Ғорикон ғаройиботлари
Кун чиқиш томондан, чанг-тўзон билан хас-чўпни чирпирак қилганича, қуюн бостириб кела бошлади. У девсифат бир зарба билан йўлида учраган илдизи чириб, мўртлашган шўра ўтлар, шувоқларни ҳамда бурганларни аямасдан учирди. Фақатгина томир отган янтоқ, бўтакўз, исириқ, қуврай, қўзиқулоқлар ерни маҳкам қучоқлаб олганича жонини эсон-омон сақлаб қолишга зўр бериб уринарди. Қуюн ўтиб кетгунча, юз-кўзларимни беркитиб, тескари қараганча ўзимни харсангтош панасига олдим. Анчадан сўнг қуюн чекинди. Қуёш жамол кўрсатди.
— Меҳмон, хавф-хатар ариди, энди бемалол Катта Эж бўйлаб саёҳатни давом эттиришимиз мумкин, — деди ҳамроҳим Сапарбой оға Қўнаров.
У тоғу-тош шайдоси. Негадир қўлидаги қоп эътиборимни тортди. Ичида фонар, машъала ўрами, арқон, гугурт, болта, теша, чўкич ҳамда яна бошқа зарур анжомлар тартиб билан жойлаштирилган. Бу ашқол-дашқоллар нимага зарур экан деб турсам, у куя-пиша тушинтира кетди: “Булар баланд тоғ тизмалари бўйлаб баландга кўтарилишда ва ер ости йўлида жуда асқотади”.
Йўлга тушдик. Фужак сойи ёқалаб боряпмиз. Узунлиги беш чақиримдан кам бўлмаган бу сойнинг ҳар икки қирғоғида ўт-ўлан сероб. Тиззага уради. Ичида илон, тошбақа, юмронқозиқ, қўнғиз ва бошқа жониворлар ғимирлаб юрибди. Сой ярмидан нақд иккига бўлинади. Улардан фақатгина биттасидагина сув бор экан. Пишқириб оқаётган “оби ҳаёт” тошдан-тошга урилиб, оқ кўпик сачратиб олдинга чопади. Бу ҳол йил ўн икки ой канда қилмасдан такрорланади. Шундоққина қаршимда учи найзадек ўткир, қиррадор қоялар мағрур қад кериб турарди. Ранги кунжитранг, тилларанг, оқ-қора, сарғишранг тусда товланади. Сувли жилғанинг ниҳоясида уч-тўртта ҳовли кўзга ташланади. Ҳовли ичкарисидаги ерга ўрик, ёнғоқ, олма, шафтоли, олча дарахти экилиб, қўлинг ўргулсин боғ яратилган. Беқарор шамол уларнинг шохларини гоҳ ўнгга, гоҳ чапга қаратиб эринмасдан чайқатади. Дарахт шохларига қўнган қушларнинг чуғур-чуғури теварак-атрофни тутган.
Катта Эж қишлоғи ҳақида эшитган чиқарсиз? Қишлоқ Нурота тоғ тизмаларининг сўлим, кўркам бир гўшасида қўним топган. Тоғлар ўз қучоғига бор бўйича яширган. Бир-бирига кафт тираган чўққилар, харсанг тош, шох-шабба, ёввойи бодом (харча) ҳамда йирик бутазорлар: зангори осмонга бўйлашган Фужак тоғлари кўнгилга бир қадар яқиндай туюлади. У Нурота тоғ тизмаларининг ажралмас бир бўлаги, қисми. Узунлиги беш чақиримча. Унинг баландлиги бир минг етти юз, бир минг саккиз юз метрдан кам эмас. Шундоққина қўл узатгудек масофадан булутлар карвони сузиб ўтади. Ҳозир қўлим билан ушлаб оламан, деб ўйлайсиз. Аммо бу ниятингиз ҳадеганда амалга ошмайди.
Эътиборимни бирдан сувли жилғанинг чап томонидаги қалъа қолдиқларига қададим. Обиданинг тарихи узун. Уни қачонлардир аждодларимиз, сўғдийлар маъмурий услублари асосига таяниб барпо этишган. Деворларининг эни бир метрдан кам эмас. Силлиқ ва катта тошлар билан безатилган. Қизиқишим устун келиб, қалъа ичига бош суқдим. Кириш дарвозаси ва кичик эшикдан одамлар кириб чиқишган. Қалъа ўртасидаги уйларда сўғд бойлари ва оқсоқоллари умргузаронлик қилган. Йўлакнинг кунчиқарида яъни охирроғида эса хизматкорлар ва бошқа фуқаролар яшаб, тирикчилик билан банд бўлган. Қўрғоннинг асосий вазифаси ерли аҳолини ёв босқинидан ҳимоя қилиш бўлган. Уни доимий равишда қўриқлайдиган соқчилар бўлган. Соқчилар сергак ва ҳушёр туриб, хавф-хатардан фуқароларни огоҳ этиб туришган.
