Табиат тилсимлари: Арчаота

Дунёдаги энг йирик игна баргли дарахт ҳақида биласизми? Бу ҳақида билишни истасангиз, юксак ва улуғвор тоғлар бағрида жойлашган, одамларни ҳалигача ҳайратга солиб келаётган Форишнинг қадимий Можрум қишлоғига чорлаймиз.

 

Улуғвор тоғлар салобати олдида инсон бош эгиши тайин. Бир қарашда инсонни ҳайратлантиришга қодир бўлган мангуга занжирланган тоғларга ўлмас қоя­лар ҳамда сирли, қалин ўрмонлар ўзгача жозиба бахш этиб туради. Жиззахнинг Амир Темур дарвозасидан бошланиб, олис-­олис манзилларга қадар чўзилиб кетган Нурота тоғ тизмалари ҳам ана шундай улуғвор ва сирли. Шу тоғ тизмаларида жойлашган Фориш туманида Можрум деган сўлимгина, кўркам бир қишлоқ бор. Ҳавоси тоза, табиати оромижон, сизиб чиқаётган булоқларининг суви зилол. Ичганинг сайин яна ва яна сипқоргинг келаверади. Бу ажиб манзилни чўққилари булутларга тегай-тегай деб турган қорли тоғлар ўраб туради, ҳайвонот ва ўсимлик олами эса Нурота давлат қўриқхонасига туташиб кетган.

 

…Қадимий масжид харобалари. Унинг шундоққина рўпарасида улкан шохлари ҳар томонга қараб тарвақайлаб кетган арча ўсади. Шу ерлик кексаларнинг айтишича, арча дарахтининг ёши уч минг йилдан сираям кам эмас экан. Одамлар буни билиб Арчаота деб ардоқлайди. Бола-бақраси билан канда қилмасдан келиб умри боқий, танаси бақувват дарахтни томоша қилишади.

Йилнинг ўн икки ой давомида бу ердан одам аримайди. Аксинча гулга талпиниб, бол йиғмоқни мақсад этган асалари уясидек гавжум жой. Ҳатто бу ерда океан ортидан атайлабдан келган сайёҳларни ҳам учратиш мумкин. Арча танасини, шохларини ушлаб кўриб, ундан гўёки мислсиз куч-қувват, энергия олишади.

Буни биз ҳам синаб кўрдик. Азбаройи қизиқганлигимиз туфайли танасининг диаметри тахминан йигирма тўрт метр, баландлиги йигирма метрча келадиган улкан арчани синчковлик билан кўздан кечирдик. Ғадир-будир танасидан ўсиб чиққан шохлари, япроқлари гуркираб ўсиб турибди. Очиғи, шу вақтга қадар арча дарахтининг уч минг йил умр кўрганлиги ҳақида маълумот қулоғимизга чалинмаган экан. Ўзингизни дунёдаги энг йирик игна баргли дарахтлардан бири ёнида турибман деб ҳис этасиз. Дарахт бутоқларига қўниб олганича, теваракни кузатаётган қарғалар қағиллаганича гапларингиз тўғри дегандек бўлади. Шундай бўлгач, нега энди арчаотани кўриш ниятида бўлган хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар сонини кескин кўпайтириш чораларини кўриш мумкин эмас экан!

Маҳаллий халқ вакиллари бу улкан арчани Худонинг каромати билан бир кечада пайдо бўлиб қолганлигини айтишса, яна бошқа тоифа одамлар эса жаҳоннинг фотиҳи Александр Македонский ўзига содиқ саркардаларини қора ер бағрига дафн этганидан сўнг, Савр арчасини ўтқазишга изн берганлигини ҳикоя қилишади. Тағин бир ривоятда ушбу дарахтга авлиёларнинг дуоси кетганлиги, шу важдан одамзод Ер юзида тургунча мангу туради дейилади. Яна бир гап. Одамлар бу манзилга кела туриб Нурота тоғлари бағридаги сон-саноқсиз тилсим ва сир-синоатдан воқиф бўлиши учун ҳам бу дарахт шамолларга бастма-баст қад кериб турган бўлса ажаб эмас. Нима бўлганда ҳам ҳар бир ривоятнинг маълум маънода ҳақиқат учқунлари бордай.

Бугун ушбу манзил зиёратгоҳга айланган. Гарчанд, бу ерга олиб борадиган йўл тор, нотекис, юриш қийин. Дард устига чипқон деганидек, устига-устак алоқа воситаларидан бемалол фойдаланишнинг иложи йўқ. Аммо бу сабаб ва ноқулайликларнинг бирортаси ҳам одамларни дилига туккан Арчаота зиёратгоҳини кўриш, тавоф этишдан қайтара олмайди.

Тоғларда доимий равишда шабодда эсиб туради. Ана шу шамол оҳиста бу манзилда шохга кийдирилган тождек қад керган Савр дарахтини у ёқдан-бу ёққа оҳиста тебратади. Бу бир қараганда бешикдаги боласини алла айтиб ором олишини кутаётган она ҳолатини эсга солади. Гўё боқийлик тимсолига айланган бу чайир дарахтни кўрган одамни, ҳаётга ошуфталиги тобора ортади.

Зеро, қулоч етмас танаси дам пастга, дам юқорига, дам ўнгга, дам чапга буралиб-буралиб кетган, шапалоқдек-шапалоқдек келадиган оқимтир-кўкимтир япроқлари шитирлаётган улкан Савр дарахти ўз ўтмишини сўзлашга ошиқаётгандай таассурот қолдиради. Тоғлар бағридаги бу оромсиз юксакликдан олис-олислардан катакдек-катакдек кўринаётган қишлоқ уйларига тикилиб, қалбингни бирдан сокинликми, ҳаловатми ишқилиб шунга ўхшаш туйғу қамраб олади…

Улуғбек ЖУМАЕВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 16 =