Сўзлардан кўприк қураётган одам

ёхуд моҳир таржимон Мирзаали Акбаров ҳақида мухтасар сўз
Ҳақиқий инсон тириклигида қатор хайрли, савоб ишларни қилиб, фақатгина ўз оиласи мушкулларинигина эмас, ўзи яшаётган жамият аъзоларининг ҳам дуосини олишни ўйлайди ва бажаради. Ақлли инсонлар шундай савоб ишлардан бирига қўл уриб, халқнинг узоғини яқинлаштирадиган, оғирини енгиллаштирадиган, турли катта-кичик сувлардан ўтишни осонлаштирувчи кўприклар солади, икки замин, икки халқнинг бир-бирига етишишини осонлаштиради, бирлаштиради. Кўприкларнинг эса тури кўп: бири ёғочдан, бири темирдан, бошқаси темир-бетондан… Сўздан, каломдан яралмиш кўприк эса таржимадир.
Айнан Мирзаали Акбаров ана шу таржималар ёрдамида турли узоқ-яқин халқларни бирлаштирувчи кўприкларини қуряпти, Ўзбекистонни ривожланган давлатлар бўлган Олмония, Австрия, Швейцария адабиётлари билан бирлаштирадиган, ўзбек адабиётининг жаҳон адабиётига уйғунлашишига камарбаста бўладиган таржималар қилаётган ижодкорлардан биридир.
Мирзаали Акбаров ҳақида гапириш ҳам осон, ҳам қийин. Бир қарашда у — бир хокисор инсон. Бир қарашда эса, айниқса, немислардан чиққан машҳур инсонлар ролини ўйнаганда ва уларнинг нутқига тақлид қилиб олмонча гапирганда иқтидорли актёрга айланиб кетадиган шахс.
Мирзаали Акбаров ҳақида гапириш осонлиги — у ҳам ҳамма қатори одам боласи; кўпчилик ўқиганлар қаторида у ҳам олий маълумотли. Жамият аъзоси сифатида у ҳам оилали, ўзидан ҳам камтар ва мушфиқ жуфти ҳалоли бор; отасининг оғзидан чиқадиган сўзи у ёқда турсин, қош чимиришидан ота ниятини илғаб, у кутган нарсани муҳайё қиладиган қобил ўғил-қизлари бор. Яхши-ёмон кунида ёнида турадиган садоқатли дўстлари, қариндош-уруғлари бисёр одам.
Мирзаали Акбаров ҳақида гапириш қийинлиги — у оддий кўринса-да, анчагина мураккаб одам, жиддий фикрлайдиган, етти ўйлаб бир сўзлайдиган суҳбатдош; бўлажак касбини ҳам тўғри, онгли танлаган мутахассис; чумолидай меҳнаткаш таржимон. У турли касбларни қилиб кўрди, деҳқончилик қилди, ўқитувчилик ҳам. Журналист бўлиб, радиода ишлади, бироқ у қўнган асосий ҳаётий-касбий макон-манзили таржимачилик бўлди. Шу ҳунари билан у биз олмоншунос таржимонларнинг ўртамиёнаси эмас, балки олдинги сафида туриб, ўз қалами кучини ҳеч қачон сўндирмайдиган моҳир сўз заргарига айланди. Шу сабаб талабалик йилларида институтга хўжакўрсинга эмас, чин дилдан қатнаган, хорижий тилни жиддий танлаган талаба эди. Иқтидорли таржимон деярли ҳар икки-уч ойда биттадан катта-кичик таржима асарларини китобхонлар ҳукмига тақдим этмоқда. Мирзаалининг бу ижодий ҳаракати ва маҳоратини илғаган чет эллик таржимон ҳамкасб ва дўстлари уни эътироф қилиб, Австрия, Швейцария ва Германия таржимонлар уйларига чорлаб, унга моддий ва маънавий ёрдам беришмоқда. Айнан шу чет эллик ҳомий ташкилотлар ёрдамида йигирма йиллаб ижараларда, тор бир хонали хонадонларда яшаб ижод қилган дўстимиз бугун ўз оиласи тирикчилиги-ю орзу-ҳавасларини ҳавас қилса бўладиган даражада рўёбга чиқармоқда, мамлакатимизнинг адабий жамоатчилиги эътирофи-ю эътиборига мушарраф бўлмоқда.
