Инсониятнинг тафаккур тезлиги пасаймоқдами?

Group of people of different gender and ethnicity is standing against blackboard and thinking. Four brain sketches are drawn above their heads. Concept of focus group. Mock up
Дунё кундан-кунга ўз қиёфасини ўзгартирмоқда. Атрофимизда рўй бераётган жараёнлар тезликда ривожланиш, ўзгаришга юз тутиб, ҳаёт тарзимиз такомиллашишда давом этмоқда. Бунга мос тарзда вақт ҳам бир қадар тезлашгандек. Аммо бу тезликка қарама-қарши равишда инсоният ва унинг ақлий фаолияти секинлашгандек гўё. Мақсадлар, режалар улкан, очилмаган сирлар талай, кашф қилинмаган янгиликлар чексиз.
Кўпинча биз бу изланишлар олдида ожиздек, ҳаракат қилишга қурбимиз етмайдигандек жим турамиз. Ёки, назаримизда, керакли ҳамма қулайликлар яратилиб бўлган-у, бу қулайликлардан фойдаланиб яшашгина қолган. Кўп сонли ёшлар орасида ҳам лоқайдлик, ҳайратсизлик ҳукмрон. Нигоҳлар маъносиз, сўзлар енгил, фикрлар тарқоқ. “Одамларда тафаккур кучи ортгани сари тасаввур кучи камайиб бормоқда. Завқ-шавқ ўрнини совуқ ҳисоб-китоблар эгалламоқда. Ақл ва юрак баҳсида ҳиссиёт енгилиб, қуруқ мантиқ ғалаба қилмоқда. Бу жамият учун хатарли ҳол”, деган эди Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов.
Яқинда халқаро ИҲТТ — Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти инсон онгининг секинлашаётгани ва оддий масалаларда ҳам ўта даражада оқсаётгани хусусида тадқиқот ва тажрибалар ўтказиб, уни эълон қилган эди. Тадқиқотга кўра, сайёрамиз аҳолисининг ҳар бешинчи вакили ўқиш ва арифметика вазифаларини бошланғич синф даражасида билаётгани айтилган. Тадқиқот ва таҳлиллар дунё бўйича олинган, шундай экан, уларда илгари сурилган муаммолардан биз ҳам четда эмасмиз. Амин бўлиш, тан олиш учун бугун ука-сингилларимиз ёнимизга математикага оид ёки бирор фалсафий топшириқ олиб келгандаги аҳволимизга қарайлик. “Ишим кўп-ку”, ё бўлмаса, “унутибман” деб баҳона қиламиз. Ақлимиз етмаслигини тан олгимиз келмаса, мактаб дарслигини тузганлардан ёзғиришга ўтамиз.
Балки, ўзимизга керакли маълумотлар сирасига киритмаганимиз учун бу масалаларнинг оддий ечими ҳам мураккаб туюлар ёки ёддан чиқиб кетгандир? Аслида, мия хазинамизда кераксиз ахборотлар шу қадар кўпки, улар фоизларда ҳисобланса, ажабланарли натижа кўринади. Мутахассислар фикрича, инсон хотираси 1-7 терабайтга тенг ахборотни сақлаб туриши мумкин экан. Афсуски, биз ўртача ҳисобда шунинг деярли ярмини фойдасиз маълумотлар олиш, тўплаш, юклаб юришга исроф қилиб юбормоқдамиз.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг иккинчи хулосаси эса кўплаб муассасалар раҳбарлари ва ёши улуғ инсонларни қийнаётган масала тўғрисида. Ишчиларнинг қарийб учдан бир қисми ўз ишлари учун етарлича малакага эга эмас. Уларда кўникма ва билим етишмайди.
Юртимизга оид статистик маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб мамлакатимизда 1,3 миллион киши ишсиз ҳисобланар экан. Қолган қисми эса фаол иш жараёнида саналади.
Биз тенги ёш авлод — эндигина олий таълим даргоҳига қабул қилинган талабалар орасида “олий таълимни тугатсам бўлди, диплом қўлимга тегса бўлди”, деб ўқиб-ўқимай, малака тўпламай таълимни тамомлаётганлар бор эканини инкор этолмаймиз. Улардан бири тиббиёт ходими, бири ҳуқуқшунос, бири ўқитувчи. Ҳаммасининг дипломига “олий маълумотли” деб ёзиб қўйилади. Лекин, очиғи, кўпчилигининг билими, тажрибаси олий эмас, ўртача ёки ундан ҳам паст. Ҳаммаси инсон тақдири, унинг ҳаёти билан бевосита шуғулланади. Одамлар саломатлик, эрк, таълим каби кўплаб ижтимоий зарур соҳаларда мана шундай тажрибасиз, нўноқ кадрларга дуч келишдан ҳайиқишади. Бундай тажрибасиз, қўл учида меҳнат қиладиган мутахассислар уларга дуч келган одамларнинг хулосалари асосида ташхис қўяди ёки ҳукм чиқаради.
