Китобнинг “навбати” қачон келади?
Озгина шоирлиги бор, газеталарга мақолалар ёзиб турадиган қўшма корхона иш юритувчиси Дилшодбек қишлоққа йўл олишдан олдин укаларига нима совға қилиш юзасидан бир оз тараддудланди-да, лоп этиб хаёлига ёрқин фикр келиб қолди. “Китоб олиб бораман!”. Ахир беҳудага “Боланинг қўлига нондан кейин китоб беринг” демагандир машойихлар. Қанийди, нондан олдин китоб берадиган кунлар келса?! Китоб билан хонадонга маърифат кириб боради, нур кириб боради. “Қандингни ур, Дилшод! Шунчалик олтин бош бўладими?” Бу совға баҳонасида бир ўқ билан битта эмас, ўнта қуённи ургандек бўлади, ҳам болалар хурсанд, ҳам диллар чароғон, ҳам жамият юксалган.
Энди яхши китоб топиш муаммоси кўндаланг бўлди. Кўплаб буюкларнинг фикрлари билан танишиб чиқишга тўғри келди: улар кўпроқ қайси тафаккур дурдоналарини эътироф этишган? Китобларнинг зўри-ку энциклопедия! Бирданига “ЎзМЭ”нинг ҳамма жилдини кўтариб борсами? Бу шириндаврон хаёлидан ўзи ҳам нашъа қилиб, кулиб юборди, бунинг учун отлиқ бўлиши керак, ҳозирча эса у пиёда.
Узоқ мулоҳазадан кейин Жюль Верннинг “Ўн беш ёшли капитан” асарига тўхталди. Кўплаб машҳур кишилар уни ер ва осмон илмларини ўрганишга қизиқтирган, буюк саёҳатларга илҳомлантирган, кашфиётларга йўл очган, ҳаяжонлантирган, йиғлатган, яна аллақанча фазилатлари бўйича мақтаган экан. Балки қишлоқнинг биқиқ муҳитида мол етаклаб, ўт чопиб ўсаётган укалар дунёсига Колумб ёки Гагарин бўлиш ҳаваси пайдо бўлиб қолса… Китобни топиш қийин бўлмади, китоб дўконлар ҳувуллаб ётарди, жавонлар майишиб кетган, одамларимиз кам китоб олишади. Хуллас, укалар, уларга қўшилиб мактаб, бутун қишлоқ яйрайдиган бўлди. Ҳозир чекка жойларга китоблар кам боради, талашиб, ютоқиб ўқишса керак. Яқин йилларда бирор танишининг қишлоққа, болаларига китоб олиб борганини эслай олмайди. Бу ишни у биринчи бўлиб амалга ошираяпти. Бирдан ғўдайиб кетди.
Шундай қилиб, китоб эгаларининг қўлига тегди. Муқоваси ялтираб турган мўътабар совғани укаларига топширар экан, уларда бирор қизиқиш, ҳатто шунчаки ўзгариш ҳам сезмаган Дилшод буни катталарнинг бепарволигига тўнкади. Уларни ичидан яниди. “Ширинлиг-у ичимлик, кийим-бошу пойабзал олиб келишган, бирор марта китоб харид қилишмаган…”
— Мана бу китоб — зўр китоб. Унда ҳам география, ҳам биология, ҳам зоология, тарих, об-ҳаво, денгиз ва қуруқликлар ҳақида, умуман, жуда кўп маълумот бор. Жюль Вернни эшитгансизларми?
Атрофини ўраб олган ўнинчи, саккизинчи, олтинчи, тўртинчи синфларда ўқиётган укалари бурнини тортиб турар, унинг саволларига фақат бошини ирғаб жавоб беришарди. “Ҳечқиси йўқ, — ўйларди Дилшод, — булар ҳали китобнинг таъмини олмаган. Бир мазасини татиб кўрсин, асаларидек бочканинг атрофидан кетмай қолишади”.
— Кейинги сафар келишимда мазмунини сўрайман, — болалар жилмайди, лекин қотиб тураверди. Уларнинг қизиқишини ошириш учун:
— Қанча тез ўқиб бўлсаларинг, шунча тез келаман, — деб қўйди гўё укалари “Бир ҳафтадан кейин келинг” дейдигандек.
Ой ўтказиб келган Дилшод ваъдасига мувофиқ укаларини тўплади.
— Китоб зўр эканми?
Унинг наздида укалари ҳозир чуғурлашиб, уни саволлар билан кўмиб ташлайдигандек эди. Жимлик, фақат бурунни тортган овозлар қулоққа чалинди.
— Булар китоб ўқийдими? Эртаминан кўзини очгандан телевизор тагидан қимирлашмайди. Кечаси ухлагандан кейин бечора қора қути дам олади, — гапга қўшилди онаси ийманибгина.
— Шуни ўчириб қўйса бўлмайдими?
— Э, қўйишадими? Ҳаммаси жовва тармашади. Айниқса, мактабга бормайдиганлари қўймайди, осилиб, йиғлаб олади.
— Эслироқлари овутса…
— Катталари телефондан бўшамайди-ку…
“Борадиган жойига борибмиз…” деган мулоҳаза хаёлига келди-ю, шаҳарлик йигит ўзини тийди. Меҳр билан укаларига китоб ўқишнинг фойдаси ҳақида гапирди.
— Жюль Верн — зўр ёзувчи. У саксонга яқин роман ёзган. У ҳатто бизнинг юртларга темир йўл келишини юз йил олдин башорат қилган…
Кейинги сафар келишида ҳам билдики, ҳали китобга навбат етмаган. “Балки етмайди ҳам…”. Томоғига нимадир тиқилди, фақат укаларининг қизиқишини ошириш (ўзи қизиқиш бўлмаса, қайдан ошади?) учун атайлаб:
— Жюль Верн билан бирга ишлаяпман. Зўр одам экан, бир хонада ўтирамиз, — деди.
Аммо укалари пинагини бузишмас, фақат аҳён-аҳёнда бурнини тортиб қўйишарди. На ўнинчида, на саккизинчида, на олтинчида, на тўртинчида ўқиётган ука: “Ўтган сафар унинг юз йил олдин яшаганини айтувдингиз, сиз уни қандай кўрасиз?” дея олмасди.
Шунда хўрлиги келиб, уларнинг кўзига тикилди. Кўзлар худди кучукчанинг кўзига ўхшар, уларда на ақл ва на учқун бор эди…
Ҳаким САТТОРИЙ