Кориз – қудуқлар оламига саёҳат

Ақл, тафаккурга суяниб кориз тизимини барпо этиб, ундан оқилона фойдаланишнинг уддасидан чиққан аждодларимиз ортиқча сарф-харажатсиз тўқ ва фаровон яшашни ўйлаб топганлар. Бу топилма хорижликларни ҳам ҳайрат бармоғини тишлашга мажбур этади.

…Нуротага, нуроний тоғлар минтақасига саёҳат чоғида қадам-бақадам сирли ва улгу бўлгулик воқеаларга рўбарў келдим. Алҳол, эртаклар, ривоятлар ва афсоналарга сероб қадим гўшада Нурбулоқ чашмасидан осмону фалакка кўтариладиган нур бор десалар, эҳтимол ишонмассиз. Нурота тоғ тизмаларининг узвий бўлаги саналмиш Оқтов ва Қоратов бағрида қад керган воҳа азал-азалдан табиатга пайванд маъволардандир. Бу юрт одамлари мағрур, қалблари фахр-ифтихор туйғуларига лиммо-лим. Борди-ю ҳангомалашсангиз, киндик қонлари томган эл ҳақидаги нақлларни, осори-атиқаларни, ривоятларни, эртакларни, қолаверса, Нурота  халқи удумларини, феъл-атворларини оғзидан бол томиб сўзлайдилар. Бунда, шубҳасиз, туққан ерига меҳр туйғуси жилваланаверади. Рости, Ўзбекистон аталмиш улуғвор ва азиз Ватандаги бир гўзал масканни, ўзбек халқи орасидаги нуротачалик инсонлар қиёфасини ҳадеганда эсдан чиқаравермайсан.

Улуғвор ва маҳобатли тоғлар, дашт, бир томони Қизилқум чўлига, қудуқ ва баҳорги сойлар сувига ишониб умргузаронлик қиладиган Нурота воҳаси аҳлига ҳеч маҳал осон бўлмаган. Бунга сувсизликдан азоб чеккан қир-адирлар, бир қарич бўлиб, ҳосил кўтаролмай қовжираган буғдойзорларни кезиб, эл-улусга нон, ризқ-рўз тилаган одамлар оҳини, ноласини тинглаганимда амин бўлганман. Айтганча, сал бўлмаса хаёлдан фаромуш бўлаёзибди. Йигирма биринчи асрнинг бошларида Нурота сурункасига етти йилдан зиёд вақт давомида қурғоқчиликдан азият чекди. Бунинг нима эканлигини сув, обиҳаёт каналу ариқларида оқиб, кафтдек текис пахтазор ерларга, боғу роғларга  ўз йўналиши, майли, “оёғи билан” етиб борадиган воҳалар аҳли тушунмаслиги, илғамаслиги, билмаслиги мумкин.

