“Ижтимоий карта” нима ва у кимларга берилади?

Ижтимоий карта 2024 йилнинг декабрь ойидан бошлаб янги тайинланган 9 турдаги ижтимоий тўловлар олувчи шахсларга тақдим этилмоқда.

Унга мувофиқ ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш молиявий агент вазифасини бажарувчи Ўзбекистон Республикасининг резидент тижорат банклари томонидан амалга оширилади.

Барча фуқаролар учун дастлаб электрон ижтимоий карта муомалага чиқарилади ва фойдаланиш учун тақдим этилади. Банк картаси шаклидаги ижтимоий карта фуқароларнинг хоҳишига кўра муомалага чиқарилади ва фойдаланиш учун тақдим этилади.

Ижтимоий картани муомалага чиқариш Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали, “Ижтимоий карта” мобиль иловаси ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳамда алоҳида ҳолларда ижтимоий ходимлар — молиявий  агент орқали амалга оширилади.

Ижтимоий карта барча фуқароларга мобиль илова орқали реал вақт режимида бепул асосда муомалага чиқарилади ва фойдаланиш учун тақдим этилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб “Ижтимоий карта” АТ ва мобиль иловани техник қўллаб-қувватлаш ижтимоий карта бўйича тўлов хизматларини кўрсатувчи тўлов ташкилотининг туну кун фаолият кўрсатадиган техник хизмати йўлга қўйилган бўлса, 1 февралдан бошлаб ижтимоий картани муомалага чиқариш ва фойдаланиш учун тақдим этиш масалалари бўйича Агентликнинг ахборот-маълумотнома хизматларини кўрсатувчи “1070” қисқа рақамли ва туну кун фаолият кўрсатадиган хизмати фаолияти тест режимида йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали фойдаланувчиларни идентификация қилиш тизими доирасида “Ижтимоий карта” АТнинг идентификация қилиш тизими жорий этилади.

Айтиш керак, қарорга мувофиқ, фуқаролар ўз хоҳишига кўра керакли ҳужжатни қоғоз шаклида ёки мобиль илова орқали рақамли шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга. Йил бошидан янги тайинланган ижтимоий тўловлар ижтимоий карта орқали тўланганда, олувчининг илгари тайинланган бошқа ижтимоий тўловлари ҳам ижтимоий карта орқали тўлаб берилади.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 1 апрелдан бошлаб ижтимоий карта транспорт картаси, шу жумладан, жамоат транспорти учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган шаҳар йўналишлари бўйича тариф режаларидан фойдаланган ҳолда имтиёзли транспорт картаси вазифасини бажаради.

2027 йил 1 январдан бошлаб эса ижтимоий тўловлар фуқароларнинг ижтимоий карталарига ўтказилади.

Алибек ЎСАРОВ,

Қўшработ туман адлия бўлими

юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten − three =