Ниқобли одам

Уни сиз кўргансиз, биласиз, суҳбат ҳам қургансиз, бир даврада ўтиргансиз, чой ичгансиз, чақчақлашгансиз. Унинг қадди-қомати тик, сўзлари бурро, суҳбати кишини маҳлиё қилиб қўяди. Фикри тиниқ, гапи мазмунли. Юрт истиқболи учун қайғуради, эртамизни, келажагимизни кўп ўйлайди. Доим китоб ўқийди, одамларга жуда меҳрибон. Элнинг юкини елкасига олган. Аҳолига ёрдам бериш, кўмаклашиш, рўзғорининг бир четини кўтариб юборишни бурчи деб билади.

Одамлар ҳам уни алқайди, дуо қилади, “барака топсин, элга қайишадиган одам экан” дейишади, ўзининг биродаридек, қиёматли дўстидек ҳурмат қилишади. Дарди дунёсини унга айтишади, нажот кутишади. Аммо улар бу таассуротлар, бу мулозамат, бу меҳрибонлик, бу ватанпарварлик алдамчи эканини билишмайди. Аслида, унинг юзида ниқоб бор. Одамлар унинг ҳақиқий башарасини кўришмайди. Ниқоб орқали билишади. Ниқоб эса унга шон-шуҳрат, обрў-эътибор, мансаб, мартаба ва олқиш келтиради.

Аслинг каби кўрин, ёки…

Унинг ҳақиқий башарасини ҳеч ким кўргани йўқ. Кўра олмайди ҳам. Кўрсатмайди ҳам. Сабаби ниқоб унга ҳаёт-мамот, нажот, яшаши учун сув ва ҳаво! Ниқобсиз у сувдан чиқиб қолган балиқ. То тирик экан, ниқобини ечмайди. Ниқобини ечса борми, гўё дунё тескари айланиб кетади. Ҳаёти барбод бўлади. Ҳамма қилмишлари ошкор бўлади. Эл ундан юз ўгиради. Ишонганига, дуо қилганига пушаймон бўлади. Ниқобли одам бундай бўлишини сира истамайди. Ниқобни қаттиқроқ тақади. Элу юртга ёқадиган, одамларнинг юрагини эритадиган гапларни ўйлаб топади. Жалолиддин Румийнинг “Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл” деган ҳикмати худди шундайлар учун айтилган.

У минбарларда баландпарвоз гапларни айтиб, элдан олқиш олишга ҳаракат қилади. Шу тариқа катталарга ёқишга, мансабини янада кўтариб олишга интилади. Пўрим кийинади, шинам ва гўзал автомобилларнинг орқа ўриндиғида савлат тўкиб юради. Ниқоб унга нафақат шон-шуҳрат келтиради, балки унинг мунофиқликларини яширади, эл нонини туя қилаётганини бекитади, давлат мулкига хиёнатига парда тортади, ресурсларни исроф қилаётганини хаспўшлайди. Шу орқали сохта бойлик, мол-дунё, қўша-қўша автомобиль, вилла, дача, уй-жой қилади. Ўзи давлат хизматчиси бўлса ҳам, тижорати гуллаб-яшнайди. Фирмалари сони ошиб бораверади. Давлат ишида ишлаб, тадбиркорлик қилиш мумкин эмаслигини бот-бот такрорлайди, “бу мумкин эмас” дейди. Ўзи эса ниқоб остида гапининг тескарисини қилади.

У минбарларда коррупцияга қақшатқич зарба бериш кераклиги ҳақида шундай чиройли гапирадики, одамлар чиппа-чин ишонади. “Ҳалол одам экан” дейишади. Аммо ўзига “узатиб” туришмаса, ҳеч қандай ишни битириб бермайди. Ўзиям ўрни келганда “узатиб” туради. “Енг ичида” коррупция яшнаб бораверади. Сўзда, қоғозда, амалда тескариси. Давлат раҳбари куюнчаклик билан айтаётган гапларни жон қулоғи билан эшитади. Ўзини коррупцияга қарши энг “ашаддий” курашчи қилиб кўрсатади. Телевидениега “коррупциянинг олдини олишда янгича тартиб ва тамойил жорий этилди, энди биз бу иллатнинг пайини қирқамиз” деб интервью беради. Унга пора бериб иш битирганлар бу гапларни эшитиб, ичида: “Ўзинг коррупциянинг бошида турибсан-ку”, дейди.

