“Ўқидим” эмас, “ўйнадим” дейди

Оилада янги бўғин улғаймоқда: “боламнинг боласи!” Данагидан мағзи ширин, деганларидек, унинг ҳар бир ҳаракати, қилиқлари, мурғак қалбидан сизиб чиқувчи гап-сўзлари бобога ўзгача ҳузур бағишлайди. У зурриётининг бекаму кўст улғайишини хоҳлайди. Бор бисотини, бутун борлиғини унга бағишлашга тайёр. Ахир рўшнолик кунлари келди, юрт мустақил бўлди, қадриятлар қайтди. У ўзини мукаммал тарбия кўрмаган, теран таҳсил олмаганликда айблар эди, энди дунё мезонлари даражасида ўқиши, ўрганиши, ҳар жиҳатдан камол топиши мумкин-да болажон. Мана, танишларининг болалари нафақат ўз юртида, балки дунёнинг энг нуфузли университетларида таҳсил олаяпти. Шундай ўнғай йўллари пайдо бўлибдики, уйда ўтириб, исталган ўқув юртига даъвогарлик қилиш мумкин экан.

Ана шундай ширин хаёллар оғушида бобо кунларни санаб ўтказади, энди эсини таниб бораётган жигарпорасига меҳр ва умид билан термилади. Шукур, кунлар болажоннинг борлиғида қоришиб, ой сайин улғайиб бораяпти. Энди ойижонисининг этагидан тутиб, кўча-кўйга чиқадиган бўлди.

Бобо вақтни ўтказмай, набиранинг келажаги ҳақида фаол қайғуришни бошлади. Бир куни болачани етаклаб, шахсий кутубхонаси олдига олиб борди. Китобларни олиб, қўлига берди, китоб тутган зурриётини кўриб, бир эмас, ўн қувонди. “Мана, умр бўйи йиққан хазинамнинг эгаси ҳам пайдо бўлди!” Умрлик бойлигини ўз қўли билан эгасига топшираётганидан хурсанд бўлди.

Шукурки, эсини таниб қолган дилпора катта издиҳомларга ҳам аралаша бошлади. Ойисига эргашиб, тўйга кетибди. Майли-да, жамоатни кўрсин, кўзи кўпчиликка ўргансин. Яна бобонинг кўз олдига бугунги тўйлар манзараси келиб, ваҳима босди. Еру кўкни титратадиган мусиқа, маст хотинларнинг бақир-чақири, беҳаё қилиқлар. Беш вақт намозини канда қилмайдиган келин ҳам нега бугун қанот чиқариб қолди? Ҳа, айтмоқчи, синглисининг қизи узатилаяпти. Бормаса бўлмайдиган маърака экан. Билъакс, уни “элдан чиққан” деб маломат қилишлари бор гап. “Ишқилиб, кўзимнинг гавҳари, эртамнинг эгаси туртинмай-суринмай, чанг-ғубор қўнмай, тозагина қайтиб келсин-да. Ҳозир шайтон йўриғидаги одамлар кўпайиб кетди. Коммунистлар ҳамма эскилик қолдиқларига қўшиб, шайтонни ҳам йўқ қилган экан-да. Янги замонда томирига сув етдими, урчиб кетди”, деб мулоҳаза қилар, калласига келиб қолган фикрдан безовталанса-да, кўз олдида улғаяётган, янгиланаётган оламнинг бўй-бастидан масрур бўлиб жилмаяр эди. “Нима бўлса ҳам ҳаммаси ўзимизники, миллий”, деб қўярди.

Тун яримлаганда, келин тўйдан қайтди. Набира уйқусираган, карахт эди. Бобо сукут сақлади, ўзини тийди. Болачани ота-она папалаб ётоққа олиб кириб кетишди. Бобони ўй босди: “Ажаб замон келди. Ҳамма нарса юзага чиқди. Бирор нарсада чегара-чеклов йўқ. Шу кунларни орзу қилган эканмиз-да”.

Эрталаб набирани соғиниб қолгандек қизғин қучоғига олди. Ундаги ўзгариш кўзга ташланар даражада эди. Маъсум нигоҳлари қотайгандек, беҳаёлик нуқси ургандек эди. Ҳамон киссасидан кеча олиб келган ширинлигини ташламаган, зўр бериб уни сўришга уринарди. Бепарво. Бобонинг ичидан нимадир узилгандек бўлди. Болачанинг тароватини йўқотганини сезди. Балки улғайишнинг асоратидир. Пахтанинг ичида парваришлай олмайсан-ку. Эртами-кечми, шу дарёга томчи бўлиб қўшилади. Бу қонуният. Шунда бугунги дарёларнинг нақадар лойқа, ҳатто бўтаналиги бобонинг кўз олдига келиб, юраги гумириб кетди. Тиззасида гўдак яйраб ўтирар, ўзига қовушмаган шахт билан ширинлик сўрарди.

— Отажон, нима қилдингиз тўйда? — бу сўзлар ўктам янгради, гўё жигарпорасини биринчи ютуғи билан қутламоқчи бўлди. Болажон тамшаниб олди-да, бошини сарак-сарак қилиб, у ҳам ўктамлик билан:

— Ўйнадим, — деди.

Бу иқрор боланинг кечадан бери бобосига айтиб, мақтанмоқчи бўлган арзанда сўзи эди. Ва керилиб қўйди болача. Бобо каловланди, кўзини бир юмиб очди. Шу лаҳзада дил кўзгусида хожаси олдида ликиллаб турган, юзини бўяб, қошига ўсма тортган саёқ масхарабоз эркак келди. “Аҳ!” деди. Болача чолдан мақтов кутиб, сўқтойлик билан қараб турарди.

— Шундай қилдингизми? — ўлганининг кунидан жилмайди чол. “Наҳот энди бундан кейинги авлодим кимларнингдир қаршисида думини ликиллатадиган ва шу амалидан мамнун бўладиган суллоҳ бўлиб улғайса?!”

— Шоколад ширин эканми?

— Ҳе. Дастурхондан ўғирлаб олувдим.

“Ол-а!” Машъум бир кеча! Бир бокира қалбни қанчалик булғабди. Қаранг, “Китоб ўқидим” деб мақтанмайди-я, “Ўйнадим” деб керилади. Бобони хаёл олди. Келин узатган пиёлани нари-бери дастурхонга қўяр экан, дилбандига разм солди. У бобосининг қалбидан кечаётган бўрондан зарра бехабар, энди бармоқларини букиб ўйнарди.

Ҳаким САТТОРИЙ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 × three =