Соҳибжамол секвойя

ер юзидаги энг қадимий, улкан дарахт
АҚШнинг Сьерра Невада тоғларидаги ўзгача, мафтункор олам сасини чиқармай сукут сақлайди. Қуёшнинг ўткир шуъласидан ям-яшил барглар олтиндек товланади. Қуёш нуридан кўзим қисилиб, ён-атрофга кўз қиримни ташладим. Қаршимда маҳобатли тоғ салобат билан турибди. Пастдаги чуқур сойликдан тип-тиниқ сув оқиб ўтади. Сойга тегай деб турган улкан дарахт шохлари енгилгина ўйноқлайди.
Яшнаб мағрур қад кериб турган секвойяга боқаман.
Таърифини келтираётган секвойя ер юзидаги энг қадимги дарахтлардан бири экан. Секвойянинг баландлиги бир юз ўн беш метрга етади. Тошлар уюми орасидаги чуқурлар, худди кўмирдек қорайган тош пойдевор харобалари қачондир бу ерда одамлар яшаганидан дарак беради. Майсазор устида кўндаланг ётган кунда устига бургансимон қуш келиб қўнди.
Англашимча, Сьерра Невада тоғлари, (Шимолий Америка)нинг ғарбий ёнбағирларида илдиз отадиган улкан секвойя дарахти тўғрисида ажабтовур нарсаларни билиб олдим.
Ерликлар секвойяни “яшил динозавр” деб атар экан. Динозаврлар бу дарахт билан замондош саналади. Шоир Аъзамжон Обидовнинг секвойяга аталган шеъри ёдга тушди:
Чор-атрофинг яшил ва жамил,
Шуурингга ботмайди қоя.
Руҳ-жонингда тантана, сайил,
Мезбонинг ҳув дилбар секвойя…
Шаршара нур кўк ёриғида,
Мунча ёниқ оқтошлар баҳси?
Кулиб қўяр шамс мийиғида,
Кўлда эрклик, тириклик акси.
Уруғингни дилга қададим,
Зўр илҳом-ла этадирман тарк,
Сендай ўссам бўлурми, қадим
Соҳибжамол Ёсемити парк?!
Ҳавонинг авзойи ўзгарди. Осмонни қора булутлар қоплади. Момақалдироқ гумбурлади. Айни лаҳзада чақмоқнинг чўғдек олови қалин ўрмонзорга тушди. Қуруқ, зич ўсган ям-яшил дарахтлар чирсиллаб ёна бошлади. Ёнғинни ўчиришнинг, бартараф этишнинг имкони бўлмади. Фақатгина олов домидан секвойя дарахтлари омон қолди. Ёнғин секвойялар учун фойда келтиради. Бошқа дарахтлар бўлмагач, у барча озуқани ўзига олиб, кўкка қараб талпина бошлайди.
Секвойя Американинг ифтихори, барчанинг ардоғида ва ҳимоясидадир.
Сьерра Невада тоғлари денгиз сатҳидан хийлагина юксакда ястанган, қарор топган. Унинг ўнгирлари, қоялари, сайҳонликлари, очиқ майдонлари, ҳувиллаб ётган кенгликлари, ботиқлари яшиллик билан қопланган — унда доимо шамоллар ҳуштак чалади, бўронлар қутуради. Аммо Америка сафари чоғида Сьерра Невада тоғларида бўлганимда, ҳаммадан кўпроқ ва ёрқинроқ таассурот қолдиргани — улкан секвойя дарахти бўлди. Билишимизча, бу дарахт чиримас экан. Тадқиқотлар натижасида унинг қолдиғи икки минг беш юз ёшдан сўнггина чирий бошлаши ва йўқлик сари йўл олиши аён бўлди.
Одамлар ҳозирда секвойянинг танасидан, илдизи, шох-шаббаларидан ҳам фойдаланишади. Уни асло чиқитга чиқармайдилар.
— Секвойя — улкан, баҳайбат тоғу тошлар билан ўралган маконда анқонинг тухумидай ноёб бир яратиқ, — дея унинг ёнига келди новчадан келган ҳинду.
— Тўғри айтасан, — дея унинг гапини қувватлади шериги.
Ҳиндулар “яшил дўст”ларни бошқалардан кўра яхшироқ биладилар. Улар ўзларининг оналари каби ардоқлайдиган дарахтлари билан фахрланишади.
Кўҳна, умри узоқ дарахтлар…
Ҳиндуларнинг табиатга бундай меҳр-оқибатини эшитиб ҳайратландим.
Унинг синдирилган шох-шаббаси учун айбдор жиноятчи сифатида жавобгарликка тортилади. Табиат, дов-дарахтлар оёқ ости қилинишига қонун йўл бермайди. Ер юзи, бутун табиат, ҳайвоноту наботот олами дарахтлар сабаб тирик, боқийдир.
Ёсемити миллий паркидаги аскарлардек саф тортиб тизилган дарахтлар басма-басига шамолда эгилар, силкиниб, салом бергандек бўларди. Уларга: “Яхши қол, дўстим, қадрдоним! Мен сени яхши кўриб қолдим”, дедим. Улар эса менинг гапларимни тушунгандек, шохларини хиёл пастга эгганча бошдан-оёқ таъзим қилишар, ўзларича алланарсалар деб пичирлашарди…
Улуғбек ЖУМАЕВ,
журналист.