Залворли йиллар

Эътибор қилаяпсизми, кейинги вақтларда биографик китоблар ёзиш бир қадар урфга айланди. Тўғри, бу йўналишдаги асарлар, аслида, янгилик эмас. Аммо ўзбек ижодкорлари, хусусан, зиёли қатлам томонидан биографик китоблар пайдар-пай ёзилмоқдаки, улар бадиий-эстетик жиҳатдан ва пишиқ-пухталиги билан алоҳида ажралиб туради. Ушбу китобларнинг ўзига хос томони эса кечаги кунларни бор бўйи билан акс эттиришида, бўлса керак.

 Биографик асарлар, асосан, кекса ёшдаги муаллифлар томонидан ёзилади. Бу табиий, албатта: улар улуғ ёшда ширин ва аччиқ хотираларга бериладилар, яхши-ёмон кунларини эслайдилар. Ёдномаларини қоғозга туширишга, шахсий кундаликларидан қайдлар келтириб, замондошлари ва ўтган кунлари ҳақида бошқалар билан бўлишишга ҳаракат қиладилар.

Яқинда “Янги китоб” нашриёти томонидан нашр қилинган “Незабываемое” (воспоминания, события, факты, люди) — “УНУТИЛМАС” (эсдаликлар, воқеалар, фактлар, одамлар) китоби ҳам юқоридаги фикримизнинг далилидир. Унинг муаллифи зиёли инсон Собир Қурбоновдир.

Мазкур китоб нима учун рус тилида чиқарилди, деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, “Незабываемое” бирмунча вақт аввал ўзбек тилида “Ҳаётим зарварақлари” номи билан чоп этилган, муаллиф уни янада кенгайтириб чиқаришни мақсад қилган эди. Зеро, бу вақт ичида Ўзбекистонда ва Собир Қурбонов ҳаётида талай ўзгаришлар рўй бердики, бунинг ҳосиласи ўлароқ, китобни бойитиб, рус тилида чоп эттиришни лозим топди.

Ўқувчи мундарижага кўз югуртирар экан, китобнинг нечоғли залворли, кенг кўламли эканлигига амин бўлади. Салкам 300 саҳифада, қаттиқ муқовада, офсет қоғозда босилган. Саккиз бобдан иборат. Муаллиф унда ўзининг авлоди, ота-бобоси, қавм-қариндошлари ҳақида алоҳида сўз юритган. Бобоси Қурбон отани тилга олиб, уни кўрмагани, туғилишига қадар бевақт вафот этгани ҳақида таассуф билан ёзади. Китобдаги ҳар бир бўлимда эса ўзи туғилиб ўсган Бухоронинг ўзига хос ибораларини шарҳлаб боради.

Биз юқорида Собир Қурбоновни бежиз зиёли инсон деб айтиб ўтмадик. Ўз вақтида отаси Шерали Қурбон ҳам зиёли киши бўлган. У маҳаллий масжид қошидаги мактабда ўқиган, ўсмирлик йилларида Файзулла Хўжаевнинг “Ёш бухороликлар” ҳаракатида иштирок этган. Инқилобдан сўнг, 1920 йилларда маълумотли ва сиёсий саводхон бўлгани боис, турли масъулиятли вазифаларда фаолият кўрсатган.

Ҳибсга олинишидан аввал (1937 йилда) Шерали Қурбон ногирон болалар уйининг директори бўлиб ишлаган. Қамалишига сабаб муштлашиб қолган болаларга нисбатан ҳаддан зиёд қаттиқ чора кўргани бўлган. У тарбияланувчи болаларнинг шикоят-аризаси туфайли айбланди ва тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳар ҳолда, яхшиликка бўлган экан, Шерали Қурбон шу тариқа қатағонлар рўйхатига тушмади. 1941 йилда озод этилгач, атиги бир йил яшади ва 1942 йилнинг ёзида вафот этди…

Китоб муаллифи онаси Муҳаббат Қурбонова ҳақида янада ҳаяжон билан ёзади. 28 ёшида турмуш ўртоғидан ажралган бу аёл бошқа турмуш қурмаган. Қолган умрини ўзининг уч нафар фарзандига бағишлаган. У бошланғич маълумотга эга бўлиб, умумий овқатланиш ошхонасида ишлади. Аммо бу юмуш билан болаларни боқиш қийин, қариндошлар ва ўзига тўқ танишлар эса йўқ эди. Ёш она уйда нон пишириб, бозорда сота бошлайди. Шу ишнинг ортидан фарзандларини катта қилди. 93 ёш умр кўрди. Улуғ ёшда вафот этгач, иззат-икром билан Бухорода дафн этилди.

