Бизда ҳамма нарса бор

Одам боласи қандай шароит бўлмасин, ҳаммасига кўникади. Унинг яшовчанлиги ҳам ана шунда. Оҳ-воҳ қилади, ўзини тўрт томонга уради, кейин ҳамма қатори аравасини судраб юраверади. Замон, маконлар айланади, насллар, фасллар алмашади, лекин бандаси тушмагур ўша-ўша ношукурлигича қолаверади. Одамзод ёз бўлса, қишни қўмсайди, қиш келса, ёзни соғинади. Бошига бахт қуши қўниб, иши юришиб кетса, кечаги кунини унутади-қўяди. Иши юришмаса, замондан нолийди, кечаги кунини қўмсайди, “эҳ, коммунизм ўтиб кетибди, билмай қолибмиз”, дейди. Бундай яшаб бўлмайди, дейди.
Ишга отланиб, одатдагидай “Дамас”га чиқдим. Киракаш доимий ашуласини бошлади.
— Яна машинага солинадиган газ қимматлашибди, бунча нархини кўтаришади, кўтар-кўтар тоза жонга тегди. Кира ҳақини кўтарсак, халқ норози бўлади.
Йўловчилар бирдан ҳушёр тортиб, кўпроқ пул талаб қилиб қолмасин учун киракашга йўл пули узатишди.
— Жонга тегди, жонга тегди, — чувуллашди ҳаммаси.
— Бозорни айтмайсизми, бозорни, — қулоғим остида шанғиллади бир ярим кишининг ўрнини эгаллаб олган юзи рапидадай хотин. — Ҳамма нарса заҳардан қиммат. 500 минг олиб чиқсанг, сумканг ярим бўлмайди.
— Бўлмайди, бўлмайди, — маъқуллади кўпчилик.
— Халқаро террорчилар ҳеч кимга кун бермай қўйди, — юзининг чандиғи ариқча бўлиб, бўйнининг ичига кириб кетган лўлибашара барзанги ғўнғиллади. — Ҳамма қимматчилик ана шундан. Илгари мўл-кўлчилик эди, ҳамманинг чўнтагида пул бўларди, ҳозир кимнинг қаппайиб турган киссасига қарасанг, ё сетка, ё семичка бўлади…
Йўловчилар сергакланиб, чўнтакларини пайпаслаб олишди.
— Пул қайда дейсан, жиян, — гапга қўшилди шопмўйлов киши қўлидаги сеткани қаттиқроқ чангаллаб. — Ҳозир одамлар нонга зўрға пул топяпти, чўнтагида пул олиб юрармиди?
— Пул йўқ, пул йўқ, — айюҳаннос солди ҳамма. — Пул бўлганда, таксида кетар эдик.
— Нега пул йўқ, пул бор, — деди барзанги шопмўйловни кўзи билан сузиб. Унинг ранги оқариб, сеткасини баттарроқ чангаллаб олди. Барзанги рапида юз хотинга, кейин туллактелпакка назар ташлаб, башарамнинг рўбарўсига келиб тўхтади: — Банкда.
— Банкдаги пул газагимга дори бўлармиди, ана, “Вестер бир бало” деганидан банк орқали ўғлим четдан пул юборган экан, икки ҳафтадан буён ололмайман, — деди рапида юзли хотин. — Пулни нимага ишлатиш керагини ёзмаган экан, энди орқага қайтариб юборишармиш.
— Ҳамма айб ўзимизда, — деди шу пайтгача гап қўшмай, кўзи ўйнаб ўтирган тепакал, башанг кийинган галстукли киши. — У йўқ, бу йўқ, деб нолиганимиз-нолиган, ҳар хил миш-мишга ишонамиз, қўшиб-чатиб бошқаларга етказамиз, ундан кейин тепада ўтирганни айбдор қиламиз. Қани, кимнинг куни ўтмай қоляпти? Ҳамманинг уйида бир бурда нони, обиёвғони бор, Худога шукур қилиш керак…
Йўловчилар бирдан жим бўлиб қолди.
