Бир армон изтироби
Кунларнинг бирида доим хушчақчақ кайфиятда юрадиган укамиз, адиб Темирпўлат Тиллаевни анчагина мискин ҳолатда кўриб ҳайрон бўлиб сўрадим:
— Ҳа, ука, тинчликми, нега бундай ҳорғин аҳволда юрибсиз?
— Эй, сўраманг, ҳар-ҳар замонда шундай аҳволга тушиб тураман, бунга ҳам қирқ йилча бўлиб қолди, ўзимни-ўзим кечиролмай қоламан, дилимни унутилмас бир армон эзгандай бўлаверади, лекин бари фойдасиз…
— Нима гап ўзи? Бундай тушунтириб айтинг.
— Яқинда ижтимоий тармоқларда мен асарларини яхши кўрадиган жиззахлик ёзувчи Абулқосим Мамарасуловнинг устоз адиб Одил Ёқубов ҳақидаги хотираларини ўқиб яна “дард”им янгиланди.
Абулқосим акага ҳавасим келди. У киши, ҳар қалай, улуғ устоз билан неча бор кўришиб, ўзининг миннатдорчилигини айтишга мушарраф бўлибди. Хўш, мен-чи? Менинг қўлимдан эса ҳеч бўлмаса, “Раҳмат, устоз!” деган калима айтиш ҳам келмади. Айтинг, одам деганиям шунчалик ўр, шунчалик лоқайд ва шунчалар ҳам ўзбилармон бўладими?!
…Ўшанда эндигина институтни тугатиб, қишлоғимдаги мактабда ишлар ва бир нималар қоралаб юрардим. Ёзги таътилда таваккал дедим-да, “Ворис” деб номлаган қиссамни “Ёшлик” журналига олиб бордим. Таҳририятдагилар индамай олиб қолишди ва 1987 йилдаги “Ёшлик” журналининг 8-сонида чоп этилди.
Бу мен учун кутилмаган қувончли воқеа бўлганди ўшанда. Чор-атрофга овоза бўлдим. Ҳатто вилоят ёшлар ташкилотининг мукофотини ҳам беришди. Адабий давраларда номим тилга олинадиган бўлди.
Сўнгра, яъни 1988 йилда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида ўша йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлган атоқли адиб Одил Ёқубовнинг “Карвон қўнғироғи” номли мақоласи чоп қилинди. Мақолада менинг асарим ҳақида ҳам қуйидаги илиқ сўзлар ёзилганди:
“Ворис” қиссасини ўқиб чиққач, мен унинг муаллифи билан қизиқдим. Темирпўлат Тиллаев йигирма олти ёшда экан, қамашилик, у ҳозир ўзи туғилиб ўсган қишлоқда ўқитувчилик қилади. Ёш адиб илк асарига оталар ва болалар муносабати масаласини асос қилиб олган. Мол-дунёга ҳирс қўйган ота ёлғиз ўғлига тинчлик бермайди, у бахтни бойлик тўплашда деб билади. Шунинг учун ҳам ўғлини нопок йўлга бошлайди. Отасининг тазйиқига кўра ўғли ўзини молбозорда етим қилиб кўрсатади, харидорда раҳм-шафқат уйғотиб, молларни анча қимматга сотади. Айни пайтда шу ноҳалоллик унинг қалбини яралайди, охир пировардида у уйидан бош олиб чиқиб кетади. Изтиробда қовурилган бола қисмати ҳаётий ифода этилганидан асар ўқувчини ҳаяжонга солади”.
Кутилмаган бу эътирофнинг давоми бўлиб, 1989 йилда Дўрмон боғида ташкил этилган Ёш ижодкорларнинг республика семинарига мени ҳам таклиф этишди.
Мен семинарга “Қуёш сояси” номли нақ 300 бетлик машинкада кўчирилган романимни қўлтиқлаб бордим. Қўлёзмани ўқиган адиблар Аҳмад Аъзам ва Зоҳир Аълам унга юқори баҳо беришиб, асардаги улар кўрсатган жузъий камчиликлар бартараф этилгач, адабий журналда чоп этиш ва мени собиқ Иттифоқ Ёзувчилар уюшмасига қабул қилиш учун тавсиянома ёзиб беришди.
Орадан кўпам ўтмай, мени пойтахтга — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига чақиришди. Бордим. Уюшма аъзолигига қабул бўлаётган экан. Ўша йилларда шу даргоҳда ишлайдиган Тўра Мирзо эргаштириб хонага киритди. Каттакон залда казо-казо шоир ва адиблар ўтирибди. Тўра Мирзо таржимаи ҳолимни ўқиб берди. Давра тўрида ўтирган Эркин Воҳидов мулойим овозда савол берди:
— Қани, ука, айтинг-чи, сизнинг устозларингиз ким, кимларни ўзингизга устоз деб биласиз?
Мен ўшанда бепарволарча нима деб жавоб бергандим, биласизми?
— Йўқ…
— Устозларим… Вафот этганлардан Фёдор Достоевский ва тириклардан Чингиз Айтматов бўлади! — деганман.
