Дилбар шахс, мард ва тадбиркор ҳукмдор

14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун
Қомусий аллома, беназир фақиҳ, дилбар шоир, маърифатли шоҳ ва моҳир саркарда, жонфидо ота Заҳириддин Муҳаммад Бобур шахсияти салкам беш асрдан бери жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келади.
Шоҳ Бобурнинг ҳукмдор, олим ва шоир сифатида маънавият, маърифат, илм-фан ва ободончилик соҳаларида қилган хайрли ишлари китобларда, ёдномаларда кўп бора баён қилинган. Бу хизматлар тафсилотини “Бобурнома” асаридан ҳам англаш мумкин.
Бобур мирзонинг жаҳон маънавий ҳаётига улкан ҳисса бўлиб қўшилган энг муҳим хазиналари унинг асарларидир. Бу асосан беш китоб: 1) Девон, яъни шеърлар мажмуаси, маснавийлар; 2) қомусий ёднома асари — “Бобурнома”; 3) буюк фиқҳий асари — “Мубаййин”; 4) “Аруз рисоласи” (“Муфассал”); 5) “Волидийя” асари каби маънавий-маърифий хазиналардан иборат.
Бобур мирзонинг юқорида келтирилган асарларидан ташқари, “Хатти Бобурий”, шунингдек, мусиқа санъати ва ҳарб ишларига махсус бағишланган рисолалари ҳам бўлгани айтилади. Аммо кейинги икки асар матни ҳанузгача топилган эмас. “Хатти Бобурий”да муаллиф араб алифбосини соддалаштириш ва осонлаштириш мақсадида уни туркий тил мезонларига мослаштирган. Тарихчи олим Лақҳнавий-Ҳасанийнинг ёзишича, буюк бобомиз бу имлода Қуръони каримни кўчиртириб, Маккаи мукаррамага — муқаддас Каъбатуллоҳ маъмурларига юборган. Хатти Бобурийда ёзилган Қуръони каримнинг Машҳад музейидан юртимизга келтирилгани Бобур мирзо илмий фаолиятини ўрганишда янги имкониятларни очади.
Улуғ муаррих Лакҳнавий-Ҳасанийнинг “Нузҳат ул-хавотир” (“Хотиралар сайри”) китобида у кишини “Турли соҳаларда денгиздек илм олган” деб таърифлаши бесабаб эмаслигини шундан англаймиз.
“Бобурнома” асаридан адабиёт, шеърий санъат, тилшунослик, луғатшунослик, китобат, сиёсат, иқтисод, жуғрофия, мактубнавислик одоби, таърихнавислик (таърих жанри) санъати, дин ва дун, шариат ва тариқат, фиқҳ ва тасаввуф, этнография, жамиятшунослик, инсоншунослик, фалакиёт (астрономия), тиб-табобат илми, ҳарбий таълим, боғдорчилик, мироблик, халқ оғзаки ижоди, математика, бинокорлик ва ободонлик, оила ва жамият, ислом аркони ва аҳкоми, тушлар таъбири каби кўплаб соҳаларга оид илмлардан намуналар, маълумот ва тушунчалар топиш мумкин. Бу жиҳатдан мазкур асар хилма-хил илмлар хазинаси, қомусий маълумотномадир.
Бу далиллар Заҳириддин Муҳаммаднинг болалик ва ёшликдан улуғ устозлардан таълим олиб, соғлом қалб ва ақл билан камол топиб, етук шахс бўлиб камол топганининг исботидир.
Таниқли бобуршунос олиб Ваҳоб Раҳмонов таъкидлаганидек: “Бу асар мазмуни, воқеаларига эътибор қилган зийрак китобхон: “Бобурнинг қизиқмаган ва билмаган соҳаси қолмаган экан!” деган ҳайратли хулосага келади.
XVI аср тазкираларининг нодир намуналаридан бўлмиш Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” (“Севимли зотлар ёдномаси”) асарида: “Заҳириддин Муҳаммад Бобур подшоҳ ибн Мирзо ибн Умаршайх ибн Султон Абусаид Кўрагон ибн Султон Муҳаммад Мироншоҳ Мирзо ибн Амир Темур Кўрагон зикри” дея махсус бир боб ажратилган. Бобур мирзо истеъдодининг турли қирраларини тавсиф этиб, уни: “Чиғатой султонларининг энг сараси ва зўр шижоатлиси эди…” деб таърифлайди.
Шундан сўнг муаллиф Бобурнинг маънавий ҳоли, шоирлик истеъдоди ва фақиҳлик қобилияти ҳақида сўзлаб: “Подшоҳнинг Нақшбандия (тариқати) олий хонадонига ирдат нисбати бор эди. Юқори шон-шавкатли бобоси ва салтанат нишонли отасининг ҳазрати Хожа (Убайдуллоҳ) Аҳрорга иродати бўлган. Бобур подшоҳ ҳам бу улуғлар хонадонига нисбатан иззат-икромни соатма-соат оширар ва бирор дақиқа бу ишни канда қилмас ва ғафлатда қолмас эди”, дейди.
