Жадидлар жасорати

Маҳмуд ТОИР,

Ўзбекистон халқ шоири

Қалб қатида кўз кўргингиз келса агар,

Иймон, инсоф ҳам илмни қудрат тутинг.

Миллат қадри қонингизда бўлса магар,

Жадидларнинг жасоратин ибрат тутинг.

 

Жадидларнинг жон толаси миллат, деган,

Жадидларнинг дил ноласи миллат, деган,

Жадидларнинг ҳар боласи миллат, деган,

Жадидларнинг жасоратин ибрат тутинг.

 

Ҳар дарёнинг поёнида уммон бўлмас,

Ватан дебон жонин тикиш осон бўлмас,

Балки шоир, аммо ҳеч вақт Чўлпон бўлмас,

Жадидларнинг жасоратин ибрат тутинг.

 

Кўзингизнинг кўзгусида Ватан борми,

Дилингизнинг туйғусида Ватан борми?

Умрингизнинг уйқусида Ватан борми —

Жадидларнинг жасоратин ибрат тутинг.

 

Мунавварнинг мунаввардир ҳикматлари,

Асрларга чироқ ёқар Ибратлари,

Ҳамза, Сидқий, Авлоний ҳам Фитратлари,

Жадидларнинг жасоратин ибрат тутинг.

 

Қодирийга таҳсинларим сиғмас сўзга,

Беҳбудийдан мерос қолган маъни ўзга,

Элбек бўлиб яшамоқнинг шаъни ўзга,

Жадидларнинг жасоратин ибрат тутинг.

 

Ҳаёт бизга ҳалолликни ўргатарми,

Билмагайсиз гул тутарми, кул тутарми?!

Ҳар оқил ҳам жадидлардек йўл тутарми —

Жадидларнинг жасоратин ибрат тутинг.

 

Осмон билан ер ораси қанча эрур —

Жадидларнинг армони ҳам шунча эрур!

Эрки учун жон тўлаган хунча эрур…

Жадидларнинг жасоратин ибрат тутинг.

 

Қорни учун қул бўлганни суймаганлар,

Ёт қўлларда гул бўлганни суймаганлар,

Ўз жонининг жабри учун куймаганлар,

Жадидларнинг жасоратин ибрат тутинг.

 

Тилнинг бонги қулоқ учун қуйма сўздир,

Дилнинг бонги юрак учун ўйма-сўздир.

Эл-юрт учун мангу ёниб қолган издир,

Жадидларнинг жасоратин ибрат тутинг.

 

Тун жилмаяр ўзи тутган наҳор билан,

Фасллар ҳам юз очгайдир баҳор билан…

Халқ ҳурлигин кутган улар хумор билан,

Жадидларнинг жасоратин ибрат тутинг.

 

Мудроқ диллар жадид бўлиб уйғонсинлар,

Миллат деса, жон, қонида тўлғонсинлар,

Гар қувонса, уйғонгандан қувонсинлар,

Жадидларнинг жасоратин ибрат тутинг.

 

Нияти хуш, кўнгли обод жадидлардир,

Зикри озод, фикри озод жадидлардир,

Яхшиларни этсангиз ёд, жадидлардир,

Жадидларнинг жасоратин ибрат тутинг.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − three =