Мени кўпроқ, маҳаллий аҳоли вакилларидан эшитганим секундига беш литр шифобахш сув чиқарадиган Фужак булоғи ёнидаги, ( яъни, қалъага боришдан ўнг томонда, жилғанинг баландидаги) Ғорикон ғорининг ғаройиботлари қизиқтириб қўйди. Кириш оғзи кичкина, тахминан бир метрнигина ташкил этадиган ғорнинг бор бисоти, сири айнан ичида экан. Мана ғор ичкарисидамиз. Баландлиги икки метрга етмайди. Аммо бош шифтга тегмайди. Олти метрли каттагина саҳнга эга. Ушбу саҳндан машаққат билан ўтганимиздан сўнг, ичкарига қараб кириб кетган лаҳм кўзга чалинди. Орадан кечган йиллар тўзони, ер остидаги тошларни чўкиб, мунғайиб қолишига сабаб бўлган.
…Чингизхоннинг мўр-малахдай жангчилари билан бўлган жангларда қўрғонга анча-мунча шикаст етказилган, баъзи бир жойлари қулаб тушади. Аммо шунга қарамай маҳаллий халқ ўз туғилган тупроғи учун жон-жаҳдлари билан кураш олиб борадилар. Ёвуз, айёр, пихи қайрилиб кетган ёв, сотқин, пасткаш кимсалар кўмагида кўпдан-кўп сирлардан воқиф бўлади. Натижада мўғуллар тоғу-тошларни йўниб, уни эритиб темир олишга киришадилар. Ундан турли хил иш ва уруш қуроллари ясаганлар. Энг ажабланарлиси шундаки, ғорда ёқилган ўтиннинг тутуни тоғ тепасидаги мўри билан қарийб бир юз йигирма метр баландликдан сўнг ташқарига чиқиб кетган. Назаримда бу ўша даврнинг сирли хилқатларидан бири бўлса керак. Бундан ташқари, эл орасида Ғорикон ғори билан боғлиқ бир талай ривоятлар юради. Уларнинг деярли барчасида ғорнинг тузилиши, табиати, сир-асрорлари хусусида батафсил гап боради.
Орадан вақтлар ўтди. Фужак қалъаси аҳолиси ҳам борган сайин кўпайиб борди. Энди аҳоли учун бошқа тураржой зарур бўлиб қолди. Шунда оқсоқол ва кайвонилар бош қотириб, охири аҳолининг маълум бир қисмини Зеҳнок қишлоғидаги Офат қўрғонига кўчиришга қарор қиладилар. Бу қўрғон эрамиздан аввалги саккизинчи асрда қурилган. Таниқли олим, профессор Додо Нозилов ўз кузатиш ва тадқиқотларида бу нарсани тўлиқ ва ишонарли далилларда асослаб берган.
Мўғуллар босқинига қадар, Офат қўрғони йигитлари асосан овчилик билан машғул бўлганлар. Улар тоғу-тош кезиб, довон ошиб, кийик, олқор, каклик овлаб, тирикчилик қилардилар. Шунинг учун кўпчилиги довюрак, қўрқмас, мерган бўлганлар. Бир куни узун бўйли, қотмадан келган, кўзлари ўткир йигит тоғдан оқ олқорни овлаб қайтади. Бундан хабар топган мўғуллар, олқорни пишириб, лаззатли таом тайёрлайсан, дейди. Йигит бу истакни бажо келтиради. Босқинчилар оқ олқор гўштини қолдирмасдан паққос туширишади. Худонинг каромати билан, уларнинг бариси шу оқшом ўлади.
Овул аҳли ҳар қанча уринса ҳам, оқ олқор гўштининг сирини ҳеч ким билолмайди. Ўзи табиатда оқ олқор учрамайди-да! Шунда ёши саксондан сакраган, соч-соқоли қордек оппоқ нуроний бир чол оқ олқорнинг тангри томонидан ғанимларга жазо сифатида юборилганига ишора қилиб: “Ўзгалар ерига бесабаб бостириб кириб, одамларни қон йиғлатган нопок, ёвуз кимсаларнинг хонумони куяди, жазоланади”, — деб жавоб қайтаради. Даврадагилар бу илмоқли гапнинг мағзини чақиб кўриб, чолнинг ақлига қойил қоладилар. Шу-шу Офат қўрғонининг обрўси ошиб, чор-атрофга донг таратади.
… Чўққилари булутларга бош тираган тоғлар қучоғида яширинган Катта Эж қишлоғида табиатнинг неча-неча асрлар давомида яшириб, сақлаб келаётган асл дурдоналари ва ғаройиб мўъжизаларига ҳар қадамда шоҳид бўлиш мумкин. Бир-бирига кифт тираётган чўққилар зангори осмонга бош қўйганича, чор-атрофга ўз соясини ташлар, бу дарада беадоғ сирлар кўплигига ишора қилгандай мағрур туради.
Улуғбек ЖУМАЕВ,
журналист