Ўртамиёна одамлар

Ривоят қилишларича, ҳазрат Али бир куни овдан қайтиб келаётса, йўлидан чиққан илонча отини ҳуркитиб юборибди. Ҳазрат Али уни маҳв қилиш учун қиличини қинидан чиқарган экан, илон бўйи баравар катталашибди. Ҳазрат қиличини бир сермаган экан, илон аждаҳога айланиб, унга даф қилишга шайланибди.

Иложсиз қолган ҳазрат унга қараб чиройли кўзларини, ялтироқ тангаларини мақтаб силаб сийпаган экан, аждаҳо қайтадан илонга айланиб, жилпанглаб бир тешикка кириб кетибди. Бу синоатдан ҳайратга тушган ҳазрат бироз юрган экан, яйдоқ жойга боғлаб қўйилган, эти устихонига ёпишган сигирга дуч келибди. Унинг ёнида бедазор ўтлоқ, ўтлоқда эса диркиллаган дуркун бузоқча чопиб юрганмиш. У беда гулларидан чимдиб-чимдиб еб тураркан-да, югургилаб келиб, сигирни ҳам эмиб-эмиб кетаркан. Ҳазрат бу синоатнинг ҳам мағзини чақолмай йўлида давом этибди. Бир дарахтнинг ёнига етганида бироз дам олиш учун отини боғлаб, ўзи дарахт соясига чўзилибди. Шунда унинг кўзи дарахтда шохдан-шохга ўтиб, турли оҳангда бирам ёқимли сайраётган қизил, яшил, сариқ рангли қушчаларга тушибди. Қушчалар сайраб-сайраб пастга учиб тушаркан-да, тезаклаган отнинг гўнгини чўқиб-титиб еб, яна дарахтга кўтарилиб, сайрашни давом эттираркан. Ҳазрат Али овдан қайтгач, йўлда кўрганларини устозига сўзлаб берибди.

— Йўлингда дуч келган илоннинг хатти-ҳаракати аёлларга хос, — дебди устоз. — Аёл кишини қанча аврасанг, мақтовга олсанг, шунча мулойим тортади, жоҳиллик қилсанг, жаҳолат қўпади, бошингга бало ёғилади. Яйдоқда боғлоғлиқ турган сигир раиятга монанд, бузоқ эса нафсига эрк берган тамагир мулозимлар. Улар давлатни ҳам алдайди, халқни ҳам талайди. Дарахт шохида ёқимли сайраётган турли рангдаги қушчалар эса тили бошқа-ю, дили бошқа одамларнинг бир тоифаси. Бундай одамлар жамиятда ҳар соҳада пешқадам бўлишга интилади, муайян мавқега эришади. Уларда уят-андиша бўлмайди, жамиятда ўз манфаатига мос келадиган муҳит яратади ва атрофига ўзига ўхшаган ҳаммаслакларни йиғади. Улар ўзидан юқори мартабадагиларнинг товонини ялайди, паст мартабадагиларни товон остига олади. Лекин ҳамма билан бирдай ширин сўрашади, ҳазил қилади, ҳатто латифанамо гапларни ҳам қистириб қўяди. Дунёқараши ўзига тўғри келмайдиган киши билан ҳам ўпишиб кўришади, кўнглини олади, кейин орқаваротдан уни даҳрий деб эълон қилиб юборади.

Юқоридаги ривоятда келтирилган уч ҳолатдаги жоҳиллик, тамагирлик ва иккиюзламачилик ана шундай одамлар тийнатида мужассам бўлади ва юзида зоҳир бўлади. Улар фаришта қиёфасига иблис сийратини яширган ўртамиёна кишилар бўлсалар-да, ўзлари ҳақларида юксак фикрга эга бўладилар ва бу фикрга қўшилмаган кишиларни жамиятдан сиқиб чиқаришга интиладилар. Лекин одам тарозисидан кўра адолатлироқ ва холисроқ ўлчам борки, бу илоҳий ўлчамдир. У гуноҳ-савобларнинг ажрини чиқаради ва инсоннинг гарданига ташлайди. Шунга қараб одамнинг турқи, шаклу шамойили фаришта ёки шайтон қиёфасига кира боради ва уни ҳеч бир меъмор ёки мусаввир ўзгартиролмайди.

Ҳикматли китобларда ёзилишича, пайғамбарлардан Мусо алайҳиссаломга тўққизта мўъжиза берилган бўлиб, унинг қўлидаги асо истаган пайтда аждаҳога айланар экан. Қўлини қўлтиғига тиқиб чиқарса, кўзни қамаштириб, одамнинг ақлини шоширар, Нил дарёсини амри билан оқизиб-тўхтатармиш.

Бу пайғамбарнинг иродаси билан тўфон кўтарилиб, еру кўкни тутармиш, учар ва пиёда чигирткалар истаган жойни маҳв қилиб, истаган жойини ғорат қилармиш. Истаган одамларини очликка дучор қилиб, уларга бит, қурбақа ва қон балоларини юборармиш. Шунинг учун арабларда “Лакулли Фиръавн Мусо”, яъни ҳар бир фиръавнга бир Мусо деган нақл бор.

Ўртамиёна кишилар жамиятда мусавийлик даражасини даъво қиладилар ва ўзидан кучлироқ ҳар битта заковат соҳиби уларнинг кўзига фиръавн бўлиб кўринади. Бундай одам ўзидан кучлиларни маҳв қилиш учун барча усул ва найрангларни, қабиҳликларни ишга солади, атрофдагиларни ва жамиятни унга қарши қўяди, шунинг учун унинг қиёфасида шайтоний аломат зоҳир бўлиб боради ва алалоқибат у шайтонга айланади. Ўртамиёна одам ҳамма жойда ҳозиру нозир, ҳамма тадбирларга эгалик қилишга интилади, ҳамма уни танийди, лекин унинг кимлигини юзига айтишдан андиша қиладилар. Чунки шусиз ҳам уни Худо уриб қўйган, юзидан файз қочган, кўнглида яхшилик, дилида иймон йўқ. Лекин буни ўзи тан олгиси, Раҳмонга ён бергиси келмайди, тавбага келмай, тўнғиз қавмида риҳлатга равона бўлади.

Тадқиқотларга кўра, одамзод бир кунда ўн минг марта нафас оларкан. Яхши эзгу амаллар билан олинган нафас мусбат, ёмонликка йўғрилган ҳаво манфий бўлиб одам ичига кираркан. Ҳужайра ва тўқималар тўйинганидан кейин қолган ортиқча манфий ҳаво одамни ичидан емириб бораркан. Эзгуликка йўғрилган нафас инсонни юксакликка олиб чиқади, руҳни озод қилади, уни улуғ ишларга ундайди. Ўртамиёна одамлар эса бундай бахтдан бебаҳра бўлиб, шунинг учун ҳам улар ўртамиёна одамлардир.

Содиқ ДЎСТ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + 7 =