Қайноқ ёз. Чилла кирган. Қуёш бобо ҳавони тандир мисоли қиздирган. Унинг кучли нурлари дашт ва чала дашт ҳудудларни, туянинг ўркачини эслатувчи тўлқинсимон азамат қир-адирларни, текисликларни қовжиратиб, сўллайтириб ташлаган кезлар. Шундай кунлардан бирида Нуротага йўл олдим. Навоий шаҳри марказидан юрган улов  саксон чақирим йўл танобини тортиб манзилда ҳозир бўлди. Навоийдан шимоли-шарқда, Самарқанддан эса икки юз эллик олти чақирим шимоли-шарқда қад керган, бир-бирига томчи сувдек ўхшаш, эгизак Оқтов ва Қоратов этаги Нурота, Навбаҳор, Конимех, Қизилтепа, Хатирчи, Қўшработ, Ғиждувон туманлари сарҳадларига туташиб кетади. Ажаб­ланарлиси, Нуротанинг шимоли Айдаркўл, Қизилқум чўлига ҳамда Қарнабтоғ этакларига бориб тўхтайди. Нуротанинг маркази ва жанубий қисми маҳобатли ва мўъжизаларга кон Оқтоғ тизмалари ва улар ўртасидаги ботиқлар билан ўралган. Воҳа қишлоқлари Гумсой, Оқсой, Фангатсой, Новкатсой, Оқчобсой, Орасой ва бошқа табиий сув манбаларидан оби ҳаётга бўлган чанқоғини қондиради. Аслида бу диёр тоғлар қуршовида. Шунинг учун қалъалардек мағрур тоғлар воҳани оғушига олишдан минтақмайди. Уни ёш гўдакдек бешигида аллалайди. Булар сирасида Оқтоғ, Қоратоғ, Бахил тоғ, Қароқчи тоғ каби тоғлик ва зирвалар силсиласидан иборат Нурота тизма тоғлари Туркистон тизмасининг шимоли-ғарбий тармоғини кўрсатиш мумкин. Қизиғи шундаки, Нурота тизмаларидан мус­тақил дарё бош олмайди, сойлар, асосан, Зарафшон воҳасига ва Қизилқум кенгликларига оқиб тушади. Фақир тоғлардаги жилғалардан пастликка энувчи шалола сувларни мангу ҳаёт тимсолига ўхшатган бўлардим. Азамат қир-адирларга, баланд тоғнинг ясси бағрига, ҳовли томларига, бўғотларига, қовжираган буғдойзорларга қуёш нурларини саралаб-саралаб сочади, таратади. Ҳансираган дала-ёбонлар ҳовуздек жойда бўлса ҳам гўё ўтлоқлардагидек ям-яшил, зумрад ўтлоқлар рангини ўзига сингдирган сув рангини орзиқиб, интиқ соғинади. Зеро, сув, обиҳаёт она заминга, тириклик оламига қайта ҳаёт бағишловчи, заминни гуллаб-яшнатувчи, гўзаллик, нафосат бағиш­ловчи хилқат бўлиши баробарида уруш ва низолар олдини олувчи, меҳр-муҳаб­бат, осойишталик ато этувчи сеҳрли кучдир. Боз устига тупроғи сап-сариқ – худди олтинга ўхшайди. Бу ерларда сув тақчиллигига чидайдиган қора майиз етиштирилади. Фақатгина бунда кун кўраётганларни, тирикчилик аравасини тортаётганларнинг битта гуноҳкори бор, у ҳам бўлса, табиат. Ҳаво ёмғирга “ҳомиладор” бўлиб, барака томчилари саваламаётганда улар табиатдан хафа бўлишади. Айтганча, ўтмишда ҳам карвонлар аҳли коризлар сувидан баҳраманд бўлганлар.

…Етмиш чоғлича нортуяга турли хил газлама ва чиннилар ортилган. Оғзидан кўпик сачратган “чўл кемалари” бундай оғир юкларни кўрдим демайдилар. Олдиндаги нортуяда эчки соқол, озғин карвонбоши бораяпти. Улар Самарқанддан Нурота музофотига қараб йўл олдилар. Карвондагилар кела туриб бир-биридан гўзал манзаралардан завқландилар. Улар Нур қалъасига бора-боргунча етти-саккиз тош йўлда учраган коризлар сувидан керагича жамғариб жон сақлардилар. Бунда коризлар уларга жуда асқатди. Агар улар бўлмаганида, дашту саҳроларда томчи сувга зор бўлишармиди? Бунинг учун аждодларимизга минг раҳмат. Ахир уларнинг ақли расо бўлишган-да! Буни қаранг, ота-боболаримиз ер қаърида шундоқ мазали, ширин сув борлигини қадимдан билишган-а?!

Интиҳосиз дашту далалар, мағрур, пурвиқор тоғ қоя­ларига кўз ташлаб инсон боласи бу чексиз, мовий кенг­ликлардан илҳом олишига, яратиш ишқи билан яшашга йўналтирилган зот эканига шубҳа қилмайман. Фақатгина бир хавотир қалбимни кемиради. Сув йўқлиги, тақчиллиги, қурғоқчилик йилларида Яратувчи инсонни табиат билан қарама-қарши қилиб қўя оладими? Асло ундай эмас экан. Негаки, инсон бу ерларни азиз билади, севади, ардоқлайди. Ана шу меҳр, ардоқ туфайли у сариқ тупроқлар бағрида коризлар қазиб, унинг зилолдек тиниқ, ширин сувига қаноат этиб умргузаронлик қилиб келаяпти.

