ХОН БАНДИ
Туя ўркачини эслатувчи қир-адирлар гармселдан ҳансирайди, азият чекади. Ҳовурнинг босиладиган чўти йўқ. Қуёш иссиқ ҳаво пуркайди: худди оғзидан олов чиқараётган аждарҳога ўхшаб. Ана шу қир-адирларнинг пастида, адоғида бир неча ботмон келадиган текис ва соз ер майдонлари ястаниб ётибди. У қачонлардир селлардан яралган жар-ўраларга туташиб кетган. Фақатгина бу ерларда анчадан бери итбурунга ўхшаш митти, сертикан харчалар (бодомчалар) ғуж-ғуж ўсадиган бўлиб қолди. Уни халқ минг бир дардга даво деб билади.
Нурота тоғ тизмасининг Оқтов ва Қоратовдаги дараларини отида айланиб юрган Абдуллахоннинг кўзи бир учи кенг уфқларга қадар чўзилиб кетган очиқ майдонларга қадалди. Шу жойда пича туриб қолди. Мулозимларнинг хонга халақит бергиси келмади. Хон хаёлдан халос бўлгач, ўзига келди.
— Буни қаранг, қанча майдон бўш ётибди. Нега энди бу ерларда экиндан тузуккина ҳосил кўтариш мумкин эмас? — дея мулозимларига боқди хон.
— Тўғри айтаяпсиз. Аммо бу дала-тузда умргузаронлик қиладиган эл-улус фақатгина осмону фалакка қараган. Агар баҳор тузук келиб, ёғин-сочин мўл бўлса-ку, яхши, акс ҳолда, деҳқон эккан уруғига куйиб, оғзини очиб қолаверади, — дея олампаноҳнинг қўлтиғига сув пуркади чувак соқолли дароз амир.
— Иддаонгизни англадим. Сўзингизда муболаға йўқ. Кўпдан ўзимча фикр қиламан. Қир-адирлар пастидаги очиқ, бўрсилдоқ майдонларни суғориш учун бинойидек тўғон ва сув омбори зарур. Ана шу эҳтиёжни инобатга олиб, бу ишга оқ фотиҳа берсак қандай бўлур экан? Бу борада фикрларингиз нечук? Каминани шу қизиқтирадур.
Мулозимлар анчагача сукут сақлашди. Охири Нурота беги хондан изн сўрашни ўзига эп кўрмасдан қиличдек кескир сўз қотди. Бек ўзининг тўғрилиги ва очиқлиги билан танилганди.
— Қандай эмас, қанддай иш бўлади. Раъият бу олижаноб ва савобга йўғрилган ишингиздан бағоят мамнун, уззукун дуойи жонингизни қилади. Бироқ бу юмушни уддалашнинг ўзи бўлмайди. Қанчадан-қанча маблағ, ишчи кучи, тарҳчи ва мироблар жалб этилиши лозим. Тўғри, Қашқардан Орол ва Каспий денгизи соҳилларигача, Туркистон ва Сайрамдан Хуросоннинг шарқий қисмигача бўлган ерлардан иборат майдонни ишғол этган салтанатингизда тупроқшунос ва сувшунослик илмидан тузуккина бохабар мироблар сероб. Фақат уларнинг боши бир жойга бириктирилсагина, юмуш хамирдан қил суғургандек оппа-осон уддаланади.
— Бу мушкул вазифа эканлигини ҳис қилганмен. Юмушга, Худо хоҳласа, ҳамал ойи бошида киришгаймиз. Хазинадан етарлича маблағ ажратилгуси, албатта. Иш шахсан назоратимда бўлғуси. Бунга сиз ҳам бош-қош бўлғайсиз, — дея шундоққина яқинида турган Нурота бегига қаради хон.
— Бош устига, донғи оламга кетган сиздек хонга, қолаверса, буюк салтанатга хизмат қилиш қулингиз учун шараф бўлур эди, — деди Нурота беги.
Бошқа мулозимлар ҳам: “Бағоят улкан иш бошладингиз, дунё тургунча туринг, илоё, аркони давлатингиз бундан ҳам зиёда бўлсин”, дея Абдуллахон ҳазратлари шаънига илиқ сўзлар айта бошладилар.