Ўртага бир лаҳзалик ноқулай жимлик чўкди ва туйқус кўпчиликнинг юзида масхаромуз тиржайиш пайдо бўлди…
Менинг қовун туширганимни сезди, чоғи, орага асли жанублик бўлган катта бир адиб тушди:
— Ҳайрон бўлманглар, бу сал адашди, унинг устози мен бўламан! — деди кескир бир овозда у.
Унинг бу “ҳимоя”сидан кейин масхаромуз тиржайишлар бирдан ажабланиш ва беписанд хайрихоҳлик туйғусига айланганини, ҳаммасидан ҳам бу кескир “луқма” кейинги бериладиган “саволлар”нинг ҳам унини ўчирганини ўшанда аниқ сезганман.
Катта адибнинг ўшанда даштлик чапанилиги тутдими ёки мени хижолатдан қутқармоқчи бўлдими, ҳозиргача бунинг сабабини билмайман.
Лекин мен у киши билан бирор марта учрашган бўлмасам-да, унинг қиссаларини жуда яхши кўрардим.
Хуллас, қабул тугади. Ташқарига чиқдим. Шу пайт кимдир келиб қўлтиғимдан тутди. Қарасам, ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)да дарс берадиган домла Очил Тоғаев экан.
— Эй, қойилман, ука, созлаб жавоб қайтардинг, бундай жавоб беришинг уларнинг тушига ҳам кирмагандир. Биласанми, улар сендан бошқача жавоб кутишганди. Билсанг, сендан, Одил Ёқубов устозим бўлади, деган жавобни кутишганди улар… Зўр йигит экансан!
Тўғриси, ўшанда бу гапларнинг таг-замирига умуман тушунмаганман.
Эртасига яна уюшмага бордим. Кимдир менга ҳазил қилган бўлди:
— Мен саноқ комиссиясида эдим, кичкина Темирпўлатга катта Темир Пўлатов овоз бермади. Балки адабиётда битта Темирпўлатга жой бор, иккинчиси ортиқча деб ўйлагандир-да…
Лекин менга бу ҳазил малол келмади: кимсан, улуғ бир ёзувчи билан бақамти туришимнинг ўзи мен учун катта бир гап эди.
Кейинчалик мени Одил Ёқубов яна бир бор йўқлади: бу тўқсонинчи йилнинг бошида эди.
Эндигина мактабга келган эдим, хўжалик идораси қоровули келиб:
— Сени икки кундан бери бир одам Тошкентдан сўрайди. Мана, ҳозир ҳам идора телефонида сени кутиб турибди. Юр, унга сени ҳозир топиб келаман дедим, — деди ҳовлиққанча.
Қоровулнинг ортидан эргашдим. Мактаб билан хўжалик идораси ёнма-ён эди.
Телефон гўшагидан келаётган овозни танидим. У “Ёшлик” журнали бош муҳаррири ўринбосари эди.
— Темирпўлат, имкон топиб Тошкентга келинг… Сизни устоз Одил Ёқубов йўқлаяпти… — деди бироз ҳаяжонли товушда.
— Узр, ака, мен дарсимни ташлаб Тошкентга боролмайман…. Ёзги каникул бўлсин, ўтаман Тошкентга… — дедим унинг туйқус бу таклифига нима деб жавоб беришни ҳам билмай.
Ўшанда муҳаррир ўринбосари менинг бу гапларимга нима деди, билмайман, лекин аниқ ёдимда қолгани — у мен билан хайр-хўш қилаётиб узун уф тортиб юборган эди.
Хуллас, мен айтганимни қилиб, ёзги каникулда Тошкентга бордим. Муҳаррир ўринбосарини топиб, устознинг олдига йўл олдик. Йўл бўйи у менга “айтилган вақтида келмай нотўғри қилганимдан” ёзғириб борди.
Устознинг қабулидан ноумид қайтдик: устоз депутатлик иши билан Москвага кетган эди.
Яна икки марта устозга учрашиш мақсадида, бир чораклик таътилда, яна бир ёзда Тошкентга бордим. Лекин иккаласида ҳам Одил Ёқубов билан юзма-юз кўришиш бахти мендан юз ўгирди.
Устоз бирида Парижга, иккинчисида Қирғизистонга — “Иссиқкўл” форумига кетган эди.
Хуллас, менга у киши билан учрашиш ва бир оғиз “Раҳмат, устоз!” деган сўзни айтиш насиб этмади.
Адибнинг куйиниб айтган сўзларини тинглар эканман, хаёлимдан бир гап лип этиб ўтди: “Ҳа, ўттиз беш йилдан бери укамнинг нега ёзганларини эълон қилмай юрганининг сирини ва сабабини топдим, шекилли…
Бу улуғ ёзувчи Одил Ёқубовнинг самимий эътирофи ва адиб Темирпўлат Тиллаев зиммасидаги ишонч ва масъулиятнинг залвори эмасми?” деб ўйлайман.
Ўролбой ҚОБИЛ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.