Биласиз, катта-катта ер майдонлар чанқоғини қондиришга (Нурота тоғ тизмаларининг Оқтов ва Қоратов деб аталувчи тоғлар орасида ялангликда қўним топган мас­кандир) қурби етмайди, мажоли келмайди. Дард устига чипқон деганларидек, (Нурота шаҳри маркази назарда тутилаяпти) бу гўшада Нурбулоқдан ўзга оқар сув манбаи йўқ эди. Шундай кезда, дўппини бошдан олиб, ўйлашга, бош қотиришга тўғри келди. Бунда одамлар минг йиллик таж­рибаларида синовдан, чиғириқдан, имтиҳондан ўтган булоқнинг юқоридан қуйига қараб оқишини кузатиши асқатади. Бу тизим кориз жабҳаси деган ажабтовур ном билан аталади. Мазкур тизим  аҳолининг сувга бўлган талабини қондиради.

* * *

Чошгоҳ. Ҳаво илиқ. Осмонда тўрғайлар чуғурлашиб ҳаётга шукрона айтади. Шу чоғ қўлига кетмон, белкурак, лом, кувал, болға каби иш қуроллари тутган  одамлар қудуқ қазишни бошлаб юбордилар.

— Уйларинг буғдойга тўлгурлар, қани, жадал қимирласанглар-чи, — деди иш бошида турган оқсоқол дўриллоқ овозда. Бу гапни эшитиши ҳамоно эркак­лар ишга шўнғидилар. Маълум вақт ўтиб, бирин-кетин қудуқлар ковлаб бўлинди. Шунда чўққисоқол чол олдинга чиқди-да, ўзига хос эпчиллик ила қудуқдан чиққан сувга “коҳ”, яъни сомонни улоқтирди. Буғдой поясини сув шарқ тарафга оқизди. Чол ўша томондан кориз қазиш лозимлигини уқтирди. Яхши биласиз, физика қонунида таърифланганидек, юқори босим асосида сув юқоридан пастга қараб худди болакайдек чопади, югуради. Хулласи калом, кориз деганимиз энди кориз қудуқлар мажмуидир. Дарвоқе, ҳар бир кориз тизимида юз ва ундан зиёд қудуқлар боғланмаси  бўлганини эътибордан четда қолдирмаслик зарур. Нурота музофоти атрофида, теварагида ана шундай қудуқлар мажмуидан уч юз олтмишдан ортиғи бўлганлиги ўтмишдан аён.

Коризлар — қудуқлар оламига саёҳат чоғида ажабтовур ҳолатга гувоҳ бўлдим. Дастлаб ўнта ва ундан ортиқ қудуқлар сув чиққан жойгача ковланган. Улар оралиғидаги масофа ўн тўрт метрдан кам бўлмаган. Бу юмуш бошида тажрибали мироблар турганлар. Улар қудуқларни сифатли ва рисоладагидек қазишга масъул бўлганлар. Фақатгина суви чиққан қудуқлар сони ўн, ўн бештага етказилгандагина шу тизимда қудуқ қазиш, ковлаш амаллари давом эттирилган. Ақл шошиб қоладиган ҳолат. Сал аввал айтилган қудуқлар суви отилиб чиққунга қадар ковланмаган. Бундай қудуқлар “тепа қудуқлар” деб юритилган. Айтганча, ҳар бири иккинчисидан сатҳининг баландлиги жиҳатидан ўн, ўн беш сантиметр фарқ қилиб бораверган. Аҳамиятлиси, бунда қудуқларнинг оғзи худди йиртқич оғзидек ланг очиқ қолдирилган. Сатҳи бирин-кетин, галма-галдан юқорига қаратиб борилган. Аввал бошда қазилган қудуқдан охири сув чиқиши лозим бўлган қудуққа қадар коризларнинг сатҳи ўн бир метргача кўтарилиб борган. Қудуқлар охирига етганда обиҳаёт отилиб чиқиб, ерларни суғоришда асқатган. Дарвоқе, ўртача ҳисобда 1 метр узунликдаги сув йиғувчи қудуқ 0,3-0,6 литргача сув берган.

