“Обком тақсир”

Суратда: (чапдан) Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Носир Отабоев, “Обком тақсир” Зайлобиддин Саидмухторов, Марғилон мусиқали мақом театри директори Фозилжон Исмоилов.
Марғилон шаҳри “Баҳрин” маҳалласи. Мустақиллик шоҳ кўчаси, 168-уй. Бу хонадон қачон қурилганини билмайман-у, аммо анча қадимий. Файзли маҳалланинг пастаккина уйлари шу қадар соддаки, кўриб, узоқ мозийга қайтгандек бўласиз. Деворлари гуваладан, сувоқлари лойдан. Хонадон аъзолари юз йилларнинг нарёғидаги рўзғор анжомларидан ҳам фойдаланишади. Ўтган асрларни эслатиб турадиган бу уйда табаррук бир инсон яшаб ўтган. Уни ҳамма “обком тақсир” деб аташарди. Нафақат Марғилонда, Фарғона атрофларида ҳам бу номни яхши эслашади.
“Обком тақсир” оламдан ўтгунига қадар ўттиз йиллардан ортиқ у киши билан дуои салом қилиб юрганмиз.
Одатига кўра у эрталабда Марғилоннинг машҳур “Ўрам самовар”идаги сўрида ўтирарди. Раҳбарми, зиёлими, оддий ишчи-деҳқонми, бу одамдан дуо олишарди. Ихлос қилганлар қўлида пул билан ҳам сўрашишарди. Камина ҳам Фарғона водийсига хизмат сафаригами, туғилган юртим Ўшгами борадиган бўлсам, аввал, албатта, “Обком тақсир”ни кўргани борардим. Мени кўриши билан баланд овозда номимни айтиб, “бормисан?” деб хурсанд бўлиб кетарди. Вақтинг борми, деб сўраб ҳам ўтирмасди, мени тўғри “Саткак ота” зиёратгоҳига олиб борардилар. Ҳовузларга нон бурдаларини ташлаб, ғуж-ғуж балиқлар нон талашиб сузишини томоша қилардик. Зиёратгоҳ ҳудудидаги жамоа хўжалиги раҳбарининг “Обком тақсир” борса очиладиган хосхонасида бир чимдим ош устида бир-икки соат дардлашиб ўтирардик.
Басавлат киши эди. Бошида Марғилон дўпписи, елкасида оппоқ дурра бўларди. Бир сафар Қувасой шаҳри орқали Қирғизистоннинг Қадамжой тумани ҳудудида жойлашган “Довуд пирим” зиёратгоҳига олиб борди. Икки мингинчи йилгача давлатларимиз ўртасида чегара бўлмаган. ЙПХ инспекторларининг маскани бўларди, холос. Ҳар икки томондаги инспекторлар ҳам тақсирни кўришлари билан ундан дуо сўрашиб, “бир пиёла чой ичиб кетинг”, деб илтифот билан кузатиб қўйишарди.
Унингдек табаррук инсонни қирғиз қардошларимиз ҳам иззат-икром билан кутиб олишгани ҳечам эсимдан чиқмайди. Ерлик қирғизлар “Обком тақсир”ни пирим деб жудаям ҳурмат қилишар экан. “Довуд пирим”нинг қадамжосидаги мўъжазгина масжид ободончилигини ҳам “Обком тақсир” амалга оширар экан.
У одамлар руҳиятига эзгу ниятлари, самимий дуолари билан енгиллик бахш эта оладиган фазилатли инсон эди.
Мустақилликнинг дастлабки йиллари. Хусусийлаштириш бошланган даврлар. Бир сафар Марғилонга келганимда, у: “Ўрам самовар”ни юритувчи Ўктам аканг икковимизнинг бир илтимосимиз бор”, деб қолди. Уларнинг гапидан англадимки, қайсидир пулдор, қўллари узун кишилар “Ўрам самовар”ни сотиб олмоқчи бўлиб юқори идораларга чопиб юришган экан. Чойхонани эса анча йиллардан бери Ўктам ака юритарди. Назаримда, чойхонани унинг ўз номига хусусийлаштиришса, адолатдан бўларди.
“Ўрам самовар” – Буюк ипак йўлида жойлашган қадимий чойхона. Бу жойда кечаю кундуз хонадонларда тайёрланган турли хил озиқ-овқатлар сотиларди. Айниқса, сафарга кетаётган ва узоқлардан келаётган йўловчиларга миллий чойхонанинг шароити, таомларининг арзон ва мазалилиги ёқарди.
Хуллас, “Обком тақсир” икковимиз чойхонани ҳимоя қилиб вилоят катталаридан бирига учрашдик. Инсофли одам экан, ҳеч қандай тамасиз, ҳатто, савобли ишга бош қўшганидан хурсанд бўлиб масалани ҳал қилиб берди.
“Обком тақсир” бошқача бир меҳр билан “Ўктам акангнинг вилоят катталарига атагани бор эди, сен аралашганинг учун иш усиз ҳал бўлди. Нима хизмат бўлса айтавер”, деди.
Шунда дилимга ғойибдан бир фикр келиб қолди. “Марғилон шаҳри ва атрофдаги туманлардаги етим болалардан йигирматасига суннат тўйи қилиб берсин”, дедим. Гапимни эшитган “Обком тақсир”нинг юзи ёришиб кетди. Ўктам акани ёнига чақириб, унга таклифимни айтди. У ҳам ҳечам иккиланмай рози бўлди.
