“Бобуршоҳ ва Наполеон” – мутлақо янгича муқояса

Олам ва одам. Бу икки атама оҳангдош бўлса ҳам, маънодош эмас. Чунки, олам – абадий, одам – муваққат: шундай десак-да, Аллоҳ сийлаган даҳолар борки, номларини мангуликка муҳрлаб кетадилар. Шарқдан балққан Бобур Мирзо, кунботар фарзанди Наполеон Бонапарт ана шундай камёб буюклардан иккиси эдилар. Кимлардир ҳайрату ҳавас, яна кимлардир ғийбату ҳасад кўзи билан боқмасин, ҳар иккисининг ўтда куймас, сувда чўкмас сиймоси ҳақида қат-қат китоблар битилмоқда. Улардан энг янгиси ва энг оҳорлиси Рустамжон Умматов қаламига мансуб “Бобуршоҳ ва Наполеон” номли тарихий-қиёсий эсседир (Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2024 йил, 464 бет).

Асарнинг журнал варианти эълон қилингандаёқ (“Жаҳон адабиёти”, 2019 йил, февраль-март сонлари), унга кўпчиликнинг эътибору эътирофи тушган ва ёзувчининг ушбу туҳфаси ўзгача хислатларга бойлигидан нишона берганди. Китоб ҳолида ўқиш насиб этгани эса мухлислар учун айни муддао бўлди. Шон-шуҳрати жаҳон бўйлаган Бобуршоҳ бобомизга яна бир жаҳонгир Наполеон Бонапарт қиёс этилмоқда. Ўхшаш икки қисмат гоҳ ҳикоялар, гоҳ ривоятлар, гоҳ беинкор ҳақиқатлар, гоҳ мунозара тарзида таққосланган. Ундаги воқеалар зичлиги ва қатор-қатор манбалар қайдлангани ҳам, ҳатто сана-рақамларга тез-тез мурожаат этилгани ҳам ўқирманни зериктириб қўймайди. Сабаби, услуб равон ва батамом ўзгача. Воқеалар гоҳ Шарққа, гоҳ Ғарбга етаклайди, кутилмаган якун, оригинал фикр, янгича талқин бериладики, тонг қоласиз.

Қарангки, Бобур ва Наполеоннинг киндик қони томган Фарғона билан Корсика битта жуғрофий чизиқда — 40-42,5-шимолий кенгликлар орасида жойлашган экан. Бобуршоҳ — Самарқандни, Бонапарт — Парижни уч мартадан фатҳ этибдилар, иккови ҳам оиладаги 8 фарзанднинг бири — муштарак ҳолларни кўринг! Бундайин муқоясалар саноғи “Бобуршоҳ ва Наполеон”да юздан ошадики, барчаси муаллифнинг топилдиғи ва кашфиёти, албатта. Кашшоф адиб барини занжирнинг узилмас ҳалқаларидай ғоят усталик билан бир-бирига боғлаб юборган.

“Ҳиндистон подшоҳи Бобур — ҳинд эмас, французлар императори Наполеон — француз эмас. Бобурнинг миллати мўғул ё ҳинд бўлмаса-да, Ҳиндистонда (“буюк мўғуллар императори”) подшоҳ, Наполеон эса француз бўлмагани ҳолда “французлар императори” эди. Бобур Ҳиндистон бойликларини Фарғонага, Наполеон эса Франция хазинасини Корсикага ташигани йўқ”. Ваҳоланки, тожу тахт соҳиблари қаерни эгалласа, ўша жойнинг бутун бойликларини талон-торож қилишгани, халқнинг бор-будини тортиб олишгани тарихдан аён-ку!

— Наҳотки, шундай? — деган ҳайрат кечади кўнгилдан. Ҳар икки шахсни қайта кашф этамизки, эски тасаввурлар бари бир зумда парчаланади. Шарқу Ғарбнинг икки даҳосига хайрихоҳлигимиз ортади.

