Журналист сўзи елга совурилмасин!

Замоннинг шиддати бағоят тезлашиб кетди. Ҳар куни ўнлаб йиғилишлар, сайёр қабуллар, пресс-турлар, конференциялару танловлар журналист қавмини ўзига чорлаб турибди. Журналист югур-югурлар ичида кунларни шомларга улаяпти. Ёзган нарсалари ҳаял ўтмай эскиради, ўқирманнинг эсидан чиқади. Чунки ижтимоий тармоқлар бу воқеаларни туғилмасданоқ овоза қилиб бўлган чиқади. Бироқ журналистнинг бу айқириб оқаётган оқимдан бироз четлашиб, танқидий-таҳлилий мақолалар ёзишга вақти оз қолмоқда.
Турфа газеталарни кўздан кечирган чоғимда ҳам шундай манзарага рўбарў келаман. Газета эса юҳодек оғзини очиб туради. Саҳифаларни тўлдириш керак. Пировардида аллақачон ҳамма хабардор бўлган воқеалар рақам этилган мақолалар газета саҳифаларини безайди. Чунки ижодий ходимлар йил сайин қисқариб бораётган таҳририятларда улар йиғилишлару тадбирлардан ортмайди. Аслида, устозлар тўғри таъкидлаганларидек, босма нашрларни уларнинг саҳифаларида эълон қилинадиган танқидий-таҳлилий мақолалар кўтаради.
Шу ўринда танқидий-таҳлилий мақолалар ёзишда журналистнинг қўлини нима боғлаб турибди, деган ҳақли савол туғилиши табиий. Бунинг бир неча объектив ва субъектив сабаблари бор. Энг аввало, кейинги йилларда босма нашрларда чоп этилаётган танқидий-таҳлилий мақолаларга муносабат ҳаддан ташқари қуйига тушиб кетганлигида кўзга ташланади. 40 йилдан зиёд вақтдан буён газетачилик билан шуғулланиб келаман. Илгарилари газета саҳифаларида булбулнинг қулоғидек бир луқма чиқса ҳам мутасадди ташкилотлар, албатта, ўз муносабатларини билдирардилар. Ҳозир отнинг калласидек танқид эълон қилинса ҳам тегишли ташкилотлар лом-мим демайди. Бундай вазият газетхонларда босма нашрларга нисбатан ишончни йўқота бошлади. Узоққа бориб ўтирмай, ўзим ишлаётган “Янги Сирдарё” газетаси таҳририяти ҳаётидан бир мисол. Илгарилари газетамизга меҳнат аҳлидан мунтазам равишда арзномалар, шикоят хатлари, дардларини дастурхон қилган мурожаатлар келиб турарди. Кейинги пайтларда бу оқим суви қуриган ариқ янглиғ тўхтади. Натижада газетамизни халқ билан боғлаб турадиган “Бир шикоят изидан”, “Хат сафарга чорлади” каби рукнларда дунё юзини кўрадиган ўқишли материаллар йўқ бўлиб кетди ҳисоб.
Албатта, газета чиқишларининг натижадорлиги муассис ва кенг жамоатчиликнинг саъй-ҳаракатларига чамбарчас боғлиқ. Бунинг учун улар журналистлар билан ҳар чорак ёки ярим йилда учрашиб, ютуқ ва камчиликларни биргаликда муҳокама қилиб турсалар, яхши самара беради. Оммавий ахборот воситаларининг чиқишларига нописанд муносабатда бўлаётган ташкилотларнинг раҳбарлари огоҳликка чақирилса, вазият яхши томонга ўзгаради. Ўзим гувоҳи бўлган бир мисол. 2019 йили Гулистон шаҳридаги “Марварид” тўйхонасида Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрам қилинди. Шунда ўша пайтдаги вилоятимиз ҳокими Ғофиржон Мирзаев эркин микрофон орқали журналистларнинг муаммоларига қулоқ тутди. Камина танқидий мақолаларга ҳеч қандай акс-садо билдирилмаётганини очиқладим. Мазкур мулоқотдан кейин яхши бир тажриба йўлга қўйилди. Танқидий чиқишларга жойлардаги раҳбарларнинг ҳам ҳокимият, ҳам таҳририятга жавоб бериши йўлга қўйилди. Ўшанда газетамизнинг мавқеи анча тикланган эди. Бироқ бу тутум вилоятда раҳбар ўзгаргач, яна тўхтаб қолди. Вазият эски тос, эски ҳаммом ҳолига келди.