— Мана, ҳамма нарсанинг нархи кўтарилиб кетяпти, бундай яшаб бўлмайди, деймиз, тўйларни қаранг, қанчалик кўпайиб кетганини. Соч тўйи, ёш тўйи, мучал тўйи, ақиқа, суннат, никоҳ, чарлар… э, сон-саноғига етиб бўлмайди. Тўйхонага кирсанг, дастурхон тўкинлигидан ёрилиб кетай дейди. Одамлар бу камлик қилгандай, ҳатто фотиҳа тўй, гаштакларни ҳам ресторанда қиляпти. Яна нима керак? Қачон бундай замон бўлган?
Йўловчилар келишиб олгандай бирданига:
— Тўғри-тўғри, — дея айюҳаннос солишди. — Бундай замон бўлмаган!
— Бўлмайди ҳам! — давом этди тепакал. — Қимматчилик, қимматчилик деймиз, ойлик маошлар неча марталаб оширилди? — тепакал менга синовчан қаради: — Мана, сизнинг маошингиз қанча? — Мен ҳар эҳтимолга қарши унга қараб елкамни қисдим. — Ҳа, айтмайсиз, лекин камида 4-5 миллион оласиз. Ундан ташқари, кунлик тушумингиз бор!
Ҳамма гув этиб менга қаради. Айниқса, барзангининг қараши вужудимни пармалаб ташлади. У “Шунча ойлик олар экансан, нега чўнтагингда пул олиб юрмайсан, номард!” — деяётгандай эди гўё.
— Йўғ-э, унчаликмас, — дедим кўзимни қаёққа олиб қочишни билмай ва: “Ё тавба, тўртта идорада қоровул бўлиб ишлашимни бу одам қаёқдан билар экан?” — деган савол хаёлимдан ўтди.
— Бунинг аҳамияти йўқ, — давом этди тепакал галстугини тўғрилаб. — Мана, мен бир пайтлари юз сўм ойлик олар эдим. Ўшанда автобус паттаси ўн тийин эди. Ҳозир-чи? Маошим 3 миллион сўм бўлган, автобус кира ҳақи шунга яраша 1700 сўм. Ношукурчилик ҳам эви билан-да!
— Эви билан, эви билан, — бақирди йўловчилар.
— Пул йўқ, пул йўқ, деймиз, мана, жияним иккита қизини имтиҳонга бир кун қолганда фалон миллион билан ўқишга жойлаб қўйди акушерликка, — деди дўхтирга ўхшаб кетадиган, морзе ҳарфларини тераётгандай бармоқларини ўриндиқ суянчиқларида тинимсиз ўйнатиб турган киши. — Пул кўп одамларда.
— Фақат ишёқмас замондан нолийди, — деди тепакал “омин” дегандай гапини якунлаб. — Қимирлаган кишига Худонинг ўзи бераверади.
— Бераверади, бераверади, — гувиллашди ҳамма бир-бирига гал бермай, кекирдакларини чўзиб.
— Сиз нима дейсиз? — тепакал дабдурустдан менга ҳужумга ўтди. — Боядан буён разм солиб ўтирибман, ҳамма гапиряпти, сиз чурқ этганингиз йўқ.
“Оббо, нега бу менга канадай ёпишиб олди? — ўйладим хунобим чиқиб. — Мен унчалик бой эмасманки, чурқ этиб оғиз очсам, унчалик камбағал ҳам эмасманки, замондан нолийдиган бўлсам…”
— Сиз ҳам бундай яшаб бўлмайди, деб ўйлайсизми? — Қаёқдан менга осилиб олди бу тепакал. — Бизда қимматчилик борми?
Мен кўмак кутиб, жавдираб атрофдагиларга қарадим.
— Бизда ҳамма нарса бор, — бақирди туллак телпак. — Йўқ бўлса, топамиз!
— Топамиз, топамиз, — гувиллади йўловчилар.
Анча енгил тортдим. “Дамас” манзилга келиб тўхтади.
Ҳали ҳам кўзини узмай, менга тикилиб турган тепакалга қараб елкамни қисдим-да, йўловчиларга қўшилиб мошинадан туша солиб югургилаб кетдим…
Нуруллоҳ ОСТОН