Мирзаалидаги касбга фидойилик ва меҳнаткашликнинг илдизи касбни тўғри танлаганида, шу асосда билимдон ва омадли инсонларга ҳасад эмас, ҳавас билан қарашида деб биламан. Аслият тилини ўрганишидаги изчиллиги ва таржима вариантлари устида бетиним изланишида деб ўйлайман. Шу омилларсиз олмон адабиётидаги Йоҳанн Вольфганг Гёте, Вильгельм Раабе, Ҳерман Ҳессе каби машҳур адибларнинг асарларини махсус ўрганиб, таржима учун танлаб, она тилимизга ўгиришнинг ўзи бўлмайди. Айтайлик, Ҳерман Ҳесседек Нобель мукофоти совриндорининг “Чўл бўриси” романи 5 марталаб қайта нашр қилинса-да, китоб дўконлари пештахталарида қолмаётгани тасодифий ҳол эмас. Ғарбона фикрни ўзбекона табиий жаранглатиш маҳоратининг натижаси бу. У таржима жараёнида асар бош қаҳрамони образига шўнғиб кетиб, ўзи “Чўл бўриси” лақабини ҳам орттириб олди. Ҳа, биз ҳамкасблар уни Мирзаали деб эмас, асосан, “Чўл бўриси” деб йўқлаймиз. Унинг кўп фазилатлари, дарҳақиқат, асар қаҳрамони Ҳаррига ўхшаб кетади! У ёлғиз ҳаракатни ёқтиради, одамовилиги, қайсарлиги, самимияти билан ҳам кўпчиликка ёқади.
Таржимага келсак, икки томонлама жараён. Жаҳон адабиётини миллий адабиётга, миллий адабиётни жаҳон адабиётига айлантирадиган савобли ва шарафли ҳамда, албатта, масъулиятли жараён. Бу иккала жараёндан ҳосил бўладиган натижа эса бадиий таъсир ҳодисасидир. Масалан, ўша Ҳерман Ҳессенинг “Чўл бўриси” — инсоният тараққиётини, шахс ва индивид ҳаётини жамиятнинг илғор тоифасига мансуб этувчи, фикрлашни ўргатувчи, тафаккурни ўстирувчи асар бўлгани сабабли унинг муаллифи Нобель мукофотига сазовор бўлган. Мураккаб руҳий жараёнлар гирдобида ўртаниб, қийналиб, охир-оқибат ўзи орзу қилган комилликка элтувчи тўғри йўлга тушмоқчи бўлган қаҳрамон Ҳарри образининг ички ва ташқи кечинмаларини миллати ва тили бошқа китобхонга етказиш осон эмас. Ўзбек воқелигида ҳам Ҳарри каби шахслар ва ҳатто ижодкорлар минглаб топилади. Ўзи… одам боласи ҳаммага ёқиш учун ҳаракат қилиши шартми? Ижодда бу популизмга бориб тақалмайдими? Ўзини англамоқ ва ўз фикриёти билан ҳам жамиятга хизмат қилиш мумкин-ку! Ҳарри тоифали китобхон қўлига тушган таржима унга нажот ва муаммолар ечимини беради, албатта, агар у асардан тўғри хулоса чиқарса. (Бинобарин, асарни ўқиб, ундан мазмуннигина тушуниб, маънони англай олмайдиган китобхонлар барча миллатларда кўп. Масалан, Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” романини ўқиган юзлаб немис ёшлари асардан нотўғри хулоса чиқариб, Вертер каби ўз жонига қасд қилганлари сабабли бу роман тез орада дўконлардан йиғиштириб олингани ва вақтинча ман қилингани — тарихий ҳақиқат). Сабаб — ўша китобхонларда фикрлаш неъмати шаклланмаган, дунёни тўғри идрок этиш учун фикрлаш қобилияти, тафаккур неъмати етишмаган. Гётенинг нияти ҳам асли муҳаббат омадсизлигидан тўғри хулоса чиқаришни ўргатмоқчи бўлган эди-ку! Айнан