У ўзининг ниқоб остидаги “фаолияти” билан юрт тараққиётига салбий таъсир ўтказаётганини яхши билади. Аммо ичида: “Битта мен еяпманми?” деб ўзига таскин беради. Кейин эса: “Давлатимиз бой, биз еганимиз билан камайиб қолмайди”, деб ўйлайди. Ҳар куни эрталаб юзига “ниқоби”ни тақиб ишга жўнайди. Эҳҳе, у раҳбарлик қилаётган тизимда қанчадан-қанча лойиҳалар бор. У қанча лойиҳада ишласа, шунча бойийди. Лойиҳа қанча кўп бўлса, “соққа” ҳам шунча мўл бўлади. Нега дейсизми? Унда эшитинг. Абу Наср Форобий айтади: “Ёмон ишларни ўйлаб топиш учун зеҳн-идрокка эга бўлганларни ақлли деб бўлмайди, уларни айёр, алдоқчи деган номлар билан атамоқ лозим”. Ниқобли одам ҳам буюк аллома айтганидек, зеҳн-идрокини ўз манфаати йўлида ишлатиб, айёрлик, алдоқчилик қилади. Жамғармалардаги пулларни “унга бердик, бунга бердик” деб ўзлаштиради, бир имзосига фалон минг “кўки”дан сўрайди. Бечора тадбиркор шу пулни беради, бермаса, йиллаб иши битмайди. Корхонаси тўхтаб қолади, муаммога дуч келаверади.

“Дод, порахўрни ушла!..”

Машҳур адиб Абдулла Қаҳҳор айтганидек, битта гўл порахўрни тутишдан кўра йигирмата учар ўғрини тутиш осонроқ. Ўғри урган киши: “Дод, ўғрини ушла” дейди, пора берган киши: “Дод, порахўрни ушла!” — демайди. Ҳикоянавис адибимиз бу гапни топиб айтган, хўп айтган-да.

Бугун юзида ниқоби бор, асли каби кўринмайдиган одамлар кўпайяптими ёки озайяптими? Бу саволга жавоб топиш анча мушкул. Қўлга тушмаган ўғри, ўғри эмас, дейишади-ку! Қўлга тушяпти, кунора эшитяпмиз. Агар камайса ёки таг-томири билан қирилиб кетса, қўлга тушишлар ҳам тугаши керак эмасми? Тугамаяптими, демак, кўп. Поранинг номи қора, ўзи эса ширин. Жарақ-жарақ пул келиб турса, бунинг нимаси ёмон? Битмаган ишлар битиб кетади. Фирмалар кўпаяди, уй-жойлар кенгаяди, қизи, ўғли, невараси, неварасининг ўғлига етадиган мерос қолдирса, маза-ку! Ёки унга “бой ота”, деб мулозамат кўрсатишса, қанчалик ёқимли-а, тўғрими? Фақат шу гуноҳи оғир-да. Намоз ўқиб, рўза тутиб турибди, яна 2-3 марта ҳаж сафарини адо этган бўлса-чи?..

Халқимиз “ҳалолидан берсин” деган гапни топиб айтган-да. Тамагирлик қилган одамнинг намозу рўзаси қабул бўладими? Порадан юзи қора одам минг марта ювса ҳам тавқи лаънат кетмайди. У “доғ” бир умрлик. Исноди-чи? Унга қандай чидаб бўлади? Порахўр қилмиши фош этилса, фарзандлари кўчада қандай бош кўтариб юради, ўзи элнинг юзига қандай қарайди? Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ёзганидек, тамагирлик тубанликка далил, бойиган тамагир одам хор ва пасткаш, хасис кимса, хорликлар тамагирликдан бошланади, қаноат қилган азиздир.

Ортиқча ҳашамат ва дабдаба

Пул келиб турганидан сўнг ортиқча ҳашамату дабдабалар ҳам кўпаяди-да. “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр” деганларидек, пул топганлар учун бу жуда осон. Ниқобли одамга: “Шунча молу дунёни қайдан топдинг? Келган манбаларни санаб бер-чи”, десангиз: “Меники эмас, буниси у қариндошимники, униси бошқасиники” деб айтади. Чунки топган-тутганини бошқа кишилар номига ўтказиб қўйган-да.

