Театрга бордим. сиз-чи?

Инсон ўз хатоси, камчилигини тан олишни ҳам билиши керак. Минг афсус, бу масалада кўпчилигимиз оқсаймиз. Бунинг устига, тўрт томондан мақтовлар ёғилиб турса… Ахир камчиликсиз киши, хатосиз иш бўлмайди, дейдилар. “Беайб парвардигор”, деган гапни такрор-такрор эшитганмиз. Бу сўзларни ёзишимдан мақсад бор. У ҳам бўлса, шахсан ўзим бир хатомни тан олишдир. Аниқроғи, анча давр мобайнида театрга бормаганим, яхшими, ёмонми, ўртачами, ишқилиб яратилаётган саҳна асарларини кўришдан узоқлашганимни айтиб қўймоқчиман. Ахир жадид боболаримиз, Беҳбудий домла-ю Ҳамзадай буюклар ўз айтар сўзларини халққа театр орқали айтганларидан хабардор одам театрдан узоқлашиб юрса, турмушнинг икир-чикирлари билан банд бўлиб, олдидаги театрга бориб, саҳна асарларини кўришни унутиб қўйса бошқалардан хафа бўлиши мумкинми?!

Театр ҳақида гап кетса, болалик йилларим эсимга тушади. Қўқондаги Ҳамза номли театрнинг кўплаб саҳна асарлари қишлоғимиз клубида тез-тез намойиш қилинарди. Саҳнаям саҳна эди-да. Бир эшиги ёпилса, иккинчиси очилиб кетарди. Энди ўша актёрларнинг азобларини кўз олдимга келтиряпман. Гоголнинг “Уйланиш” спектаклидан тортиб, ўзбек драматургларининг кўплаб асарларини ўша клуб саҳнасида кўрганман. Ҳозир у клублар савдо дўконларига айланиб кетган…

Қўқон театрида пойтахтдаги отахон театрда фаолият юритган актёрлардан қолишмайдиган санъаткорлар фаолият юритган, деган хулосага келганман. Ўзбекистон халқ артистлари Занжирали Мирзатов, Рашидхон Содиқов ва Мадаминжон Жўраевларнинг бир-биридан ёрқин ижроларини кўрганимга ҳам 55 йилдан ошибди. Уларнинг ҳар бири саҳнани муқаддас деб билган ҳақиқий ижодкорлар эди. Ишонмасангиз, телевидение фондида сақланаётган бўлса, Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романи асосида саҳналаштирилган асарни кўришингиз мумкин. Кузнинг изғиринли ва қиш кунларида ҳам театр жамоаси қишлоғимизга гастролга келиб қоларди. Ўша кунлари кўпчилигимиз учун байрам бўлар, клубда қўйилган ҳар бир саҳна асари эсдан чиқмас хотирага айланганди…

Тошкентга келгач, талабалик даврида Шукур Бурҳондек буюк инсонни кўрмоқ мақсадида “Қиёмат қарз” спектаклига уч маротаба кириб ҳаяжонланганларим, “Мен Чилига ишонаман” спектакли орқали театр кучи қай даражада эканлигини билганларим, “Ғариблар” асарини кўргач, бир неча кун ўйланиб юрган кунларим ҳам ортда қолди. Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраевадай забардаст санъаткорлар маҳорати театр оламидан узоқ одамларни ҳам ҳайратга солганлигини кўрганман, кузатганман. Кейинчалик бир неча йил театрдан узоқлашиб кетибман. Менга ўхшаганлар кўп бўлса керак, деб ўзимни овутгандек ҳам бўламан. Йиллар давомида бор-йўғи 5-6 спектаклни кўрганман, холос.

Кейинги 2-3 йилда таниқли адиб, шоир ва драматург Қўчқор Норқобил асарлари отахон театр қатори бошқа театрларда ҳам кетма-кет қўйила бошланди. Бир балоси бўлмаса… Ўша бир “бало”ни яқинда билдим. Тўғриси, Муқимий номидаги театрга бориб, ҳаммасини ўз кўзим билан кўрдим. Ҳамроҳим – таниқли журналист Аҳрор Аҳмедов.

Армонсиз инсон йўқ. Қоракўллик Тўхтамурод домлани яхши кўриб қолгандим. Унинг мактаб очганлигидан, ўқувчилари эришган ютуқлардан ҳам хабардор бўлганман. Бир неча йил аввал шифохонада қисқа муддат даволанишга тўғри келди. Бир кун кечқурун уч нафар оқ халатли, гап-сўзидан “бўладиган бола”га ўхшаб турган талабалар билан суҳбатлашиб қолдим:

— Қаерликсиз, дўхтир болалар?

— Қоракўлданмиз.

— Бўлмаса, бир-икки саволим бор.

— Сўранг, ака.

— Жумаев домлани танийсизларми?

— Шогирдларимиз. Шунинг учун ҳаммамиз грантга ўқишга кирганмиз.

— Устозларинг вазир, казо-казоларнинг фарзандларини, ҳатто ўз неварасини ҳам имтиҳондан ўтмагани учун мактабларингга қабул қилмаганмиш, қизи отаси билан аразлашиб, бир неча йил гаплашмай юрган, деб эшитганман. Шу гаплар ростми ё биз ўрганиб қолган ёлғон тўқималарми?

