Кўнгилга ошуфта қавмдош

Келдиёр Хўжаёров (чапда) сухандон Муҳаммаджон Хўжаев билан.

Нотаниш таниш

Қадрдон дўстим, Сиз билан Янги йил арафасида ақалли телефонда бўлса-да, бирров гаплаша олмаганимдан афсусдаман. Нега деганда, мен ўзим ҳаётда бирор марта ҳам кўрмаган, аммо қилиб юрган ишларини эшитганим бир инсон ҳақида, айтиш жоиз бўлса, “нотаниш таниш” ҳақида нимадир ёзиш истагимни Сиз билан бирров маслаҳатлашиб олмоқчийдим. Буям бежиз эмасди. Қарангки, шу кунларда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қилаётган ватандошларимиз — Бухоро яҳудийлари ҳақида нақ 44 саҳифадан иборат “THE BUKHARLAH TIMES” деган газетанинг кўприк сони қўлимга тушиб қолувди. Кўприк деганим, унинг чоп этилиш санаси “26 декабрь 2024 йил — 2 январь 2025” деб кўрсатилганида.

Йўқ, йўқ, асло, бу ерни тарк этиб кетиб, хориж элларда гуркираб яшнаганлар ҳақидагина эмас; айнан Ўзбекистон ва ўзбек халқидан миннатдорлик, юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти, санъати, маданияти, заҳматкаш одамлари; давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган “Ватандош” жамоатчилик фондининг хориждаги юртдошларимиз билан олиб бораётган савобли ишлари каби мавзулар мазкур нашрнинг ранг-баранг саҳифаларидан жой олган эди.

“Дунёдаги юртдошлари қалбини забт этган одам”

“The Bukharlah times”нинг 22-23-саҳифаларини шу сарлавҳадаги — “Дунёдаги юртдошлари қалбини забт этган одам” деган мақола эгаллаган. Унинг бошланишидаёқ муаллиф (Рафаэль Некталов) ижодий салоҳияти юксак, ҳозирги кунда АҚШ, Исроил, Австрия, Германия, Австралия, Канада ва Россияда истиқомат қилувчи ватандошларимиз билан мустаҳкам алоқа боғлаган ўзига хос инсон — Келдиёр Хўжаёров билан қандай танишгани-ю, у ҳақдаги самимий мулоҳазалари билан ўртоқлашишга интилган.

Маълум бўлишича, муаллиф қаҳрамони Келдиёр Хўжаёров билан илк дафъа 2017 йил 17 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида ўтказилган “Тошкентнинг улкан қалби” ҳужжатли фильми тақдимотида, меҳмонлар ва мезбонлар, томошабинлар ва қизиқувчилар билан лиқ тўла Бухоро яҳудийлари маркази залида учрашиб, танишишган экан. Бу бежиз бўлмай, мазкур фильмнинг ғоя муаллифи ҳам, продюсер ва режиссёри ҳам Келдиёр Хўжаёровнинг ўзи бўлиб, қолаверса, бу фильм унинг кинематография соҳасидаги илк дебюти экан.

Мақоланинг шу жойини ўқиётиб ўйланиб қолдим. Кинематография соҳасида бир неча йиллардан буён ишлаб келаётганим боис, қайси бир зот арзимас бирор мавзуда хоҳ ҳужжатли, хоҳ бадиий фильм олмоқчи бўлса, бўзчининг мокисидек қатнаб, агентлик атрофида айланиб-ўралашиб қолиши каминага яхши маълум; уларнинг муддаоси қандай бўлмасин, соҳага давлат томонидан ажратилаётган маблағдан “ўз ижодий маҳсулоти”га етарлича пул ундириб олишда бўлар эди. Энди буниси қанақа бўлди? Ғояни ўзи топса, ўзи пул бериб, ўзи фильм яратиб, яна уни АҚШдай жойларда тақдимотини ўтказиб юрса?

Уни эсладим

Шу саволлар бошимда ғужғон ўйнаб, турли хаёлларга бориб турган чоғимда уни беихтиёр эсладим. Ҳа, жойинг жаннатда бўлгур раҳматли истеъдодли адиб Луқмон Бўрихон у ҳақда катта асар ёзган дейишувди. Афсус, ўқимаган эканман. Америка Қўшма Штатларида яшаб, Голливуддан кўра ўз юрти соғинчидан кўпроқ илҳомланишини пайқаб, яна қайтиб келган кинорежиссёр Наби Раззоқов шу асар асосида фильм яратмоқчи бўлганида, ундан нимаси қизиқтираётганини сўровдим.