Коризлар, қудуқлар оламига саёҳат қилиб юрганимда мироблар билан суҳбатлашдим. Нуроталик Ҳамдам бобо Эшонқулов — ёзувчи, ўлкашунос. Юрти тарихини пухта билади. Вохага меҳри бўлакча. Коризлар моҳиятига етаман деб  кўп китоб титкилаган. Бобо қизиқ ҳикоялардан сўзлайди: “Коризлар оламига шўнғиганимда қизиқ ҳолатга рўбарў келдим. Шулардан баъзиларига тўхталсам. Бош­­қа қазилган қудуқларнинг сатҳига тенглаштирилиб, қолган қудуқларнинг тагидан, яъни ер остидан қудуқларни бири-бири билан бирлаштирувчи канал ўтқазилган. Натижада ер ости сувлари ўз босими, майли билан ер устига фаввора мисол отилиб чиқаверган. Сувга етказилмай қазилмай ковланган қудуқлар тақдири нима кечади деган савол  юзага қалқиб чиқади. Бунда улар ҳаво ўтказгич вазифасини бажарган. Нега деганда ер ости сувлари бир жойда тўпланиб димиқиб қолмаслиги учун. Ахир ота-боболаримиз бекорга, “сув бир жойда туриб қолса, айнийди” деб айтмаган. Сув етказилмай қолган қудуқлардан сизиб кирган ҳаво туйнук орқали бемалол, эмин-эркин айланиб, обиҳаётнинг тоза бўлишини ва ҳаракатга келишини назорат қилиб борган.

Ўқирманни “Кориз” сўзи мазмуни қизиқтириши шубҳасиз. “Коҳ” — арабча “сомон”, “рез” — форсча “қазиш” сўзларидан олинган. Илмда кориз — ер ости сувларини йиғиш ва уларни ер юзасига чиқариш учун қурилган ер ости иншооти; аҳолини сув билан таъминлаш ва суғориш мақсадида қўлланилади. У Яқин Шарқ, Жануби-шарқий Осиёда тарқалган деган маълумотга кўзим тушди. Негадир кориз сўзи Кўҳистон (Нурота тоғлари ва у ердаги мавзелар шундай аталган) аҳолиси орасида кўп тилга олинган. Нуротада қадимги коризларнинг аксарияти кўмилиб, оғзи беркилиб кетган.

Аҳоли оқар сув  сабаб даҳанаки муштлашганлар. Бунга сабаб сифатида одамлар бир-бирини менсимай сувни томорқасига очиб олганини кўрсатиш мумкин. Ачинарлиси, тортишувга кексалар ҳам аралашганлар. Баъзида можаро боис бегуноҳ кишилар ҳам ҳалок бўлганлар. Шунда кўнгилсизликнинг олдини олайлик деб навбат ташкил этилган. Ёшу кекса бу қоидага амал қилиши шарт бўлган. Бўйни йўғонларни қози ва миршаблар жазолаганлар. Аслида бир кориз тизимини вужудга келтиришда, яъни ковлашда йигирма, йигирма беш хўжаликдан қирқ, қирқ беш чоғлича киши қатнашган. Улар сувни тутишда адолат, ҳақиқат мезонларига амал қилганлар. Ҳар бир (масалан ўн бештадан бўлинган хўжаликнинг) ўз сув тутадиган кунлари аниқ бўлган. Буни улар “тахта” деган ном ила атаганлар. Борди-ю, ўн учта хўжалик кундузи сув тутса, худди шундай тахталарга бўлиниб қолганлари кечаси экинини сувга қондирган. Кориз сувидан фойдаланган томорқа ер эгалари еридан икки марта ҳосил олганлар. Айтганча, кориз жаб­ҳасидан оқиб келадиган сувдан фойдаланиш маҳаллий аҳоли тилида “сувни тутиш” дейилган. Ҳозирда бу сўзлар унутилиб кетган. Уни уч-тўрт кексагина тилга олади, холос.