Анчадан сўнг хон остидаги арғумоғига қамчи урди. От худди шамолдек елди. Мулозимлар хоннинг ортидан соядек эргашдилар.
Улар бироз гаплашиб, дара ёнида ҳозир бўлдилар.
Бундоқ қараганда, аллақандай тунд ва бўғиқ шовуллаётган дара бошида майсаларга кўмилиб сурув ўтламоқда. Сал наридаги майсалар устида чўпон чўзилиб ётибди. Эшакдек келадиган бўрибосар итлар чор-атрофни сергаклик билан кузатади. Қоятошлар узра учиб юрган қузғунлар аллақандай ўлимтикни кўриб қолдими, дарҳол ўша томон сузиб кетди. Хон ва мулозимлари шундоққина қаршисида савлат тўкиб турган дарага хийла вақтгача тикилиб қолишди.
— Э, сарбозларим, тўғон ва Оқчобсой сув омборини барпо этиш учун бу ердан қулай ва маъқул жой йўқ. Буни камина ақл тарозисида тортиб кўрдим, — деди хон бужур тош кавагидан бошини чиқарганича мўралаётган оқ сичқонга бепарво қараб. — Анови тоғлардан сув дегани йил-ўн икки ой давомида тинмасдан пастликка эниб келади. Бир қараганда, бу манзилларда замону макон бир жойда жилмасдан, тўхтаб қолгандай туюлади. Вақт ўз ҳукмини ўтказолмаётгандек гўё. Аммо унинг сирли бағри обиҳаёт билан турли қазилма бойликларга ўта сероб.
— Келажакда муддаомиз сув омбори атрофидаги текисликларга ёнғоқ, писта, бодом, ўрик, олма ва бошқа ниҳоллар экиш. Бу ерларга обиҳаёт бемалол етади. Шунга анави кўриниб турган Камар, Оқчоб, Урганжи, Равот, Жилонтамғали ва Сойкечар қишлоқларидан қўлидан иш келадиган одамларни тўплаб, уларни бу савобли ишга жалб этамиз. Баҳонада уларнинг қўли мўмайгина пул кўради, — деди оқсоқоллардан бири.
— Розимен!
— Маъқул, хон ҳазратлари, — дейишди мулозимлар. Сўнгра тўғон ва сув омбори барпо этиш режалаштирилаётган дара атрофидаги бир-биридан гўзал манзаралардан яйраб, Карманага жўнаб кетишди.
* * *
Саҳармардондаги қизғиш шуъла баланд тоғ тепасидаги бир туп писта дарахтига қараганда бу ерга гурас-гурас одамлар тўдаси ёпирилиб кела бошлади. Худди йўлида учраган ҳеч нарсани писанд этмасдан бостириб келаётган кучли сел мисоли. Қувноқ кайфиятда дара ва унинг ён-тевараклари бир неча бор синчиклаб кўздан кечириб чиқилди. Очиқ жойларга кунгурадор ўтовлар тикилди. Бир зумда бу жойлар худди баҳорги чечакдек яшнаб кетди. Бу тараддуднинг бариси хон сўзида дадил ва мардона туриб, эрта кўклам билан Нурота беклигининг сўлим ва хушманзара гўшаларидан саналган Бекларсойда Оқчобсой тўғони ва сув омборини қуришга жадал киришганидан далолат эди. Тағин яна икки-уч кун ўтиб, бу жойга Бухоро ва Самарқанддан, Хуросондан таниқли устазода ва меъморлар етиб келдилар. Дарҳақиқат, Шайбонийхонлар сулоласидан бўлган Бухоро ҳукмдори Абдуллахон иккинчининг дадил саъй-ҳаракати билан бошланган бу эзгу иш эл-улусни беҳад қувонтирди. Улар кўнглида энди лалми майдонларга экиладиган экин-тикинларимиз қуриб-қовжираб қолмайди, аксинча обиҳаётга керагича қонади деган умид уйғонди. Ҳаттоки бу хушхабарни бир-бирларига етказиб суюнчи олганлар ҳам бўлди. Шундай қилиб, тўғон ва сув омбори бир минг беш юз саксонинчи йилда қуриб битказилади. Ўша кезлари тўғон бунёдкорларининг ақл-фаросати ҳамда билимдонлиги туфайли сув омборидан сувнинг бемалол ва эмин-эркин чиқиб кетиши учун ниҳоятда зарур бўлган мажмуа билан тўлиқ таъминлаш ҳам назардан четда қолмади.
