Ижтимоий тармоқ: Ҳаловатдан фожиагача бир қадам
Барча ота-оналар фарзанд истиқболини, келажагини ўйлайди, уларнинг яхши тарбия топиши, олижаноб инсон бўлиб ҳаётда ўрнини топишини истайди. Аммо ҳозирги пайтда ҳарчанд ҳаракат қилмайлик, болаларга унча-мунча панд-насиҳатлар таъсир қилмайди. Йўқ, бу болаларнинг ёмонлиги ёки бетаъсирлигидан эмас, сабаблари кўп. Шулардан энг жиддийси — болалар фикру хаёлини жиловлаб олган, таълим-тарбияда жиддий муаммолар келтириб чиқараётган мобиль алоқа воситаларининг қулига айланиб қолганидадир. Афсуски, ёшларни ёш десанг, катта авлод вакиллари ҳам улардан қолишмайди.
Фикримизча, бунга икки сабаб бўлиши мумкин. Биринчиси, замонавий технологиялар даврида инсониятнинг дунё ҳаётига оид ахборотга чанқоқлиги бўлса, иккинчиси, ўша ахборот оқими билан ёт мафкуранинг онг остига осон сингдирилишидир. Четдан қараганда, бу кимлардир томонидан атайлаб қилинаётган сиёсат эмасдай туюлса-да, инсониятнинг вақти ва ақлу шуурини фойдали нарсалардан, масалан, ўқиб-ўрганиш, илмий салоҳиятини ошириш каби эзгу ишлардан чегаралаб туради.
Кўпчилик ота-оналар дастлаб ижтимоий тармоқлардаги тоғлару боғларга сайр каби қизиқарли лавҳаларнинг салбий оқибатлари бўлиши мумкинлигини ўйламайдилар ҳам. Афсуски, улар болалар табиатига мослаб шакллантирилган қизиқарли табиат лавҳалари, ўйинлар бора-бора жиддий мавзулардаги тарғиботларга айланиб кетишини билмайдилар.
Ўзлари ҳам қўлларидаги “қутича”га тикилиб, вақтларини бесамар ўтказаётганини норасида гўдаклари кузатиб тургани билан умуман иши йўқ. Ана шундай муҳитда тарбия топаётган бола мактаб остонасига қадам қўймасданоқ, уяли телефон, компьютер, интернет, ижтимоий тармоқлар нималигини, уларнинг имкониятию қулайликларини билиб, ҳатто улардан моҳирона фойдаланишни ўзлаштириб олмоқда. Айрим ота-оналар боласининг бундай “уддабурон”лигидан хурсанд. Ҳақиқатан ҳам, бунинг нимаси ёмон?
Бир тоифа одамлар: “Ҳаётимизни компьютер техникаларисиз, уяли телефон алоқаларисиз, интернетсиз тасаввур этиш қийин. Интеллектуал авлод асрининг боласи — фарзандимиз ҳеч кимдан кам бўлмасин”, — дейишлари мумкин. Бундай имкониятли болалар, албатта, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасини яратади. Виртуал дўстлар орттиради. Оқибатда кўпроқ вақтини “онлайн” тарзда ўтказади, одамлар билан жонли мулоқотлари камайиб боради. Шу тариқа улар ўз тинчлигини ўйлайдиган худбин, лоқайд, ишёқмаслик оламига киради. Энди улар таълим олиш учун ўқув муассасаларига боришса-да, ким биландир дўстлашишга имкони бўлса-да, уларни виртуал ҳаёт ўзига кўпроқ жалб қилади.
Ижтимоий тармоқлардаги “суҳбат”ларга “шўнғиб кетган” ота-оналар фарзанди вақтини нималарга сарфлаётгани билан умуман қизиқмайди.
Ижтимоий тармоқлар ҳаёсизлик, тубанлик тарғиботига хизмат қилаётганини қачон англаймиз? Ахир интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётган, онги ва ҳаётий қарашлари шаклланиб улгурмаган ёшларни тўғри йўлдан чалғитишга уринадиган ғаразли кучлар чангалига тушиб қолиб, ўғил-қизлар жувонмарг бўлаётгани аччиқ ҳақиқат-ку!
