Эзгу чорлов

Алишер Навоийнинг ҳар бир асари, жоиз бўлса, ҳар бир байти, ҳатто ҳар бир мисрасида ҳаёт ҳодисалари шу даражада такрорланмас тасвирларга эгаки, улар салкам олти юз йилдан буён мухлислар қалбидан муносиб жой олиб келади. Бугина эмас, мутафаккир шоир шахсиятининг ўзи ҳам халқимиз, миллатимиз орасида ҳақли эътирофларга сабабдир. Шунга кўра, буюк ижодкор асарларининг барча замонларда қалам аҳли ҳамда бутун халқимиз учун ўзига хос адабий-эстетик ва маънавий-ахлоқий мезон бўлиб келаётгани бежиз эмас.

Асрлар давомида Навоийнинг бадиий сиймосини яратишга интилишларнинг ҳам мунтазам жараён эканлиги яхши маълум. Мустақиллик давридаги ижтимоий-маънавий ҳаёт бу жараёнга янада катта куч ва янгича маънолар қўшаётгани ҳам бор гап.

Алоҳида ижодкорларнинг айрим мавзу ва муаммоларга бошқаларига қараганда кўпроқ мойил бўлиб қолиши янги гап эмас. Шунга қарамасдан, Алишер Навоий сиймосини тасвирлашга келганида бу борадаги ҳолатнинг бошқачароқ эканини тан олишга тўғри келади. Гап шундаки, Навоий даҳоси олдида бош эгмаган, адиб асарлари мутолаасидан чуқур ҳузур туймаган, буларнинг натижаси ўлароқ шоир ҳақида ҳеч бўлмаганда битта асар ёзишни кўнглига тугмаган ижодкорнинг ўзи йўқ ёки деярли йўқдир. Мустақиллик даври адабиёти намуналарининг ўзидаёқ Алишер Навоийга бағишланган асарлар бир жойга жамланса, бир неча қалин-қалин жилд китобларнинг юзага келиши аниқдир.

Асар мавзуси ва шоирона иқтидорнинг намоён бўлиш шаклларига оид махсус илмий тадқиқотлар яратилмаган бўлса-да, бу борада анчагина кузатишларнинг ўзига хос тизими юзага келганини ҳам инкор этмаслик керак. Бевосита Алишер Навоийнинг бадиий сиймосини яратиш жараёнида ҳам шу муаммога дуч келинади.

Ўзбек адабиётида шаъни улуғланган мутафаккирлар, буюк сиймоларнинг бирортасига Алишер Навоийга аталган миқдор ва даражадаги асарлар, жумладан, шеърлар бағишланган эмас. Ўзбек шоирларининг деярли барчасида Алишер Навоийга бағишланган шеър мавжуд. Уларнинг айримлари бу борада ўзининг адабий мулоҳаза ва эътирофлари, Алишер Навоийга бўлган эътиқод ва ҳурматларининг ифодаси сифатида бир назм дурдонаси, насрий ёки драматик асарини ёзган бўлса, бошқалари бир-икки кичик ҳажмли асар доирасида бундай улкан ва мўътабар ниятни тўла ифода этиш имконининг йўқлигини чуқур англагани ҳолда мавзу доирасида кўплаб асарларини, ўрни-ўрни билан эса шеърий туркумларини яратишган.

Яна бир қизиқарли ҳодисани қайд этиш мумкин. Алишер Навоийга бағишланган асар муаллифлари ижодини кузатиш шу хулосага олиб келмоқдаки, улар бу буюк мутафаккир адиб ҳаёти ва ижодини тасвирлаш учун ўзларида жуда катта масъулият юкини ҳис этишган. Уларнинг бирортаси ҳам мазкур мавзудаги асарни ёзишга бирданига киришган эмас. Ойбек домла тажрибасида бўлганидек, аввал кичикроқ ва мўъжазроқ асарлар, кейингина йирик ҳажмдаги эпик полотноларга мурожаат этилган.

Яна бир факт шундан иборатки, ҳатто тарихий мавзуда қалам тебратган ёзувчиларнинг аксарияти ҳам бирданига бу мавзуга киришмасдан, аввал бошқа мавзу ва муаммолар устида ўз қаламларини ўткирлаб олишган: бу борада тегишли кўникма ва малакалар, тажриба ва ишончга эга бўлганларидан кейингина Алишер Навоий сиймосининг кенгроқ тасвирига бел боғлашган.

Биз мулоҳазаларимизни биргина шеър мисолида кўрсатишга ҳаракат қиламиз. “Юрагингга қил ҳам сиғмаса” мисраси билан бошланувчи бу шеърнинг муаллифи таниқли шоира Фарида Бўтаева — Фарида Афрўздир.

Ушбу шеърда мустақиллик даври шеъриятидаги Алишер Навоий образининг асосий қирралари жамланган дейиш мумкин.

