Бўстон “лочин”лари

(“Уч авлод ибрати” туркумидан лавҳалар)
Бир пайтлар чўл туманга ҳаёт бағишлаган миришкорлар “Бўзни Бўстон қилганлар” деб эъзозланар эдилар. Бободеҳқонларга аталган бу таърифдан ғурурланишарди. Пахтакорлару ғаллакорлар, боғбонлару чорвадорлар ҳалол ва соддадил эдилар. Тонгдан то шомгача қилган меҳнатидан завқ олишарди. Далада ҳаёт жўшқинроқ, шийпонлар файзлироқ, деҳқонлар ҳам бахтиёрроқ эдилар. Назаримизда, одамларда ерга меҳр бошқача эди. Журналистлик фаолиятимда мамлакатимизнинг турли минтақаларида бўлиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида долзарб мавзуларни матбуотга олиб чиққанман.
Хоразмлик Маркс Жуманиёзов, қорақалпоғистонлик Олимбой Примов, қашқадарёлик Зариф Бурҳонов, жиззахлик Мўмин Қаҳҳоров, наманганлик Носир Отахонов, сирдарёлик Абдуллажон Турдиқулов, андижонлик Сиёсатхон Абдуллаева, фарғоналик Нўъмонжон Омонов ва бошқа қишлоқ хўжалиги соҳаси билимдонлари ҳақида очерк ва эсселар ёздим. Негаки, бир марта суҳбатлашган ижодкор уларнинг оҳанрабоси туфайли ҳузурларига талпинадиган бўлиб қоларди.
Эсингизда бўлса, газетамизнинг 2024 йил 13 ноябрь сонида Бўстон тумани марказидаги қаровсиз хиёбон ҳақида мақола чоп этилганди. Танқидий мақолада ўндан ортиқ адибларга ўрнатилган ёдгорликларнинг эътиборсизликдан аянчли аҳволга келиб қолгани ёзилганди. Туман ҳокими Санобар Носирова ёдгорликлар ва хиёбон тартибга келтирилгани ҳақида маълумот берар экан, “тумандаги “Мамирали орзуси” фермер хўжалиги ҳақида мақола ёзсангиз яхши бўларди”, деди.
“Мамирали орзуси” фермер хўжалиги раҳбари Иқболжон Мамиралиев билан хўжалик гаражида учрашдик. У очиқкўнгил ва самимий инсон экан. Суҳбатимиз эски қадрдонлардек тез чўғ олди.
— Бир юз йигирма бир гектар майдонда пахта, ғалла, полиз ва сабзавот экинлари етиштирамиз, — деди Иқболжон. — Ўтган йил қишлоқ хўжалигида қанчалик оғир келган бўлса-да, ҳамма соҳада режаларини ортиғи билан бажардик. Президентимизнинг камбағалликка қарши курашиш, ишсизликни имкон қадар қисқартириш бўйича олиб бораётган сиёсатига жавобан режали ишларни амалга оширяпмиз. Камбағаллик ва ишсизлик инсонни нақадар оғир аҳволга солиб қўйишини қишлоқдагилар яхши билишади. Бундай савобли ҳаракатнинг қанчалик муҳим эканини, айниқса, биз фермерлар танамиздан ҳис қиламиз. Хўжалигимизда эллик нафар аёлни, йигирма беш нафар эркакни иш билан таъминлаганмиз. Уларга йил давомида қишин-ёзин ойлик бериб борилмоқда. Хўжалик аъзоларимизнинг ичида камбағали йўқ, уларнинг иссиқ-совуғидан доимо хабар олиб турамиз. Нима етишмовчилиги бўлса, келишади, баҳоли қудрат ёрдам берамиз.
Иқболжон Мамиралиев очиқ чеҳрали, кўнглидагини яширмайдиган дилкаш фермер экан.
— Фермерлик бизга ота мерос, хўжалигимизни раҳматли Мамирали отамиз номи билан атаганмиз, — дея у ҳикоясини давом эттирди. — Оиламиз жуда катта, олти қиз, беш ўғилмиз. Ўн бир фарзандни оқ ювиб, оқ тараш, тарбия бериш, ўқитиш, касал бўлганида қўшилиб дард чекиш, тўйларини ўтказиб, уйли-жойли қилиш, буларнинг барчаси бир ота, бир онанинг ёшлигини, белидаги қувватини, кўз нурини олади, сочларига оқ, юзларига ажин туширади. Бола-чақам, уйим-жойим дейдиган, иймони бақувват ота-она фарзанди бўлишнинг ўзи ҳам неъмат!
Ижодкор сифатида шундай фикрга келганманки, қайсики фарзанд ота-онаси, устози ҳаётлигида хизматларини қилиб, дуоларини олсагина, уларнинг фарзандлари ҳам шундай саодатга эришар экан. Бугун шундай бахту шодонликка эришган Мамиралиевлар оиласи ҳақида ҳам ҳавас билан ёзаяпман.
Иқболжон ўтиб кетган ота-онаси руҳини шод этай, уларни кўриб тургандай бўлай деб ўғлига отасининг Абдумуталиб исмини, набирасига онасининг Махфират исмини қўйибди.
Ўғли Абдумуталиб ҳам бобосининг изидан бориб, отасига ҳар ишда қанот экан.