— Замонавий тадбиркор образини яратмоқчиман, – деган эди Наби Раззоқов. — Прототипи ўзига хос одам.

— Ким экан?

— Келдиёр Хўжаёров деган одам.

Наби Раззоқов шундан сўнг бу одамнинг Қашқадарё вилоятида дон маҳсулотлари соҳасида ишлагани, Тошкентда “Favvora Film” деган киностудия очгани, санъат, маданият, адабиётни яхши тушунганидан ташқари бу соҳаларни қўллаб-қувватлашга ҳам мойиллиги борасида талай гаплар айтгани ёдимга тушди.

Бундан аввалроқ, Тошкент Халқаро кинофестивали доирасида ҳужжатли фильмлар тақдимотлари ўтказилаётганида, таниқли журналист Борис Бобоев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кинорежиссёр Ҳожимурод Валиев, кинооператор Абдулла Тўлаганов, соҳир овоз соҳиби, қадрдон сухандон дўстим Муҳаммаджон Хўжаевлар томонидан давлатдан бир тийин олмасдан, “Favvora Film” киностудиясида яратилган ҳужжатли фильмлар ихлосмандларда яхши таассурот қолдириб, қарсаклар билан олқишланган эди.

Демак, бу ишлар ташаббускори шу киши экан; пайқашимча, ҳозирги пайтда кўпчиликнинг қўлидан келмайдиган нарса, бетама ишлар қилишга қодир одамлар ҳам топилар экан; Келдиёр Хўжаёров деганлари шундайлардан экан-да.

Машойихларнинг “Гап бўлмаса, аждодларнинг гапини гапир”, деганлари меъдага текканида, ўтмишга мук тушавермай, ёнимиздаги “герой”ларнинг қадрига етишни ҳам шу Келдиёр Хўжаёровдан ўрганиш керак экан.

“Ўша пайт Абдулла Ориф ярим тақиқланган бир ҳолда — бирор тадбирга борса, журналистлару телемухбирлар у кишидан қочишар, телеэкранларда у кишини кўрсатиш “тепа”нинг ишораси билан тақиқланган эди. Аммо Келдиёр Шоир ижодининг абадиятга дахлдорлигини ва бу боқийлик тўла-тўкис кўринишда бўлиши лозимлигини теран ҳис қилар — бу нодонларча тақиқ туфайли даҳонинг маҳобатли қиёфаси кемтик бўлишини истамасди. Ахир дунё ўткинчи — сен даҳосан, деб қараб ўтирмайди, демак, Абдулла Орифдан оладиганимизни олиб қолишимиз керак, деб ўйлаган бўлса керак-да! У бу даврда, ижодий гуруҳи билан, Абдулла аканинг ҳар бир қадамини суратга олди. Шоирга неча-неча соатлаб шеър ўқитиб, магнит лентасига туширди. Бунинг нақадар савоб иш бўлганини, мен Абдулла Орипов вафот этган дақиқалардан пайқадим”.

Усмон АЗИМ,

Ўзбекистон халқ шоири.

“Келдиёр ака ўзларининг “Favvora Film” киностудияларида отам ҳаётининг охирги етти йил ичидаги кечирганларини тасвирга олишга муяссар бўлган ягона инсондир. Кўп йиллар юртининг энг севимли, ардоқли шоири бўлган отамга ҳамдард бўлиш, унинг янги ёзганларини оммага етказиш қанчалик муҳим бўлганини билсангиз эди! Ана шу қалтис вазиятда, отамдан шогирдлари юз буриб, яқинлари саломлашишга ҳайиққан даврда, қариндош-уруғларимиз “Шеър ёзманг!” деб туришган чоғида Келдиёр Хўжаёров елка тутиб, отамнинг ёнида дардкаш ҳамсуҳбат бўлди ва янги шеърларини ёзиб олиш ташаббусидан бошқалар каби қўрқиб юрмади. Келдиёр ака отам ҳақида яратган олти сериялик фильмни киностудияда кўриб роса йиғлаганмиз. Отам ҳақидаги энг қимматли, энг ҳаққоний, энг асл фильмдир бу. Отамнинг ролини ҳеч ким ўйнай олмаганидек, бунақа фильмни бошқа ҳеч бир режиссёр ололмайди. Келдиёр аканинг архивида отам ҳақида кўпчилик, ҳаттоки биз оила аъзолари ҳам билмайдиган видеолавҳалар ҳам кўп”.

