Ҳақиқат учун қурбонликлар

Журналистика — бу нафақат касб, балки масъулиятли ҳаёт тарзи демакдир. Журналист бўлишнинг асл моҳиятини англаш учун унинг қанчалар машаққатли, хавфли ва шу билан бирга, жамият учун аҳамиятли экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат.

Журналистика — жамият учун кураш, ҳақиқат учун яшаш ва инсонликни ҳимоя қилиш соҳаси.

Якунланаётган 2024 йил журналистлар учун энг оғир ва қайғули йиллардан бири сифатида тарихда қолмоқда. Жорий йилда дунёда 54 нафар журналист касбий фаолияти ортидан вафот этган. Бу ҳақда “Чегара билмас мухбирлар” (RSF)нинг шу йил 12 декабрь куни чоп этган йиллик ҳисоботида келтирилган.

Бу сўнгги беш йил ичидаги энг юқори ташвишли кўрсаткичдир.

Қайд этилишича, Ғазо сектори оммавий ахборот воситалари ходимлари учун энг хавфли ҳудуд бўлиб қолмоқда.  Хусусан, жорий йилда дунё бўйлаб 54 нафар журналист хизмат вазифасини ўтаётган вақтида ўлдирилган бўлса, уларнинг учдан бир қисми Ғазо секторига тўғри келмоқда.

Қамоққа олинган мухбирлар сони бўйича эса Исроил ва Беларусь етакчилик қилмоқда. Дунёдаги барча ҳибсдаги журналистларнинг деярли ярми тўртта давлат қамоқхоналарида: Хитой, жумладан Гонконг (124), Мьянма (61), Исроил (41) ва Беларусь (40). Бундан ташқари, 2024 йилда Россия Федерациясида яна саккиз нафар журналист ҳибсга олинган. Исроил Ғазо секторида уруш бошланганидан бери ҳибсга олинганлар сонини мунтазам равишда қайд этиб келади. Унга кўра, ўтган йил давомида 17 мухбир ҳибсга олинган.

“Оммавий ахборот воситалари ходимлари ўлдирилади, қамоққа олинади ва ўғирланади ва кўпинча бу шафқатсиз жиноятлар жазосиз қолади. Бизга хабар берганларни ҳимоя қилишимиз керак. Уларнинг жасоратли меҳнати одамларнинг уруш, коррупция ва ҳокимиятни суиистеъмол қилишдан азоб чекаётганини очиб беради”, деган “Чегара билмас мухбирлар” немис бўлими бошқаруви аъзоси Аня Остерхаус.

Журналистлар қурбон бўлган асосий ҳудудлар

Журналистлар, асосан можаро ҳудудларида ёки танқидий материаллар тайёрлаётган вақтда йўқ қилинмоқда. Ғазо сектори энг хавфли жойлардан бири бўлиб, у ерда 16 нафар журналист 2024 йилда ҳалок бўлган. Бу ердаги журналистлар кўпинча ўз вазифаларини бажариш вақтида ҳужумларга учраган. Шунингдек, Украина, Сурия ва Афғонистон ҳам журналистлар учун хавфли ҳудудлардан бўлиб қолмоқда.

Сўз эркинлигига таҳдид

Журналистларга нисбатан зўравонлик нафақат можаро ҳудудлари билан чекланади, балки автократик режимлар ҳукмрон бўлган мамлакатларда ҳам авж олди. Бир қатор мамлакатларда журналистларнинг қамоққа олиниши ва уларга босим ўтказилиши сўз эркинлигига жиддий таҳдид солмоқда.

Матбуот эркинлиги учун кураш

Журналистлар ҳаётлари билан ҳақиқатни тарқатиш, жамиятни хабардор қилиш ва адолат учун хизмат қилишда давом этмоқда. Улардан айримлари учун бу кураш шахсий қурбонликлар билан якунланмоқда. Аммо уларнинг мероси дунёдаги ҳақиқат ва адолат учун интилишларни қувватлаб турибди.

2024 йил юқорида таъкидланганидек, журналистлар учун хавфли йил бўлди. Бу ҳолат матбуот эркинлиги ва журналистларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида жиддий чоралар кўриш зарурлигини кўрсатади.

Умуман олганда, журналистлар қурбонликлари сўз эркинлиги ва ҳақиқат йўлидаги жиддий жидду-жаҳдларни намоён этмоқда. Жаҳон ҳамжамияти журналистларни ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлиги учун кўпроқ чоралар кўриши лозим. Ҳақиқат учун жон берганларни ёдга олиш ва уларнинг қадр-қимматини тан олиш инсонийликнинг муҳим қисми ҳисобланади.

Ижтимоий тармоқ маълумотлари асосида

Ислом АСИЛБЕКОВ тайёрлади.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 1 =