Биринчи чизиқ

Ҳожи бобо қари гужум остида мудраб ўтирган эди, шовурдан кўзи очилиб кетди. Катта қизининг ўғли қадами чалкашиб, у томон дадил келар, ҳаяжонидан оёқлари тўғри тушмасди. Қўл етар жойга яқинлашгач, гиламга тиззаси билан ташлади-да, худди ўргатилгандек, дадил сўз бошлади:
— Бобо, дуо беринг.
Мурғак қалбнинг ўктамлиги чолни тўлқинлантирди, у бугун киноларда кўп такрорланадиган саҳна — шогирднинг пир олдида тиз букиб туришига тақлид қилаётганди. Майли-да, шарафли кунлар қалбига кўчибди; атрофида зурриётлари “миллий анъаналар руҳида” тўкис улғаяётганидан чолнинг кўнгли ўсди.
— Ҳа, ўғлим, тинчликми?
Бола ердан кўзини узмай, одоб билан жавоб кутиб турарди.
— Эртага олимпиада бўлади. Шунга математика бўйича қатнашаман.
Дуо бўлса, дуо-да. Муқаддас жойлар тупроғини тавоф қилиб келган ҳожи бобо сидқидилдан болакайни алқади, унга катта зафар тилади. Ботинида “Зора, биринчи ўринни олса, улуғ жойлар шарофатига ҳам, ўзининг кучига ҳам ишончи ортарди”, деб ўйлади.
Шундан кейин набира қорасини кўрсатмай қолди. Чол эса “Бола-да, ҳали 12-13 ёшли ўсмир нимани биларди? Чалғиб кетди, дуонинг ажрини айтмадиям”, деб мийиғида кулиб қўяверди. Ниҳоят, бир гал тенгдошлари билан қувлашмачоқ ўйнаб юрган “математик” йўлакда дуогўй бобосига юзма-юз келиб қолди. Ҳожи бобо унинг аста билагидан ушлади-да, меҳр билан термилиб: “Ўғлим, дуонинг ҳақини бермайсизми? Билимлар беллашуви қандай бўлди?” — дея саволга тутди. Шунда боланинг тутқундан қочиш учун шахт бўлиб турган вужуди бирдан бўшашди, лекин бошини кўтариб, ғазабли нигоҳ билан боққанча деди:
— Э, бобо, бу дунёда ҳақиқат борми?
Ҳа, бизнинг авлодимиз ана шундай тушунча билан ияги кўтарилаяпти, дунёга қадам қўйяпти.
Ҳаким САТТОРИЙ.