Орадан қанчадан-қанча йиллар ўтди, одамлар келиб, одамлар кетди. Ҳаёт ўз измида давом этаверди. Аммо Абдуллахон банди узоқ йиллар давомида экин-тикинларни зарур обиҳаёт билан таъминлашига қарамасдан, бора-бора у бузилган ҳолида бўлса-да сақланиб қолаверди. Унинг ўрнида кейинчалик Оқчобсой сув омбори бунёд этилганини ҳам халқ асло унутмайди. Дарвоқе, Абдуллахон ҳукмронлиги даврида Абдуллахон банди, Туятортар канали, Оқчобсой тўғони ва сув омбори, Вахшдан чиқарилган кўпгина ариқлар қазилиб эл-улус хизматига берилганлиги тарих китобларида ёзиб қолдирилган. Шунинг учун ҳам чамаси бир миллион икки юз минг кубометр сув тўплаш қувватига эга бўлган ушбу сув омборининг номи, мана, тўрт асрдан бери одамлар тилидан тушмай келаяпти.
* * *
Баҳорнинг ўрталари. Ҳаво очиқ. Кечагина қуйиб ўтган ёмғирдан сўнг чор-атроф яшнаб кетган. Замин бағрини ёриб чиққан сон-саноқсиз майсалар қуёш ҳароратини эмиб, бўй чўзмоққа чунонам талпинади. Худди яйловда чопқиллаб юрган қўзичоқ онасининг елинини эмишга ютоқиб талпингани каби. Табиатда мислсиз ўзгаришлар кечаётган ана шундай фараҳбахш кунлардан бирида Нурота томонларга йўл олдим. Мақсад Нурота томондан бориб, бир вақтлар Бухоро ҳукмдори Абдуллахон тарафидан қурилган тўғон ва сув омборини кўриб қайтиш эди. Чиндан ҳам, мазкур иншоотни яқиндан зиёрат қилишга кўпчилик қизиқади. У жойга етиб бориш учун Нурота тумани марказидан роппа-роса олтмиш беш чақирим масофанинг танобини тортишимизга тўғри келди. Манзилга етгач, бизни Эски Оқчоб қишлоғи яқинидаги Бекларсой дарасидаги салобатли ва мураккаб ечимга эга бўлган иншоот “хуш келибсиз” дея қарши олди. Дара хийлагина баланд, бунинг устига, чиқиш қийин. У асрлар давомида сукут сақлаганича чор-атрофда кечаётган воқеа-ҳодисаларни жимгина, музтаргина кузатиб келаётгандек гўё. Атрофда сукунат ҳукмрон. Ҳамроҳларимнинг: “бахувор бўлинг”, деб огоҳлантиришига қарамасдан, тепага чиқиб, атрофни томоша қила бошладим. Қизиқишим устун келиб, тўғоннинг юқориси саксон беш метр, баландлиги ўн тўрт ярим метр бўлган, сув босими ва унинг ағдаргувчи кучи назардан сираям қочирилмаган ҳолда, тўғон асосининг қалинлиги 15,3 метр, устки қисми тўрт ярим метр этиб, зинапоя шаклида барпо этилган мазкур иншоот ёнида хийлагача қолиб кетдим. Шундоққина қўл етгудек масофадан муллатўрғай, қорабовур (какликнинг бир тури), дашт чумчуғи, майна, қарға, олашақшақ сингари қушлар шовур солиб учиб ўтади. Улар ўз тилларида аллақандай қўшиқни мароқ билан куйларди. Ҳаво этни жунжиктирар даражада салқин. Устига-устак, майин сабо эсиб турибди. Димоқни дашт-дала ўсимликларининг хушбўй ҳиди баттар қитиқлайди. Кўзим ажабтовур манзараларда бўлса-да, бутун ўй-хаёлим пастликда мардона турган тўғонда. Англашимча, тўғон олдида ҳосил бўлган сув омборининг узунлиги бир ярим чақирим, эни етмиш беш ёки бир юз йигирма беш метрга етади, у 1,2 млн кубометр сувни сиғдира олган. Дарвоқе, Абдуллахон бандининг тўғони сланец тошлардан фойдаланилган ҳолда қурилиб, тош палахсалари сувга ўта чидамли махсус ганч қоришмаси — қир билан бириктириб юборилган. Натижада тўғон мустаҳкам бўлиб ерга жойлашган. Эскилар “Тоғдан келар тошлар каби, Эгарланган отлар каби” деганларидек, бу ерга сув чўққилари булутларга туташ баланд тоғу тошлар, сим-сим булоқлар бағридан оқиб келар экан. Ажабтовур номлар билан аталадиган бу булоқлар манзилга кела-келгунича баралла куйлашдан чарчамайди. Қуёш нурида камалак рангида товланаётган булоқлардан кўнгил узиб кетгиси келмайди одамнинг.