шу ҳодиса бадиий таъсирга ҳам алоқадор. Фикрати буюк шоирларимиздан мисол: Алишер Навоий Низомий Ганжавийдан таъсирланиб, Абдураҳмон Жомийга шогирд тушиб, унинг таъсирида инсониятга бетакрор “Хамса”сини қолдирди, Гётенинг “Фауст”ини таржима қилиб, Эркин Воҳидов “Руҳлар исёни” асарини яратди, Абдулла Орипов эса Дантенинг “Илоҳий комедия”сини ўзбек тилига ўгириб, “Жаннатга йўл” достонини ёзди. Албатта, Мирзаали Акбаров таржималари ҳам ҳали ўз адабий-бадиий таъсир меваларини бериши аниқ.
Мирзаали Акбаров таржима учун қандай асар танлашни яхши билади. Бу сифат олмоншунос таржимонларга ҳассос таржимон Янглиш Эгамовадан ўтгандай… У амалга оширган юзга яқин таржималар ичида олмон тилидан “Қувғиндаги қирол” новелласи таржимаси алоҳида аҳамиятга эга. Шу асар таржимаси анча-мунча ёш ўзбек йигит-қизларига оилаларимиз кексаларининг қариликдаги ожизликларини тушуниш ва катта меҳр-оқибат ҳамда бағрикенглик билан уларни асраб-авайлашга ундайди, ёш китобхонларни умуминсоний диний иймон-эътиқодга ва тарбияга, фаҳм-фаросатга чорлайди, албатта. Бу асар ана шундай педагогик ва ахлоқий тарбияга чорлайдиган, катта тарбиявий аҳамиятга эга бўлган асар.
Таржимоннинг яна бир ибратли томони — ўзи таржима қилаётган асарлар сўзлиги материалида фақатгина тайёр луғатлардангина фойдаланиб эмас, ўзи бошқа луғатларга ўхшамайдиган янгича талқинли “немисча-ўзбекча луғат” яратганини ҳам айтишимиз керак.
Кези келганда шуни ҳам айтиш жоизмикан: таржимонлар ўз таржимасини нашрга беришдан олдин уни аслият ва таржима тилини яхши биладиган, тажрибали, шу соҳани ўқитиб юрган мутахассислар кўригидан ҳам бир ўтказиб олишса, нур устига нур бўларди. Юқоридаги мақтовлар билан бирга таржимон укамизга бир луқма танқидча ҳам айтмоқчимиз: беайб — Парвардигор. Ҳаммамизда ҳам фазилату ютуқлар билан бирга унча-мунча нуқсон ва камчиликлар учрайди, албатта. Шахсан ўзим таржималаримни Мирзаалининг ўзига, Шарифа Салимова, Гулруҳ Раҳимова, Одил Сафаров, Шавкат Каримов, Ровия Абдуллаева ва бошқа ижодкорларга кўрсатиб, уларнинг холисона танқидий фикр-мулоҳазаларини жон деб қабул қиламан. Алишер Навоийнинг ғазаллари ва ул зотнинг “Муножот” асари олмонча таржимасини, ака-ука Гриммларнинг юзлаб олмон халқ эртакларининг ўзбекча ўгирмасини шу мутахассисларнинг кўригидан ўтказганимдан хурсандман. Бироқ айни замонда кўпчилик олмонча-ўзбекча ва ўзбекча-олмонча таржима нашрларида соҳага алоқаси йўқ шахслар масъул муҳаррир ва тақризчи сифатида қайд қилингани ачинарли ҳол. Таржима китобларини чоп этган ҳатто айрим обрўли нашриётлардан бориб ўша тақризларни сўрасангиз, топиб бериша олмайди. Кўпчилик “тақризчи”лар таржима соҳасининг нонини емаган “мутахассислар” бўлиб чиқади. Кимни алдаймиз? Зиёли шунақа мунофиқлик қилиб турса, зиёдан узоқлардан нима кутамиз? Нашриётлар шу масалага жиддий ёндашишлари зарур.