Шоиранинг талқинидаги Навоий ижоди инсониятнинг энг яқин ҳамдарди, дарддоши, малҳами бўла олади:

 

Юрагингга қил ҳам сиғмаса,

Меҳрсизлик дилинг тиғласа,

Бу ҳолингдан жонинг талваса

Қилса агар Навоийга айт,

Ўқи китоб, Ҳазратингга қайт!

 

У инсонийлик, инсоний фазилатлар тарғиби ва тарбияси, ҳар қандай безовта ва дардли кўнгилга ором ва ҳузур беришнинг уддасидан чиқади:

 

Сотиб кетса энг яқин дўстинг,

Битмас бўлса ҳеч каму кўстинг,

Дарахтмисан, қай тараф ўсдинг,

Билмоқ бўлсанг Навоийдан сўр,

Дўст топмассан Ҳазратдан-да зўр!

 

Боши берк кўчаларнинг енгиб бўлмас муаммоларининг ечими, фожиаларнинг энг даҳшатли дамларининг ҳам дамини кесадиган таскин ва тасалли шоир шеъриятида мужассам:

 

Йўлиққанинг бўлса хиёнат,

Учиб кетса қўлингдан омад,

Осмон тушиб, бўлса қиёмат,

Навоийдан топасан паноҳ,

Ҳазрат эрур ҳолингдан огоҳ!

 

Алишер Навоий шеърияти алоҳида кучли бир салтанат, бутун инсоният суяниши мумкин бўлган қўрғон ҳам шу шеъриятдир. Қолаверса, ўзбекка фикрни тушунтиришда савоб ва гуноҳ мафҳумларининг ўрни ва аҳамияти нақадар буюклигини адиба яхши билади:

 

Бу салтанат метин қўрғондир,

Унда яшар ҳар ким омондир,

У жаннатдир, Эрам бўстондир,

Навоийни айлайлик тавоф,

Ҳазрат эрур энг олий савоб!

Инсон муҳтож бўлган нарсаларнинг барча-барчаси ҳам айни мана шу шеърий қўрғонларда жамланган:

 

Магар сенга илм керакдир,

Дуо керак, тилак керакдир,

Ишқ керакдир, кўнгил керакдир,

Навоийдан топарсан ўзни,

Ҳазрат айтар ул холис сўзни!

 

Навоий ва миллат яхлитлиги ғояси ҳам, аниқроғи, миллатнинг Навоий ғоялари билан бирлашиб кетишига умид ва ишонч ҳам ушбу шеърдаги асосий таянч нуқталаридан бири бўла олади.

 

О, юракка малҳам Навоий,

Ҳар ғарибга ҳамдам Навоий,

Заррангизман мен ҳам, Навоий,

Ягонамсиз, сизгадир таъзим,

О султоним, хоним, ҳазратим!

 

Кўриниб турганидай, ушбу шеър мустақиллик давридаги ўзбек навоийномасининг ўзига хос намуналардан бири бўлган. У шу йўналишдаги кўплаб шеърлардаги умумий жиҳатларни анча ёрқин, аниқ ҳамда таъсирчан ифодалаб бера олгани билан бошқалардан ажралиб ҳам туради.

Яна бир муҳим жиҳат шундан иборатки, шоирада тасаввур ва ижро ўртасида жуда катта уйғунлик мавжуд. Бу уйғунлик шоиранинг идеал ва унинг ифодаси йўналишида ҳам ўзига хос тарзда намоён бўлган. Бу нарса ижодкор идеалининг нақадар тиниқ ва аниқ тасаввури билан унинг ифодаси ўртасида бевосита алоқадорлик борлигининг яна бир исботи бўлиб хизмат қилади.

Муаллиф маҳзун бир кайфият ифодаси билан бошланган шеърининг самимий ва бир қадар кўтаринки пафос билан якунигача бўлган оралиқда бадиий-эстетик мантиқнинг ипи ҳар доим таранг туришига эриша олган. Дастлабки бандлардаги шарт эргаш гапли қўшма гапларнинг фаол иштироки, турфа маъноларнинг ўзаро яқин шакллардаги ифодаси таъдид санъати воситасида юзага чиққан бўлса, навбатдаги бандда аср санъати китобхон (шеърхон)га даъват ва тасалли сифатида таъсир кўрсатади. Якундаги нидо ҳам шахсий ҳайрат, ҳам бевосита Навоий шахсига мурожаат, буларнинг ёнида эса кўзда тутилган идеалнинг лафзий ифодаларидан иборат бўлган таъдидларнинг таъкидидан юзага келган ҳосиладир.

Буларнинг барчаси Амир Алишер Навоий сиймосининг шеърхон кўзи олдидаги сиймосига ўзига хос сайқал беради, уни бизга янада яқинлаштиради. Бизни Навоий асарларини ўқишга чорлаб туради.

Азиз шеърхон! Келинг, шу эзгу чорловга “лаббай” деб жавоб берайлик!

Гулбаҳор АШУРОВА,

Алишер Навоий номидаги

Тошкент давлат ўзбек тили ва

 адабиёти университети

Фузулий номидаги илмий

тадқиқот маркази раҳбари,

филология фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 2 =