Орзу изидан

Дарс тугаши билан маҳалламиздаги болалар биргаликда далага мол боқишга чиқардик. Қўлимда маҳкам тутилган арқонда битта сигиримиз бўларди.
Учинчи синфдан бошлаб тўққизинчи синф тугагунича фақат шу битта сигирни боқдим.
Шерикларимнинг моллари йил сайин кўпаярди, ҳар йили икки-учтадан бузоқ қўшиларди. Улар қувонч билан бузоқларни боқишар, севинчдан кўзлари порларди. Менинг эса ҳар йили қалбимни юлиб, кўз ёшим билан бозорга сотадиган биттагина бузоғим бўларди.
Баҳорнинг охирида сутдан тўйинган, ҳар қараганда кўз қувонадиган бузоқчамни етаклаб мол бозорига отланардим.
Бозорда бузоқни бошқаларга кўз ёшимни кўрсатмасдан, йиғлаб-йиғлаб сотардим.
Лекин сотмасдан илож йўқ эди. Сабаби, шу бузоқнинг пулига ғалла олиб, қишга озуқа тайёрлардик. Баъзан ёзда нонни ҳам ўлчаб еган кунларимиз бўлган. “Кейинги буғдой пишиғигача етишимиз керак”, дерди энам.
Аммо шундай шароитда ҳам юрагимда умид ўчмасди. Мен орзу қилардим шаҳарга кетишни, ўқишни, катта инсон бўлишни.
Далаларда мол боқарканман, бекор ўтирмаслик учун китоблар ўқирдим. “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “От кишнаган оқшом”, “Ўн саккизга кирмаган ким бор”… Улар мен учун юракни орзулар билан суғорувчи сўзлар, руҳни иссиқ қиладиган шижоат манбаи эди.
Маҳалланинг катта ёшли йигитлари эса мени масхара қилишарди:
— Сенга ўхшаган бечоралардан ким ўқирди? Шаҳарда бойларнинг боласи ўқийди. Ўзи яшашга уйларинг бўлмаса, шаҳарда кимнинг кўзи учиб турган экан? — дерди улар.
Лекин ичимда бир овоз шивирларди: “Ўкинма, бир куни сен ҳам керак бўласан…”
Ҳа, келажакка ишонар эдим. Тошкентга келганимда, турли қийинчиликларни бошимдан ўтказдим. Анча йиллар Қўйлиқ деҳқон бозорида арава ҳам тортдим. Азоб эди. Тақдир мени имтиҳон қилар, мен эса бирма-бир синовлардан ўтишга интилардим.
Институтни тугатдим, қийналиб бўлса-да ишга кирдим. 10 йилдан ортиқ вақт ичида турли ташкилотларда меҳнат қилдим, кўп устозлардан сабоқ олдим.
Куни келиб, ҳар доим ҳавас билан қараган, ишлашни орзу қилган ташкилотга қабул қилиндим. Ва тақдир тақозоси билан, биринчи марта қатнашган йиғилишим айнан “кадрлар танлови” мавзусида бўлди.
Ўша йиғилишда ташкилот раҳбари, кўп ёшларнинг устози, юксак фикрли инсон шундай деди:
— Бизга таниши бор, пули бор инсонлар эмас, иқтидори бор, орзу қилган, хатосидан сабоқ оладиган ва Яратганга суянадиган виждонли ёшлар керак.
Бу сўзлар бутун вужудимни ларзага солди. Ўтмишим кўз олдимда жонланди: сигир боққан кунлар, бузоқ сотилган саҳарлар, орзу билан ўқилган китоблар, кимларгадир масхара бўлган пайтларим, қишлоқнинг даласидан туриб осмонга боққанча Худога шивирлаган шундай дуоларим: “Битта имконият, фақат биттасини бер…”
Агар ўша пайт масхара қилган йигитларга ишонганимда, мен бугунги манзилда эмас, балки ўша хира умрнинг бир бурчагида қолиб кетган бўлардим.
Чунки улар орзуни ўлдирадиган, ақлга эмас, жаҳлга суянадиган инсонлар эди.
Шунинг учун, агар имконим бўлса, ўша вақтда юрагимни оғритган йигитларга айнан шу раҳбарнинг сўзларини етказгим келади: “Бизга таниши бор, пули бор инсонлар эмас, иқтидори бор, орзу қилган, хатосидан сабоқ оладиган виждонли ёшлар керак”.
Ишончим мустаҳкамланди. Ҳаётнинг оғриғи билан суғорилган орзулар бир кун келиб гуллаши мумкин экан!
Зеро, чўлда ҳам баҳор келишини кутаётган ниҳол илдизи бўлиши мумкин. Эҳтимол, унинг ўсишига ёз ёмғири, бир кутилмаган имконият кифоя қилар.
Элбек ШОЙИМ