Шоира ОРИПОВА,

Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла ОРИПОВнинг қизи.

Ғалатимасми?

Ёки ажабланарлими?

“Ерига кўра илони, тоғига кўра тумани” деганларидек, табиий ҳодиса сифатида қараб, бунақа нарсаларга кўпчилик ажабланмай қўйган эса-да, барибир одам хижолат тортади-да! Қизаришни унутиб қўймаган бўлса!

Ҳалима Худойбердиева, Омон Матжон ва бошқа кўплаб эл севган ижодкорлар бир маҳаллар “қора рўйхат”га тушиб, номлари ҳатто дарсликлардан ҳам олиб ташланган кезларда, уларнинг қисматидаги ёлғизлик изтиробларини ҳам Келдиёр Хўжаёров видеотасмаларда тарихга муҳрлаб қўйган экан.

— Келдиёр аканинг студия ташкил этиши чоғидаги асосий мақсад ва ғоялари акс этган лойиҳаларидан бири ҳам, аслида, элимизнинг таниқли шахслари, машҳур маданият ва санъат арбоблари, буюк замондошларимиз ҳаётига оид аудио-видео ҳужжатларни ҳеч бир сценарийсиз, цензурасиз ёзиб олиш ва сақлаш, фақат ҳақиқатга асосланган материалларни бадиий тўқималарсиз келажак авлодга қолдириш бўлган эди, – деди Келдиёр Хўжаёровнинг қадрдон дўсти, таниқли ҳуқуқшунос ва шоир Хол Муҳаммад Ҳасан. — Бу вазифани студия қайси бир маънода уддалаб келаяпти ҳам дейишга далилларим бор. Чунки адабий-ҳуқуқий маслаҳатчи сифатида бу хайрли ишларда аралашиб келмоқдаман. “Favvora Film” ижодкорлари Мақсуд Шайхзода ҳаёти ва фаолияти хусусида материал тўплаш масаласида Бокуга, Тбилисига бир неча марта бориб келишди. Омон Матжон, Отажон Худойшукуров, Обид Юнусовлар ҳақида ҳужжатли фильмлар қандай яратилганлиги, ҳатто менинг ҳуқуқшунослик соҳасидаги устозим Убайдулло Мингбоев ҳаётига бағишланган фильмни суратга олиш жараёни қандай кечганига шоҳидман.

Воқеа-ҳодисалар жараёнини сурбетлик билан ўз фойдаси ҳисобига ўзгартириш тарих ҳақиқатига дарз кетказади. Аммо бу воқеа-ҳодисаларнинг ўзи ҳам ҳеч қачон соф ҳолда намоён бўлавермайди. Буни Келдиёр Хўжаёров ҳам яхши билади. Қийинлиги шунда. Бироқ осони татимайди.

Татимаслиги шундаки, кечаги қочоқ яна бугунги қаҳрамон бўлиб қолавериши иллатларининг халқ тарихидаги оқибатлари фожиали эканлигидадир. Уларнинг такрорланмаслиги эҳтиёжи ичкарида — Қалбда. У ҳаққонийлик йўқолган жойда адолат бўлмаслигини ҳис этиб туради. Ҳар қандай жамият адолат топталганда таназзулга юз тутади. Энди бунисига исбот талаб этилмайди.

Умар Хайём нима дейди?

Ёхуд қавмдошлик сири

Энди яна “The Bukharlah times” газетасига қайтсак. Келдиёр Хўжаёров ҳақида мақола чоп этилган санаси “26 декабрь 2024 йил — 2 январь 2025” деб кўрсатилгани беихтиёр киши ёдига эски йилдан янги йилга ўтар лаҳзаларни солади.

Ҳар гал шу. Эски йил сарҳисоби қилиниб, Янги йил режалари олинади. Куй-қўшиқлар куйланиб, рақсга тушилади, зиёфат авжига чиқади. Шулар орасида ҳар қандай инсонни — у ёшми, кексами — бир лаҳза эса-да, хаёлга чўмдирадиган савол ҳам кўндаланг бўлади: ахир умр ўтмоқда-ку!