Мутолаани давом эттирамиз: “Иккала император деярли тенгқур ёшда: Бобуршоҳ (47) ва Наполеон (46) тож-тахтдан воз кечиб, ўрнига ўғлини қўймоқчи эди. Бобур бу қарорга кўнгил ихтиёри ила, Наполеон эса мажбурликдан бармоқ босди. Қонуниятни кўрингки, ота-буваси ҳукмдор ўтган Бобур Мирзо бу ниятига эришди, аждодларидан бирортаси юрт сўрамаган Наполеон Бонапартнинг эса муроди ҳосил бўлгани йўқ. Ва яна ажабки, подшоҳзода Бобур авлодлари Ҳиндистон тахтида асрлаб давру даврон суришди, Наполеоннинг бирор зурриётига ўзидан кейин ҳукмдорлик буюрмади”.

Халқ донишмандлигига яна бир бор иқрор бўламиз. Ахир: “Қазисан, қартасан, асли зотингга тортасан” деган мақолни кўп эшитганмиз-да. Худди шу ҳаётий ҳақиқатнинг тарихий тасдиғи эмасми бу даҳолар қисмати? Қолаверса, миллий тафаккурнинг умуминсоний қонуниятларга ҳамоҳанг эканини кўринг! Адиб ўқувчини мақолнинг айнан ўзидан эмас, моҳиятидан сабоқлантиради. Қисмат аталмиш пешона битигидан ҳеч ким қочиб қутула олмаслигини ҳам урғулайди. Энг муҳими, сиз билан бизни ёзганларига ишонтира олади. Зоҳиран ўта мушкул ижодий ният осонгина уддалангандай туюлса-да, камёб маълумотлар, қайду изоҳлар уч юздан зиёд китобдан чексиз меҳнат-машаққат билан излаб топилган. Муаллиф уларни мушоҳада чиғириғидан ўтказа-ўтказа, саралаб-саралаб, ўрни-ўрнида ҳавола эта билибди. Кези келганда, таъкидлаш жоизки, “Бобуршоҳ ва Наполеон” Рустамжон Умматовнинг салкам икки йиллик изланишлари мевасидир.

Тарихий-қиёсий эсседа битилганидек: “Бобур аркони давлати, оиласи, яқинлари даврасида хотиржам оёғини узатди. Бироқ Наполеон Атлантиканинг жанубидаги олисдан-олис Аё Елена оролида танҳолик ва ғарибликда дунёдан кўз юмди. Бунда ҳам қонуният бор: тож-тахт Бобурнинг отамерос ҳақи эдики, томирида буюк Темурнинг қони оқарди. Наполеон эса насаб жиҳатидан салтанатга бегона ва ҳеч бир сарой унинг хати маҳрига битилган эмас. Бобурнинг ноёб қўлёзмалари Парижга бориб қолган, Наполеоннинг хос мебеллари эса Самарқандда. Асрлар ўтмоқдаки, ҳар икки улуғ саркарданинг хоки туроби эъзозда…” Р.Умматовнинг навбатдаги муқоясаси кўнглимиздаги азалий фахру ғурурни янада кучайтиради. Аммо ноёб қўлёзмалар қаёқда-ю, хос мебеллар қаёқда! Мебелнинг нусхасини ясаб олса бўлади. Аммо бобурона битикларни ким, қачон, қаерда қайтадан ярата олади?..

Менимча, тарихий-қиёсий эссе янги замонда янгича услубда битилган комил асар мақомига етибди. Турфа воқеалар, тақдирий тафсилотлар, таҳлилий мулоҳазаларнинг барчаси таъсирчан ифодага эга. Адиб маҳоратининг юқорилиги кичик сарлавҳаларга катта маъно юклашда ҳам сезилади. Ҳар бир бобнинг остсарлавҳаси безакдай ярашганки, бу ўқувчини ўзига жалб этади. Воқеадан-воқеага ўтган сайин у ҳикоялаш йўсинини ўзгартириб боради, алалоқибат, китобхонда мутолаа иштиёқини кучайтираверади десак, асло муболағаси йўқ. Сарлавҳаларнинг “Падаркуш валиаҳдлар, жувонмарг шаҳзодалар”, “Аёл макрининг бир учқуни – сиёсатда зўр ёнғин”, “Замонлари бўлак – зафарлари муштарак”, “Тож кийган дипломатлар ва сотқин вазирлар”, “Ҳазратларга ҳасрат бўлган олмослар”, “Туркигўй тилшунос подшоҳ ёхуд Наполеон ила Шампольон” дея номлангани бежиз эмас-да.

Фаҳмлаш қийин эмаски, икки буюк ҳукмдорнинг кўп жиҳатдан ўхшаш тақдири-ю, қисман фарқли қисмат қиссаси Рустамжон Умматовнинг далилларни солиштириш маҳоратига ва ижодий қувватига жиддий имтиҳон бўлибди. Бугун комил ишонч билан айта оламизки, у айни синов жараёнида ўзининг чакана қаламкаш эмаслигини исботлаб қўйган, албатта.

“Бобуршоҳ ва Наполеон” қомусий асар (энциклопедия) деб айтишга арзирли янги тарихий-бадиий яратиқдир. Юзлаб китобдан, матбуот ва интернет материалларидан зукколик билан фойдаланилгани ҳам таҳсинга лойиқ.

Янги Ўзбекистонда романга тенг эссе пайдо бўлди. Унинг ёзилиши асло тасодифий эмас. Истиқлол шарофати эркин сўзнинг эркин парвозига кенг йўл очиб қўйгани учунгина яратилди.

Наманганлик адиб ва таржимон Рустамжон Умматов ўттиздан ортиқ насрий, назмий, тарихий, публицистик китоблар муаллифи, пойтахтда ўндан зиёд йирик таржималари (ҳаммаси роман) чоп этилган. У бу галги армуғонида одам миллатидан қатъи назар, Ер куррасининг қаерида яшамасин, омаддан бенасиба қолмайди, буюклиги омадида эмас, омади буюклигида, бунинг учун бир ўзи юзлаб, минглаб одамлар бажара оладиган ҳам жисмоний, ҳам ақлий куч-қудрат соҳиби бўлмоғи шарт! – деган муҳим фалсафани ёқламоқда. Ва ниҳоят, муаллиф ижод майдонида шижоат ва шиддат билан от сурган: одам ҳам олам сингари боқийлик бекатида муқим тура олишини икки буюк шахс тимсолида қиёсий жонлантира олганки, бу қайси жасоратдан кам?..

Атоқли адиб Нурали Қобул “Бобуршоҳ ва Наполеон”га масъул муҳаррир бўлиб, “Тарихга тик ва холис ёндашув” сарлавҳали сўзбоши ёзган. Асарга нисбатан самимий эътироф ва юксак баҳо акс этган қуйидаги жумлаларни Нурали Қобул бежиз битган эмас-да:

“Бобуршоҳ ва Наполеон” китобининг дунёга келиши маънавий ҳаётимиздаги ёрқин воқеадир. Асар буюк Бобурийлар салтанати тарихини ва бу беназир сиймони буюклар билан солиштириб таҳлил этишда мутлақо янги саҳифа очади. Тажрибаларга кўра, битта тарихий-бадиий роман ёзган адиб тарих фанлари доктори бўлиш учун ҳаракат қилаётган олимдан ўн баробар кўп манба ва китоб ўқир экан. Рустамжоннинг бу заҳматли ва фавқулодда муҳим маълумотларга бой битигига ҳам ана шундай кўз билан қарадим ва дўстимизга дейманки:

— Муборак бўлсин!”

Атоқли адибнинг бу эътирофидан сўнг ушбу асарни ҳар бир юртдошимиз, албатта, ўқиши керак деган фикр янада қатъийлашади.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 2 =