— Иби, нима деяпсиз? Ҳаммаси тўғри. Интернат-мактабимиз учун домла ҳатто миниб юрган машинасини ҳам сотиб юборган. Мактабимизга фақат билимли, ўқийман деган болалар қабул қилинган.

“Бўладиган бола”лар билан суҳбатимиз шу ерда тугаганди. Ўша куни Тўхтамурод домла билан насиб этса, албатта, суҳбатлашаман, деб ният қилгандим. Аммо домланинг ҳаётдан кўз юмганлигини эшитган куним “бу ҳам бир армонга айланди”, деб афсус, нодамат чекканман.

Лекин орзу-армоним ушалди. Жумаев домлани театрга бориб кўрдим. Салкам икки соат оралиғида унинг дардига шерик бўлдим, мактаб очаман, деб елиб-югурган устоз азобларини кузатдим. Бир-икки жойда кўзим ёшланди. Буниси кексалик аломати, дегандай бўлдим. Лекин қаҳри қаттиқлар ҳам йиғлайдиган саҳналар бор спектаклда. Ўзимча унга “миллат қаҳрамони” деб баҳо бергандим. Ўша қаҳрамонимни ҳаётда бўлмаса ҳам, саҳнада кўрдим.

Спектакль бош қаҳрамонининг сўзлари:

— Халқ ҳам, Ватан ҳам кимларнингдир зуғуми остида ириб-чириб ётмаслиги керак, биласанми? Бизнинг Ватанимизни билимли авлод қутқаради, бунинг учун етук мактаблар керак, ана шундагина бизлар оёқ остида қолиб кетмаймиз.

Спектакль охиридаги Тўхтамурод домланинг монологи томоша залини ларзага солади. Ўз ролини маҳорат билан ижро этган Меҳмонали Салимов, Масъуда Отажонова ва барча актёрларга миннатдорлик қарсаклари тинмайди. Саҳна асарининг юки деган гап бор. “Бизга мактаб керак ёхуд замон Авлонийси” асарининг юки жуда оғир. Ҳар бир актёр ана шу юкни ҳис қилган ҳолда ўз ролини ишончли талқин этган. Хуллас, бу спектаклни кўргач, ўйлайсиз, ўйланасиз, ҳақиқий саҳна асарининг кучини кўрасиз. Драматург Қоракўлга бекорга бормаганлигига амин бўласиз. Иқтидорли ижодкор юрагидаги дардларни саҳнага олиб чиққан. Театрнинг ёшгина бош режиссёри Достон Ҳақбердиев драматургнинг айтар гапларини тушунган. Икки ижодкорнинг бир-бирини тушуниши ўз самарасини берган.

Ўша куни Сирдарёдан бир автобусда ўқитувчилар, ўқувчилар келишибди. Эртасига “Мен театрга бордим”, деб номланган мақола ёзмоқчи бўлдим. Ёзолмадим. Чунки гуноҳим бор. Қоракўл қочиб кетибдими? Спектаклни кўрдим-ку, деб ўзимни овутдим. Лекин бир гапни айтмасам бўлмас.

Ҳали Тўхтамурод Жумаев домланинг азобли кунлари эсимдан чиқмай турганда, куни кеча Қўчқор укам қўнғироқ қилиб қолди:

— Ака, Муқимий театрида яна бир асарим қўйилди. Вақтингиз бўлса, ўтарсизлар.

— Албатта борамиз!

Бордик, бу гал сафимизга қўқонлик ёзувчи дўстимиз Носир Зоҳид ҳам қўшилди.

Куз эмасми, бироз ёққан ёмғир ўз кучини кўрсатгандай, ҳаво топ-тоза туюлди менга. Тарихий театр олдидаги ёзувларни ўқийман: “Осмон ҳамма гапни эшитади”. Қўчқор ҳам қисқароқ қилиб, асарини бир сўз билан номлаб қўяқолса бўлмасмикан? Хотираси бутунлар эслаб қолаверади. Бизларни ҳам ўйланг, иним! Шундай телба-тескари ўйларга ҳам бордим.

Энди янги драма ҳақида. Юқорида ёзганимдай: “Осмон ҳамма гапни эшитади”… Асар номи гўёки томошабинни ўзига жалб қилиш, жарангдорлик касб этиши учун атайлаб шундай қўйилган бўлса керак, деган фикрга борасиз. Шошилманг, спектаклни кўргач, бу адибнинг юрагидан отилиб чиққан нидо эканлигига ишонч ҳосил қиласиз! Осмон ҳамма гапни эшитяпти. Аммо биз, ердагилар-чи? Билиб, эшитмаганга солаётганлар қанча? Гап шунда!