“Коррупцияни енгиш учун, биринчи навбатда, унинг ортиқча ҳашамат ва дабдаба деган “ўқ илдизларини” қуритишимиз шарт. Энг ачинарлиси, бунга таниқли шахслар бош-қош бўляпти, одамлар уларга тенглашаман, деб ўзини “ўтга-чўққа” ураяпти. Бу борада айрим раҳбарлар ўзининг камтарона турмуш тарзи билан барчага намуна бўлиш ўрнига, бундай сохта қадриятлар асирига айланиб, ноқонуний даромад топишга интилаётгани ҳам бор гап”, деди Давлатимиз раҳбари Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида.

Ниқобли одам буни эшитди. Ерга қаради. Нималарнидир ўйлади. Кейин ниқобини янада тўғрилаб олиб, ҳеч нарса бўлмагандек ўтираверди. Балки ичида “бор бўлсин ниқоб!” деб қувонгандир. Балки инсофга келиб: “Энди бу ишларни тўхтатаман, ҳалол яшайман, тавба қиламан”, дегандир. Бу эса бизга ҳозирча қоронғи.

Бўлмаса, қанчадан-қанча фидойи кишилар бор. Улар юртда рўй бераётган улкан янгиланишларга ҳисса қўшиш, Янги Ренессансга пойдевор яратиш, барпо этилаётган Янги Ўзбекистонга жилла қурса биттагина бўлса-да, ғишт қўйишга интилаётгани рост-ку! Мамлакатда кечаётган изчил ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини таъминлашга, юрт тараққиётини янада юксалтиришга қаратиляпти. Шундай лаҳзаларда ниқоб тақиб, сохта фаолият билан фақат ўз чўнтагини ўйлаш виждонсизлик эмасми? Ҳа, виждонсизлик. Аммо ниқобли одамда виждон нима қилсин?! Ҳайриятки, юртда ибрат олса арзигулик қанчадан-қанча фидойи кишилар бор. Улар борлиги учун ҳам юртимиз гуллаб-яшнамоқда, ҳаётимиз, турмуш тарзимиз фаровон.

Олижанобликнинг энг каттасини қилган косонлик тадбиркор ҳақида ниқобли одам эшитмаган дейсизми? Камбағалликни қисқартиришга муносиб ҳисса қўшиб, оддий ва фақир одамларни қўллаб-қувватлаган бу тадбиркор Косон туманида 20 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлаб, 14 та коттеж типидаги уй қурди. Хонадонларни жиҳозлаб, 14 та камбағал оилани топиб, уларга ҳадя қилиб юборди. Яна бир косонлик тадбиркор кўп қаватли уй қуриб, 20 та камбағалга текин берибди. Аммо бу тадбиркорлар ўзини кўрсатмади, исми шарифини ҳам одамлар билишини истамади. Савоб учун қилинган иш шундай бўлади, аслида. “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин”, дейишган.

Бу олижанобликларни эшитиб, ниқоблар ечиб ташланиб, “энди ҳалол яшайман, элга наф келтираман” дейишса бўларди-ку! Аммо ундай бўлмади. Коррупцияга қарши курашиш бўйича ўтказилган йиғилишнинг эртаси куни яна хабар тарқалди: “фалончи фалон  сўм билан ушланди…” Нега шундай? Балки йиғилишда алоҳида таъкидланганидек, коррупциянинг олдини олишда давлат хизматчилари даромадини декларациялашга оид қонунни қабул қилишни тезлаштириш керакдир. Балки шунда давлат хизматчиси декларация қилган даромадига мос келмайдиган мол-мулкини қаердан олганини исботлай олмаса, бу мудҳиш иллатдан чекинар. Энг асосийси, оиладаги тарбия орқали ёшларимиз онгу тафаккурига “ҳалоллик вакцинаси”ни сингдириш керак. Бошқа йўл йўқ!

Нима бўлганда ҳам ҳалол яшаган инсон муродига етади. Ҳаром-ҳариш ва бировларнинг ҳақига хиёнат қилиб, тўпланган сохта бойлик ҳеч қачон буюрмайди. Зеро, буюк мутафаккир Жалолиддин Румий ҳазратларининг “Ичиндаги ичиндадир” асарида айтилганидек, ҳамма нарса ўзингизда, ҳамма нарса ўзингиздан. Хулоса ҳам ўзингиздан.

Фахриддин БОЗОРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + 5 =