Ҳайкалтарош нега хуноб?

Сирдарёликлар Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 9 июндаги “Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон уй-музейини ташкил этиш тўғрисида”ги 321-сонли қарорини хурсандчилик билан кутиб олган эди. Сабаби юртимизда яна бир гўзал маънавий қадамжо қад ростлашига тамал тоши қўйилиши кутилаётган эди-да! Ана шу тариқа халқ шоири умргузаронлик қилган Мирзаобод тумани Турғун Аҳмедов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини Бахмал кўчаси 7-уй манзилида ишлар бошланиб кетди. Шоир уй-музейи биносини реконструкция қилиш, қўшимча бинолар қуриш ва атроф ҳудудларни ободонлаштириш, шоир ҳайкалининг постаментини барпо этиш тендерда ғолиб чиққан “Boyovutlik Islombek trans” масъулияти чекланган жамиятига ишониб топширилди.

Буюртмачи ташкилот вилоят “Ягона буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонасининг директори Акбар Кушановнинг ёзма маълумотига кўра, объект 2024 йилнинг 27 ноябрь куни фойдаланишга топширилган. Буюртмачи томонидан пудратчи ташкилот “Boyovutlik Islombek trans” масъулияти чекланган жамиятига шартнома шартларида белгиланган 95 фоиз маблағ молиялаштириб берилган.

Ана энди гапнинг индаллосига ўтсак. Ҳукумат қарорига биноан Сирдарё вилояти ҳокимлиги — Тўра Сулаймон ҳайкалини яратиш бўйича буюртмачи этиб белгиланган. Ўзбекистон Бадиий академияси эса халқ шоири ҳайкалини яратиш бўйича ижодий танлов эълон қилган. Мазкур танловда ўзининг бир неча эскизлари билан иштирок этган таниқли ҳайкалтарош, Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиги, “Дўстлик” ордени соҳиби Азамат Хатамов ютиб чиққан.

Ҳайкалтарош кунларни тунларга улаб, шоир сиймосини бронзага кўчирди. Пудратчи ташкилот ҳайкал учун ажратилган маблағнинг бир қисмини олдиндан тўлаб берди. Ана шу маблағ эвазига муаззам обида тайёр бўлди. Ҳайкал Тўра Сулаймон уй-музейи ҳовлисига ўрнатилди. 2024 йилнинг 4 декабрь куни уй-музейининг очилиш маросимида Азамат Хатамов яратган ҳайкал пойи гулларга тўлиб кетди. Бироқ ҳайкални яратишга кетган маблағнинг қолдиқ пулини тўлашда пудратчи ташкилот “Boyovutlik Islombek trans” МЧЖ Садриддин Айнийнинг қаҳрамони Қори Ишкамбадан ҳам хасис бўлиб кетди. Ишим битди, эшагим лойдан ўтди қабилида қолдиқ пулни тўлашни аччиқ ичакдек чўзиб юбормоқда.

— Пудратчи ташкилот шартномада белгиланган 602 миллион қолдиқ маблағни беш ойдан буён орқага суриб келяпти, — деди Азамат Хатамов. — Сўровларимизга бот-бот: “Сабр қилинг, кейинги ҳафта тўлаб берамиз”, деб қўйнимизни пуч ёнғоққа тўлдиргани-тўлдирган. Орадан ҳафталар ўтса-да, уларнинг эртаси тугамаяпти. Мен ҳайкални қолипга қуйишда анчагина ишчиларни ишлатганман; ҳақини беришим керак. Уларнинг олдида бебурд бўлиб қолдим. Олдимда битта йўл қолди — судга мурожаат қилиш.

“Мазкур масалада вилоятнинг масъул раҳбарларига мурожаат қилмадингизми?” — деган саволимизга ҳайкалтарош: “Бундай йўл тутишдан уялдим. Муаззам ҳайкал ҳукуматнинг қарори билан яратилган бўлса, қуйи ташкилотларнинг бўйсунмаслиги етти ухлаб тушимга ҳам кирмабди”, — дея жавоб берди.

Шу жойда ҳақли бир савол туғилади: вилоят ҳокимлигининг Молия бошқармаси шоир уй-музейи билан боғлиқ харажатларнинг 95 фоизини ўтказиб берган бўлса, нега ҳайкалтарошнинг маблағини тўлаш чўзиб юбориляпти? Бу ишга шахсан дахлдор “Ягона буюртмачи хизмати” давлат унитар корхонаси нега томошабин бўлиб турибди? Саволлар кўп, жавоблар эса…

Биз масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Boyovutlik Islombek trans” МЧЖ раҳбари Беҳзод Рўзибоев билан телефон орқали боғландик.

— Ҳозир ҳисоб-рақамимизда ҳайкалнинг харажатига етадиган маблағимиз йўқ. Бир объектдан маблағ тушиши керак. Ана шу иш амалга ошса, май ойининг охирларигача қарзимизни узамиз, — дея жавоб берди.

Биз у кишининг жавобидан ҳайратда ёқа ушладик. Ҳайкал учун ажратилган маблағни вилоят ҳокимлиги молиялаштирган бўлса, пудратчи ташкилот уни қаерга сарфлаб юборди экан? Ёки Алининг дўпписини Валига кийгизиш бу ташкилотнинг аъмолига айланганми?

— Сирдарёга катта умидлар билан боргандим, — деди Азамат Хатамов. — Гулистон шаҳрининг “Билимдонлар маскани”даги Алишер Навоий ҳайкали теграсига ўзбек шоирларининг бюстларини ўрнатиб, гўзал бир галерея яратмоқчи эдик. Афсуски, санъатнинг оғир меҳнатини тушунмайдиганлар ҳафсаламни пир қилишди.

Балки, бу можаролар вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг аралашуви билан яқин кунларда ечимини топар, таниқли ҳайкалтарошни сарсон-саргардон қилишга барҳам берилар? Омон бўлсак, можаронинг нима билан тугашини кўрармиз.

Муҳаммадали АҲМАД,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =