Олимнинг нурли юзи илмдандир

Инсон йил фаслларининг об-ҳавосига қараб кийинади, ишларини шунга яраша режалаштиради. Акс ҳолда, у панд ейди. Бу талаб инсон учун ҳам тегишли. Демоқчиманки, ёшига муносиб яшаган одамгина ҳаётда ҳаловатга эришади. Бундайларни кўпинча замонасининг одами, деймиз. Мен  таниқли олим, фидойи нуроний Суюн Каримовни ана шу тоифага мансуб фидойи зот, деб биламан.

Суюн ҳожи дарҳақиқат омадли инсон. Аммо омад инсонга ўз-ўзидан келавермайди. Алломалар китобларидан ўқиб, уқдимки, болалигида ота-онадан ибрат ололган, ўсмирлигида илм олишга иштиёқ қўя олган, йигитлигида мукаммал касб эгаси бўлган, кексайганда эса насиҳат беришга  муносиб яшаган одамларга омад ёр бўлар экан. Бу инсон ана шундай бахтли юртдошларимиздан биридир.

Нурободдаги Улус қишлоғининг олд одами, таниқли чорвадор Амир ака оиласига ҳамма  ҳавас қиларди: бу хонадонда ҳовли тозалигидан то меҳмон кутишдаги хизматлар, дарс тайёрлашлару, спорт билан шуғулланишгача қатъий интизом билан бажариларди. Суюн Каримов ана шу оилада камол топди.

Ота-онадан олган тарбияси ўрта мактабда, сўнг Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида ўқиганда ҳам, ҳарбий хизматда ҳам, мактабда ўқитувчилик қилганда ҳам, туман ижроқўмида ишлаганида ҳам унга асқотди. Шунинг учун ўзига сабоқ берган домлалар уни сафларига чорлашди.

Университет таҳрир-нашриётида ишлаб, илмий тадқиқот билан шуғулланди. Шу иштиёқи туфайли 4 йил вилоят партия қўмитасида фаолият кўрсатди ва бугунги кунда элимизнинг обрўли зиёлиси сифатида сафда турибди.

Албатта,  ҳар ким ҳам аввало, ўз касбини пухта эгалласагина обрў-эътибор топади. Бу ақида қаҳрамонимизнинг вужудига ота-онасининг тарбияси, устозларининг ибрати орқали сингиб кетган. У ўзининг “Юрагимга яқин одамлар”  китобида “Тақдир мени сийлади. Ниятларимга етдим. Аллоҳ мени Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор, Самарқанд стилистика мактаби асосчиси Раҳматулла ака Қўнғуров ва таниқли адабиётшунос олим Раҳмонқул ака Орзибеков сингари олижаноб инсонларга дуч қилди. Ҳаётда қандай ютуқларга эришган бўлсам, ота-онам қаторида ана шу улуғ инсонлардан миннатдорман ва ана шу қатъий гапларимни фарзандларим ва шогирдлариига мерос қилиб қолдираман”, деб ёзади.

Бундай руҳият билан меҳнат қилиш, табиийки, инсон фаолиятига барака келтиради. Суюн домла номзодлик, докторлик ишларини кўп қатори ёқлаган бўлса-да, тилшунослик илмида ўзига хос мактаб ярата олди. Зулфия, Абдулла Қаҳҳор, Ҳамид Олимжон каби адиблар асарлари тил стилистикасини ўрганиш услуби бўйича адабий тадқиқотлар яратди.

Шунинг баробарида устози Р.Қўнғуровнинг ҳаёти, ибратли илмий педагогик фаолияти ҳақида “Бўлуб илми ҳикматда устоди фан” номли китоб  ёзди. Дарвоқе, домланинг раҳбарлигида олимлик даражасига етган Азамат Пардаев, Шавкат Маҳмадиев, Бахтиёр Холмуҳаммедов, Дилбар Ўринбоева, Светлана Умирова, Орзубону Юсупова каби шогирдлари айни пайтда бу киши билан бир сафда тилшунослик фанидан сабоқ бермоқда.

