Турналарни соғинган қалб

Кунларнинг бирида пойтахтда нашр этиладиган газеталардан бири қўлимга тушиб қолди. Унда ёзувчи Тўлқин Ҳайитнинг севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуф ҳақидаги хотиралари битилган бўлиб, муаллиф собиқ курсдош дўсти шоир Абдимурод Қодиров ҳақида ҳам самимий сатрларни битган эди.

Ҳа, қоратепалик муаллим ва ижодкор Абдимурод Қодировни яхши танийман, қолаверса, у тенгдошим, қадрдоним. Кўнглимда бир соғинч уйғонди. Рости, дўстимиз билан кўришмаганимизга ҳам анча йил бўлганди.

Эсладим, раҳматли Саодат Остоннинг тўйида дийдорлашган эканмиз.

Бунга ҳам тўрт йилдан ошибди. Абдимуроднинг телефон рақамини ахтариб шоир Йўлдошбек Кенжага сим қоқдим.

— Абдимуродни топдим, эртага сеникига келади, бирга гурунглашамиз, – деди Йўлдош ака.

— Яхши қилибсиз, – дедим қувониб.

Абдимурод эртасига келди. Қадрдонлар даврасида суҳбатимиз қизигандан-қизиди. Кекса ижодкор Бердиқобил Худойқуловнинг ҳикматларга тўла ҳаётий ҳикоялари, Абдивой Раҳимнинг масаллари, Турсунбой Боймировнинг ҳажвиялари, Йўлдошбек Кенжанинг ўйга толдирувчи битиклари, Сайфулла Ал-Муроднинг халқона йўлдаги машқлари-ю, Абдулла Бобоёровнинг янгича руҳда битган шеърлари ҳақида сўзлашдик роса.

Шунда бир чеккада жимгина ўтирган Абдимуродга адиб Темирпўлат Тиллаев сўз қотди:

— Қани, Абдимурод ака, сиздан ҳам бир нима эшитайлик…

Абдимурод эса: “Янгиси йўқ эди-да…” – дея каловланди.

— Бўлмаса, анови “Турналар”ни ўқинг, – деди Турсунбой ака.

Қолганлар ҳам унинг таклифини маъқуллашди. Абдимурод ўзига хос овозда шеър ўқий бошлади.

 

Афғон тарафларга учиб кетибсиз,

Қанча даҳшат, балолардан ўтибсиз.

Бойқаро боғини кўриб нетибсиз?

Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?!

Аҳмад Зоирларнинг оҳи сиз билан,

Хабар айро тушди гоҳо сиз билан,

Ғафур Ғулом қизи — Моҳи сиз билан,

Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?!

Сизсиз баҳорлар ҳам баҳор бўлмади,

Тунлар етим қолди, ойлар тўлмади,

Адирларни қучиб Наврўз кулмади.

Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?!

Мирза Бобур юрган йўллар равонми,

Юртига қайтолмай ранги сомонми,

Бобом Алишернинг руҳи омонми,

Сафингиз тўлиқми, қайтган турналар?!

Ногоҳ юлдуз учган жойга қарадик,

Сайёднинг камони — ойга қарадик,

Тиниқми? — деб, Аму — Сирга қарадик,

Энди хатар йўқми, қайтган турналар?!

Шеърнинг залворли оҳанги бизни ҳушёр этди, ўйга толдирди. Ҳар доимгидек Темирпўлат шоирни яна саволга тутди:

— Нега кўринмай кетдингиз, Абдимурод ака?

Шоир бир зум ўйга толди ва синиққина жилмайди.

— Орқада қолиб кетдим… Яна рўзғор ташвишлари, нафақага чиқдим, соғлигим ҳам унчаликмас…

— Олтмишга киргандан кейин ҳаммада ҳам шундай бўлади. Ана, Йўлдошбек, Ўролбой ҳам аввалгидай эмас. Мен ҳам шу, даволаниб турибман. Аммо сиз бундай бўшашманг, даврага қўшилинг, – дея Турсунбой ака даврадагиларга қаради.

— Ана, қаранг, Бердиқобил ака, Абдивой домлалар саксонни қораласалар ҳам худди йигитлардек юришибди, – деди Йўлдошбек Кенжа ҳазиллашиб.

— Лекин, Абдивой домла, сиз ёзган “Беванинг мактуби”ни ўқиб, роса маза қилдим, – деди Темирпўлат домлага қараб.

Мақтов домлага ёқди чоғи, жилмайиб қўйди.

Ниҳоят, меҳмонлар қайтишга тараддуд кўришди. Аммо Абдимурод билан тўйиб суҳбатлаша олмаганим боис ундан ажралгим келмасди. Хаёлимдан эса: “Агар Абдимурод чекка қишлоқда эмас, шаҳарда, ижодий муҳит гуриллаб қайнаб турган давраларда юрганда эди, аллақачон номдор шоир бўлиб танилар эди”, — деган фикр ўтди. Менинг камтаргина китоб жавонимда эса, унинг “Ғамгин дарахт қўшиғи” шеърий тўплами бор. Баъзида китобни қўлга олиб варақлайман. Нақадар самимий ва содда сатрлар. Унинг Ватан ҳақидаги қуйидаги мисраларига эътибор қилинг-а:

 

Бу чигал дунёда англадим сени,

Кўзимга тўтиё айладим сени.

