“Юракка кўмилар асл шоирлар…”

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф — умрини ижодга  бағишлаган, ўз халқи, эл-юртининг дарди билан яшаган қалб соҳиби эди. У ўз халқини, тупроғини жондан ортиқ кўрарди. Халқимиз ҳам етти ёшдан етмиш ёшгача шоирни яхши кўради ва хотирлайди.

Шу йилнинг 4 февраль куни “Тошкент фотосуратлар уйи”да Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдуғани Жуманинг “Юракка кўмилар асл шоирлар” номли кўргазмаси бўлиб ўтди.

Бадиий кечада шоирнинг оила аъзолари, санъат вакиллари, ёзувчи-шоирлар, таниқли фотосуратчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ёшлар иштирок этди.

Кўргазмалар залига киришда Муҳаммад Юсуф сурати туширилган фотоахборотлар шоирнинг ижоди давлатимиз ва халқимиз томонидан нечоғлиқ қадрланаётгани ҳақида ҳикоя қилади. Зеро, шоирнинг ўз Ватанига содиқлиги, чексиз муҳаббати, халқ келажаги учун чин дилдан қайғуриши ёзган ҳар бир шеъри, сатрларида ўз аксини топган.

Шоирнинг ҳаёти ҳақида кенгроқ маълумот ва тасаввур ҳосил қиладиган янгича фотокўргазмада Абдуғани Жума томонидан турли йилларда суратга олинган 70 та сурат қўйилган. Унда анъанавий фотосуратлардан ташқари алоҳида гуруҳли портретлар, фотомонтаж тарзидаги туркум фотопортретлар, ҳамда шоирнинг ижодий ҳаётидаги баъзи воқеликларни кўрсатувчи  саҳналар ўрин олган. Шу ўринда айтиш мумкинки, Абдуғани Жума Муҳаммад Юсуфнинг яқин дўсти, ҳамнафас замондоши эди.

“Шоир, ёзувчи, рассом, умуман, санъатга дахлдор инсон дард билан яшайди. Агар дард бўлмаса, уни ҳеч ким қадрламайди. Унда шира, меҳр, муҳаббат туйғуси бўлиши керак. Ўйлайманки, кўргазма орқали биз бир нарсага эришдик: ижодкор инсон қалбини акс эттириш. Кўргазмадаги суратлар ичида Муҳаммад Юсуфнинг сўнгги  сурати ҳам  бор, ўзи кўрмаган. Бу ҳаммамиз учун қайғули эмасми? Биз у билан яқин дўст бўлганмиз. Муҳаммад Юсуф жуда камсуқум, камтар инсон эди.

Ушбу кўргазма шоир-ёзувчилар шахси, ижод йўли ҳақида амалга оширилаётган дастлабки ишлардан. Давом этишидан умидвормиз. Бу каби кўргазмаларни ташкил этишда Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий академия, Журналистлар уюшмаси билан ҳамкорликни, мулоқотни яқинлаштиришдек холис ният турибди”, – деди фотожурналист Абдуғани Жума.

Кўргазмадан жой олган суратлар шоир образи, унинг турли давр ва давралар, қиёфасидан ижодий руҳ барқ уриб турган ҳолатларини гавдалантирган. Залнинг ўнг томонида шоирнинг ўсмирлиги, оиласи даврасидаги тарихий суратлари техник фотомонтаж усулида тайёрланиб намойиш этилган. Асосий майдонда эса шоирнинг ижодий онлари ва фотограф билан самимий суҳбатлари ўрин олган эди.

Расмларни кузатар экансиз, шоир характерини, унинг инсон сифатидаги қиёфасини шуурингизда қайта чиза бошлайсиз. Уни теранроқ англайсиз.

Кўргазмада Абдуғани Жуманинг “Муҳаммад Юсуфнинг биринчи ва сўнгги сурати” номли эссе-каталоги ҳам меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.

Кеча давомида таниқли санъаткорлар томонидан Муҳаммад Юсуф шеърларига басталанган куй-қўшиқлар ижро этилди.

Ушбу хайрли ташаббус бошқа адабий қатлам вакиллари билан ҳам давом этттирилиши кутилмоқда. Муҳаммад Юсуф ижоди ва ҳаётига бағишланган фотокўргазмалар, ижодий кечалар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида давом этади.

Ўз мухбиримиз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 3 =