Нодир хислат ва кароматлар соҳиби бўлган ҳазрати Хожа Аҳрори Валий билан улуғ подшоҳ, аллома ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўрталарида кучли маънавий иртибот мавжуд эди. Бунга сабаб улуғ валийнинг маънавий тасарруфи қувватли экани ҳамда Бобур мирзонинг шайхга бўлган муҳаббат ва эътимодининг самимий эканидадир. Бу боғлиқлик Хожа Аҳрор ҳазратларининг шоҳ ва шоир ҳаётига тегишли бир неча кароматларида намоён бўлади.
Бобур мирзонинг нақадар улуғ одоб ва ахлоқ соҳиби экани ҳазрат Алишер Навоийга бўлган муносабатидан ва қисқа вақт Ҳиротда — ҳазрат Навоийнинг уйида турган вақтидаги қилган хизматларидан ҳам равшан англашилади. Масалан, “Бобурнома”нинг Кобул даври воқеаларида — 1509-1510 йиллар воқеаси баёнида қуйидаги оламшумул ходиса эсланади:
“Боғи Навда бир кеча бўлдум, ани муносиб кўрмай, Алишербекнинг уйларини таъйин қилдилар. Ҳиридан чиққунча Алишербекнинг уйларида эдим”.
Яна бир иқтибос: “Одина куни, ойнинг йигирма учида Алишербекнинг тўрт девонидин буҳур авзони тартиби била (аруз баҳрлари вазнлари асосида) ғазаллар ва абётким, интихоб қилиладур эди, итмомиға етти”.
Демак, Бобур мирзо Ҳирот шаҳрида эканида ҳазрат Алишер Навоийнинг ҳурматларини сақлаш, маънавий ҳақини адо қилиш, ҳурмат ва эҳтиромини жойига қўйиб, у зотга хизмат қилишни ўзига бурч деб билади ва хизмат умиди билан у зотнинг тўрт девонидан баҳрлар вазнига қараб ғазалларни саралаб, бир сайланма девон тузади. Бундай эҳтиром кўрсатиш фикри ҳар кимнинг ҳам хаёлига келавермайди. Бу Бобур мирзодек даҳога хос эҳтиром ва одоб намунасидир.
Тарихда бирор улкан воқеа юз берса, мумтоз шоирларимиз бу воқеанинг тарихини шеърга солиб, қисқа лафзлар билан ифодалар эдилар. Бу шеър жанри “таърих” деб аталади. Чунки муайян сўз ёки лафз абжад ҳисобида мазкур воқеанинг тарихини акс эттиради. Таърих санъатининг ҳикмати шуки, саналар ва рақамлар эсда қолмайди, сўз ва лафзлар эса доим эсда қолади.
Тарихдан маълум, Бобур мирзо 1526 йилда Ганг дарёсидан Амударёгача бўлган ҳудудни бирлаштирган улкан салтанатни барпо қилди. Кейинчалик унинг авлодлари Ҳумоюн мирзо, Акбаршоҳ, Жаҳонгир, Шоҳ Жаҳон ва Аврангзеб даврларида бу салтанат янада кенгайди ва хорижий маълумотлар асосида Ғарбда “Буюк мўғуллар салтанати” деган ном билан шуҳрат қозонди. Ҳолбуки, бу асл-ҳақиқатда Буюк Бобурийлар салтанати эди!
Бобур мирзо бу давлат тепасида атиги беш йилча ҳукмронлик қилиб, 1530 йил 26 декабрда вафот этди. Мана шу қисқа вақт ичида бутун салтанат соҳибининг саломатлиги ёмонлашиб боришига қарамай, у кўпгина улуғвор ишларни амалга оширишга улгурди.
“Бобурнома” янги нашрининг сўзбошисида муҳтарам олимларимиз ёзадилар: “Бобур мирзо Агра ва Деҳли шаҳарлари атрофини ободонлаштириш, Жамна дарёси бўйларига саройлар, қасрлар, ҳаммомлар қуриш, боғлар барпо этиш ишларига бош-қош бўлади, бозорлар, гузарлардан олинадиган тамға солиғини бекор қилади, Кобул ва Ғазна шаҳарларини сув билан таъминловчи ва илгари бузиб ташланган сув иншоотларини қайта тиклаш учун маблағ ажратади. Аградан Кобулга борадиган савдо йўлининг бехатарлигини таъминлаш мақсадида карвонсаройлар, работлар қурдиради. Ўз атрофига олим ва шоирларни тўплаб, уларнинг ижодий ишларига ҳомийлик қилади” .
Бобур мирзо саройига Ўрта Осиё ва Хуросондан машҳур тарихчи Хондамир, ҳикмат соҳибларидан Абу-Бакр, шоирлардан Мавлоно Шиҳоб Муаммоий (Фақирий), Мулла Бақоий, Видоий, Абдулвоҳид Фориғий, Шайх Зайн (Зайнуддин Хавофий) ва бошқалар келиб туркий-ўзбек ва форс-тожик тилларида ижод қилдилар. У ҳинд олимларидан Шайхорони ўзига вазир қилиб тайинлади. Шайх Ҳофиз Кўҳакий Тошкандий Тошкентдан Бобур мирзо зиёратига бордилар, Бобуршоҳ у зотга олтиндан ва кумушдан ҳадялар қилиб, икром кўрсатади. Бу воқеа “Бобурнома”да ҳам қайд этилади: “Хожа Мир Султонга ва унинг ўғилларига, Ҳофиз Тошкандий ва Мулла Фаррух бошчилигидаги Хожанинг хизматидаги кишиларга ҳамда бошқа элчиларга ҳам олтиндан ва кумушдан бўлган ашёлар инъом этилди” (“Бобурнома”нинг содда баёнидан).
