Қирқ қиз булоғи

Кўл ота  қишлоғи Олмалиқ шаҳридан олти чақирим масофада жойлашган. Бу гўшанинг ҳавоси тоза, одамлари меҳнаткаш, кўнгли очиқ, самимий. Боз устига,  қўл узатса етгудек манзилда баланд тоғлар мағрур қад кериб турибди. Юқоридан қарасангиз, тоғ этагидаги сон-саноқсиз булоқлар кўзга чалинади. Улар оз эмас, кўп эмас, нақ қирқта. Ажабланарлиси шундаки, унда кўз ёшидек сизиб чиқаётган чашма монанд булоқлардан тортиб, бир тегирмон “оби ҳаёт” берадиган булоқларгача учрайди. Худди вулқондек отилиб чиқиб, пастликка қараб ошиқаётган сувнинг таъми бир-биридан кескин фарқ қилади. Аниқроқ айтганда, мазаси ўзгача. Бу ҳол кишини ажаблантиради. Эл бежизга “Ҳар гулнинг ҳиди, ифори ўзга” демаган. Қизиғи, сувлар водийсидан қишин-ёзин зиёратчилар қадами узилмайди. Одамлар бу сувни турли хил дардга малҳам деб биладилар. Буни замонавий тиббиёт ҳам тўлиқ исбот этган. Шу важдан “Қирқ қиз булоғи” қўним топган манзил зиёратгоҳга айланган. Сўнгги вақтларда у ердан дардига даво топганлар сони кўпайиб бораяпти. Зотан, бу манзилда  Наврўз ва бошқа байрам тантаналарини нишонлаш анъанага айланган.

…Баҳорнинг ўрталари. Чор-атроф яшил либос кийган. Осмонда қушлар ғужғон ўйнайди. Зиёратгоҳ гавжум.  Ширинсув булоқдан ҳовучимни тўлатиб симирдим. Суви хуштаъм, ҳазми енгил, инсон организми учун зарур витаминларга бой. Булоққа ҳайратланиб тикилдим. Қишлоқ аҳли четдан келган ҳар бир меҳмонга, албатта,  қирқта булоқни кўрсатиб, у билан боғлиқ қадим ривоятни фахрланиб сўзлаб беришади.

…Илоқ давлатига яқин манзилнинг тупроғи унумдор, суви зилол, ер қаъри тилло ва бошқа қимматбаҳо металларга сероб эди. Бир учи кенг уфқларга қадар чўзилиб кетган яйловларида боқиладиган қўй-қўзининг эти бағоят мазали бўлган. Бу хусусият ғанимлар кўнглини каламушдек кемиради. Бора-бора ҳасад, кўролмаслик бош кўтариб ғалаёнга айланади. Алал-оқибат  ёғий лашкар тўплаб, юртга ҳужум бошлайди. Подшоҳ аскарлари ёғийга қарши мардона туришади. Аммо тўқнашув чоғида кучларнинг тенг эмаслиги панд беради. Шундай бўлса-да киндик қонлари томган муқаддас тупроғи учун мардонавор олишадилар. Жанг майдонида душманга қилич сермаётган подшоҳнинг ёдига бирдан ойдай сулув қизи тушади. Борди-ю, бу жангда имкониятни бой берсам, қизим душманим қўлида чўри бўлмасин, дея дарҳол қизига чопар юборади. Чопар етиб бориб, отасининг тоғу тошлар орасидаги ғорга беркиниб, жон сақланглар деган буйруғини етказади. Бироқ буни  ёғий аскарлари сезиб қоладилар. Улар дарҳол малика изига тушадилар. Қирқ канизаги билан қалашиб ётган тоғу тошларда илдам ва чаққон юриб бораётган қиз қарасаки, ортидан соядек ёғий қувиб келаяпти. Улардан қочиб қутулишга  кўзи етмайди. Шунда жонига узоқ-узоқлардан худди илондек буралиб оқиб келаётган шиддатли, асов дарё ора киради. “Эй, қодир Эгам, кўнглимиз туби эрк, озодлик, ор-номус, ғурур, Ватан ҳисси сингари хис­латлар билан лиммо-лим тўла. Шундай бўлгач, душман қўлида номусимиз топталгандан кўра, бизни дарё қаърига қоришиб кетишимизга изн бер”, дея ёлворади. Малика ва суқсурдек қирқ канизак ноласи Яратганга етиб, уларни дарё ўз бағрига олади. Душманлар буни кўриб, қотиб қоладилар ва салдан сўнг оёқларини қўлга олиб, ортларига қарамай жуфтакни ростлайдилар.

