Сеҳр ва сукунат манзили
Зомин тоғлари бағридаги Пешоғор ғори юртимиздаги энг катта ва экстремал ер ости кошоналаридан ҳисобланади. Ғорга саёҳат қилиш ҳар бир инсоннинг орзуси.
Одамзот ғорнинг тузилишига қараб капа тикишни, тош ва лойдан девор тиклаб уй қуришни ўрганган десак эҳтимоли муболаға бўлмас. Чунки бундан ғор одамзотнинг илк бошпанаси бўлган деган фикр келиб чиқади.
Чиндан ҳам, барча ғорлар — табиат эҳромлари — неча асрлар, тамаддунлар таъсиридан ўзини дахлсиз, омон сақлаб келаётган кошоналардир. Ана шундай ер ости кошоналаридан бирига чўққилари булутларга бош урган Зомин тоғлари бағрида дуч келиш мумкин. Ғор хушманзара гўшанинг Такали ҳамда Қумбел тоғлари бир-бири билан улашадиган жойида макон топган. Маҳаллий халқ бу ғорни Пешоғор ғори дея атайди.
Тоғнинг шундоққина белидан юқорига қараб чиқа бошладик. Зум ўтмай чарчоқ, толиқиш ҳисси сезилди. Бўғинлар зирқираб оғрий бошлади.
Шунга қарамасдан, тоғбегидан ортда қолмаслик учун қалашиб ётган тоғ харсангларию тошларни босиб жадал юришга тиришиб тирмашдик. Шундоққина тизмалар бағрида сон-саноқсиз арча дарахтлари тиғиз ўсиб ётибди. Уларнинг ёши юздан асло кам эмас. Дарахтларни шамол тебратади. Улкан харсангтош, шох-шабба ва йирик бутазор, салобатли тепалик кўзга ваҳимали кўринади. Ости каттагина ҳажмдаги бўшлиқ. Қарасангиз, зумда бошингиз айланиб, қўрқувдан ваҳима босади. Тубсиз бўшлиқда йўлакларни вужудга келтириш учун вулқон, табиий офат ва оҳактошларнинг росаям тер тўкишига, машаққат чекишига тўғри келган. Охир оқибат бу юмушни қойилмақом тарзда адо этган.
Ғор ичкарисига киришга тараддуд кўриб турувдик. Ғалати, кутилмаган воқеа рўй берди. Оғзи тор ва кичкина туйнукдан учиб чиққан чумчуқни бирдан калхат кўриб қолди. Кенг қанотларини силкитганича учиб келди-да, чумчуқни чангалига олди. Сал нарида улкан қояда турган бургут, сувсар, бойўғли, қорақуш сингари йиртқич миқ этмасдан воқеа давомини кузатиб турарди. Каминанинг хаёл пўчмоқларимда шу он ғор тақдири билан боғлиқ талай ривоятлар жонлана бошлади.
* * *
Мен Зомин каби бу ажиб ўлканинг эртаклардаги беқиёс чиройини кўришга анчадан буён муштоқ эдим. Кўкка бўй чўзган тоғ чўққиларига қараб туриб аллақандай қониқиш ҳисси билан бош чайқадим. Назаримда Пешоғор ғорини моҳир уста ясаган ғоят латиф нақшинкор сандиққа ўхшатса бўлади. Агар ғор ичини дур-жавоҳирга лиқ тўла тилсимли сандиқ деб оладиган бўлсак, энди бу бойликни асраб-авайлашим керак бўлади. Зомин тоғлари бағридаги ушбу тилсимли ғор дур-жавоҳирга тўла сахий она сиймосидек таассурот қолдиради. Мен бундай фикрга бориб янглишмаган эдим.
Ичкари қоп-қаронғу, зим-зиё. Сал нарини ҳам кўриб бўлмайди. Айниқса, бу ҳол ёруғликдан (дабдурустдан) қоронғуликка шўнғиганда яққол сезилади. Шунга қарамай ичкарилашда давом этдик. Қандайдир бир қоранинг шарпаси сезилди. Чўчиб кетдик.
