Шоирнинг қалб садолари

Теша САЙДАЛИЕВ
ДАРАК БЎЛМАЙ ЖАВОБИНГДАН
Куним тундир, дилим хундир,
Дарак бўлмай жавобингдан
Ё ўрташ завқи авломи бу шайдои
кавобингдан?
Ҳолимдан гулларим йиғлар,
Куйиб булбулларим йиғлар,
Бу-ку мен, тоғ чўкиб кетгай раво кўрган
азобингдан.
Хатинг малҳам бу хастангга,
Ҳамон кўнгли шикастангга,
Жонимга жон қўшилмай ишқ аталмиш ул
китобингдан.
Хатинг олгач, олиб борсам,
Хатингдан ўргилиб борсам,
Жудо бўлмасми бу кўнгил: “Келинг!” деган
хитобингдан.
“Келинг!” десанг, ғамим кетгай,
Қуёшга қўлларим етгай,
Пойимда лола унгай бир табассум,
минг савобингдан.
АЛАНГА
Ишқим аввал бўлса ҳам учқун,
Ҳарорати жон эди танга.
Сирлашдиму сен-ла ўша кун,
Бу учқундан ёнди аланга.
Алангаки, толмас қўл билан
Сенга боғлаб қўйди дилимни.
Уни минг йил ловуллатгайман,
Ёритсин деб ҳаёт йўлимни.
ТЎРТЛИК
Кўзим дер, дилбаринг кўрган ўзимман,
Йўлингни ул томон бурган ўзимман.
Бу йўлдан қайтмагин, асло, адашма,
Шудир бахтинг, кўриб турган ўзимман.
ИНТИЗОРДИР ҚАЛБИМДА ЎЙИМ
Деразам ортидан ой қарар ёввош,
Сенмисан деб, боқаман унга?
Тун пардасин йиртиб, жилмаяр қуёш,
Сенмисан деб, боқаман унга?
Гулларнинг атрини пуркар шаббода,
Дейман, сочи силкинар чоғи.
Сен – менга қуёшсан, ойсан дунёда,
Сен – умримнинг гуллаган боғи.
Шунинг-чун ҳам тезроқ келгин,
севгилим,
Гар келмасанг тўлмайди уйим.
Сенга интизордир кўзларим, дилим,
Интизордир қалбимда ўйим.
БУ ҚЎЛЛАР
Йўқ, ипакдай эмасдир юмшоқ,
Қадоқлидир сенинг қўлларинг.
Қачон,
Қайда бўлмасин,
Ҳар чоқ
Сабоқлидир сенинг қўлларинг.
Уларда йўқ
Маникюр,
Узук,
Жозибаси – меҳнат қадоғи.
Дўстлар деркан:
“Бу қўллар тузук!” –
Бу таърифнинг борми адоғи?
Очилсин деб, кенг, янги йўллар,
Шод этай деб, Ватан, халқимни,
Бахт яратар,
Қурар бу қўллар,
Шу қўлларга берай қалбимни.
ЖЎШ УРДИ ЗАВҚИМ
Қарашимда бобомлар ўтқазган чинор,
Яна бўйдор бўпти, яна ҳам сербарг.
Адашдимми дея, боқаман такрор,
Туғилган уйимдан кўринмас асар.
Боргандим қалбимни этиб хумори,
Онам алласининг роҳатбахш куйи.
Кимни ҳам қўмсатмас умр баҳори,
Кимни ром этмагай туғилган уйи?
Туғилган уйимда хаёллар суриб,
Суҳбат қуролмадим,
Йўқдир ўкинчим.
Ўша уй ўрнида бир анҳор кўриб,
Анҳордай жўш урди завқим, севинчим.
Ўтган 2024 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Адабиёт” нашриёти томонидан шоир Теша Сайдалиевнинг “Мангу уйғоқ қалб” китоби чоп этилди.
Теша Сайдалиев… Бу ном беихтиёр ўқувчилик йилларимизни, қадрдон мактаб қучоғини, туман, вилоят газеталари таҳририятларига машқлар қоралаб борган пайтларимизни, ёзув машинкаси чиқиллаб турган хоналарда ижод йўлида уч-тўрт кўйлакни биздан олдин тўзитган шоир, адиб акаларимизнинг ҳароратли суҳбатларини, шу суҳбатларда мазкур исмни бот-бот эшитганларимизни ёдга солади.
