эдилар.
Константин Симоновнинг алоҳида қаҳрамонларга бағишланган очеркларида ёзувчилик ва публицистлик маҳорати омухта бўлиб кетади. Шу боис “Тубжойлилар”, “Тўпчи характери”, “Пахтаоролликлардан бири”, “Куну тун”, “Оғир кун” битиклари юксак бадиий асардек ўқилади. Характерли жиҳати, мазкур очеркларда публицист ўз даврининг долзарб муаммоларини дадил кўтариб чиқади. Юқорида номлари келтирилган асарларни ҳеч иккиланмай проблематик очерклар сирасига киритиш мумкин.
“Тубжойлилар” очерки Мирзачўл (ҳозирги Гулистон тумани) районидаги “Октябрь” жамоа хўжалиги ва унинг раиси Брухтий ҳақида. Новатор раис ўша пайтдаёқ қишлоқ хўжалигида кетмондан воз кечиб, барча жараёнларни комплекс механизация зиммасига юклашни вазифа қилиб қўяди. Бунинг учун чигитни квадрат уялаб экиш усулидан самарали фойдаланади. Ғўзага икки томонлама — узунасига ва кўндалангига ишлов берилганида кетмончига деярли иш қолмаслигини исботлашга уринади. Бироқ эскилик янгиликка осонликча йўл бўшатиб бермайди. Очеркда қизиқ бир воқеа рақам этилган. Механизатор техникани кўндалангига юргизаман деганда кекса бригадир: “Ўлсам ўламан, лекин экин нобуд бўлишига йўл қўймайман!” дея тракторнинг олдига ётиб олади. Гарчанд кейинчалик пахтачиликда квадрат уялаб чигит экиш ўзини оқламай воз кечилган бўлса-да, пахта учун курашда жонини ҳам аямаган боболаримизнинг характерини Симонов эсда қоларли тарзда тасвирлайди.
Китобдаги энг салмоқли асар “Тўпчи характери” очеркидир. У Боёвут туманидаги “Коммунизм” колхозининг раиси, Меҳнат Қаҳрамони Турсунбой Латиповнинг фаолиятига бағишланган. Иккинчи жаҳон урушидан қайтган собиқ жангчи ташкилотчилик ва ишбилармонлик қобилияти билан чўлда рентабелли колхознинг раҳбарига айланади. Турсунбой Латипов ниҳоятда тежамкор, бир тийинни ҳам етмиш жойидан тугадиган инсон бўлган. Константин Симонов қаҳрамонининг бу фазилатларини бўрттириб кўрсатиш мақсадида характерли деталларни топади. Мана шулардан бири: Раис колхоз марказида бошқарув идорасига бақамти каттагина клуб қурилишини бошлайди. Публицист бунинг сабабини сўраганида:
— Бу билан, — тушунтирди менга Латипов, — аввало, битта девор харажати чегириб қолинади (ўша асар, 40-саҳифа).
Латипов ўша пайтдаёқ пахтага нисбатан даромадли соҳаларга кўпроқ эътибор беришни бошлагани диққатга сазовордир. “Бир гектар узумзордан олинган даромад шунча пахта майдонидаги пахта ҳосилиникидан ҳам анча ортиқ бўлади”, дейди раис (ўша асар, 44-саҳифа). Коммунист Латипов, Абдулла Қаҳҳор айтганидек, партиянинг топшириғини “Лаббай!” деб кўр-кўрона бажарадиган раҳбар эмас, балки фикрлайдиган раис эди. Симонов раҳбарнинг шу жиҳатларига алоҳида урғу берган.
Публицист қаҳрамонлари орасида феъли-хўйи Латиповга ўхшаган меҳнаткаш инсонлар талайгина. Бу “Куну тун” очеркидаги Жанубий Мирзачўл каналини кенгайтиришда жонбозлик кўрсатган турли миллат вакиллари — экскаватор машинистлари ва уларнинг ёрдамчилари Канопкин, Басюкин, Муравин, Панасюк, Тараканов, Мирзааҳмедов ва уларнинг бригадири Казановский “Мирзачўлнинг ишчи хачири”да (очеркда экскаваторга шундай ташбеҳ берилган) минг-минг тонналаб тупроқни канал ичидан экскаваторнинг ковшларида ташқарига олиб чиққан баҳодирлардир.
Адиб битикларида чўлда ташкил этилган хўжаликларнинг қўрғонларини бунёд этиш, унга элтадиган йўлларни созлаш, бир сўз билан айтганда, инфратузилмани талаб даражасида ташкил этишдаги камчиликлар аниқ мисоллар ёрдамида бор бўй-басти билан очиб берилади.
Китобдаги барча очеркларда публицистнинг ўткир нигоҳи кўзга ташланиб туради. У “Газик”да Мирзачўлни кезиб қаҳрамонлари билан юзма-юз учрашади, Янгиер шаҳридаги чўлқуварлар учун мўлжалланган вагон шаҳарчада бир муддат яшайди. Одамларни қийнаётган муаммоларни қаламга олади. Шу боис китобдаги барча очерклар ўқирманларга юқади.
Таржимонлар Константин Симоновнинг “Журналист бўлиб қоламан” китобини ўзбекчалаштириб, яқин тарихимизда рўй берган воқеалар, Мирзачўлни ўзлаштиришда қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган бобо-момоларимиз ҳақида ўсиб келаётган ёш авлодга ажойиб совға тайёрлаганлар. Албатта, катта ишда хатолар ҳам бўлади. Таржимонлар айрим жой номлари китобда қандай ёзилган бўлса, шундай бизга тақдим этишган. Масалан, “Пахта-Арал” (айрим ўринларда “Пахта-Орол”), “Олма-Ота” каби. Ваҳоланки, она тилимиз қоидаларига кўра, бу атамалар “Пахтаорол”, “Олмаота” тарзида ёзилиши қоидалаштирилган. Бунда сирдарёлик таржимон журналистларнинг меҳнатини алоҳида таъкидламоқ жоиздир.
Шу ўринда яна бир гап: ушбу китоб юқорида таъкидлаганимиздек, собиқ иттифоқ даврида ёзилган. Аммо ундан ҳар бир журналист, ижодкор бугун ҳам фойдаланиши мумкин. Биринчидан, ўтмишимизга оид воқеалар, яқин тарихимизни янада яхшироқ билиш ва ўша вақтлардаги ватандошларимиз ҳаётини, заҳматли меҳнати, керак бўлса қаҳрамонликларидан воқиф бўлиш учун.
Иккинчидан, ижодкор қандай ёзиши кераклигига тайёр намуна. Ахир, бугунги кун ҳам орадан вақтлар ўтиб тарихга айланади. Бугун Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида юртимизнинг ҳар бир гўшасида не-не бунёдкорликлар, не-не ўзгаришлар юз бермоқда. Ана шулар ҳақида публицистларнинг юракларни титратиб юборадиган, ўқувчини ўзига жалб қиладиган очерклар қани? Бугунги замондошларимиз ўй-кечинмаларини бадиий сўз маҳорати ила қоғозга тушириб, уларнинг ибрати тўғрисида кейинги йилларда қандай китоблар ёзилди, чоп этилди? Албатта, йўқ эмас. Лекин улар кўпми, етарлими? Айнан ана шундай маҳорат билан битилган асарлар ҳозирги кунда афсуски етишмаяпти.
Муҳаммадали АҲМАД,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.