Албатта, босма нашрларнинг обрўсини оширишда муассисларнинг матбуот котиблари ҳам муҳим роль ўйнайди. Бир гал вилоят ҳокимлигига борганимизда узоқ йиллар матбуот котиби бўлиб ишлаган Ортиқ Султонов (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) қўлида рангли фломастерлар билан республика ва вилоятда чоп этилган газеталар саҳифаларини бўяб ўтиргани устидан чиққанман. Ҳайрон бўлиб сўраганимда: “Мана бу қизил бўёқлар билан “безатилган” мақолаларга жиддий муносабат зарурлиги, сариқ рангга бўялган материаллар эса энди пайдо бўлаётган муаммоларга диққат қаратилиши лозимлигини англатади, яшил “либос” кийган мақолалар эса вилоятда яхши ишлар амалга оширилаётганидан мужда беради. Вилоят раҳбари ушбу “безак”ларга қараб матбуотнинг чиқишларига муносабат билдиради. Зеро, даста-даста газеталарни ўқиб чиқиш учун ҳокимнинг вақти кам. Муаммолар қалашиб ётган бўлса”, деганди.
Яқинда бир қизиқ воқеа ҳақида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси Маматкарим Абдумўминов гапириб берганида, ҳайрон бўлиб ёқа ушладим. Уни вилоят миқёсидаги бир ташкилот тадбирига чорлабди. Чекка туманда ўтадиган тадбирга машинада борадиган бўлишибди. Қараса, яна бир йигит машина олдида пайдо бўлибди. Ҳалиги одам ташкилот раҳбарига хўжайиндек осмондан келиб гапира бошлабди. Ҳамкасбим: “Бу киши ким?” деб сўраса, “блогер” дебди. Суҳбат асносида маълум бўлишича, неча ойдан бери ҳалиги “блогер” ташкилот раҳбарини ижтимоий тармоқларда ёзаман деб пўписа қилиб, машинасидан шахсий улов сифатида фойдаланиб юрган экан. Ҳамкасбимиз “блогер”ни тергаб бошлаган экан, сичқоннинг ини минг тангага айланиб, жуфтакни ростлаб қолибди. Ҳалиги раҳбар: “Бизни бир елимдан қутқардингиз”, дея ҳамкасбимизга ташаккур билдирибди.
Нега ҳозир кўпгина раҳбарлар журналистлар билан эмас, балки ўзини “блогер” атаб олган нусхалар билан кўпроқ ҳисоблашмоқда? Дарҳақиқат, аксар раҳбарлар газета ўқимаслигини ўзларини “блогер” атаб олган қавм билади. Энг асосийси, амал курсисини эгаллаб ўтирганлар бирорта ижтимоий канал ёки гуруҳга қўйилган танқидий материал катта раҳбарларнинг нигоҳига тушиб қолишидан чўчишади. “Айби борнинг оёғи қалтирайди”, деган гап бежиз айтилмаган-да. Ҳақиқий, яъни озгина бўлса-да, саводи, маълумоти бор блогерлар муаммоларни дадил кўтариб, жамият ривожига муносиб ҳисса қўшмоқда. Бироқ бу “касб”ни тиланчиликка, даромад манбаига айлантириб олган, ёзгани бетайин блогерлар қатлами кенгайиб бормоқда. Бизнингча, уларни саралайдиган, тартибга оладиган вақт ҳам етиб келди. Халқимизда “Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин” деган гап бор. Матбуот, ОАВнинг ўрни, нуфузини ҳақиқий журналистларгина кўтаради, эл дардини, ютуғию муаммосини ҳам профессионал касб эгалари рисоладагидек ёритиб боради. Эртадир, кечдир бу ҳақиқатни, яъни блогерга ишониб ўзини пиар қилдираётган ёхуд ундайлардан чўчиб ёнида югургилаб юрган айрим катта-кичик амалдорларнинг асл қиёфаси, фаолиятига аввало халқ ўз баҳосини беради. Элу халқнинг баҳосини эса чинакам матбуот кўрсатишга, ёритишга қодирдир. Ушбу оддий олтин қоидани унутмаслик даркордир.
Қиссадан ҳисса шуки, жамиятимизда журналист каломининг қадри елга совурилмаслиги, балки “тўртинчи ҳокимият” даражасига кўтарилиши керак. Чунки Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: “Жамиятимиздаги очиқлик сиёсатини изчил давом эттириш мақсадида оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, ахборот олиш, фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқлар қатъий кафолатланмоқда. Шу билан бирга, сўз эркинлиги бу — масъулият ҳам дегани. Яъни ахборот маконида ҳаққонийлик ва холислик бош мезон эканини ҳам унутмаслигимиз зарур.
Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни — ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари, ўзимнинг энг яқин дўстларим деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади”, деган сўзлари биз журналистларга куч-қувват бағишлаши даркор.
Муҳаммадали АҲМАД,
“Янги Сирдарё” газетаси
бўлим мудири,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.