Савоб чироғи

“1991 йил 25 декабрь куни отам оламдан ўтиб қолди. Кафанлик олиш учун ариза ёзиб район матлубот жамияти раисининг олдига бордим…”

(Янгийўллик Алишер ЙЎЛДОШЕВ

ҳикоясидан).

Ўтган ҳафта нотаниш рақамдан қўнғироқ бўлиб қолди.

— Ассалому алайкум, мен Янгийўлдан Алишерман, Президент академиясида бирга ўқиган курсдошингизман.

— Ва алайкум ассалом, э, бормисиз, қадрдон, нега камнамо бўлиб кетдингиз?

— “Facebook”да ўқиб эсимга тушиб қолдингиз, туғилган кунингиз билан табриклайман.

— Раҳмат, овозингизни эшитиб хурсанд бўлдим. Аллоҳнинг меҳрибончилигини қаранг, шу кунларда Янгийўлга бориб, раҳматли Ўлмас Машарипов ҳақида бир нарса ёзмоқчи бўлиб тургандим.

— Ие, бобом қишлоқ советига раислик қилган пайтда Ўлмас ака котиб бўлиб ишлаган, шогирди бўлади, савоб иш бошлабсиз. Янгийўлга қачон келасиз? Ўлмас Машариповни яхши билган шогирдлари олдига олиб бораман…

Хуллас, шу қўнғироқ сабаб бўлиб, ўтган ҳафтанинг пайшанба куни эрталаб Алишер дўстимиз Янгийўлнинг Қовунчи маҳалласида Ўлмас аканинг шогирдларидан бири Рустам Ҳамробеков билан учраштирди. Етмиш ёшлар чамасидаги Рустам ака билан суҳбатлашиб шу нарса аён бўлдики, у ота-онасининг, устозларининг дуосини олган инсон экан.

— Эсимни танибманки, ҳар куни ишга кетишимдан аввал отамнинг дуосини олиб кетардим, — деди у. — Бир куни ёнига кирсам, таҳорат олаётган экан, ҳадеганда чиқавермади. Имтиҳондан кечикмай деб шошилиб дуо олмай кетдим. Йўлда авария қилиб, ўша куни ҳамма ишим чаппасига кетди…

Кўпнинг хизматини қилиб мартабага эришган кекса савдо ходими Рустам Ҳамробеков билан Ўлмас Машариповнинг ибратли хислатларини ёдга олдик.

— Ўлмас ака маданиятли ва ҳурматли инсон эди, — деб эслади у. — Раҳбарми, оддий ишчими, бойми, гадоми — ҳаммани бирдек ҳурмат қиларди, ҳаммага бирдек муомалада бўларди. Тўйми, азами, айтилган жойга, албатта, бориб йўқлар эди. Издиҳомларга ҳеч қачон қуруқ бормаган, қўли очиқ, саховатли инсон эди.

Ҳаётий ва ижодий тажрибамда кўрганларимдан шундай хулосага келдимки, киши қанчалик йўқчиликни кўрган, қўли калталик азобларини тортган бўлса, шунчалик камбағалларга меҳрибон, уларга инфоқ-эҳсонли бўлиб қолар экан. 1999 йили бўлса керак, Ўлмас Машарипов табаррук ёшга тўлганида республика нашрларининг бирида “Ота” деган очерким босилган эди. Унда Ўлмас аканинг ҳаёт йўллари, болалигидаги қийинчиликлар, муштипар онаси чеккан азоб-уқубатлар ҳақида ҳам ёзгандим.

Бутун умрини илмга бағишлаган, ўзбек тилшунослиги устунларидан бири, навоийшунос олим, академик Алибек Рустамов “Адиблар адаб ҳақида” китобида ана шу “Ота” очерким ҳақида ҳам эслаб, қаҳрамоним Ўлмас Машариповни “валинеъматим” деб атаган эди.

Дарвоқе, у профессор Алибек Рустамов билан жуда яқин дўст бўлишган. Ўлмас ака аҳли илмларни, айниқса, ёрқин истеъдод ва тафаккур эгалари бўлган олимларни қадрлайдиган хислатли киши эди. У раҳматли Алибек Рустамов бошида қора булутлар сузиб юрган пайтларда ҳам дўстига садоқат кўрсатиб, ҳар томонлама мададкор бўлган эди…

Алишер Йўлдошев ўйлаганимдан ҳам кўра зеҳнли ва хотираси ўткир экан. У билан туман маркази бўлган Гулбаҳор шаҳарчаси томон борар эканмиз, Ўлмас аканинг одамийликлари ҳақида эслашдик.