Афсуски, кўпчилик ёшларимизда ахборот истеъмоли маданияти суст, турли хабарлар оқимидан зарурини ажратиб олишда билим, малака, кўникмалари етишмайди. Таълим муассасаларида телефондан фойдаланишни тақиқлаш билан иш битмайди. Телефоннинг зарари вақтини беҳуда сарфлаб, фойдасиз суҳбатлар қуришдангина иборат эмас. Вояга етиб-етмаган ўсмиру ёшларнинг телефон орқали ўзлари истаган мавзудаги, айниқса, ишқий суҳбатлари миллий шарму ҳаёни ўлдириб бормоқда. Интернетда топишганларнинг кўпчилиги бир-бирларини яхши билмайди. Ёш йигит ёки қиз реал ҳаётда ҳали кўпчилик билан танишиб улгурмай, компьютер орқали бутун дунё билан мулоқот қилиши мумкин. Интернет ўзининг мана шундай “улкан имконият”лари билан бирга, одамлар бир-бирини истаганча алдаши учун имкон бермоқда.
Ҳозир интернетга мурожаат қилмайдиган, ижтимоий тармоқларга кирмайдиган ёшлар кам топилади. Бу — террорчи ташкилотлар ғаразли ғояларини тарғиб қилиши учун ҳам қулай имконият. Кичик оилалардан тортиб айрим мамлакатларни ўз домига тортган нотинчликларнинг келиб чиқишида интернет хабарларининг таъсири катта. Турли фитналарга сабаб бўлувчи шов-шувли ёлғон-яшиқ маълумотлар ёшлар онгини заҳарламоқда.
Кўрган қўрқинчли воқеа-ҳодисаларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирувчилар ортиб боряпти. Кимдир автомобиль ҳалокатига тасодифан гувоҳ бўлади-да, қўлидаги телефонида шошилмасдан тасвирга олади. Уйига ўт тушган аёл норасида боласи билан тириклайин ёнаётган бўлса ёки тепа қаватдан кимдир ўзини пастга ташламоқчи бўлиб турса-ю, бахтсиз ҳодисани у ёғидан, бу ёғидан чопқиллаб юриб видеога олиб, ижтимоий тармоққа узатган одамни ким деб айтиш мумкин? Ахир ақл-ҳушли, инсонийлиги ўлмаган одам биринчи нав¬батда бошига кулфат тушганларни қутқариши, ёрдам кўрсатишни ўйлаши керак эмасми?
Оқибати аянчли воқеа-ҳодисани тасвирга олиб ижтимоий тармоққа жойлаштириш орқали бошқаларни ҳайратга солиш, бундан ўзи ҳам завқланиш кимлар учун шунчаки эрмак, ҳатто инсон ҳаётидан-да муҳимроқ бўлиб бораётгани фожиа эмасми?!
Аввалига дунё зиёлилари, ҳур фикрли кишилар ахборот эркинлиги учун курашди. “Ким ахборотга эгалик қилса, у дунёни бошқаради” қабилидаги фикрлар амалга айланди. Ҳозир дунёда ахборот энг қиммат товар, унинг кучидан турли ижтимоий-сиёсий мақсадларда фойдаланилади. Дарҳақиқат, кимлар учун рост, кимлар учундир ёлғон палла — глобаллашув ва интеграциялашув шароитида олтин, платина, жавоҳирдан кўра кўпроқ жаҳон бозоридан ахборот муносиб жой олди. Энди башарият ахборотнинг ҳаддан ортиқ кўпайиб кетганидан азият чекмоқда.
Мутахассислар фикрича, кўп вақтини ижтимоий тармоқларда ўтказишга одатланган аксарият ёшларнинг ўзлари уларни виртуал оламдан чиқаришга қаратилган уринишларга қаршилик қилар экан. Оқибатда улар атрофидаги реал ҳаётдан, яқинларидан, танишу дўстларидан узоқлашади, ҳатто овқатланиш, ўзига қараш, дам олиш, табиий эҳтиёжлари учун сарфлаш лозим бўлган вақтини ҳам ижтимоий тармоқларга бағишлайди. Иш ёки ўқиш билан банд бўлган чоғида ҳам асосий эътибори ўқишга эмас, смартфонига қаратилади. Бундай носоғлом интилиш, виртуал суҳбатдошлар билан ҳаддан ортиқ мулоқот қилишни психологлар ижтимоий тармоқларга қарамлик деб атайди. Интернетга қарамлик соғлиқни сақлаш ташкилотлари расмий реестрларига касаллик сифатида киритилмаган бўлса-да, дунё бўйича миллионлаб одамлар бу хасталикка чалинган. Уларнинг аксарияти ёшлардир.
