Она жасорати

Иноят Абдусоатовани бутун умри телевидениеда ўтди. Дастлаб ишга келганида ёшгина қизча эди. Меҳнати давомида юқори чўққиларга чиққани ҳақида сатрлар бор, холос.

Жамоада ишчан, ғайратли, изланувчи ходим, энг муҳими, ўта камтар, хокисор, садоқатли аёл сифатида танилди. Турмуш ўртоғини ҳам шу жамоадан топди, аниқроғи, Ҳикмат Абдусоатов (у ҳам умри шу даргоҳда ўтиб, нафақага чиққан режиссёр) мулойим, камтар, камсуқум Иноятни кўриб қолди-ю, уйланмагунча қўймади.

Олти фарзандли бўлишди.

Улар ҳаётида бўлиб ўтган бир воқеа оналик меҳрининг нақадар буюк қуд­ратга, даъват кучига эга эканлигини намойиш этди.

Шўролар даври эди. Уларнинг ўғли Улуғбек ҳарбий хизматга чақирилди-ю, Осиё қитъасининг энг шимолий нуқтаси—Таймир ярим оролининг Диксон шаҳарчасига жўнатилди. Таймир нима-ю, Диксон қаердалигини Улуғбек қаердан билсин. Боргандан кейин билди. Арктика минтақасининг шимоли, ёзда 2 ҳафта давомида шимолий муз океанининг Диксон қўлтиғида муз эриб, кимлар музёрар ёрдамида бу ерга кира олади. Мангу музликлар, ёзда бир неча ой уфқда қуёш кўриниб, ғойиб бўлади. 6 ой давомида узлуксиз кеча. Совуқни айтинг! Қор бўронлари-чи! Яқин атроф­даги энг яқин шаҳарча 500-600 километр масофада.

Улуғбек бунақа табиатни кўрмаган. Дастлабки кунлариёқ шамоллаб қолган.

Онаси Иноят изтиробда.—Нега жанубда ўсган боласи шунча жойга юборилди? Оналик меҳри экан—энг қалтис ишга қўл урди. Москвага бориб, собиқ СССР мудофаа министри маршал Устинов ҳузурига киришга эришди. Унга ўз арз-додини айтиб, давлат арбобининг кўнглини эритишга эришди. Вазир Иноятнинг жасоратига қойил қолди. Уни меҳмонхонага жойлаштириш, ўғлини суриштириш учун кўрсатма берди. Кейин Улуғбекни Жанубий ҳарбий қисмга ўтказишга буйруқ чиқарди.

Иноят фарзандини соғ-омон қайтишини истади. Турли тўсиқ ва қийинчиликлардан сўнг, Диксонга учиб келди. Дарҳақиқат, ўғлининг ҳарорати 40 дан ошиқ, қаттиқ бетоб экан.

Фарзандини оёққа турғизиб, юртга қайтариб олиб келди.

Бунақа жасорат фақат оналарга хос бўлиши мумкин. Арктика, Таймир, Диксон, Шимолий муз океани—бу ибораларнинг ҳар бири кишини даҳшатга солади. Иноят шуларни енга олган, уларга тик бора олган аёл бўлди.

Ҳозир шу воқеаларнинг бўлиб ўтганига 35 йилдан ошиқ вақт ўтди. Лекин биз ҳамон Иноятнинг жасоратига қойил қолиб эслаб юрамиз.

Жасорат инсонни энг олий фазилатини, ички дунёсини, интилиши каби хислатларини намоён этадиган ҳолат деб ўйлайман. Ҳар жойда, ҳамма вақт жасорат кўрсатиш мумкин. Бунга одам тайёр бўлиши, лойиқ бўлиши керак.

Иноятнинг Диксонга қилган сафари айнан ана шундай жасорат дейиш мумкин. Она меҳри туфайли содир бўлган жасорат.

Анвар ТОЖИЕВ,

фахрий журналист

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × four =