“Сўз қаттиғи эл кўнглини озор айлар”

Холбой ИБРАИМОВ,

Қори Ниёзий номидаги

Тарбия педагогикаси

миллий институти директори,

педагогика фанлари доктори,

академик.

Икки буюк аждодимиз Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзбек халқи тарихида ёрқин саҳифа очган, ўз-ўзига маънавият ва маърифатдан мангуликка ҳайкал қўйган буюк сиймоларимиздан саналади. Тарихчи Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асарида Алишер Навоийнинг хизмат ва фазилатлари шундай тавсифланади: “…то қиёматгача ва қиёматда ҳам улуғ ҳазратнинг ёқимли феъллари ва яхши ишлари замон саҳифаларида, кеча ва кундуз варақларида мангу қолур”.

Дарҳақиқат, халқ ўз суюкли фарзанди ижодий меросини унутгани йўқ, унинг одоб-ахлоқи фольклор асарларда афсона бўлди. То ҳозирга қадар улуғ бобокалонимиз таваллудининг кенг нишонланаётганлиги, 1989 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан ҳар 3 йилда бир марта Мустақиллик байрами арафасида миллий қадриятлар хазинасини бойитган адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги энг ёрқин ва сермазмун асарлар учун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти берилаётгани, халқимиз бошига тушган оғир синов кунларида Ўзбекистонда ҳам, қўшни қардош республикаларда ҳам, ҳатто фашистлар қамал қилган оч ва совуқ Ленин­градда ҳам Навоийнинг 500 йиллиги нишонлангани бунга яққол мисол бўла олади. 1991 йили Ўзбекистонда “Алишер Навоий йили” деб эълон қилингани, Жанубий Корея, Туркманистон, Венгрия, Қозоғистон, Туркия, Беларусь, Қирғизистон, Россия, Япония, Озарбайжон, Хитой ва Тожикистонда Навоийга ҳайкал ва бюстлар ўрнатилгани, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот таъсис этилгани, Президентимиз ташаббуси билан 2025 йилни Навоий вилоятида “Алишер Навоий йили” деб эълон қилингани эса барчамизга ғурур бағишлайди.

Алишер Навоий жаҳон шеърият хазинасини дурдона асарлари билан бойитган, Ҳусайн Бойқаро салтанатида давлат арбоби сифатида бунёдкорлик ва маънавий-маърифий ислоҳотлар олиб борган, амалга оширган ишлари сабабли “амири кабир” (улуғ амир), “амири муқарраб” (энг яқин амир) унвонларига сазовор бўлган. Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” асарида келтирилишича, Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Хуросонда бир неча мадраса, 40 та работ, 17 та масжид, 10 та хонақоҳ, 9 та ҳаммом, 9 та кўприк, 20 га яқин ҳовузлар қурдирган. Мутафаккирнинг ташаббуси ва маблағи билан қурдирилган “Ихлосия” мажмуаси ҳозирга қадар бутун дунё аҳли учун ўзига хос маънавий маскан ҳисобланади.

Маълумки, Алишер Навоий барча асарларида комил инсон тарбиясига алоҳида эътибор қаратган. У тарбияни ўта жиддий ва мураккаб жараён, деб билди.

Улуғ бобомиз ўз шеърларида инсон ахлоқ-одоби ҳақида мукаммал йўриқнома, дастур тузганларки, унга қараб ўзимизда комил инсонни тарбиялашга ҳаракат қилишимиз зарур.

Кимки бир кўнгли бузуқнинг

хотирин шод айлагай,

Онча борким, Каъба вайрон бўлса

обод айлагай, —

дея уқтиради Навоий.

Яъни, бобомизнинг эътирофларига кўра, ким кўнгли ўксик бир инсонни хурсанд қилса, ҳатто йиқилган Каъбани қайтадан қурган, обод қилган каби савобга ноил бўлади.

Алишер Навоийнинг “Назм ул-жавоҳир”, “Хазойин ул-маоний” (“Маънолар хазинаси”), “Лисон ут-тайр” (“Қушлар тили”), “Муҳокамат ул-луғатайн” (“Икки тил муҳокамаси”), “Маҳбуб ул-қулуб” (“Қалблар севгани”), “Хамса” каби асарлари халқимиз маънавият хазинасидан муносиб ўрин эгаллаган. Бу асарларда ҳеч шубҳасиз айтиш мумкинки, тарбиянинг миллий асослари ёритиб берилган.

Алишер Навоий инсонда сабр, тавозе, ҳилм (мулойимлик)ни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратган, буларни комилликнинг муҳим белгиси, зеб-зийнати, зиёлилик ва баркамолликнинг намоён этилиши деб билган, ҳилмни “одамийлик оламининг жавоҳирлиғ тоғи” (“Маҳбуб ул-қулуб”) деб ҳисоблаган:

Комилда керак ҳилм хаёли, билгил,

Ким ҳилмдадир илм камоли, билгил.