Бир қатор мамлакатларда зуммерлар — яъни 2000 йилдан кейин туғилган 16-24 ёшли инсонлар ўртасида саводхонлик даражаси юқори даражада пасайгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Бу дунё миқёсидаги кўрсаткичлар, шубҳасиз, Ўзбекистонга ҳам тегишли. Саводхонлик, ўқиш-ёзишда имлога эътиборлилик, жумлаларнинг аниқ-тиниқ ва равшанлиги, тафаккурнинг ёзилган матнда акс этиши масалалари ҳар қандай соҳада мутахассисларнинг истиқболли экани ёки аксинчалигини ўзида ифодалайди. Хат-савод масаласи бугун ҳамма замондагидан кўра ғоят долзарб. Хатни чиройли ва хатосиз ёзиш, бунга ҳар доим ҳаракат қилиш тафаккурни чархлайди, мияни теран ишлатишга сабаб бўлади.
Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги бир мактаб ўқувчилари билан машғулот ўтказганимизда, оддий алифбо масаласида болаларнинг қаттиқ оқсаши кузатилди. Ўқиш йиллари давомида бу оқсоқлик ўнгланмайди. Ҳадемай мактабни тамомлаб, олий таълим даргоҳига кириши мумкин бўлган ёки бирор касб-ҳунар йўлини тутадиган ўқувчилар ўзи талаффуз қилаётган сўзларни ёзувда ифодалай олмаётгани кўнгилни оғритади, ташвишга солади.
Ёки умумий саводхонликнинг ёрқин кўзгуси – бугун ижтимоий тармоқлар десак, жуда ҳақиқатни айтган бўламиз. Ахир, ижтимоий тармоқларда ёзилаётган “пост”лару, шарҳларнинг аҳволига маймунлар йиғлайди-ку! Минг-минглаб, ўн минглаб юртдошларимизнинг ёзувларини ўқиб кўнгил айнийди, узрку-я, бу қадар саводсиз одамлар қандай, қачон пайдо бўлди?!
Нима учун биз ишга қабул қилиш жараёнларида фаолият турларидан келиб чиққан ҳолда, саводхонлик бўйича имтиҳонларни жорий этолмаймиз? Ахир бунга жуда кўплаб соҳаларда зарурат мавжуд-ку!
Яна бир мулоҳазага тортилган тадқиқот эса “IQ” — одамнинг турли тест услублари асосида аниқланадиган ақлий ривожланиш кўрсаткичи, билим савияси хусусида. Бу кўрсаткич сўнгги 100 йилликда анча тез ўсган саналса-да, айни йилларда дунёнинг катта қисмида пасайиб бораётгани таъкидланмоқда. Бу кўрсаткичга кўра, Ўзбекистон дунёнинг 115 та давлати ичида 94,81 балл билан 80-ўринни ишғол қилган. Натижа бир қараганда, ёмон эмасдек. Сабаби ривожланиш кўрсаткичи 70 баллдан паст бўлсагина ақлий тараққиётда камчилик бор деб топилар экан. Аммо Ўзбекистон ҳозирги ўрнидан анча юқорида бўлиши мумкин эди-ку. Ахир қайсидир давлат биринчи, қайси биридир ўнинчи, яна қайсидир бири етмишинчи ўринни эгаллаб турибди.
Бугун кичкина тўртбурчак матоҳга термилганча соатлаб ўтирамиз, шууримизни турли ва бизга мутлақо керак бўлмаган ахборотлар билан тўлдирамиз. Билим олиш, тажриба орттириш, янгиликлар излаш керак бўлган пайтда кераксиз маълумотларга куч-қувватимизни, кўз нуримизни сарф қиламиз. Кейин яна ўз-ўзимизга: “Нега энди Улуғбек, ибн Сино, Хоразмийга муносиб издош, олим-уламолар етишмаяпти?” деган саволни берамиз. Инсон хотираси шу қадар мураккаб ва сирлики, у ҳам ҳали тўлиқ ўрганилмаган дейишади. Мияда ишлатилмаган нуқталар қанча кўп бўлса, улар ишлаб турганларига салбий таъсир ўтказар, хотиранинг сусайишига, миянинг қаришига олиб келар экан. Кераксиз ахборотлар мияни ишлатувчи манба бўлолмайди, аксинча, улар зарур маълумотлар ўрнини эгаллаб, диққатни чалғитишга хизмат қилади.