— Мен бир йўловчиман, боя ёмғирдан қочиб, шу ғорга бош суқувдим, — дея товуш берди номаълум киши. — Бемалол ичкарилаверингизлар. Мана бу жойда бир боғлам ўтин бор. Агар совқотган бўлсаларингиз, ўтинни ёқиб исиниш мумкин. Тоғбеги қўлидаги фонар ёруғини овоз келган ёққа қаратди. Чиндан ҳам биздан сал нарида, ўткир қиррадор тош устида бир киши ўтирган эди. Қўлида пишиқ сўйил.
— Ие, ие, ўзлари ҳам шу ерда эканда, — деди Толибжон тоғбеги саломлашиш учун қўл узатар экан. Булар меҳмонлар, ғор ҳаёти билан танишмоқчи. Шу пайт ичкаридаги тулки ўзини чиқиш эшигига жон ҳолатда урди. Қаранг, ғорда ҳар бало бор. Фақатгина эҳтиёт бўлинглар, ҳушёрликни йўқотманглар дея бояги киши биз билан самимий хайрлашди-да, жўнаб қолди. Тоғбеги уни ортиқча қистамади. У ўз юмушларини адо этиш учун кетган эди.
Беш-ўнтача кичикроқ тош қаланиб, ўчоқ тайёрланган экан. Тоғбеги ўтинга тутантириқ тутатди. Қуруқ ўтин гув этиб ёнди. Қўлларни олдинга тутиб исиндик. Салдан сўнг қумғонда шақиллаб чой қайнади. Ҳузур қилиб чой симирдик. Ичимизга иссиқлик югуриб, ўзимизни хийла тетик ва бардам тута бошладик.
* * *
Ғор ичкарисига қадам босиши билан одам ўзини ҳаммаёқдан, умуман ҳаётдан узилиб қолгандай ҳис этади. Тошқаъла орасида атроф кўринмас, бирдан ҳаммаёқ жим-жит бўлиб қолади. Ҳаммаёқ қаронғулик ичига ғарқ бўлди. Қадимий ер ости ғори ичидаги ҳаёт ҳам, муҳит ҳам ташқи оламдан кескин фарқланар экан. Сеҳр ва сукунатга чулғанган ер ости қасрини уста рассом моҳирона яратган санъат асари десак янглишмаган бўлардик. Нимагадир бу ерда ҳам, бошқа ғорларда учрайдиган ҳолат кўзга ташланади. Девор шифтларига кўршапалаклар маҳкам жойлашиб олган. Гоҳида ғалати-ғалати овоз чиқариб қўяди. Бундан ташқари турли-туман капалаклар, суварак, ялтироқ қурт, илон, чумчуқ ҳамда ер остида учрайдиган яна кўплаб жониворларга ҳам кўзимиз тушди. Ер ости ёриқлари ҳам кўзни чалғитади.
Оҳактош қатламлари сероблиги боисини тушунмадик. Билсак табиат отлиғ Яратувчи унга сайқал берган экан. Мисли ажойиб санъат асари қаршисида туриб қолдик. Ичкарилаганимиз сайин манзара ўзгаради. Баъзи йўлаклар худди қувирлардек номаълум томонга чўзилган бўлса, бошқа ҳолда энсиз ва тор йўлаклар кўзга ташланади. Тағин учи ўткир, қиррадор тошлардан эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Тошлар одамга зиён етказиши мумкин. Ғир-ғир елвизак эсиб турар, бу эса одам юрагини ҳаприқтириб юборади. Томчиларга тикилиб турсангиз, одам ҳамда баҳайбат шерлар шаклини кўргандай бўласиз. Сизиб, чак-чак томаётган сув зарралари, томчилари шундоққина тошлар орасидан йўл топишга ошиқарди. Худди ҳаёт йўлидаги инсон каби.
Улуғбек ЖУМАЕВ