Шоирнинг номи доим чуқур ҳурмат, соғинч билан тилга олинарди. Бир қадар сирли, учқур орзу ва маҳзун армон мужассамдек туюлар эди бу номда. Мактаб, адабиёт хонаси… Деворга илинган кенг стенддаги “Вилоят ижодкорлари” плакатида шоирнинг кичик сурати ва у ҳақда мухтасар маълумот… Уни қайта-қайта ўқирдик…
Теша Сайдалиевнинг номида, шеърларида, у оламдан ўтганидан кейин ҳам ҳаваскор қаламкашни, ҳавасманд ёш ижодкорни руҳлантирадиган, олдинга интилтирадиган маънавий куч, кишини илгарига ундовчи кўринмас қувват мавжуд эди ва ҳозиргача шундай. Ҳа, кўплаб шоир, ёзувчи, журналист ва рассомларнинг ижодий камолотида Теша Сайдалиев номи, сўзи, шеърларининг ғайбона кучи, сеҳрли, мафтункор ва жозибали таъсири бор, дейилса, хато бўлмайди.
Теша Сайдалиев 1933 йилда Термизда туғилиб, 1973 йил 22 июлда – қирчиллама қирқ ёшида (айрим манбаларда 1972 йил) вафот этган. Сурхон дарёси бўйидаги яқин жойда оқава сувлар йиғиндисидан ташкил топган сунъий кўлда икки фарзанди билан бирга чўкиб кетган. Ўшанда кун жуда иссиқ, якшанба куни экан…
Унинг таржимаи ҳолини кузатиб, шеърларини ўқиб, у ёшлигиданоқ жўшқин, қайноқ ҳаёт қучоғида тобланиб улғайишга, ижтимоий фаол бўлишга интилган, деган хулосага келиш мумкин. 1951-56 йилларда Самарқанд давлат университетида таҳсил олган. Шундан сўнг Самарқанд вилоят газетасида мухбир, бўлим мудири вазифаларида, 1959 йилдан Сурхондарё вилоят газетасида меҳнат қилган. Вилоят газетаси бош муҳаррири ўринбосари вазифасида ишлаш билан бирга, 1961-73 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари лавозимида фаолият олиб борган.
Ҳаёт пайтида шоирнинг “Туҳфа” (1961), “Сурхон садолари” (1966), вафотидан кейин “Кўнгил гавҳари” (1974), “Ҳаёт ишқи” (1993) китоблари нашр этилган. Яқинда яна бир китоби – “Мангу уйғоқ қалб” ўқувчилар қўлига етиб борди. Китобга шоирнинг шеърлари танлаб-саралаб киритилган. Ўзига хос ижодий услубга эга шоирнинг шеърларини қайта нашр этиш, бугунги китобхон ҳукмига яна бир бор ҳавола қилишга эҳтиёж бор, албатта. Негаки, Теша Сайдалиевнинг ғоявий ва бадиий жиҳатдан пишиқ, серқирра ижодидан баҳрамандлик бугунги китобхон учун бой маънавий озуқа беради, кўнгилларга пок ва беғубор кайфият бағишлайди, ҳаёт ва замон ҳақиқатларини англашда қўл келади. Айниқса, ёш ҳаваскор-ижодкорларнинг бадиий диди, адабиёт, шеърият ҳақидаги тасаввурлари шаклланиши ва ўсишига таъсир қилади, бу борада ўзига хос тажриба, таҳлил ва тадқиқ манбаи бўла олади. Шу билан бирга, миллий шеъриятимизнинг тараққиёт тадрижини белгилашда, ўша давр шеърияти манзарасини, адибларнинг қиёфасини тўла тасаввур этишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари шеърияти тўғрисидаги тасаввурни бойитади. Ҳақиқат шуки, бадиий асар аниқ бир даврда одамларни қийнаган қийинчиликлар ва қувонтирган қувончлар ҳақида, улар қандай туйғулар, кечинмалар билан яшагани, уларнинг орзу-армонлари ҳақида келажака ахборот беради. Шуни ҳам унутмаслик керакки, Теша Сайдалиев ХХ асрнинг иккинчи ярмида жаҳонда “космик қўриқ”лар ўзлаштирилаётган чоғларда, “бешйиллик”ларнинг кўтаринки кайфияти қайнаб тошган совет тузуми даврида яшади, ижод қилди. Даврнинг илғор, фаол кишиси сифатида долғали ижтимоий жараёнларни ижодида ёрқин акс эттиришга ўзини масъул сезди. Давр билан дарддош, ҳамфикр, эл-юрт, халқ дарди ила дардманд бўлди. Лекин ҳеч қачон виждонига қарши бормади, миллатга қарши сўз айтмади. Севги, муҳаббат, ватан, миллат каби мангу мавзуларда тошиб, жўшиб ёзди.
