Соддалик — самимият сийрати

Ўзбекистон халқ шоири, устоз Анвар Обиджонни эслаб…

Адабиёт, шеърият инсон кўнглини мафтун этиши табиий, албатта. Адабиётга — шеъриятга ошуфта қалблар шу очуннинг садоқатли дўстларидир. Соддаликни, самимий садоқатни ҳис этасиз. Ижодкор сизни, албатта, ҳайратлантиради…

Бундан бир неча йиллар олдин ёш ижодкорларнинг Зомин семинарида устоз Анвар Обиджон (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) билан бўлган суҳбат ҳайрати хотирамда муҳрланиб қолган.

Устоз, асосан, болалар шеъриятига ихлосманд ижодкор ёшлар даврасида бўларди. Суҳбатлар қиларди.

Эрталабдан то кечга қадар сой бўйидаги сўриларда ўтган машғулотлардан сўнг анъанавий мушоира авж олди. Анвар Обиджон шеър ўқийди. Микрофонни қўлига олиб устоз шеър ўқиб бермоқчи эканлигини айтиб, огоҳлантирди. Чиндан узун шеър ўқидими? Йўқ.

— “Ҳакка қўшиғи”ни айтиб берди холос.

 

Қорним очса бўғилмайман,

Шақ-шақ-шақ.

У-бу нарса ўғирлайман,

Шақ-шақ-шақ.

Нафсимни ҳеч тиёлмайман,

Шақ-шақ-шақ.

Қўлга тушсам, уялмайман,

Шақ-шақ-шақ.

 

Юзларда табассум. Шоирнинг ўзи ҳам жилмайиб қўярди…

Шоир ўйчан юрарди. Саҳар чоғи қоятошларга, тошдан тошга урилиб оқаётган сой сувига, теваракка нигоҳ билан тикилади. Хаёллар сурардилар. Завқни туйгани сайин бошқаларни унутгандай бўларди.

Анвар Обиджон — камгап шоир эди. Адабий учрашувларда ҳадеб сўзга чиқавермасди, чиқса ҳам кўп гапирмасдилар. Кузатарди — тинчланарди.

Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабига келганида шоирнинг шеърларини тинглаб, фикр-мулоҳазаларини эшитиб маънавий озуқа олар эдик.

Устознинг бошидан дўппи тушмасди. Хатти-ҳаракатида ҳам, сўзлари-ю нигоҳларида ҳам соддалик, камтарлик уфуриб турарди.

Ўшанда — ўша учрашувда ижод мактабининг директори, шоир Муҳаммад Исмоил устозни таърифлар билан минбарга таклиф этганда ҳам, камтар бўлиб юртимизда очилаётган ижод мактаблари борасида тўлқинланиб гапирди. Ҳалима Худойбердиева ижоди ва шахси хусусида алоҳида тўхталарди. Абдулла Қодирийга бағишланган шеърини айтиб берганди.

— Кайфиятларингиз яхшими? — деганди Анвар Обиджон ҳол-аҳвол сўрагандай бўлиб менга. — Болалар даврасида бўлсам, яйрайман.

Бир вақт устоз мени дафъатан саволга тутиб қолди.

— Ўғлим, сиз ижод мактабига нечанчи синфга қабул қилиндингиз?

Ижод мактабида дарс беришимни — ўқитувчи эканлигимни айтдим.

Шоир жавобимдан ҳайратланиб:

— Ие, шунақами? Жуда ёш кўринар экансиз, — деди самимият билан.

Ҳар бири ҳақида алоҳида гапирмаса-да, умумий эслаганлари юзасидан майин овозда сўзлай кетди. Шу орада қўнғироқлашиб туриш учун телефон рақамини сўрадим. Устоз деярли телефон ишлатмас экан. Телефони уйида доимий турар экан, қачон хонадонида бўлса, ўшандагина фойдаланаркан, холос. Қолган вақтда деярли телефондан фойдаланмаслигини айтди. Ҳатто Фарғонага — Олтиариққа бир-икки ойга кетса, устоз билан ҳеч ким гаплаша олмаслигини айтиб, ўзи ҳам кулиб қўйди…

Шундай бўлса-да, рақамини ёзиб олдим…

Эсдалик учун суратга тушдик… Анжуман якунига етганига қарамай, ҳеч ким тарқалишни истамасди. Ижод мактабининг ўқувчилари ҳам шоирнинг ёнида суратга тушар, қўлларида кўтариб олган устознинг “Сайланма”сига дастхат ёздириб олиш билан банд эди.  — “Ҳалима Худойбердиева ижод мактаби гуллаб-яшнасин, Ватанимизга салоҳиятли кадрларни етиштириб бераверсин. Йўли ойдин бўлсин”, деб ёзиб кетганди устоз.

Камсуқумлик, камтарлик, самимийлик, садоқат киши қалбининг безагидир. Устоздан ибрат олиб, ҳаётда ана шундай фазилатларни ўзимизда шакллантириб боришимиз лозим.

Анвар Обиджон асарлари ҳақида сўз айтмадик. Аслида шоирнинг “Она ер”, “Масхарабоз бола”, “Оловжон ва унинг дўстлари”, “Баҳромнинг ҳикоялари”, “Эй, ёруғ дунё”, “Кетмагил”, “Безгакшамол”, “Жуда қизиқ воқеа”, “Даҳшатли мешполвон” каби шеърий ва насрий китоблари, “Қўнғироқли ёлғончи”, “Паҳлавоннинг ўғирланиши”, “Рамазон ва Гулмат ҳангомаси”, “Алишер ила Ҳусайн ёки уч доно ва ўғли”, “Тўтиқуш” каби қисса ва достонлари, пьесаларини халқимиз севиб мутолаа қилади.

Анвар Обиджон шоир ва инсон сифатида муносиб умр кечирди. Ана шундай катта адиб юқорида таъкидланганидек, ўта камтарин киши эди. Охиратлари обод бўлсин!

Ҳусниддин ҲАЙИТ,

Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + nine =