Орадан йиллар ўтади. Дарёнинг қуйи қисмида биз айтган Кўл ота қишлоғи юзага келади. Лекин дарё ўз-ўзидан қуриб қолади. Ўрнида қирқта ширин сувли булоқ бўй кўрсатади. Бу ор-номус, эрк ва жасорат туйғуларини қалби тўрида ардоқлаган, туғилган юртини азиз билган малика ҳамда қирққиз канизакнинг муқаддас ва порлоқ хотирасига ўрнатилган ёдгорликдай гўё! Маҳаллий халқ вакиллари кўркам гўшага тез-тез келиб  туришади ва унга эҳтиром рамзи сифатида “Қирқ қиз булоқ” деб ном берадилар.

Алқисса, ҳар бир одам ўзга олам деган жўяли, мағзи тўқ гап юради эл орасида. Худди шундай. Кўл ота қишлоғининг шундоққина юқори томонидаги тоғ этагида қайнаб ётган қирқта булоқ  сувининг таъми, мазаси, фойдали хусусиятлари ўзига хос ва мосдир.

Алҳол, гўша биқинида шарқираганича оқиб ётган булоқ бошига яна қайтдим. Майин, оҳиста эсаётган еллар сув зарраларини учириб ўйнаётган булоққа ҳайрату ҳаяжон билан узоқ тикилиб қолдим. Хаёлимдан эса: “Сенга шараф, сенга таъзим, она ер бағридан кўз ёшидек сизиб чиқаётган булоқ, эй, гўзал чашма” деган сўзлар бот-бот ўтди.

Бу қадим дунё — ғаройиботга бой очун. Турфа ҳодиса-ю, ўзгаришлар кўз очиб юмгунча янгиланиб, ўзгариб бораверади. Баъзида уларга боқиб, ҳайрону лол қоласан. Шу маънода юртимизда қирқ рақамига тақаладиган манзил, жойлар кўп учрайди. Мисол дейсизми? Қирқ қиз ғори (Жиззах ви­лояти, Ғаллаорол туманида), Қирқ қиз қалъаси, (Қорақалпоғис­тон Республикаси, Элликқалъа туманида), Қирқ қиз тошга айланган манзил (Навоий вилояти, Хатирчи туманида) “Қирқ қиз” қалъаси (Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида) ва ҳакозо. Номлари келтирилган қадимий манзилларнинг бариси тарихдан ҳикоя сўзлайди. Қолаверса, Тошкент вилояти, Олмалиқ шаҳри яқинидаги Қирқ қиз булоғини ҳам  улар  қаторига тиркаш мумкин. Элнинг айтувига кўра, бу муқаддас булоқ сувини ичган кўплаб бефарзанд аёлларга фарзанд ато этган Яратган. Улар ҳар йили баҳорда  бу ерга келиб, Қирқ қиз булоғига атаб, жонлиқ сўйиб, одамларга тарқатар эканлар. Баъзилар эса баданига тошган турли хил яра-чақалардан халос бўлганлигини сўзлайдилар. Нима бўлгандаям, эл-улуснинг сўзларида ҳақиқат учқунлари бордай. Бариси ҳаётда рўй берган воқеа-ҳодисалар.

…Каминага қолса, Қирқ қиз булоғини кийикнинг кўзидек тиниқ, беғубор, осмондаги тўлин ойдек гўзаллар юзига ўхшатган бўлардим. Бу булоқлар юзи худди ойнадек, уларга қараб не-не гўзаллар чилвир сочларини тарашмаган дейсиз?

Улуғбек ЖУМАЕВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 1 =