Бегона кўзлардан асрамоқ учун,

Юракнинг тубига жойладим сени.

 

Бақириқ-чақириқлардан холи сатрлар. Ватанни шоир бегоналардан, қора ниятли кимсалардан асраш учун ўз юрагига жойлайди. Кўзларига тўтиё қилади.

Бир йили чимлик донгдор фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Абди Бозоров Мустақиллик байрами арафасида орден билан мукофотланди. “Қашқадарё” газетасидагилар у ҳақида мақола тайёрлаб беришни илтимос қилишди. Йўқ, дея олмадим. Фермер билан учрашиб, маълумотларни ёзиб олдим. Уйга келиб мақолани ёзишга ўтирдим. Аммо нимадан бошлашни билолмасдим. Шунда кўзим Абдимуроднинг китобига тушди ва бирдан унинг бу сатрлари менга маъқул келди:

На шамол, на ёмғир, на майса

Йўқотиб юбормас изимни.

Бировнинг еримас бу ерлар,

Ўзимнинг еримдир, ўзимнинг.

 

“Ўзимнинг еримдир, ўзимнинг” мисралари билан мақолани бошладим.

Шоир аллақачон ўзининг ижод сўқмоғини топиб олган. Унинг шеърлари марказий матбуот саҳифаларида эълон қилинган. Назм ихлосмандларининг назарига тушган. Шоир бу ҳақда шундай ёзади:

 

Оллоҳга шукрона айлагум,

Қиблага қаратиб юзимни.

Бировнинг йўлимас бу йўллар,

Ўзимнинг йўлимдир ўзимнинг.

 

Абдимурод Қоратепанинг Кичик Дўстберди қишлоғида яшовчи мактаб муаллими оиласида туғилган, ҳарбийда хизмат қилган, сўнгра рус тили ва адабиёти йўналишида олий даргоҳда таҳсил олган, ўқишни имтиёзли диплом билан тугатиб, бир муддат “Ўзбек Қомуси” таҳририятида ишлаган. Ёш шоир пойтахт ижодий муҳитида ўз йўлини, ўзининг услубини топишга эришди. Муҳаммад Юсуф, Назар Шукур, Мирза Кенжабек каби номдор ижодкорлар даврасида бўлди.

Кейин эса қишлоқда яшаётган ота-онасидан хат олди. Қишлоққа қайтди. Уйланди, фарзандлари туғилди. Мактабга муаллим бўлиб ишга жойлашди. Икки бора республика ижодкор ўқитувчилар кўрик-танловида иштирок этди. Ҳамқишлоқлари уни туман кенгаши депутатлигига сайлашди.

Саховатпеша инсон, адабиётнинг чинакам мухлиси, раҳматли Элмурод Қурбоновнинг беминнат кўмаги туфайли шеърлар тўплами чоп этилди.

 

Орзулар тирнар ичим,

Юрагим ғижим-ғижим.

Қани, ҳамма жим, жим, жим.

Уйғонмоғим шарт!

 

Мана унинг “Қор гулим” номли шеъри:

Қор гулим-ай, қор гулим,

Самолардан тўкилган.

Дил ҳовурим боса қол,

Юрак-бағри сўкилган.

 

 

Қор гулим-ай, қор гулим,

Менинг кўнглим қорқизда.

Ёрай десам дилимни,

Юраги экан муздан.

 

Шоир шеър охирида сиз кутмаган хулосани чиқаради.

Абдимурод Қодир Ватан ҳақида тўлқинланиб мисралар битади.

Шоир Ватанни: Азизим, Ёлғизим, Ягонам, Илдизим, Таронам, Юлдузим ва Онам, Кундузим, Пешонам, Чин сўзим, Озодам, Ободам ҳам Кўзим, Иродам, Мардонам, Музаффар, Шукронам, Жон қадар Мангу бўл, Яна эй, Ватан, Яна не дей Ватан?! — дея таърифлайди.

Ёзувчи Темирпўлат Тиллаев шоирнинг шеърияти ҳақида шундай ёзади: “Абдимурод Қодир шеърларида бадииятнинг тилсимли дунё­­си ўзига хос ташбеҳлар ва беғубор бир нуқтаи назар билан васф қилинадики, узоқ йиллар кўнглимиз қатларида ана шу гўзал изтиробнинг акс-садоси жаранглаб туради. Бундан ташқари, у яхши таржимон сифатида рус ва жаҳон адабиёти вакилларининг энг сара асарларини она тилимизга маҳорат билан ўгирмоқда”.

Шоир болаларни ҳам ёддан чиқармайди.

 

Болалар алдашни билмайди,

Алдашни ўргатар катталар.

Хаёли чегара билмайди,

Чегара ўрнатар катталар.

 

Аммо ўлим деганлари шафқат билмас экан. Жўшқин шоир дўстимиз оламдан ўтиб кетди. Бизга эса ундан гўзал шеърлар ва хотиралар қолди. Дунё дегани шу экан-да…

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − six =