Бобур мирзо асос солган салтанат, мамлакатни маълум даражада сиёсий жиҳатдан бирлаштириш, ободонлаштириш ва маданий жиҳатдан юксалтириш нуқтаи назаридан Ҳиндистон учун фойдали бўлган эди.
Ҳиндистоннинг машҳур давлат арбоби Жавоҳарлаъл Неру “Ҳиндистоннинг кашф этилиши” ва “Жаҳон тарихига бир назар” асарларида Бобур ва унинг набираси Акбаршоҳга юксак баҳо беради. Жумладан, бундай деб ёзади: “Бобур — дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган. У санъатни, адабиётни севар эди, ҳаётдан ҳузур қилишни яхши кўрар эди”.
Кейинчалик Неру “Жаҳон тарихига бир назар” номли уч жилдлик асарида ҳам Бобур мирзо ва Акбаршоҳ ҳақида алоҳида тўхталади. Жумладан, Бобур мирзо ҳақида шундай ёзган: “Бобур шу вақтгача ўтган маданиятли ва жозибадор инсонлар орасида энг етукларидан бири эди. У мутаассибликдан йироқ эди… Бобур санъат ва адабиётни, айниқса, севар эди”.
Бу таърифларнинг ҳаммаси Бобур шахсиятига, у асос солган салтанатнинг Ҳиндистон тарихида тутган ўрнига берилган муносиб баҳодир.
Бобур мирзо гарчи умри юришлар, жангу жадаллар билан ўтган бўлса-да, қаердан ўтмасин ва қаерга қўнмасин, китобларга улкан эътибор қаратган ва мўътабар китоблар йўқ бўлиб кетмаслиги учун уларни йиғиб, саралаб жамлаб борган.
“Бобурнома”нинг Ҳиндистон даври — тўққиз юз ўттиз иккинчи (1525) йил воқеаларида Малўт қўрғонида учраган китоблар ҳақида айтилади: “Икки кечани шу тепаликда ўтказиб, душанба куни қўрғонга кириб айланиб, Ғозихоннинг кутубхонасига кирдим. Бир қанча нафис китоблар чиқди. Бир нечтасини Ҳумоюнга бериб, бир нечтасини Комронга юбордим. Улар ичида илмий китоблар жуда кўп эди. Лекин бир қараганда қимматбаҳо кўринган китоблар ичида арзийдигани унча кўп эмас эди. Кечаси ўша ерда қолиб, эртасига ўрдага қайтиб келдим”.
Бобур мирзонинг ҳар қайси мамлакат ва шаҳарлардан йиққан китоблари қаерда сақланди ва улар қандай қадрланди? Бу савол Бобур мухлислари орасида кўп учрайди ва бунга жўяли жавоб олинган эмас.
Бу саволга аниқ жавоб тариқасида айтамизки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур жамлаган китобларидан Ҳиндистонда улкан кутубхона тузган ва барча китобларни у ерда сақлаган.
Бунга далил тариқасида “Бобурнома”дан қуйидаги воқеани келтирамиз:
“Одина куни ойнинг йигирма учида ҳарорати баднимда зоҳир бўлди. Андоқким, жумъа намозини масжидта ташвиш била ўтадим, намози пешин эҳтиётини келиб, китобхонада, бир замондин сўнг машаққат била ўтадим”. (“Бобурнома”. Тўққиз юз ўттиз бешинчи (1528) йил воқеалари).
Бу муқаррар жавобдан маълум бўладики, Бобур мирзонинг барча йиққан китоблари Ҳиндистондаги кутубхонасида сақланган.
Бобур мирзо жаҳон ва туркий-ўзбек адабиёти тарихида мерос салмоғи жиҳатидан улкан хазина қолдирган шахслардан биридир. Албатта, Алишер Навоийдан кейин энг кўп ва хўб адабий-маънавий мерос қолдирган зот Муҳаммад Ризо Огаҳий эканлиги илм ва маърифат аҳлига яхши маълум. Ҳазрати Огаҳий буюк таржима мактабини барпо қилган сермаҳсул мутаржим ҳамдир. У зот ҳаёт тарзи жиҳатидан ҳам ўзини ҳазрат Навоийга ўхшатишга ҳаракат қилган. Лекин шахсининг ажойиб фазилатлари, мавзу кўламининг кенглиги, “Бобурнома” сингари қомусий асарини ҳисобга олсак, маърифий мерос бобида Бобур мирзонинг ҳам мавқеи улуғ зот эканлигига шубҳа йўқ.
Мирзо КЕНЖАБЕК,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
ёшлар мураббийси,
шоир ва таржимон.