Теша Сайдалиев ижод йўли аввалида ёзилган “Сенга, илҳом париси” шеърида ҳаётини, орзу-мақсадларини “илҳом париси”га ишонган:
Сенга жоним, илҳом париси,
Ўсмирликдан эдим-ку шайдо…
деб кўнгил ёради у илҳом парисига ва ва илҳом парисидан кўп туҳфа ва илҳомлар кутади. Яна шу шеърда:
Кундузларга улаб тунларни
Тонг нуридай оқар сатрлар…
Ушбу сатрлар қатидаги маъно-мазмундан маълум бўладики, ёш шоир шеърият оламига шунчаки енгил сайр учун эмас, балки қатъий мақсад ва маслак билан, тақдир аъмоли, виждон амри билан қадам қўйган.
У тонг, нур, ёруғлик ҳақида кўп ёзди. Дунёни беғубор, ойдин рангларда кўришни истади. “Онамга хат” номли шеърида “Янги бахт келтирар ҳар янги тонгим…” деб ёзиши ҳам шу истак туфайли бўлса, ажабмас.
Некбин ният билан битилган “Бахт” шеърида адабиёт олами остонасидан энди ўтган ёш ижодкор ўз ижодий-маънавий принципини шундай ифодалади:
Бахт шудирки,
Юртнинг меҳри сингса қонингга.
Бахт шудирки,
Барқ урдирсанг элнинг орзусин.
“Қарзим ва арзим” шеърида “Она ердан қарзим жуда кўп…” дер экан, биргина шу мисра шоир ўзини Ватан, халқ, гўзаллик, эзгулик, яхшилик олдида ғоятда бурчли, қарздор ҳисоблаганини, келажак олдида масъул билганини англатади.
Шубҳасиз, у ўз даврининг бедор ва ҳозиржавоб шоири, зиммасидаги масъулият ва бурчни, ижодкорлик қарзини чуқур ҳис этадиган фуқароси, том маънода маданиятли, зиёли инсон эди. Шу сабаб асарларида ўша замоннинг собит мезон ва ўлчовлари бўй кўрсатганини инкор этиб бўлмайди. Битикларида тарихга эврилган замоннинг руҳияти ва кайфияти сезилади. Масалан, шоир “Пахтакор ўлка” шеърида шундай ёзган эди:
Ўзбек шони,
ўзбек фахри,
ўзбек шуҳрати
Пахтамизнинг мазмунида
бўлган мужассам…
Ушбу мисралардан аён бўлмоқдаки, ҳассос шоир айни пайтда Ўзбекистоннинг, ўзбек халқининг содиқ фарзанди, асл шоири.
Сирасини айтганда, у пайтда пахта мавзуси миллий адабиётимизнинг энг кўп қаламга олинган, адиблар томонидан энг кўп мурожаат қилинган, кўпчиликка унвон, мукофотлар олиб берган асосий мавзуларидан бири эди. Бунинг сабаби бор. У ҳам бўлса, у оғир йилларда жафокаш халқимизнинг асосий меҳнат, машғулоти, республиканинг асосий бойлиги, даромади пахта хомашёсидан иборат бўлган.
