Дезинформация

унинг болалар тарбияси ва руҳиятига психологик таъсири
Ахборот технологиялари тез ривожланиб борар экан, болалар ва ўсмирлар ҳаётининг ажралмас қисмига айланган интернет ва ижтимоий тармоқлар уларнинг билим доирасини кенгайтириш, ижодкорлигини ривожлантириш ва дунёқарашини шакллантириш имкониятини берса-да, айни пайтда катта хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқармоқда. Болалар ҳаётий тажрибага эга бўлмагани, оқ-қорани ажрата билмагани сабабли ёлғон, нотўғри ёки манипулятив маълумотларни ҳақиқат сифатида қабул қилишга мойил бўлишади.
Сўнгги йилларда турли “чақирув” (“chellenge”) ва ўйинлар болалар ўртасида кенг тарқалди. Масалан, “Blue Whale” (Кўк кит), “Momo challenge” ёки “TikTok”даги хавфли вазифаларга асосланган трендлар болаларни ўз жонига қасд қилишгача олиб борадиган даражада руҳий босим остида қолдирган.
Буюк Британиянинг “The Guardian” нашрида чоп этилган хабарга кўра, 2025 йил февраль ойида тўрт нафар ота-она “TikTok” платформасини судга берди. Уларнинг фарзандлари оммалашган “Blackout Challenge”ни бажаришга уриниб, ҳаётдан кўз юмган. Мутахассислар ушбу челленжнинг оқибатлари яшириб кўрсатилгани учун уни дезинформация деб атайди. Ота-оналар “TikTok”нинг ушбу хавфли контентни тарқатишда масъулиятли бўлишга чақирди.
Жорий йилнинг январь ойида қизамиқ эпидемиясига қарши вакциналар ҳақида нотўғри маълумотлар, хусусан, уларнинг хавфсиз эмаслиги ёки аутизм каби касалликларга олиб келиши ҳақидаги асоссиз даъволар ота-оналарнинг эмлашдан воз кечишига сабаб бўлди. Натижада икки гўдак вафот этди. Шунингдек, қизамиқ каби олдини олиш мумкин бўлган касалликларнинг қайта авж олишига олиб келган.
Бундай дезинформация компаниялар, ёлғон “чақирув”лар ёки манипуляциявий контентлар болаларда руҳий тушкунлик, қўрқув, ёлғизланиш ҳиссини кучайтиради. Шундай болалар ўзини баҳоланмаётгандек ҳис қилиб, виртуал дунёда “диққат марказида” бўлиш учун хавфли ишларни қилишга интилади. Бу тарбия жараёнида жуда жиддий муаммоларни келтириб чиқаради. Шу каби таҳдидлар жаҳонда рўй бераётганига қарамасдан, Ўзбекистон болалари ҳам ҳушёрликни бой бериб, унинг домига тушиб қолаётгани ташвишли ҳолатдир.
Бугун мамлакатимизда дезинформацияга қарши курашиш, ёшларимиз унинг қурбонига айланмаслиги учун олиб борилаётган ислоҳотлар етарлими? Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистонда ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2022-моддасига кўра, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солинади. Жиноят кодексининг 2446-моддасига кўра, жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан, ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Бугунга келиб дезинформациянинг болалар тарбиясига салбий таъсирини камайтириш учун мавжуд қонунчилигимизни янада такомиллаштириш зарурати долзарб масалага айланди. Негаки, амалдаги ҳуқуқий асослар кўпроқ жазолашга қаратилган. Хавфли ахборот оқими таъсирининг олдини олиш унинг оқибатларини бартараф этишдан муҳимдир. Замонавий ижтимоий медиа муҳити эса тезкор, илғор ва профилактик (олдини олувчи) ёндашувларни талаб қилади. Бу борада ривожланган Германия ва Канада қонунчилик тизимидаги андозалар кўплаб мамлакатларга намуна бўлиши мумкин. Хусусан, “NetzDG” (“Netzwerkdurchsetzungsgesetz”) — “Интернетда провокациявий таҳдидларга ва ёлғон маълумотларга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун 2017 йили қабул қилинган бўлиб, Германия ҳукумати томонидан ижтимоий тармоқлар ва онлайн платформаларда нафратга, зўравонликка, ирқчиликка, киберҳужумга ва бошқа зарарли контентга қарши курашиш учун ишлаб чиқилган. Унга кўра, платформалар ўз фойдаланувчилари томонидан жойлаштирилган ноқонуний контентни 24 соат ичида олиб ташлашга доир мажбурият белгилаб қўйилган. Агар платформалар қонун талабларига жавоб бермаса, уларга катта (йигирма миллион еврогача) жарималар солиниши кўзда тутилган.
Канадада “Digital Charter Implementation Act” — “Рақамли устуворлик тўғрисида”ги қонун 2020 йили қабул қилинган. Бу қонун Канадада рақамли хавфсизликни таъминлаш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва фойдаланувчиларни интернетда хавф-хатарлардан назорат қилишни мақсад қилади. Қонун давлат ва шахсий секторда ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлашга йўналтирилган. Шунингдек, “The Youth Protection Act” — “Ёшлар ҳимояси тўғрисида”ги қонун бўлиб, болалар ва ўсмирларни интернетдаги зарарли контентдан ҳимоя қилишга йўналтирилган. У, шунингдек, онлайн буллинг ва киберҳужумларнинг олдини олишга ҳам мўлжалланган. Таъкидлаш жоизки, Германия ва Канада қонунлари ўзларининг аниқ ва самарали тартибга солиш механизмлари билан нафақат дезинформация, балки Интернетдаги хавф-хатарлардан болалар ва ўсмирларни ҳимоя қилишда ҳам муҳим роль ўйнайди. Бундай қонунчилик бошқа мамлакатлар учун ҳам фойдали тажриба бўлиши табиий.
Ўзбекистонда Германия ва Канададаги каби қонунчилик механизмларини жорий этиш дезинформация ва онлайн хавф-хатарлар билан самарали курашишга ёрдам бериши мумкин. Бироқ қонунларни жорий қилишда эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур, чунки бу интернет эркинлиги ва шахсий ҳуқуқларни чеклашга олиб келиши мумкин. Платформалар ва интернет компанияларининг жавобгарлигини ошириш, уларнинг фойдаланувчилар томонидан тарқатилган зарарли контентни аниқлаш ва тезда олиб ташлашни таъминлаш, мамлакатда рақамли ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга. Бундай қонунларни жорий қилишда технологияларнинг тез ривожланишини ҳисобга олиш, платформаларни назорат қилишни оптималлаштириш ва рақамли хавфсизликни ошириш муҳимдир. Ҳар қандай қонун ижросида эркин фикр билдириш ҳуқуқини чекламаслик, шахсий эркинликни сақлаш ва фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш зарур. Платформалар ва давлат ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, самарали ва жадал мониторинг тизимларини жорий этиш ва халқаро тажрибаларни ҳисобга олиш Ўзбекистон учун ҳам рақамли хавфсизликни таъминлашда муваффақиятга эришиш имконини яратади.
Назим БЎРОНОВ,
мустақил тадқиқотчи.