Шаҳарга сиғмаётган болалар

Мени кўпдан буён бир савол ўйлантиради. Биз болажон халқмизми? Кимгадир эриш туюлар бу савол, кимнингдир энсаси қотар, лекин ўйлашимча, бу ўта жиддий ва оғриқли савол. Халқимиз болажон халқлиги рост. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши йилларида миллатдошларимиз бағрикенглик намунасини кўрсатиб, халқимиз шаънини юксакларга кўтарган. Бироқ кейинги ўн йилликларда мамлакатимизда қашшоқлар ва бойлар тўдасига бўлиниб, ўртадаги чоҳнинг тобора чуқурлашиб бораётгани айнан болалар тақдирида ҳам жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Тиббиёт қоидаси бўйича болалар ўз танасидаги маълум энергиясини ҳар куни турли хил ҳаракат ва машғулотлар билан чиқариб турмаса, аста-секин ўша ичидаги мавжуд димланган энергия уни еб бошлайди. Бу эса кейинчалик бола ҳаётида жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.

Ҳозир бизда болаларнинг мириқиб ўйнашлари ва жисмидаги энергияни чиқаришлари учун спорт майдонлари борми? Бугун биз гўрига ғишт қалаётган собиқ иттифоқ даврида айнан шу масалага жиддий эътибор қаратилган. Кўп қаватли бинолар орасида махсус болалар майдончалари учун жой қолдирилган. Ибтидоий бўлса ҳам баъзи бирлари жиҳозлаб кетилган. Бугун эса “дом”лар орасидаги спорт майдонлари ўрнини “любая бизнес хорошо” шиори асосида осмонўпар бинолар эгаллади, тасодифан кўздан қочиб қолган жойларни катта-кичик хусусий машиналар, сотиладиган дўконлар босиб кетди. Ҳеч жойга арзи ўтмайдиган, арз қилишдан йироқ бечора болалар қўлларидаги тўпларини қучоқлаганча ўйнаш учун жой излаб юрибди. Агар бундайроқ жойда ўйин бошлашса, машинасига тўп тегишидан ваҳимага тушган “амаки” ва “хола”ларнинг болаларга бақириғи оламни тутади. Кўриб турибсиз, болаларимиз шаҳарга сиғмай қоляпти.

Куни кеча Учтепа туманидаги 295-мактабнинг жануб томонидаги кўп қаватли бинолар орасидаги мундайроқ жойда болалар энди ўйин бошлаган ҳам эдики, битта “ақлли” ҳайдовчи амаки болаларга ўзича танбеҳ бериб, “бошқа жойда ўйнанглар”, деб ҳайдаб юборди. Тўғри, яқинида футбол майдончаси бор, атрофи баланд қилиб тўр билан ўралган. Пуллик ўйин майдони. Лекин бу майдонларда ўйнаш учун болалар пулни қаердан олади? Туман ҳокимлари, маҳалланинг оқсоқол-раислари айнан шу оғриқли масалага жиддий эътибор қаратишлари керак. Яхшидан шарофат, ёмондан касофат, деганларидек, пулпараст айрим амалдорлар, ҳеч бўлмаса, шу масалада ИНСОН бўлиб, ИНСОФга келинглар. Биздан худбинлик тарбиясини олган болалардан қандай қилиб эртага ШАФҚАТ кутиш мумкин?

ОЧИЛ ТОҲИР,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − 2 =