Ўтган йилларда таржимон Мирзаали Акбаров олмон мумтоз адиби Вильгельм Раабе қаламига мансуб “Штопфкухен саргузаштлари” асари таржимасини чоп эттирибди (мен олмон тилидан она тилимизга ва айниқса, ўзбек тилидан олмон тилига таржима бўлган асосий нашрларни кузатиб бораман ва уларнинг дунё кўзини кўрганидан қувонаман — Х.Р.). Асар сарлавҳаси ва унинг таржима сарлавҳасидаги сўз бир хил қолган, яъни олмонча “STOPFKUCHEN” ўзбекча алифбода “Штопфкухен” бўлиб ўтган. Айтинг-чи, ўзбеклар шу сўзни қандай тушунсин? Кўпчилик, ҳатто таржимоннинг ўзи ҳам бу сўзнинг ўзбекча муқобилини таржимада қўлламаган. Асар қаҳрамони болаликдан ширин ва мазали таомларни еявериб, дўмбиллаб семириб кетган шахс ва унинг лақаби “Штопфкухен” бўлган. Аммо ўзбек воқелигида ҳам бўғирсоқ, пирожка, гумма, мазали ҳолвалар каби турли пишириқларни еб тўймайдиган болалар ва ёшлар кўп-ку! Баднафс катталар ҳам бисёр… Тилимизда уларнинг Бўғирсоқ, Ебтўймас, Бақалоқ, Мечкай, Тоннабой каби ўзбекона муқобил атамалари ҳам бор. Ана шу атамалардан бири ўзбекча сарлавҳага қўйилса, асардаги бош қаҳрамон образи китобхон кўз олдида ёрқин гавдаланган бўларди. Ёки олмонча сўздан кейин қавс ичида ўзбекча таржимаси ёки изоҳи берилса, асардан кўзланган мақсад дарров аён бўларди-қоларди. Бу – таклиф, албатта.
Мухтасар сўзим охирида сизларга Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошида 2024 йилда янги ижодий бўлим — “Таржимашунослик ва луғатшунослик илмий-амалий маркази” ташкил этилганини маълум қилишдан бахтиёрман. Шу марказда янги таржима журнали сифатида “Ўзбек адабиёти олмон тилида” номли амалий таржима нашри ташкил этилди. Унда тизимли равишда миллий адабиётимиз асарларидан парча ва намуналарни қуйидаги тўрт рукнда эълон қилиб бориш кўзда тутилган: ўзбек халқ оғзаки ижоди; ўзбек мумтоз адабиёти; XX аср ўзбек адабиёти; истиқлол даври ўзбек адабиёти. Журнал Олмонияда чоп этилади ва олмонзабон мамлакатлардаги ўзбек адабиётига қизиқувчиларга тарқатилади. Шубҳасиз, адабиётимизга Мирзаали Акбаровдай билимли, меҳнаткаш ва фидойи таржимонлар керак, албатта. Шу кунларда қутлуғ 70 ёшни қарши олган Мирзаалижон ҳамкасбимизга энг эзгу тилакларни тилаймиз.
Хуррам РАҲИМОВ,
Германиядаги Олмон-ўзбек илмий
жамияти раиси,
ЎзДЖТУ Таржимашунослик ва луғатшунослик илмий-амалий маркази раҳбари,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
таржимон.