Алломанинг фикрича, одоб-ахлоқ инсонни ҳурмат-эътиборга сазовор этувчи энг муҳим ва ягона эталондир, чунки одобли инсон: “мансабдор кишилардан гўзалроқ ва бадавлат одамлардан ҳурматлироқдир”. Барча мавжуд неъматлар инсон учун, унинг бахт-саодатини таъмин этиш учун яратилган экан, инсон Аллоҳнинг шу марҳаматига муносиб бўлмоғи, яъни одоб-ахлоқи билан ўз инсоний бурчини бажармоғи зарур.

Навоийнинг ҳаёт йўли ёш авлод учун ибрат мактабидир. Улуғ шоир одоб-ахлоқда барчамизга намуна бўла олади. Юқори мансаб эгаси, мамлакатнинг улуғ вазири бўлишига қарамай, у ҳаётда камтарин-камсуқум инсон бўлган. Ҳиротдаги Хожа Абдулла Ансорий хонақоҳида жорубкашлик (супурувчилик) қилган. Умрининг сўнгигача ушбу хонақоҳни озода тутишга, шахсан ўзи супуриб тозалашга, обод қилишга ҳаракат қилган. Меҳнатдан ор қилмаган, кибрга берилмаган.

Алишер Навоийнинг тарбияга оид “Муншаот” асарида 104 та мактуб мавжуд бўлиб, уларни мавзусига кўра тахминан тўрт турга, яъни табиатни тасвирлашга қаратилган матнлар, шоҳ Ҳусайн Бойқарога давлат ишларида кўмаклашиш мақсадида битилган матнлар, ўз ижодий фаолияти ҳақида Ҳусайн Бойқарони хабардор этиб туриш, панд-насиҳат ва тарбиявий мазмундаги матнларга бўлиш мумкин. Уларда шоир мамлакат шоҳини китоб ўқишга, мактаблар бино қилишга, мактуб ёзишда унинг шакл жиҳатидан аниқ ва тартибли, сўзлари изоҳланган, маъноли бўлишига диққат қаратишга даъват этади. Навоий болаларни бекорчи ўйинлар билан машғул бўлишига қарши туриб, Ҳусайн Бойқародан: “Масжид имомига тайинлансаки, масжид жойлашган маҳалла аҳлининг ўғил ва ёш болаларига мактаб очиб ўқитсалар”, дея илтимос қилади.

Навоий “Хамса”сининг илк достони “Ҳайрат-ул аброр”, ўз-ўзини тарбиялаш ва тавба-тазарруга йўлловчи “Вақфия”, “Лисонут тайр” каби асарларида қат-қат ҳикматлар битилган. “Сени ёмонликка бошлаган одам душманингдир” дея уқтирилади “Ҳайрат-ул аброр”да.

Бордур инсон зотида онча шараф —

Ким ямон ахлоқин этса бартараф.

Инсон зоти шунчалик шарафлики, агар у ўзининг ёмон одатларидан қутулиб, Фиръавн каби зулму ситамга берилмаса, Мусо алайҳиссалом каби эзгу сифатларга ошно бўлади.

Алишер Навоий ширин сўзликни инсон эгаллаши зарур бўлган энг олий инсоний қадрият деб билади:

Сўз қаттиғи эл кўнглини озор айлар,

Юмшоғи кўнгулларни

гирифтор айлар, —

дея уқтиради.

Яъни, қўпол гаплар инсон қалбига оғир ботади, ширин сўз эса кишиларни бир-бирига боғлайди, мафтун қилади.

Шоир умрининг охирларида 1500 йил сўнгида ёзиб тугатган “Маҳбуб ул-қулуб” асари дунёнинг аччиқ-чучугини кўрган, гоҳо “комронлиғ” (бахтиёрлик), гоҳо “нотавонлиғ” (бахтсизлик) топган шоир ва мутафаккирнинг 60 йиллик ҳаётий тажрибаларининг ўзига хос якуни эди. Унда тарбиянинг асосий негизлари ўз ифодасини топган, деб айтиш мумкин.

Халқимизнинг яна бир суюкли фарзанди, улуғ шоир ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг номи ҳамиша Алишер Навоий билан бирга ёд олиниши бежиз эмас. Улар таваллудининг шундай оқилона кетма-кет келганлиги ҳамда доимо биргаликда нишонлашида чуқур рамзий маъно бор. Бу, аввало, Яратганнинг иродаси, қолаверса, улуғ истеъдод ва фидойиликнинг халқимиз томонидан ҳақиқий маънода эътироф этилганлиги туфайлидир.