Бир неча йиллар илгари Жазоирда фақат интернетга, ижтимоий тармоқларга муккасидан кетган, Африка қитъасидаги интернет-фанатизми касалига чалинганларни даволайдиган ноодатий клиника фаолият бошлаган эди: шахсий аккаунтига кирмасдан, янгиликлар лентасини доимий кўриб чиқмасдан, виртуал дўстларининг фотосуратлари ва “постлари”ни кўздан кечирмасдан тура олмайдиган даражага келиш касалликнинг асосий белгиси сифатида эътироф этилди.
Ижтимоий тармоқларга қарамлик бора-бора руҳий зўриқиш, асаб касалликларига олиб келиши мумкин. Бу ҳолатлар, шубҳасиз, шахс таназзулига олиб келади. Қарам киши ўзини хароб қиладиган “машғулот”га шунчалик берилиб кетадики, у ташқи дунёдан мутлақо узилиб қолади ва атрофида қизиқарли, жонли ва ранг-баранг ҳаёт кечаётганини пайқамайди. Бу, айниқса, ҳали тафаккури етарлича шаклланмаган болалар ва ўсмирлар учун хавф¬ли. Ёлғиз ва тортинчоқ одамлар ижтимоий тармоқларга кўпроқ қарам бўлар экан. Чунки уларда ҳақиқий суҳбатдошлар билан мулоқот етишмайди. Бу тоифага ўз тенг¬дошлари билан тил топиша олмайдиган ўспиринлар ва чақалоғи ухлаб ётганда бўш вақтларини ижтимоий тармоқда ўтказадиган ёш оналар ҳам киради.
Маълумотларга кўра, инсоннинг табиий ҳолатини йўқотиб, бирор нарсага ҳаддан ташқари берилиб кетиши иш жойида ҳам, оиласида ҳам муаммолар туғилишига сабаб бўлиши билан бирга, унинг ўзига, саломатлигига зиён етказади. Айниқса, бундайлар виртуал алоқалардан воз кечиши ва виртуал дўстларининг янгиликларини томоша қилишдан ўзини тийиши янада қийин. Айнан шу сабаб туфайли ҳам ҳозирги даврда ёш эру хотинларнинг ажрашишлари кўпайиб бораётгани қайд этилмоқда.
Ҳиндистоннинг машҳур давлат арбоби Махатма Ганди: “Мен уйимнинг дарвоза ва эшикларини доим маҳкам беркитиб ўтира олмайман. Чунки унга тоза ҳаво кириб туриши керак. Лекин шу билан бирга эшик ва деразаларимдан кираётган ҳаво довул бўлиб хонадонимни ағдар-тўнтар қилиб, ўзимни йиқитиб ташлашини ҳам хоҳламайман”, — деган эди. Демак, глобаллашувнинг жадал қулоч ёзишида катта роль ўйнаётган “ўргимчак тўри” — интернетни чуқур ўрганиш, моҳиятини англаш, чиқарилган хулосалар асосида ижобий хусусиятларидан фойдаланиб, салбий оқибатларидан ҳимояланишдан бўлак оқилона йўл йўқ. Ким ёқлайди, ким қарши бўлишидан қатъи назар, у мавжуд бўлиб қолаверади. Ва шундай бўлиши ҳам керак. Чунки компьютер, интернет ваҳимали, хавфли нарса эмас. Фақат улардан тўғри мақсадларда фойдаланишни билиш, фарзандларга ҳам унинг ижобий ва салбий томонларини англатиш зарур.
Ота-оналар эса фарзандларига эзгулик, поклик ва дину диёнатга чақирувчи яхши китоблар олиб берсалар, китоб мутолаасида, аввало, ўзлари ибрат бўлсалар, ўғил-қизлари қалбини ҳар хил иллатлардан ҳимоялаш йўлида ижобий қадам қўйган бўладилар.
Рушана РЎЗИБОЕВА,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.