Гапнинг бўларини айтганда, аждодларимиз меҳнати, ақл-заковати, донолигининг барҳаёт намунаси, суғоришнинг энг арзон ва қулай усулларидан бири бу кориз жаб­ҳасидир. Айтишларича, Нурота музофоти теварагидаги коризлар “Нуробод”, “Қизилканда”, “Кўнчи”, “Кунбо”, “Мери” “Мозор”, “Хайробод”, “Султон”, “Мастон”, “Бегали”, “Тайла”, “Коризчи” каби антиқа номлар билан аталган. Бу далил эса коризларни турли қишлоқлардан келган одамлар қазиганлигини кўрсатади. Сафар давомида, гўшада араблар томонидан ковланган “Матсақ”, “Зулфиқор” деган коризлар ҳам бўлганини билиб олдик. Айтишларича, бу коризларни қазишга йигирма кун, баъзида эса уч ойгача вақт сарфланган. Коризлар сони ўттиздан кам бўлмаган. Айрим коризларнинг номидан уларнинг қазилиш тарихи, йили чиққан. “Мос”, “Зулм” коризларининг номидаги ҳарфлар йиғиндисидан абжад ҳисобида ҳижрий 970, мил. 1533-1534 йиллар ва “Зулфиқор” коризидан ҳижрий 1118, милодий 1706 ёки 1707 йил рақамлари чиқар экан, дейди Машариф Боқиев.

Шу ўринда муҳим гап. Эл-улусни, нега унда ҳозир ҳам коризлар тизимини барпо этиб ундан фойдаланиб бўлмас экан, деган савол қизиқтиради. Афсуски, кориз қазишнинг имкони йўқ. Устига-устак, бир маҳаллар катта куч эвазига Нурота заминида ясалган коризларни  ишга тушириб бўлмас экан. Ҳозирги кунда экологиянинг узвий таъсири ва қурғоқчилик туфайли ер ости ва сизот сувлари ернинг остки қатламига тушиб кетди. Қолаверса, ўн беш, йигирма метр қудуқ ковланганда обиҳаёт отилиб чиқавермайди. Электр токи ёрдамида ишлайдиган артезиан қудуқларига сув эллик, олтмиш метр чуқурликдан базўр чиққан. Гапнинг бўларини айтганда, кориз жабҳасини ишга туширишга ҳожат ҳам, ҳафсала ҳам йўқ одамларда.

Тепалик қишлоғида бўлганимда, мезбонлар мени бош коризга бошлаб бордилар. Уни синчиклаб кўздан кечирдим. Қудуқ кўмилиб кетган. Фақатгина айрим белгиларгина сақланиб қолган. Аслида билганга кориз — мўъжизанинг ўзгинаси. Ер остидан сув юзага ариқдай оқиб чиқади. Қудуқлар эса саф тортган аскарлардай қатор қилиб ковланади. Сўнгра улар ер остидан бир-бирига улаб борилади. Қаранг-а, Оллоҳнинг қудрати ва инсон ақлу каромати билан ер тагидан чиққан обиҳаётдан одамлар, экинлар, ҳайвону қушлар баҳраманд бўладилар. Суви булоқ сувидай ширин, тотли. “Айниқса, жазирамада, гармсел эсган кунлари тотли кориз сувидан тотиниб, мириқиб ичиб, шу атроф­даги чексиз яйлов ва кенгликлар бағрида қўй, мол боқиб, ўйнаганмиз”, — дейди Толлибой бобо ўша дамларни эслаб. Дарҳақиқат, биз турган бош кориз теварагида ўзбек дос­тончилигининг хазинабонларидан бўлган Эргаш Жуманбулбул ва бошқа сўзонлар иштирокида жонон суҳбатлар ва достон айтишлар бўлган.

Кориз сувининг таъми, мазаси бўлакча бўлгани учун қумғонда қайнатиб,  обжўшга кийик ўтидан солиб дамланади. Ана шунда чойга лаззат эниб, ичган одамнинг оғзида таъми қолган. У сира булоқ сувидан қолишмайди. Нега деганда иккови ҳам бир жойдан, яъни ер остидан чиқади-да!

“Авесто” китобида ёзилишича, сув юлдузларда пайдо бўлиб, кумуш тусга кирар эмиш. Эҳтимол шундайдир. Аммо ғаройиб жиҳат шундаки, сув худди нур каби ҳамма жойларга дадил кириб бораверади. Ҳамма жойда “жилмайиб”, “кулиб” тураверади.

 Улуғбек ЖУМАЕВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 16 =