Раҳбарнинг вазифаси пиардан иборатми?

У туманда ишларди. Савияси ҳам шунга мос. Нима бўлди-ю, бошига бахт қуши қўнди. Уни вилоятдаги бир ташкилотга раҳбар қилиб кўтаришди. Янги раҳбарнинг ташрифи ғалати бўлди. О! Унинг юришлари, димоғига қурт тушган, дағдағаю отаси тенги ходимларга ҳам сенсирашлари…
Қизиғи шундаки, у туманда ишлаганида, шу ташкилотдагиларни яхши танир, муомаласи ҳам “силлиқ супурги” эди. Амал курсисига мингач, бир думалаб, қадамидан кибр сочадиган кимсага айланди-қолди.
Аввалги раҳбар дунёқараши кенг, мулоҳазакор бўлгани учун кўпчиликнинг меҳрини қозонган. Бообрў ташкилот эмасми, бошқарув ҳам шунга яраша эди-да! Ижтимоий тармоқларда амалий ишлар батафсил ёритилар, собиқ раҳбар эса дуч келган нарсага ўзини тиқиштиравермас, матбуот котибига: “Менга урғу берманг, ишласам, ойлигимни оляпман. Вазифамиз — қуйи қатламдаги ютуқларни ёритиш”, — дерди. Боз устига, у соҳани миридан-сиригача билар, шу учун тизимдагилар ҳам ҳурматини жойига қўярди.
Амал курсисининг янги соҳиби ишни йиғилишда танқиддан бошлади: “Сизларнинг ишларингиздан рози эмасман! Раҳбарнинг ижтимоий тармоқларда, турли матбуот нашрларида кўриниши ҳар кун асосий планда бўлиши керак! Ҳар ярим соатда тўртта расм ва битта гап бўлса, етади”. Кимдир унинг обрў-эътибори ва фаолияти бошқача ёндашувни талаб қилиши ҳақида гап бошлаган эди… “Кимга керак узундан-узун гаплар? Ақлли жумлаларингизни пишириб енг!” деган жавоб олди.
Ҳамма донг қотди. Ахир вилоятдаги саноқли, кўзга кўринган корхоналардан бири…
Эртасидан ташкилот телеграм каналидаги ҳар бир хабар янги раҳбарнинг 8-9 та расми билан чиқадиган бўлди. Бошлиқ туман-шаҳарларга борар ва расмга тушар, шунингдек, бир соатнинг ичида соҳада учрайдиган узрли ҳолатлар учун ҳам ўнлаб ишчиларни ишдан бўшатиб юборар эди. Уларнинг орасида тизимда 30-40 йил ишлаган фидойилар ҳам бор. Аммо дардингни кимга айтасан?..
Ҳаммаёқ пиар бўлиб кетди. Блогерман дегани билан шартномалар тузилди. Натижа шу бўлдики, вилоятдаги нуфузли ташкилотлардан бирининг инстаграмда реклама қилинадиган ошхона ва кийим-кечак дўконларидан умуман фарқи қолмади.
Айтишларича, янги раҳбар телеграм каналларда ҳар расмини кўрганда бир қоп семирар эмиш. Охири бахайр бўлсин-да…
Обид ҚЎЛДОШ