Табиийки, ҳар бир адиб ижодига муносабат билдирилаётганда даврдан, мавжуд ижтимоий-маънавий муҳитдан келиб чиқилса, даврийлик қоидасига амал қилинган бўлади. Ана шу қоидага амал қилингандагина адиб ижодига холис ва адолатли баҳо бериш мумкин. Шу мезондан ёндашиб айтиш мумкинки, Теша Сайдалиев ўзи мансуб эл-халқ учун, ўзи суюб ардоқлаган юрт – Ватан учун виждонга хиёнат қилмасдан, ҳақ ва ҳақиқатга зид йўл тутмасдан ижод қилиш заруриятини чуқур англаган. Ана шу англам туфайли “Самарқанд” шеърида ўзи таҳсил олган Самарқанд давлат университети – СамДУни назарда тутиб, қуйидаги сатрларни битган:
Гўзал Париж, дабдабали Нью-Йоркига
Алишмасман СамДУмизнинг бир хонасини,
Ахир, фарзанд алишарми ўз онасини?!.
“Ахир, фарзанд алишарми ўз онасини?!.” – Бу ўзбек шоирининг ватанпарвар, элпарвар инсоннинг шекспирона қалб ҳайқириғидир! Шубҳасиз, шоир СамДУ тимсолида она Ватанни назарда тутади.
Дарҳақиқат, оташқалб шоир асарларида гўзал инсоний туйғуларни, тирикликнинг эзгу маъносини акс эттирган, ҳаётни янада гўзал ва обод этиш ишқи билан ёнган замондошнинг маънавий оламини тасвирлаган. Шу маънода, унинг ижодида атоқли шоирлар Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ҳамда ўша авлод вакиллари билан адабий ҳамнафаслик, дарддошлик ва оҳангдошликни кўриш, пайқаш қийин эмас.
Шоир қаламга олган ҳар бир мавзуда ўз нуқтаи назарини, ўз ёндашувини қатъий билдиради. Унинг ўзи учун белгилаб олган йўл-йўриқлари, ижодий қоида ва принциплари бор. Шу маънода кўпгина шеърларида лирик қаҳрамон қиёфасида шоирнинг шахси, ўзлиги намоён бўлиб, бу кўзгуда унинг виждони, эътиқоди бор маъно-мазмуни билан равшан акс этади. Масалан, “Мангу ўчмас аланга” шеърида у ватанпарварлик туйғуси узоқ аждодлардан – ота-боболаримиздан мерос эканини, яна маънавий мерос сифатида авлоддан авлодга ўтишини ёрқин ифодалайди:
Умримни ардоқлаб сўнмас нурида,
Мангулик табассум ёйган юзимга.
Бу – Ватан ишқидир!
Қалбим тўрида,
Қалб тинса,
Меросдир ўғил-қизимга.
Бу собит тўхтам шоирнинг виждон хулосаси бўлиб, у шеър муаллифининг маънавий, инсоний қиёфасини, она Ватанга бўлган чексиз муҳаббатини акс эттиради.
Китобдаги шеърларда поёнсиз кенгликларни, олис уфқларни илғайсиз, қуёшдан-да иссиқ оташ тафт қалбингизни куйдиради. Кўксингиздан ловуллаб ўт чиқади. Сўзларда жануб юрт – Сурхондарёнинг иссиқ ҳарорати сезилади. Масалан, Термиз шаҳри ҳақидаги “Сен ва мен” шеъри она Ўзбекистон, азиз Ватан ҳақидаги ана шундай салмоқли шеърлардан биридир:
Боғингда яшнаган ҳар гул, ҳар япроқ
Баҳорий тошқинлар берар завқимга.
Кўксингда порласа янги бир чироқ,
Қуёш кўчган каби бўлар қалбимга.
Шеърда, ўша йилларда кенг тарқалгани ва урфда бўлгани каби, Ватан мавҳум, олисдаги ноаён бўшлиқ эмас, балки аниқ, муайян манзара ва қиёфага эга тушунча сифатида таърифланади. Бу сифатлар ота юртнинг қадрдон суратларидан иборат экани англашилади. Шеърнинг сўнгги бандида гўё шоир аллақачон ўзи, жўшқин ҳаёти, эҳтиросли ижоди ҳақида нималардир дегандек туюлади ўқувчига:
Сенсиз ҳеч нарсадир менинг менлигим,
На шуҳрат, на олтин менга ҳавасдир,
Шеърий базмларда эслашиб номим,
“Термизлик шоир бу”, десалар, басдир!
