Ҳаётимиздаги унутилмас воқеа

Шарқона янги йил, яшариш ва янгиланиш айёми Наврўзнинг муқаддас Рамазон ойига тўғри келиши қувончли, янада фараҳбахш воқеликдир. Янги Ўзбекистонимизда Наврўз қадрияти ҳам Рамазон қадрияти каби боқий эканлигига, одамзод борлиқнинг гултожи сифатида  улуғланганига, инсон қадри ҳам ўзгача эъзозланганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ҳаётимдаги энг унутилмас воқелик бўлди. Қарор концепцияси билан танишгач, ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев нақадар инсонпарвар ва  халқчил сиёсат олиб бораётганига такрор-такрор амин бўлдим.

Негаки, Наврўз айёми билан бир қаторда мазкур қарорга асосан 1 март – Зулфияхоним, Озод Шарофиддинов, 15 март – Ҳожи Муин, 19 март – Маҳмуд Замахшарий, 21 март – Алихонтўра Соғуний,  Абдулла Орипов, 22 март – Мирзо Улуғбек,  24 март – Шукур Холмирзаев,  Абдухолиқ Ғиждувоний каби машҳур сиймоларнинг таваллуд айёмлари ҳам байрам шодиёналари билан ҳамоҳанг ҳолда ўтказилгани нафақат тарбиявий нуқтаи назардан катта таъсир кучига эга бўлди, балки улуғ маърифатпарварларга катта эътибор, эҳтиром намунаси бўлди, десак, хато бўлмайди.

Президентимиз имзо чеккан қарор шарофати билан халқимизга Ислом тарихи ва Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳаётлари ва фаолиятлари тўғрисидаги “Тарихи Муҳаммадий” асарини мерос қилиб қолдириб кетган отамиз раҳматли Алихонтўра Соғуний номи ҳам янада улуғланди. Отам ҳақида теле ва радиоэшиттиришлар берилди. Матбуотда мақолалар босилди. Ижтимоий тармоқларда ҳам чиқишлар бўлди.

Айниқса,  “Hurriyat”  газетасидаги “Ибрат кўзи,  ақл кўзгуси” сарлавҳали мақола (“Hurriyat”, 2025 йил, 19 март, №11-сон)да публицист Дилмурод Қирғизбоев “Тарихи Муҳаммадий” асаридан олган сабоқларини чин юракдан ёзибди. Бениҳоя таъсирландим. Газета таҳририяти ва муаллифга улкан раҳмат, Аллоҳ ғайратларини кам қилмасин!

Наврўз қадриятларини маърифий мақсадларга йўналтириш, ҳеч кимни меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик савобли ғояси муҳтарам Президентимизнинг инсонпарварлигидан далолатдир. Бу ёқимли ҳолат юракларимизни тўлқинлантирди.  Кўзларимизни қувонч ёшларига тўлдирди.

Шу кунларда Истанбул шаҳридан Тошкентга яна бир хушхабар олиб келдим. Маълумки, “Тарихи Муҳаммадий” китоби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам ҳақида ўзбек забонида ўтган асрда ёзилган ягона асардир. Таҳликали ва оғир шароитларга қарамай ёзилган ушбу битик ўзбек халқи томонидан неча йилларки, севиб ўқилиб келинмоқда. У қирғиз, тожик, уйғур ва турк тилларига ҳам ўгирилган. Ва ниҳоят, кўп йиллар давомида қилинган ҳаракатлар натижасида китоб рус тилига ҳам таржима этилиб, куни кеча Туркиянинг Истанбул шаҳрида босмадан чиқди. Бу вазифа кўп йиллар мобайнида ўзбек адабиёти намуналарини турк ўқувчисига етказиш ишида муваффақиятли фаолият юритиб келаётган “Илери Яйинлери” нашриёти томонидан амалга оширилди. Асарнинг улкан илмий билим ҳамда бой ижтимоий-сиёсий тажриба асосида ёзилганлиги ноширлар томонидан таъкидланиб, асосан, ушбу китоб ҳар йили Туркияга келувчи миллионлаб русийзабон сайёҳлар оммасига тақдим этилажаги режалаштирилмоқда.

Отамиз умр бўйи миллий мустақиллигимиз, Ҳайит ва Наврўз каби байрамларимиз тантана қилинишини орзу қилиб ўтгандилар. Бугун ҳаётимиздаги энг унутилмас кунда Соғуний сулоласи вакиллари падари бузрукворимиз Алихонтўра Соғуний руҳларини шод этганлиги учун муҳтарам Президентимизга ташаккур айтамиз, элим,  юртим деб амалга ошираётган беқиёс, савобли ишларига Яратганнинг Ўзи беҳисоб файзу баракотлар ато этсин, дея хайрли дуолар қиламиз.

Соғунийлар сулоласи номидан:

Алихонтўра СОҒУНИЙ ўғли –

Қутлуғхонтўра ШОКИРОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 3 =