Мутахассислар берган маълумотларга кўра, бизнинг оммавий ахборот воситалари билан муносабатимиз ҳозирда 90 фоиз экранлар орқали: смартфон, планшет, компьютер билан боғлиқ экан. Деярли бир кунлик умримизнинг 4-5 соатини экранларга, тўғрироғи телефон ёки компютерга тикилганча ўтказишимиз ҳам рост.
Саводсизлик, уни яширишга, хаспўшлашга уриниш, уни бартараф этишга интилмаслик, чуқурроқ илмга бўлган қизиқишнинг паст даражада эканлиги, ялқовлик, танлаган йўналишга нисбатан бепарволик — буларнинг ҳаммаси интернет хабарлари таъсирида янада кучайиб бормоқда. Ота-она, атрофдаги яқинларининг фарзандидан кўра митти телефонга бўлган эътиборини кўриб улғаяётган боладан катта натижалар кутиб бўлмаса керак. Ижтимоий тармоққа қарамлик айниқса, 16-24 ёшдаги хотин-қизлар орасида нисбатан юқори экан. Куни билан уйда ўтирган ёш она камида еттита платформадан фойдаланади. Улардан энг оммабоплари “Telegram”, “Instagram”, “Facebook”. Бу тармоқларни эса ёлғон-яшиқ, ҳаё-пардасиз тасвирлар эгаллаган. Ҳар ким истаганча тасарруф этади.
Дунёнинг шундай ҳудудлари борки, ижтимоий тармоқдан деярли фойдаланмайди. Масалан, Шарқий ва Марказий Африкада ўртача ҳисобда ҳар 11 кишидан фақат биттаси ижтимоий тармоқдан фойдаланади. Аҳолиси сони жиҳатдан энг кўп ҳисобланган Ҳиндистонда эса бу кўрсаткич ҳар уч кишидан бирига тўғри келар экан. Балки, турли мураккаб жарроҳлик операцияларининг кўп қисми Ҳиндистон ва бошқа давлатларда олиб борилиши ҳам ижтимоий тармоқдан узоқлик, ҳаётий кузатувчанлик натижасидир.
Тарихда яшаган улуғ даҳолар қийин шароитда ҳам дунё сир-синоатларини очиш, уларни инсониятга билдириш борасида йиллаб машаққат чекишганини яхши биламиз. Ҳозир эса барча шароит бор, имкониятлар эшиги очиқ, лекин биз бир қадам ташлашни, ҳаракат қилишни истамаяпмиз. Бир ижодкор устоз билан суҳбатда бўлганимда: “Биз қачонгача тарих билан мақтанамиз? Бу кам. Биз бугунги ёшларимиз билан ҳам мақтана олишимиз керак”, деган эди. Шу ўринда беихтиёр севимли адибимиз Асқад Мухторнинг “Йўл” шеъридаги қуйидаги мисралар ёдга келади:
Кўрганинг — сеники, дер эди бобом,
Элларни, дилларни керак кўришим.
Очилмаган қўриқ, номаълум юлдуз —
Бари-бари менинг улушим.
Бугун мактабга илк қадамларини ташлаётган бола ўша “очилмаган қўриқ” ва “номаълум юлдуз”га унинг исми битилишига ҳаракат қилиши учун уни руҳлантириш керак.
Қани эди, агар ҳар биримиз бир кунда бир соат вақтимизни китоб ўқишга ажратсак, келажакнинг умиди бўлган болажонларга рағбат бериш учун телефон эмас, китоб ваъда қилсак, совға ўрнида китоб тутқазсак, китоб борасида оилавий суҳбатлар ташкил қилсак, натижага эришар эдик. Болалар бекор қолди дегунча телефонга эмас, китобга интилса эди, қалби, онги нурга тўлиб бораверарди. Келинг, бугундан кўпроқ китоб ўқиймиз.
Дунё қиёфаси алоҳида иқтидорлар, айрим кишиларнинг улкан кашфиётлари ва меҳнатлари туфайли кун сайин ўзгармоқда. Лекин Ер аҳолисининг умумий тафаккур даражаси чиндан пасайиб бормоқда. Бунинг сабаби, албатта, кам ўқиш, мияни кам уринтириш, осон яшашга, ўйин-кулгига интилиш бўлиб қолмоқда. Узоқ тарихда қўлга киритилган ютуқлар олдида бугун инсоният онг-тафаккури жуда юксак бўлиши ҳам мумкин эди. Шундай экан, шундай бир ҳур замонда миллатимизнинг дунё тафаккури майдонидаги ўрнини 80-ўриндан анча юқорига олиб чиқиб олишимиз мумкин эди, агар…
Гулнора ШЕРМАТОВА