Шу барчага баробар осмон остидаги одамлар: мен, сиз, у қандай яшаяпти? Асар бош қаҳрамони Мўмин афғон уруши қатнашчиси. Ногирон бўлиб қайтганлардан бири. Айрим кимсалар унинг исмига “контуж” сўзини ҳам қўшиб айтишади. Уни, уруш жароҳати камлик қилгандай, фарзандсизлик азоби ҳам эзади. Ягона илинжи гўзал тоғ табиатини асраб қолиш… Ўрмон яратиш… Қарз-қавола билан бўлса ҳам у ҳар куни ўзи яшаётган ҳудуд, тоққа яқин жойда кўчат экиш билан андармон. Бироқ ўз кунини кўраётган, ўзи тайёрлаган лойиҳа бўйича (урушдан олдин у архитектура институтида икки йил таҳсил олган) сайёҳлик мажмуаси яратишни ният қилган Мўминга айрим маҳаллий тўралар тинчлик беришмайди. Қандай қилиб дейсизми? Буни спектаклни томоша қилиш жараёнида билиб оласиз… Унинг азобларини биргама-бирга кўтаришга аҳд қилган Ольга ҳам минг азоб ўтида қовурилади. Унинг айби нима? Бу гўзал қизнинг умри “контуж” билан ўтаяпти.

Асар бош қаҳрамони инсониятни босиб келаётган хатардан сақламоқчи. Она табиатни асрамоқчи! Шу мақсадда ҳеч нарсадан қайтмайди. Курашади. Ўз лойиҳасини маҳаллий очкўз ва ноинсоф кимсалардан бири ўзлаштириб, ўзиники қилиб олганини билиб қолгач, унинг кураши янади авжга чиқади. Бир неча бор юқори идораларга хат жўнатади, пойтахтга боради, алалоқибат ғолиб чиқади. Шундай экан, аслида ким жинни? Фақат ўзини ўйлайдиган, ҳаётини ёлғон остига қурган ҳоким ва унинг гумашталари жинни эмасми? Ҳокимнинг “дум”ларидан тортиб, маҳалла раиси ва пойтахтдан борган олифталар жинни эмасми? Саҳнадан: “Одамлар, кўзингизни очинг!” деган ҳайқириқ келади. Режиссёр Достон Ҳақбердиев бошчилигидаги актёрлар жамоаси ҳаёт ҳақиқатини моҳирлик билан саҳнага кўчиришган. Истеъдодли бастакор Ойдин Абдуллаеванинг асар руҳияти, зиддиятлар ва кескин қарама-қаршиликларга мос ҳолда яратган мусиқалари драманинг янада таъсирчанлиги ошишига хизмат қилган.

Спектаклдаги бош қаҳрамон ролини талқин этган актёр Умид Шодмоновнинг ролларини кўп кўрганман. Лекин уни қайтадан кашф қилдим. Гўзал Ольга образини қойилмақом қилиб ижро этган актриса Инобат Умированинг маҳорати томошабинлар қалбида чексиз ҳайрат уйғотгани шубҳасиз. Умид ҳам, Инобат ҳам спектакль давомида ўз образлари ичида яшагани, ўз қаҳрамони қисмати, қалб кечинмаларини бутун борлиғи билан ҳис қилганини англайсиз.

Спектакль давомида ҳаяжонини босолмаган томошабинлар ҳар бир саҳна сўнгида актёрларни қарсаклар билан олқишлаб туришди. Бу асар ва унинг ижрочиларига томошабиннинг холис ва самимий баҳоси эди. Ҳозирги уч-тўртта қўшиқ айтиб-айтмай, ўз нархини фалон долларга чақишдан уялмайдиган, ўзларига ортиқча баҳо қўйиб олганларни бу фидойи, саҳнани қисмат деб билган чинакам санъаткорлар билан асло таққослаб бўлмайди. Ана ҳақиқий санъаткорлар! Спектакль тугагач, ҳар бир ролни маромига етказиб ўйнаган барча актёрларни томошабинлар оёқда тик туриб, давомли қарсаклар билан олқишлади.

Театрдан чиқаётиб, шеригимиз Аҳрор Аҳмедов Тожикистондан келган бир томошабин билан қилаётган суҳбати қулоғимга чалинди:

— Ака, зўр спектакль кўрдим. Кўз ёшларимни тиёлмадим. Ҳақиқий ҳаёт бу! Зўр асар экан. Худо хоҳласа, яна келиб кўрамиз, — деди меҳмон.

Театрдан чиқиб, бир оз пиёда юрдик. “Халқлар Дўстлиги” саройининг ёнидан ўтаётиб, шу ҳашаматли маданият масканига қарадим. Чироқлар порлаб турибди. Тўрт минг кишилик зал тўла бўлса керак. Ҳозирча улоқ қўшиқчиман деган “бирровчи”ларда. Аслида театрда бўш ўрин қолмаслиги лозим.

Мана шундай сермазмун саҳна асарлари қўйилиши давом этса, вақти келиб театрда жой топилмай қолишига шубҳа йўқ. Зеро, театрлар томошабин билан файзли. Театр ҳам яхши бир китоб ёки романнинг ўрнини босиши мумкин.

Шу боис бир-биримизга “Мен театрга тушдим, сиз-чи?” деган саволни бериш, назаримда, жуда ўринли эшитилади.

Анвар АБДУВАЛИЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nine − six =