Ҳа, умр ўтмоқда.

Унинг ўткинчилиги муқаддас китобларда мангу роҳат неъмати билан тасалли йўриғида айтилган бўлса, армонли шеърларда афсус-надоматларга йўғрилган. Кеча тескари қўйилган вақт қумсоатидан яна шовуллаб фурсат тўкилиши давом этмоқда. Ҳаш-паш дегунча бўлмай, на заволу айрилиқларга, на хиёнату сотқинликларга парво қилмай у яна тескари тўнкарилиб, ўз ишини қилаверади. У тўхташ нималигини билмайди. Умар Хайёмнинг “Дар ин дунё як работу ду дар аст, Дар ин работ ҳар рўз қаму дигар аст” (Бу дунё битта работу икки эшикдан иборат, Бу работда ҳар куни ҳар хил қавм алмашинади”) сатрларидаги маънони илғаш учун работ нималигини билиб олишдан ташқари замондош инсоннинг бегона эмаслиги туйғусини ҳис этиш ҳам муҳим аҳамият касб этишини унутмаслик керак назаримизда.

Ҳа, ҳамма гап шунда. Сен билан бир даврда ёнма-ён яшаган елкадошинг қавмдошинг эканида. Уни тиригида эъзозламоқ — марднинг иши. Ўтиб кетганидан кейин… ахир ўтгани ўтиб кетди. Келадигани ҳали мавҳум. Муҳими, бугун!

Келдиёр Хўжаёров қайси соҳада фаолият юритмасин, шу нарсани ўзига дастуриламал қилиб олгани унинг қадри баланд инсон сифатида эъзозланишини белгилаб беради.

— Келдиёр ака ҳаёт оҳанрабосини унинг ўзидан излаб топади, – деди дубляж устаси, сухандон Муҳаммаджон Хўжаев. — Ҳаёт завқи унинг ҳамиша кулиб туришида, хушмуомаласида, меҳмондўстлигида намоён бўлиб туради. Илк бор танишганимда, рости гап, у кишининг оҳанрабосига тушиб қолгандай бўлдим. Тузукроқ ўйлаб қарасам, бунақа ўзига хос одамларга кўпам дуч келавермаганим ҳам бунга сабаб бўлган экан. Шу тариқа фикрлар ғояларга уланди, ҳамкорликда ҳужжатли фильм оладиган бўлдик. Ўшандан бери орадан ўн йилдан ортиқ вақт ўтибди ҳамки, ҳар куни биргамиз, ҳеч бўлмаганда, телефон орқали гаплашиб турамиз. Келдиёр акадаги камтарлик, бировнинг фикрини эшитиб, уни қабул қила олиш хислати, ўз фикрини суҳбатдошига тушунтира олиш санъатига тан бериш керак. Эҳтимол, бу хислат унинг шеъриятга бўлган ўзгача меҳридан, одамлар қалбини ёндириб, тўлқинлантириб шеър ўқиш маҳоратидан бўлса керак. Дастлаб шеър ўқиганини эшитган одам уни санъаткор ёки шоир деб ўйлайди. Сўзнинг ҳар бир жилосини ўзгача ҳис этади, маъно-мазмунини тингловчига етказа олади. Аслида, болаликдан санъатга ошуфта бўлган бу инсон бутун умр унга талпиниб яшади.

Таниқли сухандон Галина Мельникова Келдиёр Хўжаёровни Байрам-одам (“Это человек-праздник”) деб таърифлаганида, дон корхонасида ишлаб, ризқини шу соҳадан топган бу киши атрофида ҳамиша байрамона руҳ ҳукмрон эканини назарда тутган бўлса керак.

Бир қараганда, содда ва камтарин бу инсоннинг қизиқишлари чек-чегарасиз, қадами етмаган жой қолмаган. Аммо, муҳими, етмиш ёшни катта куч-ғайрат билан қаршилаётганида Алишер Навоий бобомизнинг:

Умр эрур тоату ибодат учун,

Тангри буюрганига итоат учун

сатрларида айтилгани каби Яратганнинг ўзига раво кўрганларидан шукрона қила олишда.

Ахир шунинг ўзи улуғ Саодат эмасми?

Айтмоқчи бўлганларим шу эди, холос.

Бунга Сиз нима дейсиз, қадрли дўстим?

Шойим БЎТАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 + 14 =