Тўғон ва Оқчобсой сув омбори қад кериб турган юксакликдан қўлингизни соябон қилиб қарасангиз, хийлагина пастликдаги Камар, Оқчоб, Урганжи, Равот, Жилонтамғали ва Сойкечар деб номланган бир-биридан тарқоқ жойлашган қишлоқларга кўзингиз тушади. Гарчанд мазкур гўшалар тепадан кичик-кичик бўлиб кўринса-да, аслида, гулу чечакларга бурканган обод масканлардир. Кўпинча илк таассурот алдамчи бўлади. Буни қаранг, биргина ушбу сув омборининг ўзи ўн олтинчи асрда ана шу қишлоқлар атрофидаги тахминан бир минг икки юз гектарга яқин майдонни обиҳаёт билан таъминлаган экан. Бу ҳақда билиш учун китоб титкилашга тўғри келди. Менга бу борада Ҳофиз Таниш Мирмуҳаммад Бухорийнинг “Абдулланома”, Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида сақланадиган қўлёзмалар, Мирза Салимбекнинг “Тарихи Салимий”, А.Муҳаммаджоновнинг “Ўзбекистоннинг қадимги гидротехника иншоотлари” китоблари жуда ҳам асқотди. Чиндан ҳам, илм хазинасида Абдуллахон банди билан боғлиқ кўп ва хўп ишончли манбалар учрайди. Назаримда, бу гўзал масканга ташриф буюриш истагида бўлган маҳаллий ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш фурсати етган. Улар қачонлардир ота-боболаримиз томонидан бунёд этилган мураккаб ечимга эга бўлган Хон бандини ҳамда унинг теварагидаги манзараларни томоша қилиб ҳайратланишсин. Очиғи, Эски Оқчоб қишлоғи яқинидаги Бекларсой дарасидаги бир-биридан гўзал ва жозибадор манзараларни кўрган одам бу хилват жойлардан ҳадеганда кўнгил узиб кета олмайди. Дарвоқе, Абдуллахон бу тоғнинг жанубида Оқчобсой, шарқида Боғдонсой сув омборларини қурдирган экан. Эндиликда булар яхлит ҳолда Хон банди деб аталади.
Тоғ устини бор-бутунича қоплаган олачалпоқ булут лашкарига, сўнгра қуёшнинг заррин ва жилвагар нурларида ялтираб ётган Бекларсой дарасидан сал наридаги қоядор чўққи яқинидаги чўпон билан сурув-сурув қўйларга ўхшаб кетадиган тоғларга тикилиб қолганимни кўрган ҳамроҳим — тоғбеги томоғини қириб, гап қотди. “Ота-боболаримиз, яъни миробларимиз ўша кезларда геология ва гидрогеология илмидан тузуккина хабардор бўлганлигига ҳеч қандай шубҳам йўқ, иним”, дея эътиборимни олис-олисларга тортди. Ҳа, нурафшон манзил зиёрати кўнгилга ҳайрат бахш этмоққа қодир.
Улуғбек ЖУМАЕВ,
журналист.