“Навоий ва Бобур ижоди ўртасида муштарак жиҳатлар борлиги кўпчиликка маълум. Лекин айни пайтда бу икки муҳташам ижод олами ўртасида бир-биридан фарқ қиладиган ҳолатлар ҳам мавжуд. Мисол учун, гарчи улар ўртасида давр нуқтаи назаридан катта фарқ бўлмаса-да, “назмий тиллари” турлича. Навоийни тушунишимиз қийин-у, Бобурни осонроқ тушунамиз”, — деб ёзади адабиётшунос олим Ваҳоб Раҳмонов.

Ҳақиқатан, Бобурнинг назмий асарларини тушуниш ҳозирги кун ўқувчисига ҳам қийинчилик туғдирмайди. Ҳатто боғча ёшидаги болалар ҳам унинг ахлоқий ғояларини англай биладилар:

Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидир,

Ҳар кимки жафо қилса, жафо топқусидур.

Яхши киши кўрмағай ёмонлик ҳаргиз,

Ҳар кимки ёмон бўлса, жазо топқусидир.

Шоир ўқувчиларга “яхши инсон бўл, шунда ёмонлик кўрмайсан” деб уқтирмоқда, тарбия бермоқда.

Инглиз тадқиқотчиси Уильям Эрскин Бобур ҳаётини кўп йиллар давомида ўрганиб ёзадики, инсоният фаолиятининг барча соҳасида “осиёлик шаҳзодаларнинг ҳеч қайсиси Бобурга тенг келолмайди ва унинг ёнига қўйиш учун лойиғини тополмаймиз”. Шунинг учун ҳам Жавоҳарлаъл Неру уни “дилбар шахс” деб атаган эди.

Толе йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.

Адабиётшуносларимиз таъкидлаганидек, тарихда ҳеч бир шоҳ ўзи ҳаётдан кўз юммай туриб, тож-тахтни фарзандига топширмаган. Ҳеч бир шоҳ ўзи ҳақида бор ҳақиқатни, хато-камчиликларини ёзиб қолдирмаган. Аммо шундай қила олган комил инсон юртдошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир.

Бобур афоризмлари унинг мардонавор инсон эканини исботлайди: “Ёмон от била тирилгандин, яхши от билан ўлган яхшироқ”, “Ўрнига қараб, гулга — гул, тиканга — тикан бўл”.

Тақдир тақозоси билан умрининг салмоқли қисмини Ҳиндистонда яшаб, унинг маданияти ва маърифатини юксалтиришга бағишлаган Бобур шеъриятида Ватан соғинчи, уни севиш ва қадрлаш мавзуси алоҳида ўрин тутади.

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши,

Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши.

Кўнглум бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ!

Ғурбатда севунмас эмиш, албатта, киши,

дея яқинларидан айрилиқда, ўз юртидан ғарибликда юрган кишининг кўнгли шод бўлмаслигини уқтиради.

Она юртга бўлган соғинчини изҳор айлар экан, Ватанининг ҳам уни соғинганига ишонгиси келади.

Беҳад вафоу меҳр санга кўрсатиб эдим,

Сен ҳам соғинғайсен меҳру вафо била.

Бу икки буюк аждодимиз ижодий мероси ва ҳаёт йўли асрлар давомида инсониятни тарбиялаш, унга тўғри йўлни кўрсатиш, Ватанни севиш ва қадрлаш, илм, касб-ҳунар ўрганиш, юксак инсоний фазилатларга эга бўлиш каби масалаларда дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Бизнингча, таълим муассасаларида Алишер Навоий ва Мирзо Бобур меросини чуқур ўрганиш учун ўқувчилар ўзлаштиришлари зарур бўлган бадиий, илмий ва маърифий-тарбиявий адабиётлар минимумини шакллантиришимиз, ўқувчилар билан Навоий ва Бобур асарлари изоҳли луғатини ўрганишга эътибор қаратилиши, Навоий ва Бобурнинг педагогик меросини чуқур ўрганишга қаратилган тадқиқот ишларини амалга ошириш зарур. Алишер Навоий ва Мирзо Бобур асарларида илгари сурилган одоб-ахлоқ масалаларини даставвал оила муҳитига татбиқ этиш, бунинг учун ота-оналар, бобо-бувилар учун “Алишер Навоий ва Бобур фарзанд тарбияси ҳақида”, “Алишер Навоий ва Бобур ҳикматлари”, “Алишер Навоий ва Мирзо Бобур меросига мурожаат” каби мавзуларда доимий суҳбатлар, уларда фарзандлар билан бўладиган кундалик мулоқот вақтларини кўпайтиришга қизиқиш уйғотиш бугунги ёш авлодни тарбиялашда муҳим вазифалардан биридир.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × five =