— Худо хоҳласа, бир ой ичида катта тўй қиламиз, тўйбоши ўзингиз бўласиз, — деб “Обком тақсир” дуо қилди.
Кўнглим ёришиб, қушдек енгил бўлиб Тошкентга қайтдим…
Бир ой ҳам ҳаш-паш дегунча ўтиб кетди. “Ўрам самовар”дан чиқаётган карнай-сурнайлар садолари бутун Марғилонга ёйилмоқда. Ўша куни шаҳзодалардек кийиниб, она-бувилари қўлларидан етаклаб олган тўй болаларининг кўзлари ёниб қувонганлари, ёноқларидаги шодонликлар хотирамга бир умр муҳрланиб қолган.
Бу кун оталик меҳрига қонмаган норасидалар бахтиёр кулаётган файзли кун эди. Бу кун Аллоҳ таолонинг ғайрий хазинасидан насибаланаётган болажонларнинг суннат тўйи эди. Бу кун бешафқат бевалик “либос”ини елкасига илиб олган, тақдир кўргиликларидан юрак-бағри қонга тўлган, ёшлари ўттиз-қирққа ҳам бормаган оналар севинчдан йиғлаган кун эди. Бу кун ҳаётимдаги энг катта савоб ишлардан бирига сабабчи бўлганимдан бошим етти осмонга етган кун эди…
Дарвоқе, қаҳрамонимизни одамлар нега “Обком тақсир” дейишини биласизми? Мустақилликкача вилоятларни область партия комитетининг биринчи секретарлари бошқарарди. Халқ қисқача қилиб уларни “обком” деб аташарди. Гарчи бу киши обком секретари бўлиб ишламаган бўлса-да, маҳаллий аҳолининг обком ечиб бермаган муаммоларини тақсир ака у идорага, бу идорага бориб, беминнат, савоб йўлида ҳал қилиб юрар экан. Шу боис аҳоли орасида бу ном шуҳрат қозониб кетган.
Нуроний кексалар яхши эслайди, мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йиллари аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда хавотирли муаммолар бўлган. Бу, албатта, армия қисмларида ҳам сезилган, шекилли, тақсир ака ўз маблағлари ҳисобидан ҳар ойда йигирма-йигирма бешта қўй олиб, ҳарбий қисмларга тарқатиб юрганини биламан.
У Ўзбекистонимиз мустақилликка эришганидан таърифга сиғмайдиган даражада қувониб юрарди.
Ўзбекистон байроғи қабул қилингач, ўзи истиқомат қиладиган уйнинг томига давлат байроғини осиб қўяди. Маълумки, у пайтларда қонунчилигимизда фақат рухсат этилган жойларга давлат байроғини осиш мумкин эди. “Обком тақсир”дан ҳуқуқ-тартибот ходимлари байроқни олиб ташлашини талаб қилишади. “Мустақил бўлсак, озод юртнинг бир фуқароси сифатида Ўзбекистон байроғини уйимнинг томига ҳам илолмасам, бу қандай адолатсизлик?” деб қаттиқ ранжийди у.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳам осон бўлмаган. Буйруқни бажариш керак. У пайтнинг миршаблари ҳам инсофлироқ, виждонлари уйғоқроқ бўлган, шекилли, бошлиқларнинг буйруқларини сўзсиз бажариш учун куч ишлатишмайди. Тақсир ака ҳечам кўнмай, қаттиқ туриб олади. Ҳаттоки бу ҳақда Ўзбекистон Президентигача мурожаат қилади. Охиригача қатъият кўрсатади…
Ёдингизда бўлса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалил Ўзбекистон телевидениесида “Яхшилик” деб номланган муаллифлик кўрсатувида “Обком тақсир”нинг инсонийликлари, яхшиликлари ҳақида телеочерк тайёрлаб томошабинларга ҳавола этганда катта шов-шув бўлганди.
Ижобатли дуолари билан одамларга руҳий мадад бериб роҳатланадиган қалб эгасини эслаб хотира ёзишни анчадан бери ният қилиб юрардим.
Бир минг тўққиз юз саксонинчи йилларнинг охирларида қариндошимизга уйланган марғилонлик Фозил ака Исмоилов мени “Обком тақсир” билан таништириб қўйганди. Ундан “обком тақсир”нинг асл исм-шарифини сўрасам, у ҳам бир маҳаллада яшаса-да, билмас экан. Суриштириб-суриштириб, қаҳрамонимиз Зайлобиддин Саидмухторов эканлигини аниқлаб, бирга тушган суратини юборди.
Буни ҳаёт дейдилар. Инсонлар ҳам маъданлар каби ҳар хил бўлар экан-да. Кўзу қошлари, юзлари ҳар хил, феъл-атворлари турлича. Кимдир кумушга, кимдир симобга, яна кимдир олтинга, яна бири ёқутга ўхшайди. Марғилонлик Зайлобиддин Саидмухторовни ҳеч иккиланмай ёқутга ўхшатаман…
Яхши одамлар, фазилатли одамлар ҳақида ёзиш нақадар ёқимли. Шу маънода юқорида яна бир ажойиб фидойи инсоннинг ибратли умр йўли ҳақида билганларимдан озгина ҳикоя қилолдим, холос.
Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.