Гўзаллик ва бетакрорлик мамлакати

Журналист Шарофиддин Тўлагановнинг “Туркия менинг нигоҳимда” китобини ўқиб…
Туркия – бу ўтмиш ва бой маданият, табиатнинг ўзига хос уйғунлиги билан машҳур бўлган мамлакат. У Осиё ва Европа қитъаларини бирлаштириб, дунёга ўзига хос гўзаллик ва маънавий бойлик тақдим этади. Туркиянинг жозибаси унинг географик жойлашувидан тортиб, бой тарихи ва жаҳонга машҳур таомларигача намоён бўлади.
Яқинда таниқли журналист Шарофиддин Тўлагановнинг Туркия Республикаси ташкил топганининг 100 йиллиги муносабати билан чоп қилинган “Туркия менинг нигоҳимда” китоби билан танишиб чиқдим.
Уни мутолаа қилар экансиз хаёлан Туркияга саёҳатга ошиқасиз. Келтирилган мақолалар ва фикрлар Туркиянинг бой маданияти, тарихи ва бугунги ҳаёти ҳақида сўзлайди. Муаллиф таассуротлари, кузатувлари ва тадқиқотлари асосида ўқувчини Туркия билан таништиради ва гўзал диёрнинг турли жиҳатларини очиб беради.
Китоб нафақат Туркияни бевосита кўрган ва уни ўрганишга қизиққан ўқувчилар учун, балки ушбу мамлакат ҳақида умумий тасаввурга эга бўлишни истаган барча учун ҳам жуда қизиқарли. Муаллифнинг тил услуби жўшқин, таъсирли. Китобнинг ҳар бир саҳифасида Туркиянинг бой тарихий мероси, замонавий жамияти, гўзал табиати ва меҳмондўст халқи ҳақида муҳаббат билан ҳикоя қилинади.
Китобнинг яна бир ўзига хослиги – унда Туркиянинг маданий бойликлари ва қаҳрамонлари билан танишиш имкониятининг яратилиши. Муаллиф турли шаҳарларнинг ўзига хосликларини, уларнинг тарихи ва аҳамиятини тасвирлашга алоҳида эътибор қаратади. Масалан, Истанбулнинг қадимий ёдгорликлари, Каппадокиянинг ҳайратланарли табиати ёки Анқаранинг замонавий жиҳатлари ёритилган бўлими ўқувчини ўзига ром этади.
Китоб нафақат ўқувчини маълумот билан бойитади, балки уни Туркияга бевосита сафар қилишга илҳомлантиради. Ундаги ҳар бир сатрдан муаллифнинг Туркияга бўлган меҳри сезилиб туради.
Назаримда бу китоб нафақат Туркия ҳақидаги маълумотлар тўплами, балки ушбу мамлакатга бўлган ихлос ва таассуротларнинг чуқур ифода этилган намунасидир.
Жорий йилнинг февраль ойида уч кунлик медиа тур доирасида камина ҳам мазкур диёрда бўлган эди. Очиғи, унинг кўҳна тарихи бир неча минг йилликларни қамраб олганига гувоҳ бўлган эдим. Ҳудудда илк цивилизациялардан тортиб, эллинизм, Византия ва Усмонийлар империясигача бўлган даврлар из қолдирган. Истанбул шаҳридаги машҳур Айя София ёки Топқопи саройи каби ёдгорликлар мамлакатнинг тарихий мероси қанчалик бой эканини кўрсатади. Туркиянинг ҳар бир шаҳри – бу ўзига хос тарихий саёҳат. Мисол учун, Эфес ёки Троя археологик қадамжолари бежизга бутун жаҳон аҳлининг диққат марказида бўлиб келаётгани йўқ.
Шунингдек, Каппадокиянинг фантастик манзаралари, Памуккале оппоқ травертинлари ёки Анталиянинг очиқ-кўк денгизлари мамлакатга ташриф буюрувчиларни ўзига мафтун қилади. Туркия табиатида ҳар бир фаслнинг ўзига хос жозибаси бор. У ерда денгиз бўйида ҳордиқ чиқариш, тоғларда саёҳат қилиш ёки кўллар ва ўрмонларни томоша қилиш ўта завқлидир. Саёҳатчилар тили билан айтганда Туркияни бир марта кўрган одам, унга яна қайтишни хоҳлайди, чунки бу мамлакат ҳар бир инсоннинг қалбида ўзига хос из қолдиради. Бунга Шарофиддин Тўлагановнинг ушбу мамлакат ҳақидаги китобини ўқиган киши ҳам шаксиз, имон келтиради.
Ислом ЭГАМБЕРДИ ўғли.