Пиар васвасаси

PR (пиар) — хорижий икки сўзнинг қисқартирилган (бош ҳарфларидан олинган) шакли бўлиб, “Public Relations” — жамоатчилик билан алоқа деган маънони англатар экан. Лекин бизда…

Идорага янги раҳбар келди. Мажлис ўтказди. Фақат ўзи гапирди, бошқаларга оғиз очирмади. Тушлик вақти ўтди, лекин ҳеч кимни йиғиндан чиқишга қўймади. Янги раҳбар “маҳорат дарси”ни ҳадеганда тугатай демасди. Аммо кимдир бу ёқда идора иши қолиб кетаётганини юрак ютиб айта олмасди. Ниҳоят, раҳбар ўз “амри маъруфи”ни тугатар экан:

— Ҳеч ким идорадан чиқмайди. Тушликни кечки овқатланишга қўшиб, бир йўла уйларингда қиласизлар, — деди.

Кейин маънавият ва ахборот ишларига масъул ходимни чақирди.

— Нега телевидениени чақирмадингиз?!

— Оддий мажлис бўлса…

— Маҳмаданалик қилманг, менданам ақллимисиз?

— Йўғ-э, унақа демадим…

— Ундан кейин, нега блогерлар ҳам йўқ?.. Лапашангсиз! Шу пайтгача қандай ишлаб келгансиз, ҳайронман. Ишда қолиш-қолмаслигингизни ўйлаб кўришим керак, — ҳар сўзидан ўқ отиб, ўдағайларди бошлиқ.

Ходим ҳеч нима деёлмай қолади, нимаям дерди, раҳбар янги бўлса…

— Гап бундай: бугунги мажлис энг зўр ижтимоий тармоқларда чиқсин! Расмга олиб турувдингиз, ҳа, расмлар кўпроқ бўлсин. Ҳамма тасвирларда биринчи планда мен бўлишим шарт. Кўп узун гап керакмас, лекин сарлавҳада исм-шарифим, обязательно, кўрсатилсин! Давайте, действуйте!..

Ходим ўзи таниган блогерларга қўнғироқ қилади. Оҳҳо, уларнинг-да димоқлари булутларни искайди!..

— Мушук текинга офтобга чиқмайди. Бошлиғингизга айтинг, биз билан йиллик шартнома тузсин. Блогерларнинг “подписчик”лари сонига қараб тўлов қиласиз, — шарт қўяди кетмони учган блогер.

— Хўп… Сиз қанча сўрайсиз?

— Қирқ “лимон”, камайтириш йўқ…

…Иш одатдагидан, яъни қонунда белгиланган иш вақтидан анча кеч тугайди: ходимлар борлиқ зимистонга қоришган паллада идорани тарк этишади.

Энди тасаввур қилиб кўринг:

Илгари саккиз соатлик ишдан кейин доимо уйда бўлган, бугун эса болалари ухлаб қолган паллада остонада пайдо бўлган аёл эридан калтак ейди. Овқат қилинмаган, хоналар йиғиштирилмаган.

— Эртагаёқ ишдан бўшайсан! — қичқиради эр пиёлани деворга отиб синдираркан…

Хўп, бу тасаввур дейлик. Лекин кимдир боласини, набирасини боғчадан олиши керак бўлган одатдаги вақт ўтиб кетди… Болажонлар кутиб қолганини ўйлаб, қулоғига гап кирадими, асаблари бузилмайдими?

Ҳақиқат — аччиқ. Юқорида тилга олинган воқеа бугунги пиарбозликнинг қиёфасини ифода этиб турибди. Афсуски, бундайлар йўқ эмас. Ҳар қалай, курсига ўтирган айрим раҳбар ходимлар мана шундай таассурот қолдираётгани бор гап.

Тарғибот-ташвиқот ишларининг асл моҳиятини тушуниб етмаётган, пиар деганда тизимда амалга оширилаётган муҳим ишлар эмас, аксинча, ўзим кўринишим керак, деган тушунча миясига сингиб қолган ташкилот раҳбарлари кўпайган. Энг ачинарлиси, уларнинг хатти-ҳаракатини баҳоловчи, ўрни келганда, тўғри-нотўғри ёндашувига муносабат билдирувчиларнинг йўқлиги.

Ҳа, биз хўжакўрсинга ишлаяпмиз. Яъни фойдали иш қилмасак ҳам, юқорида турган хўжайинга яхши кўринайлик қабилида. Шунда ривожланиш бўладими?

Аслида, раҳбарлар кундалик қилиб юрган ишини эмас, ўзига хос ёндашувларни, бошқаларга ибрат ёки ўрнак бўла оладиган ишларни пиар қилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Деҳқонча айтганда, уй супуриш, нон ёпиш, сигир соғиш-у кир ювиш бир аёлнинг кундалик иши бўлгани каби, раҳбарнинг ходимлар билан мажлис ўтказиши, жойларга чиқиб, қўл остидагиларнинг ишини кўздан кечириши ҳам унинг доимий иши, вазифаси ҳисобланади. Бу иши билан Америка кашф этаётгани йўқ. Бунинг учун у давлатдан ойлик олади, ҳамма қатори оила тебратади.

Ахир, арзийдими-арзимайдими, ҳар ишга шундай ёндашадиган бўлсак, вазифамиз ва бурчимиз бўлган юмушларни кўз-кўз қиладиган бўлсак, давлатга, халққа миннат бўлиб қолмайдими?

Қанийди, бу раҳбарлар, аввало, ўзларининг маънавиятини ошириш ҳақида ўйласа! (Афсуски, маънавият аслиятида (қонида) бўлса бўлади, бўлмаса — йўқ…) Китоб ўқиш ҳақида кўп гапирамиз, лекин қандай китобни уқиш ҳақида эмас… Айрим раҳбарлар саргузашт, детектив асарларни ўқиб мақтаниб юрибди. Бошқасига ақли етмаса, нима қилсин?

Жамиятга маънавиятли раҳбарлар сув ва ҳаво каби зарур. Улар бошқараётган жамоалар жамият, мамлакат тараққиётини белгилайди-ку.

Яқинда устоз журналистлардан бири нуфузли тизим фаолияти республика нашрида ёритилганини ва ҳеч бир тамасиз газетани ўзи бошқармага етказганини, кейинги гал иш билан борса, ўша газета котиба столи устида ўқилмай ётганини кўрганини алам билан сўзлади.

Бир пайтлар шу раҳбарларнинг юқори органи фалон газетани ёки журнални ўқидингми, деб сўраган бўлса, бугун бу саволни бироз бошқачароқ бераяпти: “Ижтимоий тармоқдаги фалон каналга кўзингиз тушмадими?”

Мана шунинг учун ҳам раҳбарлар ижтимоий тармоқда кўпроқ кўринишга ҳаракат қилишади, бу учун маблағни аяшмайди. Лекин, айтайлик, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи” ёки “Тафаккур” журналига обуна бўлинг, десангиз, “маблағ йўқ” деб жаврашга тушади…

Интернет ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айлангани рост. Лекин саводсизлик урчиб ётган, ўргимчак тўри бўлган интернет китоб ва матбуотнинг ўрнини боса олмаслиги кундай равшан-ку!

Раҳбарлар пиарга эмас, маънавиятга ошно бўлиши керак. Бу муаммога ечим топадиган вақт келмадимикан?

Ҳамзабек ТУРДИЕВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + 4 =