“Борлиғим сенга” шеърида эса Ватан меҳрига қониб, тўйиб бўлмаслигини, Ватанга бўлган муҳаббат ва садоқатини қуйидагича ифодалайди:
Чўлларингда дарё бўлиб оққим келади.
Одатимми
Ё меҳрингга тўймаганданми,
Жамолингга қуёш бўлиб боққим келади.
Шеър ва сўз манзараси ва табиати бепоён. У шоирнинг руҳият, қалб, кайфият манзараларини қамраб олади. Шоирнинг бадиий маҳорати образлар ва рамзларда, метафоралар ва ўхшатишларда яққол кўринади. Масалан, “Абдулла ва Абдуллалар” шеърида “Кекса чўл”, “Ойдин тун” шеърида “Ойдин тун… Ҳовлимиз докадай оппоқ…”, “Шерободлик лўли қиз” шеърида “Қошлари қора тўлқин…”, “Нега сени севмай?!.” шеърида “Шеъримдаги ҳар битта сўзим, Сенга берган қалбим парчаси…”, “Дўстларим” шеърида “Юзларида севинчларнинг рақсин кўраман…”, “Ёшлигинг” шеърида шоир Самарқанд шаҳрини ёшлик, навқиронлик, бахт ва муҳаббат шаҳри сифатида таърифлар экан: “Қуёш агар мингта бўлганда Сенга бари бўларди ошиқ”, “Ёшликнинг ҳар нафаси қўшиқ…”, “Самарқанд” шеърида “Ҳар миноранг санъатингга буюк ундовдай!..”, “Сен юртимга ажиб холдай ярашган шаҳрим…”, “Онамга хат шеърида” “Ватан чироқлари мисоли офтоб…” каби мисралар шоирнинг ўзи таҳсил олган, ёшлик, навқиронлик йиллари кечган қадим ва навқирон шаҳарга, қадрдон юртга бўлган катта муҳаббатини акс эттириши билан бирга, унинг бадиий олами нақадар кенг бўлганини ҳам кўрсатади.
Теша Сайдалиев оқибатли фарзанд, маърифатли ва зиёли инсон сифатида ўзи туғилиб камолга етган Сурхон воҳасини айрича меҳр-муҳаббат билан баланд пардаларда тараннум этади. “Сурхондарё” шеърида:
Сурхондарё, Сурхондарё, меҳригиёсан,
Кўзларимда порлаб турган нури зиёсан.
дея шоир Ватанни ота-она, ота-онани Ватан мақомида улуғлар экан, “Қарзим ва арзим” шеърида улар олдидаги масъулият ва бурчни:
Эй, шоир дўстларим,
Қалбларнинг сирин
Сизнинг шеърингиздан билади олам.
Улуғлаган чоғда оналар меҳрин
Унутманг оталар муҳаббатин ҳам
деб баён этади.
Теша Сайдалиев ҳаётининг сўнгги даврларида катта адабий жанрларга қўл уриб, “Меҳрга зор” номли драма ёзишга киришган. Афсуски, бу асарни тугата олмаган.
Айтиш жоизки, Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган “Мангу уйғоқ қалб” тўпламига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими раҳбари Менгнор Олломурод масъул муҳаррирлик қилган. Китобга филология фанлари номзоди, адабиётшунос олим Болта Ёриевнинг шоирнинг ижоди ва фаолияти ҳақидаги салмоқли мақоласи, шунингдек, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “Теша ака Сайдалиев хотирасига” деб номланган шеъри, публицист ва журналист Маҳмуд Абулфайз, шоир Нарзулла Сўфизода, филология фанлари номзоди, доцент Бобоназар Муртазаевнинг шоир хотираси ва ижодига бағишланган хотиралари, тадқиқотлари киритилган.
Айрим жузъий хато ва камчиликларга қарамасдан, “Мангу уйғоқ қалб” китоби шоир Теша Сайдалиев ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш, уни адабиёт мухлисларининг янги авлодига етказишда муҳим қадам бўлганини таъкидлаш лозим.
Салим АШУР,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
журналист.