— Отам раҳматли бировга ҳечам қаттиқ гапирмаган, одамларга фақат яхшиликни раво кўрган киши эди, — дея Иқболжон хотираларидан сўзлади. — Одамлар ҳақига хиёнат қилманглар деб қаттиқ уқтирарди. Битта укам ҳуқуқшунос, айниқса, унга: “Асло пора олмагин, пул керак бўлса, менга айтгин, ўзим бераман”, деб тайинларди. Отамизнинг ҳаёти бизларга ибрат мактаби бўлди. Яратганга шукр, уларнинг панду насиҳатларига амал қилиб, эл ичида бошимизни баланд кўтариб юрибмиз.
— Ўғил фарзандларидан юз тузилиши отангизга ўхшайдигани ким? — деб сўрадим. Тасодифни қарангки, савол беришимдан бир неча дақиқа ўтмай, биз суҳбатлашиб ўтирган хона рўпарасига оқ рангли “Дамас” автомашинаси келиб тўхтади.
— Мана, Бахтиёр акам ҳам келиб қолди, шу акам отамга жуда ўхшайди.
Бахтиёр ака билан “ассалому алайкум, ваалайкум ассалом”дан бошланган суҳбатимиз қизиб кетди. Бахтиёр Мамировга “Лочин” фермер хўжалиги отасидан мерос экан.
— Отамиз Андижон қишлоқ хўжалиги институтини битирган агроном бўлган, — деди Бахтиёр ака. — Айтган сўзида турадиган субутли инсон эди. Жуда саҳар уйғонардилар. Бизлар ҳам ёшлигимиздан шунга кўникканмиз. Бировнинг дилини ҳеч оғритмас эди. Ҳаммага ўзининг туғишганидек муомала қиларди. “Одамларнинг ҳақига хиёнат қилма”, деб тарбия берган. Деҳқончилик илмини яхши биларди. Айниқса, мол-қўй боқишнинг ҳадисини олгани учун қўлидаги чорва ҳайвонлар тез кўпаяр, тезда семириб кетарди. Аллоҳ юқтирган қўли баракали инсон эдиларда.
Бир одатлари далага борганда бир сиқим тупроқни қўлига олиб уқалаб, синчиклаб қарардилар. Гўё гаплашарди. Ҳайдалган ерга қушни ҳам қўндирмас эди. “Ер дам олиши керак”, дерди. Одамнинг кўнглини олишни биларди. Хотираси жудаям кучли эди…
— Фарзанд-набираларидан хотираси кучлилик жиҳати билан ким отангизга ўхшаган? — деб сўрадим.
— Мана бу набирасида шу хислат бор, — деб Бахтиёр ака Азамат билан таништирди.
— Катта отамиз бир марта кўрган кишини, бир эшитган воқеани эсидан чиқармайдиган, синчков ва назаркарда киши эди, — дея Азамат суҳбатимизга қўшилди.
— Кўча-кўйда: “Кимнинг боласисан?” деб сўрашса, “Мамиралиев Абдумуталиб аканинг неварасиман”, дейман. Одамлар бошқатдан кўришишиб, бобомизнинг яхшиликларини, инсонийлик хислатларини эслашади. Қувониб кетаман. Бобомга ўхшайин деб яхши ният қиламан.
…Гараждаги мўъжазгина хонада темир печкада олов гуриллаб ёниб турибди. Печка устидаги қайнаётган човгунни кўриб, болалигим ёдимга тушди. Онам раҳматли шундай печканинг бир кўзида овқат пиширарди, бир кўзида чой қайнатарди. Уйимиз ҳам иссиқ бўларди. Печка чўғидан сандалга солиб турарди…
Иқболжоннинг таклифи билан гаражни айландик.
— Бундан олти йил аввал ғалла ўрадиган учта комбайн олгандик. Ўрим пайтида жуда асқотди. Ўтган йили Америка Қўшма Штатларида ишлаб чиқарилган пахта терадиган комбайнлардан лизинг орқали ўн йил муддатда қийматини тўлаш шарти билан олдик. Машинада пахта теришни йўлга қўйиш, Президентимиз томонидан белгилаб берилган режаларни бажариш учун ҳаракат қиляпмиз.
Фермер хўжалигимизда қирқ бош қўй боқяпмиз. Бостирма тагидаги қўрада қўй-қўчқорлар ем ейиш билан овора. Ўн, ўн беш кунлик қўзичоқлар она кўйлар атрофида парвона. Энди қорамол ҳам боқамиз деб турибмиз, — деди Иқболжон Мамиралиев бўш турган бостирмага ишора қилиб.
Нарироқда ишчилар фермер хўжалиги далаларида етиштирилган қоплардаги сабзини кичик юк автомашинасига ортишмоқда. Яна бир киши техника қисмини таъмирлаётир. Қиш бўлса-да, хўжалик аъзолари иш билан банд.
Фермер хўжалигидан қайтар чоғимиз Азаматнинг бир сўзи ёдимда қолди.
— Мамиралиевнинг фарзандлари бир-бири билан жуда ҳам иноқ, аҳил, илтимос, мақолангизда шу ҳақда ҳам ёзиб кетсангиз!
Албатта, ёзаман, айниқса, бугун ҳаётда таборо сустлашиб бораётган меҳр-оқибат, одамгарчилиқ, мурувват, яхшилик каби қадриятларни улуғлаб келаётган бу оила ҳақида насиб бўлса, ҳали кўп ёзилади…
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.