Собир Қурбонов мактабда астойдил ўқиди. Бешинчи синфда у деворий газета муҳаррири бўлди, ўзи кичикроқ мақолалар ёзарди. Турли халқлар эртакларидан сўнг катта-катта бадиий асарларни ўқий бошлади. Бир китобни қўлига олдими, мутолаа қилиб тугатмагунча қўймасди. Масалан, Алексей Толстойнинг салкам 900 бетлик “Пётр I” китобини бир кечада ўқиб чиққан, кейин эса керосинни кўп ишлатгани учун онасидан роса гап эшитган.

Китобда муаллифнинг Ломоносов номидаги Москва давлат университетида сабоқ олиши мароқ билан ҳикоя қилинади. Бу даргоҳ анчайин нуфузли бўлиб, Албания, Руминия, Польша, Венгрия ва бошқа давлатлардан ҳам ёшлар келиб ўқишарди. Аъло баҳода таҳсил олгани ва намунали талаба бўлгани учун Собир Қурбоновни курсбоши қилиб сайлайдилар.

“Яшаш — ҳаракат қилиш демак” — бу ҳикмат машҳур француз ёзувчиси Анатоль Францга тегишли. Китобнинг ҳар бир бўлимида шу каби эпиграфлар келтириладики, бу уни мазмунан бой қилади.

Москва университетини тамомлаган қаҳрамонимиз Бухоро педагогика институтида иш бошлади. Уни бу даргоҳга ҳали университетни тугатмасдан туриб таклиф қилган эдилар. Кечагина университетни тугатган талаба бугун институтда талабаларга дарс бера бошлади. Аммо яна сабоқ олиб, билим доирасини кенгайтиришни асло канда қилмади. Кейинчалик у Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол билан бирга институтнинг кўп ададли газетасида фаолият кўрсатди. Унинг тажрибаси ошди, амалиётда янада тобланди. Аспирантурада ўқиди. Илмий анжуманларда чиқиш қилди.

Собир Қурбоновга улкан ишонч билдирилди. Унга катта-катта давлат лавозимлари ишониб топширилди. Бунгача тарих фанлари номзоди бўлиб улгурган эди. Хоразм вилоятидаги фаолияти туфайли унинг шу воҳада яшашига тўғри келди. Энг масъулиятли иши Давлат матбуот қўмитаси раислиги бўлди.

Китоб муаллифи ўша йиллар ҳақида ёзар экан, айрим ёзувчилар билан келиб чиққан зиддиятларни ҳам тилга олиб ўтади. Улар ўз китоблари ададини оширмагани учун ҳам Собир Қурбонов устидан юқорига шикоят қилган эдилар. Гўёки у отасининг китобини чиқараётган эмиш! Бу шикоят туҳматдан иборатлиги аниқланиб, ҳақиқат қарор топгунча қанча асаббузарлик бўлмаган, дейсиз!

Нима бўлганда ҳам, Собир Қурбонов ўз ишига масъулият, жонкуярлик билан ёндашиб, ҳалол меҳнат қилди. У чинакам ижодкорларни қўллаб-қувватлаб, китобларини чиқаришга астойдил ҳисса қўшди. Бу йўлдаги қийинчиликлардан қўрқмади. Ҳамиша олдинга интилди. Шу боис унга вақтида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раислигини ҳам топширишди. Матбуот қўмитаси билан бирга уюшма раҳбарлиги.  Қаҳрамонимиз ҳар иккала ишни ҳам уддалади. Шундан сўнг у давлат телерадиосида сиёсий шарҳловчилик қилди. Кейинги фаолияти эса ХДП марказий штаби ва “Нуроний” жамғармаси бўлди. Устоз қаерда, қайси жабҳада ишламасин, ўзидан фақат илиқ таассуротлар қолдирди.

Бугун Собир Қурбонов улуғ ёшда — тўқсондан ошди. Лекин ҳамон хотираси ўткир. Кечаги кунларни, залворли йилларни, замондошларини ҳурмат ила тилга олади. Унинг “Незабываемое” китоби эса ўзига хос хроникаси, жозибаси ва ширали тили билан ажралиб туради.

Анвар НАМОЗОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − 7 =