— 1991 йил 25 январь куни отам оламдан ўтиб қолди, — дея Алишер ғамгин ҳикоясини бошлади. — Кафанлик олиш учун ариза ёзиб Янгийўл матлубот жамияти раиси Ўлмас Машариповнинг қабулига кирдим. У мени бағрига босиб: “Отанг элнинг хизматини қилган азиз устозим эди, — деб ҳамдардлик билдирди. — Сен тезда уйингга бориб, таъзияга келганларни кутиб олгин, зарур нарсаларни ўзим етказаман”, деб мени ташқаригача кузатиб қўйди. Ўша куни таъзия маросимига нимаики зарур бўлса, ҳаммасини олиб борди. Ёнимда туриб, келди-кетдини туғишган акадек кузатди. Орадан уч кун ўтгач, онам олиб келинган нарсаларни ҳисоб-китоб қилиб, қоғозга бир даста пулни ўраб, Ўлмас акага бериб келишимни буюрди. Идорасига бориб пулни узатсам, Ўлмас ака: “Бу нима?” деб сўради. “Олиб борган нарсаларингиз учун онам бериб юборди”, деганимни эшитиб, жаҳли чиқиб кетди. “Бобонг мени оч-наҳор кунларимда, камбағаллигимда бошимни силаб ишга олиб, ўғлидай меҳрибончилик қилган эди. Отанг менга худди туғишган акамдек эди. Қайси ука акаси учун пул олади? Буни онангга обориб бер. Нима камчилик бўлса, тортинмай келавер, ўғлим” дедилар. Йиғлаб-йиғлаб уйимга кетгандим…

Бу ҳаётий ҳикоядан мен ҳам таъсирланиб кетдим…

Тўғриси, бошимга тушмаганлиги учун собиқ шўролар даврида ҳатто кафанлик ҳам ариза орқали берилишини билмаган эканман. Алишернинг айтганларини эшитиб, бугунги кунимизнинг қадри нақадар баланд эканига яна бир марта иймон келтирдим. Ўлмас Машарипов Алишерлар оиласига қилган шундай мурувватни Янгийўлдаги жуда кўп камбағал оилалар бошига мусибат тушганида ҳам кўрсатиб келган экан.

Холис инсоннинг дўстлиги ҳам самимий бўлар экан-да. Ўзбекистон халқ ҳофизи, ўта нозик ва майин овоз соҳиби Очилхон Отахонов билан Ўлмас Машарипов қалин дўст бўлишган. Кексайган чоғларида ҳам кўп гапирмас, гапирсалар ҳам ҳикматли ҳикоялардан сўзлашарди. Камтарона, лекин тоза-озода кийиниб юришарди. Қариган чоғларимизда бизга ҳам шундай дўстлар насиб этсин деб ният қилганман…

Ҳаётининг сўнгги йилларида Ўлмас ака Халқобод қўрғонидаги нон заводида раҳбар бўлиб ишлади. Автомашинамда воҳа томонларга хизмат сафарига кетаётиб, Халқободга кириб, у кишидан дуо олиб кетишга одатланган эдим. Доимо қўярда-қўймай ўн дона буханка нон бериб юборарди. “Йўлчиларга, мусофирларга, автомашинаси бузилиб қолганларга, чўпонларга бериб кетарсиз, савоб бўлади”, деб айтарди. Аллоҳ Ўлмас аканинг нонларига насибаси қўшилган кишиларни, албатта, йўлимда рўпара қилар эди…

Бир сафар у киши билан узоқ суҳбатлашдик. Тақдир тақозоси билан ўн тўққизинчи асрнинг бошларида ота-онаси қулоқ бўлишдан қочиб, водий томонлардан Янгийўлга келиб қолишган экан. Қамишзорлар ичида ертўлаларда яшашган экан. Оч-наҳорликда, турли касалликлар туфайли ўн икки нафар норасида фарзанди гўдаклигидаёқ оламдан ўтиб қон қақшаган онасига Аллоҳ ўғил фарзанд берибди. Фарзандига Муҳаммадали деб ном қўйишади. Бу ўғли ҳам касал бўлавергач, ирим қилишиб, отини Ўлмас деб аташган экан.

Ўша суҳбатимизда Ўлмас ака: “Менинг асл исмим Муҳаммадали. Фамилиям Муҳаммадшарипов. Бир кун келиб мен ҳақимда ёзганингизда, шу ҳақиқатларни эслаб ўтарсиз”, деган эди.

Орадан кўпам вақт ўтмай, Ўлмас ака ҳаж амалини бажариб қайтгач, бирданига дардга чалиниб ётиб қолди. Ҳаёт устозларимдан бири деб юрадиганим, одамийлик бобида ибратли мактаб яратган қадрдоним кутилмаганда оламдан ўтиб қолди.

“Hurriyat” газетасининг 2024 йил 13 ноябрдаги сонида “Алижон Пайғамов ким бўлган? Ёки домланинг омонат гапи” сарлавҳали хотира мақоламизда Алижон Пайғамовнинг омонат гапи — “Замонлар келиб менинг ҳақиқий исми шарифим қандай бўлганини ёзарсиз” деган илтимосини бажарган эдим. У кишининг асли исми шарифи Муҳаммадали Пайғамбарқулов бўлгани, шўролар замонида ўзбекча отларни, айниқса, Аллоҳнинг ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номлари ҳужжатларда ўрисчалаштирилиб ёки қўпол хатолар билан қисқартирилиб, нотўғри қайд этилганлиги ҳақида эди. Мақола сўнгида яна бир узоқ йиллик қадрдоним, раҳматли Ўлмас Машариповнинг ҳам омонати ҳақида ёзиш ниятимни билдирган эдим. Дўстимиз Алишер Йўлдошевнинг тасодифий қўнғироғи шарофати билан савобли ишимиз тезлашиб кетди.

Ортидан раҳматлар келиб турадиган солиҳ амаллар қилиб ўтган Муҳаммадали Муҳаммадшариповнинг руҳлари шод бўлсин.

Муҳаммад КЕНЖАЕВ,

журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 20 =