Олимнинг ютуғи шундаки, у илм-фанни инсон ҳаётини табаррук қилгувчи жараён сифатида  тушунади. Нафақат шогирдлари балки маҳалла-кўй олдида ҳам тилимизнинг латофати, адибларнинг маҳорати ҳақида гапиришдан эринмайди. Илмий-адабий давраларда ҳам доимо фаол, илм кишиларини эъзозлайди, шогирдларини ҳам шунга даъват этади. Айниқса, бошқа минтақада яшаса-да, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим, ҳофиз ва олим Назиржон Назаров, адиб ва олим Сиддиқ Мўмин, профессор раҳматли Омонулла Мадаев, Ёрмат Тожиев сингари зиёлилар билан мунтазам мулоқотда бўлганлиги бу инсоннинг юксак маънавиятидан дарак.

Суюн ҳожи ҳаёти давомида бойлигу мансабга интилмади, 30 дан зиёд илмий тўпламларга муҳаррирлик қилди, 40 дан ортиқ китоблар ёзди. Устозлари бошлаган ишни давом эттириб, “Ўзбек тилининг чаппа луғати”, “Самарқандлик тилшунослар” китобини нашр эттирди. Умуман бу инсон зиёлиларнинг энг яқин маслаҳатчисига айланган, шогирдларини излаб топади, уларга қўлидан келганча ёрдам беради. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирганини эшитмаганман. Аксинча, суҳбатдошларини бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга чорлайди. Ёшларга эса ёмон сўзларга майл қилмасликни, фитналарга аралашиб қолмасликни тайинлайди. Эҳтимол шунинг учундир у киши билан суҳбат қурувчилар жуда кўп.

У билан қарийб қирқ йиллик биродарман. Ҳатто Ҳаж сафарига ҳам бирга бориб келдик. Бу йиллар мобайнида қанча сувлар оқиб кетди, бу бошлар ҳаёт йўли деб аталган сўқмоқларда неларни кўрмади, не синовларга дуч келмади дейсиз! Ана шу осон бўлмаган долғали йилларда ундаги ирода, тоқат, шукроналик, нафсни тия билиш хислати, бундан ташқари отадан мерос ўтган интизомлилик, мулоҳазалилик ҳаёт синовларидан ўта олиш имкониятини берди. “Сабрнинг таги сариқ олтин” деганларидек, у сабр қилиб олтиндан қиммат шуҳрат топди. Ҳозирда кўксини “Шуҳрат” медали безаб турибди. Бу йил Президентимиз Фармони билан Суюн Каримов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” юксак унвони билан тақдирланди.

2010 йили Самарқанд давлат университети профессор Суюн Каримов 60 йиллиги шарафига илмий-назарий конференция ўтказди. Тантанали анжуманда таниқли олимлар ташриф буюриб, тилимизнинг аҳамияти ва назокати ҳақида маърузалар қилишганди. Шунда Суюн ҳожи кўплаб устозлари қатори укаси, ҳуқуқшунос Эгамбердига ҳам тўн ёпди. Кимларгадир эриш туюлган бу ҳолатга мен ҳавас қилдим. Чунки унинг давраларда “Алломаларимиз сени яхши-ёмон кунда ҳам бирдек яхши кўрадиган қавму қариндошларнинг ҳурматини жойига қўй”, деган гапини кўп бор эшитганман. Во дариғки, бир-икки йил ўтгач укасининг тўсатдан вафот этганида Суюн домла ўшанда нақадар оқилона йўл тутганини англаб етдим. Айтгандай, у “Укажоним – жигарбандим Эгамберди” деган китоб ҳам ёзган.

Бир куни шогирдлари Суюн домладан камтарлик, оддийликнинг манбаи нимадир, деб сўрашган. Шунда у киши “Укаларим, инсон қалбининг ҳаловати, ҳаётининг фароғати, илмининг камолоти, муддаосининг адолати, энг аввало, унинг самимиятидадир” деб жавоб берган. Шу кунларда ўзининг 75 йиллигини кутиб олаётган азиз биродаримизга, мустаҳкам соғлик, омад ҳамиша эш бўлсин!

Абдушукур МУҲАММАДҚУЛОВ,

меҳнат фахрийси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + five =